Қайднома

Қидирув

Маркус Берг янги тарихга тайёр

Маркус Берг янги тарихга тайёр

  11.11.2017 00:19
  0
  1268
Маркус Берг янги тарихга тайёр

Маркус Берг - Швеция миллий жамоасининг ЖЧ-2018 саралаш босқичидаги энг яхши тўпурари.

Шведлар квалификацион раунд якунида «А» гуруҳида 2-ўринни банд этишди ва энди Россия мундиали йўлланмасини қўлга киритиш учун «плей-офф»да Италия термаси билан ҳисоб-китоб қилишади.

31 ёшли Берг гарчи «мовий гвардия» жуфтликнинг яққол фаворити эканлигини тан олсада, ўз фаолиятида илк марта жаҳон чемпионатида тўп суришдан умидвор.

Европа ҳудудидаги саралаш босқи-чининг 9-турида Скандинавия вакили Люксембург термасини нақ 8:0 ҳисобида тор-мор қилгач, голландлар устози Дик Адвокаат ҳайратини яшириб ўтирмади:

«Бу қандай телбалик!» Ўша вақт 2-ўринга чиқишдан умидвор бўлиб турган Голландия термаси ва унинг бош мураббийини тушуниш мумкин эди, чунки камтарин саналган Люксембург жамоаси саралаш давомида бир қатор «сенсация»лар қайд этишга улгурганди.

Дейлик, люксембургликлар Тулузада гуруҳ етакчиси Франция термаси билан 0:0 ҳисобини қайд этишдан ташқари, Беларусь жамоасини енгиш уддасидан чиқишган, қолаверса, биринчи давра ўйинида шведларни ҳам анча асабийлашишга мажбур этишганди. Якуний паллага келиб эса, нақ 8та гол қўйиб юбориб, голландлар олдидаги вазифани мисли кўрилмаган даражада мураккаблаштиришди.

Чунончи, шу натижа туфайли, шведлар тўплар нисбатини анча яхшилаб олиб, 2-ўрин масаласини деярли ҳал қилишди. Бироқ кўпчилик қатори Дик Адвокат ҳам ўша вақт Маркус Берг ниҳоятда яхши спорт формасига кирганини эътиборга олмаганди.

Чунончи, фахрий ҳужумчи Люксембург термасига қарши ўйиндан олдин саралаш босқичининг охирги 2та турида ўз номига гол ёзиб қўйганди. Берг шунингдек, ҳозирги клуби -«Ал-Айн» (БАА) таркибида ҳам маҳсулдорлик қайд этганди - 2та ўйинда 3та гол.

Шунга қарамай, швед ҳужумчисининг Люксембург термаси дарвозасини 4 марта нишонга олиши ва шведлар 8:0 ҳисобида ғалаба қозонишларини биров кутмагани рост. Демакки, бунга нореал воқелик сифатида қарагани учун  Дик Адвокаатни айблаш ўринсиз.

Факт шуки, нореаллик реалликка айланди: Берг томонидан қайд қилинган «покер» шведларнинг «плей-офф»га йўл олишларида катта аҳамият касб этди. «Бунгача миллий жамоа ўйинида бирор марта 4та гол урган эмасдим, - деди Берг ФИФА расмий сайти мухбирлари билан суҳбатда. - Бу таърифланмас ажойиб ҳиссиёт...

Ўз ватанингда, мухлислар билан тўлган трибуналар остида ўйнашнинг ўзи катта завқ. Яқинларинг кўз ўнгида 4та гол уриш эса икки ҳисса мароқли - бунақаси сира унутилмайди».

Эътиборли томони, Маркус Берг «покер»га эришган куни Швеция миллий жамоаси сафида 50-марта майдонга тушганди. Демакки, у юбилей ўйинини муносиб безади.

Ўз ўрнида айтиш керак, 31 ёшли ҳужумчи миллий жамоа либосини 50 мартадан кўп кийишга улгурган бўлсада, кўпинча бетакрор Златан Ибрагимович соясида қоларди. Фақат ЖЧ-2018 саралашига келибгина Маркус асосий таркибдан муқим жой олди.

Унинг айтишича, вазият шунчаки, ўзини кўрсатишини тақозо этган экан: «Терма жамоада мен учун энг яхши давр шу охирги 2 йилга тўғри келди.

Очиғи, Ибрагимович халқаро фаолиятига нуқта қўйганидан кейин қандайдир алоҳида босим эмас, аксинча, енгилликни ҳис қилдим. Ахир таркибдаги энг тажрибали футболчилардан бири ҳисобланаман ва эндиликда ўз ҳаракатларим билан ёшларга намуна бўлишим керак.

Қолаверса, Евро-2016дан кейин, яъни Златан бош жамоамиздан кетгач, айнан менга ва яна бир қатор йигитларга катта умид боғлашгани ҳам кучимга куч қўшди».

Берг умумэътибор марказида бўлишга унча кўникмаган. Ваҳоланки, у фаолияти давомида бир қатор катта воқеаларни кўрган. Дейлик, швед ҳужумчиси 2009 йили Германиянинг «Гамбург» клуби томонидан нақ 10,5 миллион еврога сотиб олинганди.

У яқин ўтмишда шунингдек, Греция футболи гранди - «Панатинаикос» шарафини ҳимоя қилиб, жамоа етакчиларидан бири сифатида гавдаланганди. Энди эса Осиёнинг энг бой клублари қаторида юрадиган «Ал-Айн»да ўйнамоқда.

«Ишончим комил, ҳаётий ва футболга боғлиқ тажриба мукаммаллик сари интилишимга ёрдам беряпти, — дейди фахрий ҳужумчи. - Ортда қолган вақт давомида турли мамлакатларда тўп сурдим ва табиийки, кўп нарсаларни ўргандим.

Зеро, ҳар жойда футболга ёндашувнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Мисол учун, ҳозир «Ал-Айн»да ўйнаш асносида янги тажриба орттиряпман, демак, чексиз бахтиёрман».

Юзда табассум билан тўп суриш аллақачон Берг учун алоҳида «ташриф қоғози»га айланди. Умуман, унинг муносиб голеадор сифатида катта саҳнага кўтарилишида Швеция терма жамоасини янги тарих сари бошлаётган бош мураббий Ян Андерссоннинг хизматлари катта. Маркуснинг ўзи ҳам буни очиқ тан олади:

«Мураббий ва унинг штаби жамоа қандай ўйнаши хусусида аниқ тушунчага эга. Муҳими, ҳар бир футболчига масъулият ҳисси алоҳида сингдирилмоқда. Шунинг учун ҳаммамиз ҳаттоки, машғулотларда ҳам 100 фоиз куч билан ишлаяпмиз. Андерсон бошқарувида муносиб ўйнаб, яхши натижага эришганимиздан хурсандмиз».

Тўғри, шведлар вазифани ҳали тўлиқ бажаришгани йўқ - улар Россия мундиалига йўл очиш учун охирги тўсиқни енгиб ўтишлари керак.

Гарчи Италия термасига қарши «дуэл»да айнан улар аутсайдердек кўринаётган бўлсаларда, ҳали жаҳон чемпионатида бирор марта ўйнамаган Берг ўзи учун охирги имкониятдан фойдаланиш йўлида бор маҳоратини ишга солмоқчи.

Унинг ишонтириб айтишича, Швеция термаси ўзининг янги тарихини битишга мутлақо тайёр: «Ҳа, Италия термаси — жуфтлик фаворити, лекин бизда жуда аҳил жамоа шаклланганини ҳам унутмаслик керак. Шахсан мен «плей-офф» баҳсларида шов-шув кўтариб, ЖЧга йўл олишимизга шубҳаланмаяпман.

Агар бу ишни уддаласак, орзумиз ушалади. Мен каби бошқа футболчиларимиз ҳам ҳалигача ЖЧ-94ни кўп эслашади. Ўшанда жамоамиз 3-ўринни эгаллаганди.

Умид қиламанки, биз бутун Швециянинг яна миллий жамоа билан ғурурланиши учун асос ярата оламиз. Ажабмас, натижа масаласида ҳам мамлакатимиз футбол тарихида янги саҳифа очсак...».

Маркус Берг статистикаси

51та - терма жамоа сафидаги ўйинлари сони

18та - терма жамоа сафидаги голлари сони

8та - ЖЧ-2018 саралашидаги голлари сони (9та ўйинда)

7та - фаолиятидаги клублар сони (5та мамлакатда ўйнаган: Швеция, Голландия, Германия, Греция ва БАА)

0 -ЖЧ финал раундида ҳали ўйнамаган

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz