22 октябрь куни собиқ иттифоқ ва жаҳон футболи афсоналаридан бири, бетакрор дарвозабон Лев Яшиннинг таваллудига 88 йил тўлди.
Шу муносабат билан sports.ru сайти бундан ярим аср кўпроқ вақт муқаддам, аниқроғи, 1960 йилнинг июлида France Football журналистлари ва таниқли голкипер ўртасида бўлган суҳбатни чоп этди.
Бемалол айтиш мумкин, собиқ иттифоқ термасининг Европа чемпионатида зафар қучгани муносабати билан уюштирилган интервью ҳозир ҳам долзарблигини йўқотмагандек...
«Собиқ иттифоқ терма жамоаси Европа кубогини қўлга киритди. Бунинг асосий сабаби - футболчилар энг юқори спорт формасида эдилар ва улар ғалабага нисбатан чанқоқлик, интилиш жиҳатидан бошқалардан яққол ажралиб турдилар.
Аммо мазкур муваффақиятда бир йигитнинг хизмати каттаки, уни алоҳида эътироф этиш шарт. Гап жаҳоннинг энг кучли дарвозабони Лев Яшин ҳақида кетмоқда.
Балки мухбирларимиз Левга енгил саволлар баробарида ўнғайсизларини ҳам беришгандир, аммо унинг жавобларидан афсонанинг ички дунёси шундоқ юзага қалқиб чиқдики, шунчаки, қойил қоласан...» - France Football ўша суҳбатга шундай қисқа ва маъноли кириш қисми ёзганди.
ТАВАККАЛЧИ
— Футболга қандай кириб келгансиз?
— Барча болалар каби бўш вақт юзага келгани ҳамоно тошлоқ ёки бошқа «футбол майдон»ларида тўп ортидан югурардим. 16 ёшга тўлганимда эса ҳақиқий жамоа таркибида майдонга тушдим - ўзим ишлаган завод термасида.
— Барчасини айнан дарвоза чизиғида бошлаганмисиз ёки...?
— Табиийки, гол уришни ёқтирардим ва ҳужумда ўйнашни истаганман. Аммо бўйим баландлиги ва сакровчанлик қобилиятимни инобатга олган мураббийлар зиммамга дарвозабон ролини юклашган.
Умуман, биринчи учрашувдан кейиноқ клуб раҳбарлари мени дарвозага «боғлаб» қўйишган ва тўғри ҳам қилишган экан...
— Яхши дарвозабон бўлиш учун қандай фазилатлар зарур?
— Энг муҳими - дарвозадан тўп ўтказиб юбормаслик хоҳиши. Қолган барча фазилатлар шунинг ортидан келади - реакция, тўпга сакраш, уни эгаллаш учун олдинга чиқиш...
Мабодо кучли истак сезилмаса, ҳеч бир устунликдан наф йўқ. Дарвозабон шунинг баробарида бирор жабҳада майдон ўйинчиларидан қолишмаслиги керак, ҳаттоки, жисмоний тайёргарлик ва техника жиҳатидан ҳам.
Ахир айнан шулар унга ҳар қандай вазиятда ўз ишини аъло даражада уддалаш имконини беради.
— Нечоғли юқорига сакрашингиз мумкин?
— Анчадан буён синаб кўрмадим, аммо ўйлайманки, 1 метр 60 сантиметрни бемалол забт этаман.
— Умуман, мукаммалликка эришганингизни таъкидлай оласизми?
— Терма жамоадаги фаолиятимдан уч даврни алоҳида қайд этаман: 1956 йили Мельбурнда ўтказилган Олимпиада ўйинлари, Швециядаги жаҳон чемпионати ва жорий мавсумга тўғри келган Европа кубоги.
Нима сабабдан айни шу мусобақаларда яхши ўйнаганимни эса тушунтириб беролмайман. Балки шароит тақозосига кўра, юқори савиямни кўрсатгандирман.
Аммо ҳеч қачон мукаммал даражага етдим, деб ҳисобламаганман. Ҳозир ҳам ўйинимни янада яхшилаш ҳақида ўйлайман. Ахир ҳеч ким ўз имкониятлари чегарасини билмайди. Бу гап фақат футболчиларгагина тегишли эмас.
— Майдонда хатолардан мутлақо холи дарвозабондек таассурот уйғотасиз. Бунинг сири нима?
— Ягона сир - тўпга эгалик қилаётган футболчини диққат билан кузатаман. Европа чемпионатида Костич томонидан берилган жарима зарбаларини бартараф этганимдан ҳайрон қолишди.
Аммо унинг зарба йўллаш услубини Швециядаёқ пухта ўргангандим. Шунинг учун ўша ҳолатларда тўғри позиция танлашим талаб этилди, холос.
— Ўйинлар олдидан ҳаяжонланасизми?
— Учрашув мақомидан қатъий назар, кийиниш хонасида ҳаяжон босади, барибир. Шундай вақтда эътиборни тўплаш учун маълум муддат ёлғиз қолишим керак. Ўйлашимча, мусобақа олдидан ҳаяжон домига тушиш ҳақиқий спортчиларга хос.
— Ўйин давомида таваккал йўл тутишдан нечоғли қочасиз?
— Майдонга тушдимми, тамом, ҳар қандай қўрқув ёки ҳаяжондан халос бўламан, чунки булар ҳақида сира ўйламайман. Саволга келсак, бироз таваккалчиман ва бундай ҳаракатлар ўзимга ёқади.
Чунончи, тавваккал - бу спортнинг энг гўзал томонларидан бири. Ҳаётда ҳам шундайман, дейлик, шахсий автомобилимни катта тезликда ҳайдашни хуш кўраман.
«РЕАЛ»ДАН ВОЗ КЕЧИШ
— Футболдаги ҳаётингиздан қайси кунни энг яхшиси сифатида таърифлайсиз?
— Тушунарлики, мағлубиятга тоқат қилолмайман ва ғалаба учун бор кучимни бераман. Ҳаётимнинг энг гўзал кунлари - ҳар қандай ўйин, ҳаттоки, «ўртоқлик»да ғалаба қозонилган дамлар.
— Агар «Реал Мадрид» Испанияда ўйнашингиз учун 100 минг таклиф қилса, рози бўлармидингиз?
— Ўйлаб ўтирмай, рад жавоби берардим, чунки Россиядан ташқарида яшашни тасаввур ҳам қилолмайман.
Ҳа, саёҳатни ёқтираман, аммо ҳар сафар оилам ва дўстларим даврасига қайтиб, чексиз қувончни ҳис этаман. Очиғи, пул учун хорижда тўп сураётган футболчиларга ачинаман.
— Ҳозир 31 ёшдасиз, футбол оламидаги истиқболингиз қандай?
— Ўйинчилик фаолиятини якунлаганимдан сўнг мураббийлик қиламан, сўзсиз. Умуман, доимо педагоглик ишига катта қизиқиш билан қараганман. Балки болаларга таълим берарман, ҳар ҳолда, футбол, спорт ривожи йўлида хизмат қилишда давом этаман.
2 йилдирки, Москва Жисмоний тарбия институтида мураббийлик курсларида ўқияпман. Аммо ҳали яна бир неча йил майдонда ўйнаш ниятидаман.
Энг катта орзуларимдан бири - 1962 йили Чили мезбонлик қиладиган жаҳон биринчилигида иштирок этиш. Ўйлайманки, 33 ёшда буни уддалайман.
— Ким ўринбосарингиз бўларкин...?
— Саралаш қўмитаси каби мен ҳам термада ўрнимни эгаллайдиган ёш Владимир Маслаченко (у 24 ёшда эди)га ишонаман. Шунингдек, Москва «Динамо»сида яна бир қобилиятли йигит бор - Владимир Беляев.
— Футбол сизга нима берди?
— Аввало, саёҳат қилиш, ер юзи билан танишиш имкониятини. Қолаверса, шу аснода дунёқарашимни кенгайтирдим, билимимни оширдим.
— Энг ёмон хотираларингиз...?
— Ҳар бир футболчида яхши ва ёмон хотиралар бўлади, албатта. Мен учун бундай ёқимсиз хотиралар - яхши формада бўлганим ва ёмон ўйнаганим. Яна мағлубият ҳам жуда ёқимсиз ҳолат.
— Ўйин бошланмасидан олдин тўпга бир тегиниб қўйишингиз қандай маъно касб этади?
— Ишонинг, бу ирим эмас. Дурадгор иш бошлашидан аввал тахтани силаб қўйгани каби мен ҳам шунчаки, тўпга тегинаман, холос. Ишчан кишининг оддий одати.
УКА, БАЛИҚ ОВИ ВА РАҚС
— Энди болалигингиз, ёшлигингиз ҳақида гапириб берсангиз...
— Москвада ишчилар оиласида туғилганман. 23 ёшли укам бор, исми - Борис. У ҳам футболчи бўлишга уринди, бироқ алоҳида қобилиятини пайқамаганим боис, бу йўлдан қайтардим.
Ўзим 14 ёшгача мактабда ўқиб, кейин заводда иш бошладим. Шунинг баробарида кечки курсларга қатнаб, билимимни оширдим.
— Оилавий ҳолатингиз қандай?
— Ўйланганимга 6 йил бўлди, турмуш ўртоғим ҳам москвалик, исми - Валентина. Қизимиз Ирина энди 3 ёшга тўлди.
— Ҳозир қаерда яшайсизлар?
— Москва марказида. Жуда қулай. Уйимиз 2 хоналик, алоҳида ошхонаси, ҳаммоми бор.
— Овқатланишда қайси тартибга риоя қиласиз?
— Иштаҳам зўр. Шундай бўлса-да, баъзи таомлардан тийилишга ва имкон қадар калорияли егуликлар танлашга ҳаракат қиламан.
Хотиним бу масалада кўп ҳазиллашади: «Ошқозонинг туяқушникидай». Ичимликларга келсак, минерал сув ва сутдан бошқаси ортиқча.
— Бўш вақтигизни қандай ўтказасиз?
— Шаҳар ташқарисидаги ҳаётни хуш кўраман. Мовий тусли автомобилим бор - «Волга». Имкониятга қараб, оиламиз билан дала ҳовлига чиқамиз. Балиқ ови - жону дилим. Спортчи учун бундан яхшироқ эрмак йўқ.
— Москвада қандай кўнгилхушлик қиласиз, алоҳида жойлар борми?
— Уйимда радио ва телевизор йўқ эмас. Дўстларим тез-тез меҳмонга келишади ва биргаликда пластинкаларни тинглаймиз. Кинотеатрга тушишим ҳам мумкин.
Дейлик, «Инсон тақдири» номли картина ёқди. Комедия жанрини яхши кўраман, айниқса, қувноқ мусиқаларга бойини. Вақтида Стендалнинг «Қизил ва қора» романи асосида Жерар Филип экранлаштирган фильмни мириқиб томоша қилгандим.
Шунингдек, Гарри Грант, Элизабет Тейлор, Жина Лоллобрижида, Дани Кей ва Бинг Кросби иштирокидаги картиналарга бефарқ қарамайман.
— Рақс тушишни ёқтирасизми?
— Ҳа, барча ёшлар каби...
— Яхшигина раққос бўлсангиз керак...
— Бу борада аёллардан бир неча марта мақтов эшитганман, аммо улар анчагина ошириб юборишгани аниқ.
— Болаларни ёқтирасизми?
— Жуда. Улар даврасида ўзимни ғоят енгил сезаман. Мураббийликка қўл ургач, болалар ва ўсмирлар футболини унутмаслигим тайин.
— Асосан нимага интиласиз?
— Спорт масаласида айтсам, доимо ишончни оқлашни хоҳлайман. Ҳаётда эса атрофимда тинчлик ва хотиржамлик ҳукм суриши, дўстлик, биродарлик томир отишини истайман.
Хуллас, мудом тинчликка интиламан. Бу ҳаётни севувчи ҳар қандай киши учун одатий ҳол.
КЕПКА - ТУМОР
— Кўнглингизга энг яқин ранг қайси?
— Мовий. Бир нечта костюмим шу рангда. Уйимдаги кўплаб жиҳозлар ҳам мовий тусда. Юқорида айтдим, автомобилим ҳам.
— Яна қайси спорт турлари билан шуғулланасиз?
— Деярли барча асосий спорт турлари билан - енгил атлетика, волейбол, баскетбол, сузиш... Шунингдек, узоқ вақт хоккей ўйнаганман.
— Саёҳатлар давомида қайси мамлакат кўпроқ ёқди?
— Ҳар бир юртнинг ўзига хос жозибаси бор. Менга шу ранг-баранглик, бир-бини такрорламаслик ҳолати маъқул. Европа, Осиё ва Жанубий Америка мамлакатларини кўрдим.
Эътиборимни тортган жиҳат шуки, мамлакатлар турлича бўлса-да, инсонларнинг яшаш тарзи ўхшаш.
— Ёқтирган таомингиз...?
— Майонезли қисқичбақа. Уни айниқса, Францияда маромига етказиб тайёрлашади.
— Ароққа муносабатингиз?
— Ёмон. Юқорида фақат минерал сув ва сут ичишимни айтдим-ку.
— Табиатан иримчимисиз ёки...?
— Барча спортчилар қайсидир маънода иримчи ҳисобланишади ва бу камчиликдан мен ҳам холи эмасман. Ўз туморим - кепка. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ундан айрилмайман. Мана, 5 йилки, майдонга кепка кийиб туш-япман.
Аввалгиси «истеъфо»га чиққунича 10 йил хизмат қилди. Ҳозир уни киймасамда, доимо ёнимда олиб юраман. Марселда мухлислар уни олиб қўйишганида, қайтариб беришларини сўраб, роса ялинишимга тўғри келганди.
— Шароит кимсасиз оролга боришингизни тақозо этса, ўзингиз билан нима ёки кимни олишни истардингиз?
— Кўпроқ дўст ва биродарларимни, чунки катта даврани ёқтираман.
— Айрим саволлар сизни ҳайрон қолдирмадими?
— Анчагина. Ҳарқалай, ўзимиздаги журналистлар одатда бундай саволлар беришмайди. Аммо сизлардан ҳеч нарсани яширмадим ва жавобларим француз спортчиларига мени кўпроқ билишлари учун ёрдам берса, фақат хурсанд бўламан.
Маълумот учун
Лев Иванович Яшин
Туғилган ва вафот этган санаси: 1929 йил 22 октябрь - 1990 йил 20 март
Ўйнаган клуби: «Динамо» (Москва) - 1950-1971
Ютуқлари: «Олтин тўп» - 1963; Олимпиада чемпиони - 1956; Европа чемпиони - 1960; собиқ иттифоқ чемпиони - 1954, 1955, 1957, 1959, 1963; собиқ иттифоқ кубоги соҳиби - 1953, 1967, 1970; хоккей бўйича собиқ иттифоқ кубоги соҳиби – 1953
И.ОБИДОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20