Бу галги «уик-энд» нафақат муросасиз олишувлар, балки ҳакамликдаги хатоларга ҳам бой бўлди.
АПЛ. Жозе билан Арсен бир ёнда
Хосеп билан Конте тақдир тақозоси билан 11-тур Лондон ва Манчестер грандларининг ўзига хос «дуэл»и кўринишини олди - пойтахтда «Челси» «МЮ»ни қабул қилган бўлса, «Сити» ва «Арсенал» Манчестерда ўзаро ҳисоб-китоб қилишди.
Айниқса, «шаҳарликлар» ва «тўпчилар» ўртасидаги баҳснинг биринчи ярми ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Марказда мезбонлар томонидан ташкил этилган ҳужумкор уч бурчак меҳмонлар ҳимоя чизиғини қиймалаб ташлади.
Агуэро ўта қулай вазиятда тўпни яқин бурчакка йўллай олмади, Стерлинг эса Саненинг ажойиб узатмасини йўққа чиқарди. Шу боис, танаффусга йирик ҳисоб билан чиқиб кетиши мумкин бўлган майдон эгалари Кевин де Брюйнениг ягона голи билан кифояланишга мажбур бўлдилар. Иккинчи бўлим янада қизиқарлироқ лаҳзаларни ҳадя этди.
Жумладан, учрашув ҳаками Начо Монреални Раҳим Стерлингга нисбатан ўйин қоидасини бузган деб топиб, «Арсенал» дарвозасига пенальти белгилади. Унинг бу қарори «тўпчилар» бош мураббийига ёқмагани турган гап. Ўйиндан кейин Венгер Стерлингни «моҳир шўнғувчи» сифатида эътироф этди. Раҳимнинг онгли равишда тўқнашувга интилгани - факт.
Лекин Монреаль нафисроқ, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилганида пенальти бўлмаслиги аниқ эди. Кейинроқ Стерлинг ажойиб имкониятни йўққа чиқарди: икки ҳужумчи бир ҳимоячига қарши қолган вазиятда тўпни Санега аниқ узата олмади. Лавҳани диққат билан кузатиб турган Гвардиола ғазабдан қўлидаги сув идишини улоқтириб ташлади.
Учрашувнинг якуний қисмида қанот ҳаками Стюарт Барт бош қаҳрамонга айланди. У яққол «офсайд» ҳолатида турган Давид Сильва ҳамда Габриэль Жезусни пайқамай қолди. Ҳолат шу қадар аниқ эдики, жамоалар икки сонияга тўхтаб қолишди.
Кейин «шаҳарликлар» учинчи голни уришди. Ўйин тақдири ҳал бўлган паллада ҳам Арсен асабини жиловлай олмади. У «Арсенал» мағлубияти ҳаққоний эмаслигини таъкидлаб, ҳакамлардан нолиди.
Хосеп эса ўз навбатида ҳакамликдаги хатолар футболнинг бир қисми эканига урғу бериб, «тўпчилар»нинг «Бернли» дарвозасига урган ноҳақ голларини эслатди. Хуллас, мазкур ғалабадан кейин «Сити» 31 очко тўплаган ҳолда етакчилик мавқеини янада мустаҳкамлаб олди.
«Стэмфорд Бридж»даги баҳс арафасида Жозе Моуриньо бошқаларга ўрнак бўлишга интилганди: «Менинг ўрнимда мураббийлар аллақачон Погбанинг жароҳати хусусида бонг ўрган бўлишарди. У анчадан буён сафда эмас. Бу бизга халал беряпти.
Бироқ мен бу борада оғиз очмадим. Балки, гапирсам яхшироқ бўлармиди?». Нима ҳам дердик, балки бу «Беназир»нинг ўзига хос муҳофаза қалқонидир? Нима бўлганда ҳам, «МЮ» бу учрашувга кучли жамоаларга қарши қўллайдиган услуби - нурсиз дурангни кўзлаган ҳолда келди. Бироқ ҳар қандай мукаммал режада ҳам қандайдир заифлик бўлиши мумкин.
«Қизил иблислар»нинг мазкур баҳсдаги заиф жиҳатлари - Н~Голо Кантенинг сафга қайтганлигини ҳисобга олмаганликлари. Франциялик ярим ҳимоячи йўқлигида «кўклар»нинг ҳужумларига кескинлик етишмаётганди.
Энди у ўз ўрнига қайтгач, Фабрегаснинг ҳужум ташкил этиш имконияти сезиларли даражада ошди. Албатта, асосий эътибор ҳимояга қаратиладиган ёпиқ ўйинларда ҳар икки томонда ҳам ғалаба қозониш имконияти бўлади.
Мезбонлар бутун ўйин давомида, айниқса иккинчи бўлимнинг бошларида фаолроқ бўлишди ва ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Баҳсдан кейин Моу Антонио Контенинг қўл бериб хайрлашмагани ва изсиз ғойиб бўлганини маълум қилди.
«Твиттер»да эса асосан статистик маълумотлар жой олган: «Стэмфорд Бриж»даги 3 учрашувда Моуриньонинг «МЮ»си бирорта гол уролмаган, уч марта ҳам мағлубиятга учради.
Кучли олтиликдаги жамоаларга қарши ўтказилган 11та ўйиннинг 6тасида «МЮ» имкониятни бой берган, 5та учрашув дуранг натижа билан якунланган.
Айтганча, Антони Конте португалиялик касбдошига жавоб қайтарди. Очиғи, у нима демоқчи бўлганини тушунмадик: «Ўзаро ҳурматни майдон ташқарисида эмас, балки унинг ичида намойиш этиш керак». Қизиқ, балки Конте бошқачароқ фикр билдиргандир?
Ла-лига. Месси «0», Суарес «0» Ҳозирча қўрқинчли эмас
Луис Суареснинг голсиз серияси бештага етди. Лекин бу уругвайлик ҳужумчининг ўйин услубидан чиқиб қолганлиги ёки ўз вақтида очилмай қолаётганини англатмайди.
Луис ҳаракат қиляпти, вазиятлар етарли. Лекин улардан фойдаланиш даражаси пасайиб кетган. «Севилья» билан бўлган баҳсда дарвозабон билан бирга-бир ҳолатдан фойдалана олмади, кейинги вазиятда оёғи остидаги тўпни ҳимоячи тепиб юборишига имкон берди.
Тўғри, авваллари Суареснинг камчиликлари Леонинг сермаҳсуллиги соясида унчалик сезилмасди. Бироқ Месси ҳам сустлашиб қолди. Сўнгги бир ой ичида у «Олимпиакос» ва «Атлетик» дарвозаларини забт этди. Атиги, 2та гол!
Ваҳоланки, бу ҳужумчи ҳам ўзгариб қолган эмас. Шунчаки, аввалги ўнлаб устунлар, тўсинлар ёнига ноаниқ зарбалар ҳам қўшилди. Хайриятки, «Барса» олдинги чизиқдаги сусткашликни марказдаги фаоллик эвазига қоплашга эришмоқда.
Пако Алькасер ва Жерард Деулофеу гоҳ қанотда, гоҳ марказга ўтган ҳолда кутилмаган комбинацияларни уюштириб, голлар, пенальтиларни вужудга келтиришмоқда. Инсоф билан айтганда, 2:1 кўринишидаги камтарона ғалаба каталонияликлар устунлигини тўлиқ ифода этолмайди.
Ҳисоб биринчи бўлимнинг ўзидаёқ 3:0 бўлиши мумкин эди. Факт шуки, худди «Ман. Сити» каби «Барса» ҳам дастлабки 11та учрашувнинг 10тасида зафар қучди, атиги бир дуранг!
Дарвоқе, анчадан буён дуранглар кўчасига кириб қолган «Атлетико» ҳам ниҳоят, ғалабага эришди. Ажабмаски, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда «Депортиво» дарвозасига урилган ягона гол Диего Симеоне жамоасидаги мудроқни тарқатиб юборса.
Бундеслига. Ёрқин ўйин ва мағлубият
Таажжубки, Дортмунднинг «Боруссия»си бутун ой давомидаги энг ёрқин ўйинини намойиш этди. Лекин якунда мағлубиятни тан олди ва «РБ Лейпциг»ни олдинга ўтказиб юборди.
Ваҳоланки, жамоа «Бавария»га муносиб қаршилик кўрсатди, прессинг эвазига тўпни Хави Мартинесдан тортиб олиб, Ярмоленкони яккама-якка ҳолатга олиб чиқди.
Кейинчалик, худди Клопп давридагидек, ўз дарвозаси олдидаги стандартдан сўнг тезкор ҳужум уюштирди. Лекин бу уринишларнинг барчаси зое кетди. Боз устига, 70-дақиқага келиб 0:3 ҳисобида ортда қолиб кетди.
Учрашувдан кейин Петер Бош мюнхенликларни қувиб етиш учун жамоаси етарли имкониятларга эгалигини таъкидлади. Бироқ мураббий эътирофини ишончсизлик билан қарши олишди.
Аслида, «Бавария» билан Анчелотти ўртасидаги можаро юзага келган даврдан «Боруссия» фойдаланиб қолиши керак эди. Қолаверса, ўзаро баҳсда ҳам мезбонлар қулай вазиятлардан фойдалана олишмади, меҳмонлар эса 3та гол урдилар.
Бундеслидаги дастлабки аёл ҳакам - Бибиана Штайнхаус «Сигнал Идуна Парк»да майдонга тушиши мумкин эди - бош ҳакам Тобиас Штилер чиндан ҳам ўйин пайтида оёғидан жароҳатланди. Лекин шифокор ёрдамидан кейин учрашувни давом эттирди.
«А» серия. Чемпион пешқадамга яқинлашди
Италия чемпионатининг 12-турида «Ювентус» Туринда катта қийинчилик билан «Беневенто»дан қимматли 3 очкони тортиб олди. Қизиғи шундаки, сўнгги поғонани эгаллаб турган дебютант номдор рақибга муносиб қаршилик кўрсатди.
Чичиреттининг аниқ зарбасидан сўнг ҳисобда олдинга чиқиб олди. Фақат танаффусдан кейин «кекса синьора» ташаббусга эга бўлиб, ўйин тақдирини ўз фойдасига ҳал қилди.
«Наполи» эса Веронада «Кьево» билан сулҳга имзо чекди. Шу тариқа, «Ювентус» пешқадамга максимал даражада яқинлашиб олди. Назарий жиҳатдан туринликларга етиб олиши мумкин бўлган «Лацио»нинг «Удинезе»га қарши беллашуви айрим сабабларга кўра бошқа кунга қолдирилди.
1-дивизион. «Монако» аламини олмоқда
Францияда «ПСЖ» «Анже» устидан енгил ва йирик ҳисобда ғалабага эришди, Килиан Мбаппе «дубль» ҳисобига ўз голлари ҳисобини очди. Лекин «Монако»нинг зафари пойтахт клуби тантанаси ёғдусини хиралаштириб қўйди.
Маълумки, Леонарду Жардим ёш жамоадаги муаммоларни мавсум давомида бартараф этишга мажбур. Жамоа доимо кучли босим остида, айниқса ЕЧЛда ишончли ўйин кўрсата олмаяпти.
Оқибатда, ўз гуруҳида сўнгги поғонани банд этиб турибди. Лекин «Генгам» устидан эришилган йирик ғалаба (6:0), голларни 5 нафар футболчи ургани жамоанинг ўзига бўлган ишончи ва концентрация талаб даражасида эканлигидан далолат.
Мазкур баҳсдан кейин ҳар бир мухлис Бальде Кейта Мбаппе ўрнига харид қилингани, Адам Траоре икки йил аввал икки гранд ўртасида талаш бўлгани, Гвидо Карриьо эса ўз вақтида Фалькаонинг ўринбосари сифатида эътироф этилганини дилидан ўтказган бўлса ажабмас.
Хуллас, чемпион қувлашмачоқни давом эттирмоқда.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20