Тез орада Ганада ҳужумчи Асамоа Гьянга тегишли Baby Jet Airlines авиакомпанияси фаолият юрита бошлайди.
Мамлакат президенти Нана Акуфо-Аддонинг баёнотига кўра, футболчи авиахизматлар учун тегишли лицензияни қарид қилди, ҳозирда сўнгги юридик ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Айни дам шуниси маълумки, янги авиакомпания Гана ҳудудида фаолият юритади.
Ҳукумат анчадан буён янги корхоналар ҳисобига соғлом рақобатни юзага келтириш, бунинг учун ички йўналишлардаги авиачипталар баҳосидан қўшимча қиймат солиғини (17,5 фоиз) чиқариб ташлашни режалаштирганди.
Гьян биринчилардан бўлиб маъмурлар чақирувига жавоб берди ва албатта, қўшимча имтиёзларга ҳам эга бўлди.
Шунча маблағ қаердан олинмоқда?
Ҳужумчи Асамоа Гьян кўпчилик мухлислар хотирасидан кўтарилган бўлса, ажабмас. Ахир у 2011 йилдан буён Европанинг топ-чемпионатларида кўриниш бермай қолди.
Ана шу ўтган вақт мобайнида Гьян Осиё майдонларида тўп суриб, каттагина даромадга эга бўлди. Аввалига БААда «Ал-Айн» соҳибларини ўз сермаҳсуллиги билан ром этди - 83та ўйинда 95та гол урди! Абадий энг яхши тўпурар мақомини учта чемпионлик тожлари билан безади.
Маош ҳам шунга яраша яшин тезлигида ошиб борди: бир йиллик иш ҳақи 6 млн. доллар (бонуслари билан 8 млн.) кейинчалик йилига 13 млн. (бонуслари билан - 15 млн. доллар). Шу тариқа Асамоа энг кўп даромад оладиган футболчилар ўнлигига кўтарилди.
Ваҳоланки, у АПЛни тарк этганида кўпчилик уни очкўзликда айблаганди. Гьян танқидларга хотиржамлик билан жавоб қайтарди: биринчидан, таклиф ўта манфаатли бўлгани учун рад этишнинг иложи бўлмади. Иккинчидан, Англияда иш ҳақининг 50 фоизи солиқларга сарфланарди.
«Менимча, бу инсофдан эмас. «Сандерленд»дан кетишимнинг сабаби ҳам шу. Амирликларда иш ҳақининг ҳаммаси тўлиқ қўлимга тегади. Хитойда эса солиқлар мавжуд. Лекин тафовут жуда катта. АПЛда ойига 100 000 маош олсанг, сенга 50 000 тўлашади. Хитойда эса юз фоиз беришади, солиқлар клуб ҳисобидан».
Чин юртига Гьян 2015 йил ёзида йўл олганди. Ҳужумчининг «Ал-Айн»даги мерганлигидан ҳайратга тушган «Шанхай СИПГ» мутасаддилари йилига 12 млн. евро иш ҳақи белгилашди.
Тўғри, Асамоа Хитойда амирликдаги маҳсулдорликни кўрсата олмади. Тез-тез енгил жароҳатларга йўлиқиб, 20та учрашувда бор-йўғи 7та гол урди. Натижада яна БААга қайтди, ижара асосида 21 марта майдонга тушган ҳужумчи 8та гол муаллифига айланди.
Шундан сўнг манфаатли битимларга эга бўлмади. Ҳужумчи ҳозирда Туркиянинг «Қайсариспор» клуби шарафини ҳмоя қилмоқда. Амалдаги шартномасига кўра, Гьян ҳар мавсум учун 1,5 млн. евро иш ҳақи олмоқда.
Бизнес
Ўзининг қанчалик бойиб кетганлигини Гьян бир неча марта намойиш этган. Масалан, пойтахт кўчаларида баҳоси 550 000 долларлик олтин «Роллс-Ройс»да сайр қилган. Лекин ватандошлари Асамоани қаттиқ ҳурмат қилишади.
Чунки у биринчи навбатда йирик хайрия тадбирларини амалга оширади: сўнгги беш йил ичида Гана халқининг оғирини енгил қилишга қаратилган 13та йирик компанияларга асос солди.
Улар аҳолининг қашшоқ қатламларини ичимлик суви, озиқ-овқат, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан таъминлашга хизмат қилади. Иккинчидан, Гьян бир қатор йирик лойиҳаларни илгари сурди.
Масалан, боксчилар жамияти, транспорт компанияси (Акра-Кумаси йўналишида 20та автобус хизмат кўрсатади), офислар, тижорат иншоотлари қуришга ихтисослашган корхона, сув ишлаб чиқариш, турли оммавий-ижтимоий тадбирлар шулар жумласидандир.
Энди футболчи ўз юртдошларига авиахизматлар борасида ҳам кўмаклашмоқчи.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20