Қайднома

Қидирув

Европа топ-лигаларидаги осиёлик тўпурарлар

Европа топ-лигаларидаги осиёлик тўпурарлар

  08.11.2017 00:23
  0
  1514
Европа топ-лигаларидаги осиёлик тўпурарлар

Англия премьер-лигасининг 11-турида «Тоттенхэм» сафида Сон Хюн Мин гол урди.

Натижада бу воқеа бутун «сариқ қитъа» бўйлаб яхшигина акс-садо берди. Қуйида Осиё футболчиларининг айни пайт Европа топ-лигаларида қай тарзда тўп киритаётганига назар ташлаймиз.

Сон Хюн Мин. Сўнгги 3 мавсумдан бери «Тоттенхэм» сафида порлаётган Сон Хюн Мин АПЛда шу пайтгача жами 20та (2015|2016 - 4та, 2016|2017 - 14та, 2017|2018 - 1та) гол урди.

Шу тариқа у «МЮ» сафида бутун Европага донг тартган Парк Жи Суннинг натижасини янгилади. Умумий ҳисобда оладиган бўлсак, Сон «шпорлар» либосида 93та ўйинда 32 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди

. Ваҳоланки, у «Гамбург»да 20та, «Байер»да эса 29та тўп киритганди. 2016 йилнинг сентябри ва 2017 йилнинг апрелида премьер-лигада ойнинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлди. Мин бу борада осиёлик ҳамкасблари орасида тенгсиздир.

АПЛда гол урган кореялик футболчилар: Сон Хюн Мин - 20та, Парк Жи Сун - 19та, Ки Сун Йонг - 13та, Ли Чун Йонг - 8та, Сеол Ки Хён - 5та, Жи Донг Вон - 2та, Ким Бо Кюнг - 1та.

АПЛда гол урган осиёлик бош­қа футболчилар: Япония (Шинжи Оказаки - 12та, Шинжи Кагава - 6та, Мая Йошида - 5та, Юничи Инамото - 4та, Хидетоши Наката - 1та), Хитой (Сун Жихай - 3та, Женг Жи - 1та), Эрон (Ашкан Дежага - 5та, Андраник Теймурян - 2та).

2016 йил декабрь ҳолатига кўра, Англия премьер-лигасида футболчилари гол уришга эришган мамлакатлар сони 106тага етди. Арманистон терма жамоаси аъзоси Генрих Мхитарян («МЮ») ўз юртини ушбу рўйхатга қўшган сўнгги ўйинчи бўлди.

Шинжи Оказаки. Сўнгги 3 мавсумдан бери «Лестер» сафида ўйнаётган Шинжи Оказаки АПЛда шу пайтгача жами 12та (2015|2016 - 5та, 2016|2017 - 3та, 2017|2018 - 4та) гол урди.

Умумий ҳисобда оладиган бўлсак, Шинжи «тулкилар» либосида 88та ўйинда 17та тўп киритди. 21 октябрда «Суонси Сити»га қарши баҳсда урилган голга қадар Шинжи жорий мавсум АПЛ баҳсларида «Арсенал» (2та) ва «Ливерпуль» (1та) билан учрашувларда рақиб дарвозасини ишғол қилганди.

Аарон Муй.20 августда «Ньюкасл» (1:0) ҳамда 21 октябрда «МЮ»га (2:1) қарши баҳсларда гол муаллифи бўлди. Айни пайт АПЛда ўйнаётган австралиялик футболчилар орасида фақатгина у тўп киритяпти.

Умуман олганда, «яшил қитъа» вакилларидан жами 12 нафари Англия премьер-лигасида дарвозаларни аниқ нишонга олишган. Улар орасида АПЛда тўпурарлик салоҳиятини намойиш этиб, бу борада ҳамон етакчиликни сақлаб турган футболчи Марк Видукадир (92та гол).

2016 йилнинг март ойида «Мельбурн Сити» Аарон Муйни 2 млн. АҚШ доллари эвазига Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» клубига сотмаганди. Июнда эса австралиялик ярим ҳимоячи «Манчестер Сити» билан 3 йиллик шартнома имзолади.

Мазкур битимдан 6 кун ўтиб, уни «Хаддерсфилд Таун» клубига ижарага бериб юборишди. 2017 йилнинг 30 июнида премьер-лигага йўл олган ушбу жамоа Муйнинг 10 млн. фунт эвазига янги клубга ўтишини расмийлаштирди.

Мэтью Леки. Бундеслига тўпурарлари пойгасига назар солсангиз, жадвалнинг ўртароғида Мэтью Леки номига кўзингиз тушади. Мавсум бошида «Герта» сафида порлаган бу футболчи Саломон Калу соясида қолиб кетмади.

26 ёшли Леки 19 августда «Штутгарт»га қарши баҳсда (2:0) «дубль» қайд этганди. «Ингольштадт» клуби сафида ўйнаб юрган кезлари эса Германия олий дивизионида рақиблар дарвозасини 3 марта ишғол қилганди.

Гаку Шибасаки. «Барселона» дарвозасига тўп киритиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Жорий мавсум Мадриднинг «Хетафе» клуби сафига қўшилган 22 ёшли Гаку Шибасаки 16 сентябрь куни Каталония грандига қарши баҳсда ҳисобни очди.

Бу «Барселона» учун примеранинг жорий мавсумида ўтказиб юборилган илк гол бўлди. Гакунинг «тўққизлик»ни ажо­йиб тарзда ишғол қилиши кўпчиликнинг ҳайратини оширди.

Шибасаки ушбу клубга 17 август куни келиб қўшилди ва у билан 4 йиллик шартнома имзоланди.

Эътиборлиси, 2016 йил 18 декабрда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида Гаку Шибасаки «Кашима Антлерс» сафида «Реал Мадрид» дарвозасига иккита тўп киритиб, «дубль» муаллифига айланганди.

Лекин японлар финалда 2:4 ҳисобида имкониятни бой беришганди.

Алиризо Жаҳонбахш. Жорий мавсумнинг 9-тури якунига кўра, Голландия эредивизиони рамзий терма жамоасига «АЗ» Алкмаар вакили эронлик Алиризо Жаҳонбахш ҳам киритилди.

Бу унинг шундай рўйхатдан иккинчи марта жой олишидир. «Херенвен» клуби ҳужумчиси Ризо Ғучаннажод ҳисобида ҳам худди Алиризоники сингари 2та гол бор.

Алиризо Жаҳонбахш 1993 йил 11 августда Ғилон вилоятида туғилган. 2013|2014 йиллар мавсуми якунига кўра, Голландия эредивизионида порлаган энг ёш иқтидорлар орасида Мемфис Депайдан сўнг 2-ўринга лойиқ кўрилган.

Жаҳонбахшни Эрон футболи афсоналаридан бири Меҳди Маҳдавикиага ўхшатишади. 2013-2015 йилларда Неймегеннинг НЕК клуби сафида ўйнади.

2015 йилнинг 3 августида эса «АЗ» клуби билан 5 йиллик шартнома имзолади. Ўтган мавсум якунига кўра, уни мавсумнинг энг яхши вингери, деб топишди.

Фаррухжон тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz