Қайднома

Қидирув

Уго Льорис: «Ҳар бир учрашув алоҳида имтиҳон!»

Уго Льорис: «Ҳар бир учрашув алоҳида имтиҳон!»

  11.11.2017 03:39
  0
  741
Уго Льорис: «Ҳар бир учрашув алоҳида имтиҳон!»

Испаниянинг етакчи спорт нашри - Аs сайти ижодкорлари Европа ЧЛ гуруҳ босқичи 4-туридан ўрин олган «Тоттенхэм» - «Реал» ўйини арафасида Лондон клуби ҳамда Франция терма жамоаси дарвозабони Уго Льорисни махсус суҳбатга чорлашди.

Кўпчилик кўрган бўлса керак, икки клубнинг ўзаро қарама-қаршилиги «тақачилар» фойдасига ҳал бўлишида (Мадридда  - 1:1, Лондонда - 3:1) фахрий кипер бош роллардан бирини бажарди.

- Аввалига одатий савол: дарвозабонликни қалб амри билан танлаганмисиз ёки...?

- Нима десам экан? Очиғи, спорт мен учун теннис ракеткаси воситасида бошланган. Ўша вақт 5 ёшли болакай эдим ва футбол ҳақида умуман ўйламагандим ҳам. Кейинчалик дўстларимдан ортда қолмаслик учун тўп тепа бошладим.

Негадир биринчи кунларданоқ дарвозада туришни ёқтириб қолдим. Балки бунга таваккалчиликни хуш кўришим сабабдир? Ҳар ҳолда, тўпни эгаллаб олиш учун рақиблар оёғига ташланиш менга ўзгача роҳат бағишларди.

- Бошқача айтганда, дарвоза дахл­сизлигини таъминлаш асосий вазифангиз эмасди, шундайми?

- Йўқ, кўча футболида гол қўйиб юбормаслик, натижага масъулият тушунчасини билмасдим, шунчаки, завқ­ланиш учун ўйнардим. Масъулият ҳисси улғайганим сари ўз-ўзидан шаклланди.

- Профессионал дарвозабонлар ҳаракатини ўша пайтларданоқ алоҳида кузатган бўлсангиз керак...

- Голкиперларга илк марта ЖЧ-94 ўйинларида жиддий эътибор қаратдим. Айниқса, Бразилия ва Италия термалари ўртасидаги финал баҳси, дарвозабонлар - Клаудио Таффарел ва Жанлука Пальюка ҳаракатлари хотирамда муҳрланган.

Шунингдек, Швеция термасининг «масхарабоз» посбони ҳам яхши таассурот қолдирганди, бироқ ҳозир унинг фамилияси эслолмаяпман (Томас Равелли назарда тутиляпти)...

- Яхши, энди айтингчи, фақат киперларни кузатганмисиз ёки футболчиларга ҳам эътибор қаратгансиз?

- Албатта, ҳужумчилар ўйинига ҳам бефарқ эмасдим. Ўша вақт натижа айнан дарвозабонлар ва ҳужумчиларга боғлиқ, деб ўйлардим.

Бири гол уришга интилади, иккинчиси унинг уринишларини йўққа чиқаришга. Дарвоқе, ўзим ҳам майдонда баъзан марказий ҳужумчи ролини бажарардим,  ўйлашимча, рисоладагидек...

- Айнан қайси вақтда?

- 8 ёки 9 ёшда эдим. Фақат 10 ёшга тўлгач, амплуа бўйича якуний тўхтамга келдим. «Ницца» ва «ПСЖ» клублари ҳамда Франция термаси посбони Доминик Барателли ҳақиқий кумиримга айланганди.

- Болалигингиздан баланд бўйлимисиз?

- Йўқ, аксинча. Яъни бўйим анча паст эди.

- Демак, тезроқ бўй чўзишни орзу қилгансиз...

- Бу масала мени ҳеч қачон хавотирга солмаган. Чунончи, 13 ёшгача бўйим анча ўсди. Шуниси борки, теннисдан узил-кесил воз кечмагунимча профессионал футбол ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман.

Ўша давр ҳафтасига 5 марта машғулотларга қатнардим, дам олиш кунлари эса ўйин ўтказиларди. Хуллас, икки спорт тури билан бараварига шуғулланишнинг иложи бўлмай қолди.

Футболни танлашимнинг асосий сабаби - жамоавий ҳаракатлар. Зеро, табиатан атрофимдагилар билан ҳамфикр бўлиш, таассуротларимни ўртоқлашишга мойилман.

- Бироқ дарвозабон жамоанинг бошқа аъзоларидан яққол ажралиб туради. Масалан, формаси ва қўл­қопи билан...

- Ҳа, тўғри. Мен учун энг аҳамиятли жиҳати ҳам шу - дарвозабонда яшириниш, бошқа футболчилар галасида кўринмаслик имконияти йўқ. У доимо барчанинг кўз ўнгида.

Қолаверса, ҳамиша ҳушёр туриши, нафақат рақиблар, ҳаттоки, ўзи билан ҳам курашиши лозим. Хуллас, кипер нечоғли ўйнамасин, ҳамиша диққат марказида туради. Унинг учун энг қийин ўйин - кейингиси! Ҳар бир учрашув - жиддий имтиҳон!

- Айрим дарвозабонлар алоҳида дастур бўйича тайёргарлик кўришади. Сизчи?

- Олдинлари шу тушунчага амал қилардим. Лекин ҳозир якка тартибда шуғулланишдан ташқари, умумий маш­ғулотларда ҳам қатнашаман. Шу аснода тўп билан ишончли одимлаш, дарвозадан олдинга чиққанда чўчимай ўйнашни ўзлаштириш мумкин.

Маурисио Почеттино дарвозабонларга доимо қўшимча топшириқлар беради. Унинг талабларига мувофиқ келиш учун машғулотларда майдон ўйинчилари каби ҳаракатланишга уринишим шарт.

- Охирги 10 йилликда голкипернинг жамоа ўйинидаги роли жиддий ўзгарди. Айнан қайси жиҳатга алоҳида эътибор қаратдингиз?

- Ҳа, назаримда, замонавий футболда айнан дарвозабонлар эволюцияси яққолроқ кўзга ташланди. Авваллари биз дарвоза томон йўлланган тўпни ушлаш ёки қайтариш билан чекланардик.

Энди эса ҳимоячилар билан комбинация уюштириш ва ҳужум ташкиллашда фаол иштирок этишимиз талаб  қилинмоқда. Бу борада ўта эҳтиёткорлик ва ҳушёрлик зарур. Акс ҳолда, арзимас хато ачинарли оқибатларга олиб келиши мумкин.

- Қўйиб юборилган голларда ўзингизни нечоғли айбдор ҳис қиласиз? «Дарвозабон ҳар қандай вазиятда ишончлироқ ўйнаши мумкин» қабилидаги тушунчага қўшиласизми?

- Дарвозамга урилган голларга доимо айбдорлик ҳисси билан қарайман. Тўғри, ҳар бир гол менинг хатоларим ҳосиласи эмас, лекин айбни ўзимдан қидираман, барибир. Демакки, «Яхшироқ ўйнашим мумкин эди-ку» фикри тинчлик бермайди.

Менимча, Икер Касильяс ва Жанлуижи Буффондек моҳир амплуадошларим ҳам ўзларига шу саволни қайта-қайта беришади, шу аснода изланишдан тўхтаб қолишмайди. Уларнинг юксак савиядаги фаолиятлари сири шу.

- Фаолиятингиз давомида маш­ғулотларни ёқтирмайдиган дарвозабонларни ҳам учратганмисиз?

- Бир гапни аниқ айтаман - бундайлар тоифасига кирмайман. Умуман, машғулотларни худди расмий ўйинлардек яхши кўраман. Юксак савияни сақлаб қолишни истаган спортчи талаб даражасида шуғулланиши шарт.

Мана, Маурисио Почеттино ва Тони Хименес («Тоттенхэм» дарвозабонлари мураббийи) билан ҳамкорлик қила бошлагач, спорт залида кўпроқ шуғулланяпман. Мақсад - жисмоний ҳолатни янада яхшилаш.

- Кунига 100 марталаб майдонга йиқилиш оғриқлидир...

- Эрталаб уйғонганим заҳоти биламанки, машғулот жараёнида 100 мартадан ҳам кўпроқ йиқилишимга тўғри келади. Муҳими, бу мен учун одатий ҳолга айланиб улгурган.

Ахир болалигимдан тинмай тўп йўлига ташланишга кўникканман. Хуллас, йиқилаверишдан оғриқ ёки ноқулайлик сезмайман. Тўғри, баъзан бош­қаларда бўлгани каби оғир кунларга ҳам юз тутаман.

- Бундай паллаларда Тони Хименес қандайдир енгиллик берадими?

- Ҳа, машғулот жараёнига айрим ўзгаришларни киритиши мумкин.

- Баъзан кун оғир кечишини олдиндан ҳис этган ҳолда, тўшакдан туришни истамаслигингиз ҳам мумкинми?

- Нимани назарда тутаётганингизни фаҳмладим. Ота-онам берган таълимга кўра, бир ишни зиммасига олган киши ҳеч қачон ортга чекинмаслиги шарт.

Яъни ҳар бир инсон бор куч ва ғайратини ўз вазифасини адо этишга қаратиши лозим. Фақат шу йўл орқали қандайдир натижа ва қониқишга эришиш мумкин.

- Маурисио Почеттинонинг «Тоттенхэм» бошқарувини қўлга олгани шахсан сизга қандай янги иштиёқ бағишлади?

- Вақтида Франциянинг энг кучли жамоаси сифатида ЧЛда ғолиблик учун даъвогарлик қилган «Лион» сафига қўшилганимда, асосий таркибдан жой олиш орзуси қўшимча куч бағишлаганди. Кейин янада юксакроқ чўққига кўтарилиш иштиёқи туғилди.

Айни шу пайт «Тоттенхэм»дан таклиф олдим - янги чемпионат, нуфузли сов­ринлар учун курашиш имконияти. Икки йилдан кейин яна нимадир етишмаётгандек туюлди. Шу паллада Почеттино билан илк марта суҳбатлашдим.

Ўша мулоқотдаёқ жамоада ижобий ўзгаришлар юз беришига ишончим ортди. Менимча, барча жамоадошларим худди шундай фикрга боришган. Натижани кўриб турибмиз - «Тоттенхэм» Англиянинг энг кучли жамоалари қаторидан жой олди.

- Мураббийга бирданига ишониш учун қандай асос бор эди?

- Ҳа, ўша вақт жамоамиз ўртамиёналар сафида эди. Почеттино бир йил муҳлат сўради. У бошидан ғайрати ва ташаббускорлиги билан барчамизни ром этди. Муҳими, фалсафасининг самараси ҳам тезда кўринди.

- Ёш жамоани «Сантьяго Бернабеу»га бошлаб тушаётиб, нималарни ҳис қилдингиз?

- Асосийси, ўйиндан кейин стадиондан мағрур чиқиб кетдик. «Тоттенхэм» қандай рақиб эканлигини кўрсата олганимиздан мамнун эдик. Англия­да аллақачон ҳурматимизни жойига қўя бошлашди. Хорижда эса жиддий эътибор қаратишмасди.

Мана, «Боруссия» Д. ва «Реал»га қарши муносиб ўйнадик, энди биз билан дурустроқ ҳисоблашишлари аниқ. Айтганча, бунгача «Лион» таркибида Мадридда 3 марта ўйнаган ва стадионнинг ўзига хос муҳитидан хабардор эдим.

- Мадридда охирги учрашувдан қандай сабоқ олдингиз?

- Учрашув «Реал» учун ўзига хос «сюрприз» бўлгандир. Албатта, фақат ғалаба учун майдонга тушадиган дунёнинг энг кучли клубига қарши шайланиш осон эмас. Лекин нималарга қодирлигимизни яхши билардим.

Аввалдан агар ҳамжиҳат ҳаракатлансак, мақсадга эришишимизга кўзим етиб турганди. Шундай экан, Мадриддаги жанг биз учун сабоқ эмас, балки ишончни мустаҳкамлаш воситаси бўлди.

- Ўйин арафасида кўпроқ нимани ўйладингиз - Роналду тепган тўпларни қайтаришними ёки унинг умуман зарба йўлламаслигини?

- Дарвозага ким зарба йўллаши аҳамиятсиз. Менинг вазифам аниқ - тўп йўлига тўғаноқ бўлиб, унинг тўрга тушмаслигини таъминлаш.

- Айниқса, Бензема зарба йўллагач, кўрсатилган «сэйв» ҳайратланарли чиқди...

- Карим катта тезликда яқинлашиб қолганди. Бундай пайт гандболча тактика қўллаш талаб этилади. Бунинг учун қўл ва оёқлар, гавданинг барча аъзолари ёрдамида тўп йўналишини тўсиш лозим.

Бундай «сэйв»ни маш­ғулотларда ўрганишнинг иложи йўқ. Фақат омад ёрдам бериши мумкин. Демак, ўша лаҳзада омад менга кулиб боқди!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz