Қайднома

Қидирув

Янги манзил ёхуд Омон Ғофуров ПФЛни қай даражада ўзгартира олиши мумкин?

Янги манзил ёхуд Омон Ғофуров ПФЛни қай даражада ўзгартира олиши мумкин?

  10.11.2017 06:26
  0
  2209
Янги манзил ёхуд Омон Ғофуров ПФЛни қай даражада ўзгартира олиши мумкин?

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Омон Ғофуров билан ниҳоят телевизор орқали бўлсада танишиб олдик.

Футбол оламига анча нотаниш бўлган бу инсон ўтган ҳафта «Узрепорт ТВ»га интервью берди. Омон ака нима учун олий лига ўйинларини ёритиб борадиган «Спорт» ТВ қолиб, «Узрепорт»да чиқиш қилгани биз учун қай даражада қоронғу бўлса, унинг интервьюсидан сўнг вазият ҳам ойдинлашмай қолиб кетди.

Аммо бир жиҳатдан Омон Ғофуров ПФЛнинг собиқ директори Фарҳод Магометовдан бошқача экани барибир, сезилди - Фарҳод ака бу қадар силлиқ гапира олмаган бўларди.

Олий лигада 12та жамоа қолиши ҳақида анча-мунча гаплар айтиб улгурилди. Яна такрорлашга ҳожат бўлмаса керак. Ғофуровнинг айтишича, мавсум якунланишига 4 тур қолганда олий лигадан 4та жамоа қуйи лигага тушиб кетиши эълон қилиниши рақобат ошишига олиб келар экан.

Бизнингча, мутасаддининг бу гапидан мантиқ излашга ҳожат бўлмаса керак. Унутмайлик, Омон ака ПФЛ директори сифатида биринчи марта интервью бермоқда.

Илгари Фарҳод Магометовнинг кам сонли суҳбатларида ҳам бунга ўхшаш ҳолат учраб турар эди. Омон Ғофуров ҳам бир марта такрорласа, зарар қилмаса керак.

Муҳими, шунга одатланиб қолмаса бўлгани. Зеро, унинг интервьюсида бизга ёққан жиҳатлар ҳам бўлди.

Масалан, келаси мавсумда ҳамма ўйинлар соат 18:00дан 20:00га қадар ўтказиш клублардан талаб қилинар экан. Ишдан қолиб, стадионга туша олмаётган мухлислар анчадан буён буни кутаётган эди.

Аммо Омон Ғофуровдан ҳамма саволларга жавоб олиндими? Афсуски, бу саволга ижобий жавоб бериш анча қийин. Бизга қолса, «Узрепорт ТВ» томонидан ташкил этилган суҳбатда ҳакамлар масаласи ҳам кўтарилишини истаган бўлардик.

Нима учун «Навбаҳор» - «Пахтакор» ўйинини бошқарган ҳакам жазолангани ҳолда, «Пахтакор» - «Бунёдкор» баҳсида ишлаган ҳакамлар бригадаси унутилди? Бу савол ҳозир ҳаммани қизиқтиради.

Ваҳоланки, «Пойтахт дербиси»да Азиз Асимов ва ёрдамчилари қанақа «томоша» қўйишганини ҳаммамиз кўрдик. Нима учун аввалги учрашувларда анча қаттиққўл кўринган ПФЛ яққол пенальтини «кўрмай қолган» ва «офсайд»дан урилган голни ҳисоблаган ҳакамга бунча меҳрибонлик қилмоқда?

Шунингдек, биринчи лига борасида ҳам аниқлик киритилса яхши бўларди. Узунқулоқ гапларга қараганда, келаси мавсумда қуйи лигада ёш бўйича чеклов ўрнатилади. Яъни, унда фақат 23 ёшгача бўлган футболчилар тўп суриши мумкин.

Бу масалада ҳам аниқлик киритилса яхши бўларди. Аслида олий лигадан бир йўла 4та клуб тушириб юборилиши шундоқ ҳам вазиятни анча чигаллаштиради. Ёш цензи ўрнатилган тақдирда ислоҳотлар зарарга ишлай бошламайдими? Бу саволни ким беради?

Футболчиларнинг табиати ҳар хил бўлади. Кимдир 18 ёшида порлаб чиқади, бошқаси эса 25га тўлгач, энг яхши ўйинларини намойиш этиши мумкин.

Агар 23 ёшдан катта футболчилар биринчи лигадан бадарға қилинса, улар қаерда маҳоратини намойиш этади? Ўзи шундоқ ҳам келаси мавсум олий лига даражасидаги 92 нафар футболчи қуйи лигада тўп суришга мажбур бўлиб турибди.

Улардан аллақанчаси ёши ўтиб қолгани учун биринчи лигага мос келмай, фаолиятини буткул тугатадиган бўлса, бундан футболимиз ютадими ёки ютқазади? Саволлар кўп, жавоб эса ҳозирча йўқ.

Ўзбекистон футбол федерациясининг янги раҳбарияти журналистларни кўпроқ мулоқот қилишга чақириб келади. Аммо сўз амали билан гўзал.

ЎФФ ҳамкорликка қанча чорламасин, фақат ўзи истаган вақтда гаплашиб, бошқа вақт эшикларни бекитиб оладиган бўлса, кўп фойда чиқишига кўзингиз етадими?

Хабарингиз бор, яқинда ЎФФ ташаббуси билан ОАВ қўмитаси ташкил этилган эди. Қўмитанинг ижтимоий тармоқда ўз саҳифаси бор ва «Узрепорт»да Омон Ғофуровнинг интервьюси берилгандан сўнг «Спорт» ТВда фаолият олиб борадиган кўплаб журналистлар томонидан эътирозлар янгради.

Маълум қилинишича, «Спорт»да эфирга кетадиган «Гол», «ФИФА» ва «Спорт вақти» кўрсатувларидан ПФЛ матбуот хизматига кўп мурожаат бўлган ва Омон Ғофуровдан интервью беришни сўрашган.

Аммо янги раҳбар энди иш бошлагани важидан бу сўровларнинг барчасини рад этган. Шундай вақтда «Узрепорт ТВ» қандай қилиб камёб интервьюнинг уддасидан чиққани кишини ҳайрон қолдиради. Ёки «Спорт»нинг саволлари ҳаддан ташқари ноқулайми?

Шунингдек, босма нашрларда фаолият олиб борадиган журналист­лар ҳам Омон Ғофуров билан ҳамсуҳбат бўлишни анчадан буён орзу қилишади.

Улар ҳам ҳозир худди шундай ҳолатда. ПФЛ матбуот хизмати Ғофуров иштирокида матбуот анжумани ўтказилишини анчадан буён ваъда қилади. Аслида ПФЛ олий лигада 12та жамоа қолишини матбуот анжумани чақириб, ўша ерда маълум қилиши керак эди.

Ҳар ҳолда, бу оддий нарса эмас, бутун бошли мусобақа формати ўзгариб кетмоқда. Одатда ўзини ҳурмат қиладиган ташкилот бундай муҳим хабарларни махсус матбуот анжуманида маълум қилади.

Ўшанда ҳеч қандай гап-сўзга ҳам, гина-кудратга ҳам ўрин қолмаган бўларди. Аммо ПФЛ биргина расмий хабар билан ҳаммасини ёпиб қўя қолди...

ЎФФ шаффоф иш юритиш ҳақида гапирмоқда. ПФЛда ҳам шу йўналиш асос қилиб олинса мақсадга мувофиқ бўларди

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz