Қайднома

Қидирув

«Биллур» лоларанг либосини ечди ёхуд Роббеннинг терма жамоадаги фаолиятига назар

«Биллур» лоларанг либосини ечди ёхуд Роббеннинг терма жамоадаги фаолиятига назар

  09.11.2017 06:26
  0
  747
«Биллур» лоларанг либосини ечди ёхуд Роббеннинг терма жамоадаги фаолиятига назар

Ҳа, замонавий футболнинг моҳир ярим ҳимоячиларидан бири бўлган Арьен Роббен миллий терма жамоадаги фаолиятини якунлади.

Шубҳа йўқки, Арьен кун сайин яқинлашиб келаётган ЖЧ-2018дан кейин терма жамоа билан хайрлашиш ниятида эди. Бироқ Голландия ўз гуруҳида 3-ўринни эгаллаб, ҳатто тўқнаш учрашувларидан ҳам четда қолди - Роббеннинг «дубл»и очколар бўйича Швецияга етиб олишни таъминлаган бўлсада, тўплар нисбатига кўра, устунлик учун камлик қилди.

Шундан сўнг жонкуяр жангчи «лоларанглилар» билан қандайдир натижага эришишдан умидини узди. Хотима ўрнида Роббеннинг голланд футболи олдидаги хизматларини ёдга олишни лозим топдик.

Авлод рамзига айланди

Асримиз бошида голланд футболи авлодлар алмашуви даврини бошдан кечирди - ЖЧ-1998нинг бронза медалларига сазовор бўлган Бергкамп, Клюйверт, ака-ука де Бур, Коку ва Давидс саҳнани тарк этди.

Оқибатда жамоа Япония-Корея майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ва Евро-2004 мусобақасидан четда қолди. Шундан кейин ёшларга эътибор қаратган Дик Адвокаат таркибни Роббен, Ван дер Варт, Снейдер ва Хейтинга каби иқтидорлар билан тўлдирди.

Арьеннинг дебюти кейинчалик рамзий маънога эга бўлди - 2003 йилнинг баҳорида ёш ярим ҳимоячи Португалия билан бўлган ўртоқлик учрашувида Марк Овермарснинг ўрнига майдонга тушди.

Шу тариқа голланд футболида янги Овермарс пайдо бўлди. Бир неча ойдан кейин навбатдаги қитъа биринчилиги учун саралаш босқичида Македония дарвозасини иш-ғол этиб, терма жамоадаги илк голини нишонлади.

Салбий қаҳрамон унвонини олди

Ҳали ижтимоий тармоқлар тўла шакл­ланишга улгурмасидан, Роббен у ердан мустаҳкам ўрин олди. Ўз хоҳиши билан эмас, албатта. Евро-2008(!)­нинг гуруҳ босқичи доирасидаги Чехияга қарши ўйинда голланд­лар 2:1 ҳисобида олдинда боришаётганди.

Боз устига, ташаббус улар томонида, тез орада учинчи гол амалга ошадигандек эди. Бироқ 59-дақиқада Адвокаат ҳимояни кучайтиришга қарор қилди ва фаоллиги билан яққол ажралиб турган Роббеннинг ўрнига Босвелтни «жанг»га ташлади.

Натижада Чехия жонланиб қолди ва охирги дақиқаларда 2та гол уриб, иродали ғалабага эришди. Шу тариқа «лоларанглилар» сафидаги ҳар бир омадсиз алмашиш «Роббен рокировкаси» деб аталадиган бўлди.

Пенальти тавқи-лаънатини олиб ташлади

Голландия терма жамоаси узоқ йиллар давомида ўйиндан кейинги пенальтилар сериясини муваффақиятсиз амалга ошириб, нуфузли мусобақаларни барвақт тарк этарди.

Масалан, Евро-1992 ярим финалида жамоа Данияга, Евро-1996 чорак финалида Франция­га, ЖЧ-1998 ярим финалида Бразилия ва Евро-2000 ярим финалида (ўз уйида) Италияга имкониятни бой берганди. Ана шу нохуш анъанага Арьен Роббен чек қўйди.

Евро-2008 (!) чорак финалларидан биридаги Голландия - Швеция қарама-қаршилигида ғолиб аниқланмаган, дастлабки 5та зарбалардан ке­йин ҳисоб 4:4 кўринишида эди.

Швециялик Мельберг ўз имкониятидан фойдалана олмади, ундан кейин «нуқта»га яқинлашган Роббеннинг зарбаси эса аниқ бўлди. Шундан буён Арьен терма жамоа либосида 11 метрли зарбаларни амалга оширишда бир марта ҳам адашмади.

6та йирик турнирдақатнашди

Бош жамоа таркибида 6та нуфузли мусобақада иштирок этиш - ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган натижа. Айниқса, ўзини биллурдек нозик деб ҳисоблайдиган футболчилар учун.

Роббен «Реал»да деярли ҳар ҳафта қандайдир жароҳат оларди. Лекин унинг терма жамоаси жаҳон ёки қитъа чемпионатида майдонга тушадиган бўлса, Арьен жароҳатини ҳам бутунлай унутарди.

Тўғри, Евро-2008да ярим ҳимоячи Россияга қарши баҳсни айнан жароҳат туфайли ўтказиб юборганди. Лекин шикастланган даврида ҳам мураббийлар кўпинча унинг хизматидан фойдаланишган.

Масалан, ЖАР мундиалига жароҳат билан йўл олган Арьен гуруҳ босқичининг икки учрашувида майдонга туширилмади. Лекин «плей-офф» босқичида жамоага муҳим ғалабаларни ҳадя этди.

Жумладан, унинг аниқ зарбалари эвазига Словакия нимчорак финалда, Уругвай эса ярим финалда мусобақадан чиқиб кетди.

Тезлик бўйича рекорд ўрнатди

Шу йилнинг август ойида Усейн Болт футбол майдонига тушиш учун жиддий тайёргарлик кўрганди. Дун­ё­­нинг энг учқур спортчиси «МЮ» фахрийлари иштирокидаги хайрия учрашувида профессионаллар билан беллашиш ниятида эди.

Бироқ кутилмаганда ямайкалик спринтер жароҳат олиб, тадбирда иштирок эта олмади. Шундан кейингина Арьен Роббен енгил нафас олди - унинг дунёдаги энг тезкор футболчи унвони жиддий хавф-хатардан холи бўлди.

Мазкур рекорд натижани Роббен ЖЧ-2014нинг Испанияга қарши учрашувида қайд этганди. Ўшанда ярим ҳимоячи нафақат «дубль» билан чекланган, балки энг юқори тезликни (37 км.с) ҳам қайд этганди.

Ўз обрўсини терма жамоа йўлида қурбон қилди

Ҳа, терма жамоа манфаати йўлида Арьен ғирромлик қилишга ҳам тайёр эди. Бразилия мундиали Голландия учун анча барвақт тугаши ҳеч гап эмасди - Мексика билан бўлган нимчорак финалнинг тугашига атиги 2 дақиқа қолганида «лоларанглилар» бир амаллаб ҳисобни тенглаштирдилар.

Қўшимча вақтнинг 4-дақиқасида эса ғайритабиий ҳодиса юз берди: Роббен рақиб жарима майдончаси ичида симуляция ишлатиб, йиқилди.

Ҳакам эса унинг муғомбирлигини сезмай, «нуқта»га ишора қилди. Шу йўл билан голланд­лар кейинги босқичга йўл олдилар.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ЖЧ-2018 расмий тўпи – Telstar 18 тақдим қилинди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.