Қайднома

Қидирув

Бебош футбол қироли – Диего Марадонанинг 7та можароли ҳаракати

Бебош футбол қироли – Диего Марадонанинг 7та можароли ҳаракати

  11.11.2017 06:24
  0
  1440
Бебош футбол қироли – Диего Марадонанинг 7та можароли ҳаракати

Октябрнинг 30-куни футбол оламининг бош юлдузларидан бири Диего Армандо Марадона 57 ёшга тўлди.

«СЭ» нашри шу муносабат билан буюк аргентиналикни ғойибона табриклаш баробарида унинг 7та ёрқин можароли хатти-ҳаракатини эсга олди.

Чунончи, «футбол раққоси» таърифини олган Марадонани бу каби жанжалли воқеаларсиз тасаввур қилиш қийин.

«Илоҳий қўл». Ҳозир ҳам Англия терма жамоасининг ҳар қандай мухлисини хоҳ ярим кечада уйғотиб, «уч шерлар» тарихидаги энг катта адолатсизлик ҳақида сўрасангиз, у дарҳол ЖЧ-86 ярим финали ва Марадона томонидан урилган биринчи голни эслайди.

Эҳтимолки, кўпчилик ўша вазиятни аллақачон унутиб юборарди, агарда Диего Армандо ўйиндан кейинги матбуот анжуманида «узун» тилини «айлантириб», футбол луғатига янги ибора қўшмаганида. «Голни ўз қўлларим эмас, Яратганники билан урдим», - дея ғирромлигини қисқача изоҳлаган Марадона майдон ташқарисида ҳам барчани қойил қолдирганди.

«Илоҳий қўл» ибораси эса футбол энциклопедиясидан жой олди ва ҳалигача англиялик мухлисларни жазавага солади.

«Урганман, уряпман ва уравераман». Марадонанинг гавдаси унча катта бўлмасада, муштлашишдан сира қайтмасди. Футбол майдонида унинг иштирокида юзага келган энг машҳур «тўқнашув» 1984 йилнинг 5 май куни юз берганди.

Диего «Атлетик» (Бильбао)нинг шафқатсиз ҳимоячиси Андони Гойкоэчеа қўполлиги натижасида орттирган жиддий жароҳатдан энди қутулган ва «Барселона» Испания кубоги финалида айнан басклар жамоаси билан тўқнаш келганди.

Марадона ҳарчанд уринмасин, ўйин воситасида қасд ололмайди - каталонияликлар 0:1 ҳисобида ютқазиб, биллур совриндан бенасиб қолишади.

Хуллас Диего, финал ҳуштаги янграганидан сўнг бош ролга чиқади - аргентиналик шоввос  мушт кўтарганча «Атлетик» вакилларидан бирига ташланади ва ўртада оммавий муштлашув бошланиб кетади. Бўлажак даҳони бу қилиғи учун 3 ой муддатга дисквалификация қилишганди.

Қандайдир оқ кукун. Агар кенг тарқалган гап-сўзларга ишонсак, Марадона нақ 20 йилдан кўпроқ вақт (1983-2004) давомида кокаин истеъмол қилган. Оддий айтганда, ҳужумчи «Барселона»даёқ оқ кукунга «ўтирган», Неаполга кўчиб ўтганидан ке-йин эса унга шунчаки, қарам бўлиб қолган. Боз устига, аргентиналик «доза»ни мунтазам ошириб бораверган.

Айтишларича, у кокаин қабул қилишда шахсий агенти Гильермо Коппола билан улфатчилик қилган экан. Яна бир расман тасдиқланмаган хабарга кўра, Диего ҳаттоки, «Наполи»нинг навбатдаги чемпионлиги муносабати билан яхтада уюштирилган шарафлаш танталари чоғи ҳам гиёҳванд моддага тобелигини унутмаган.

Яъни кокаин таъсирида ўзгача байрам қилган. Хуллас, 1991 йилнинг март ойида ўтказилган допинг-тест натижасида Марадона организмида кокаин излари борлиги аниқланади ва уни 15 ой муддатга футболдан четлаштиришади.

Кейинроқ ҳужумчини Италия ва Аргентинада гиёҳванд моддалар сақлаганликда айблаб, судга чақиришади, бироқ ҳар икки жиноий иш якунига етказилмаганди.

«Авеланж учун биров йиғламайди». Афсонавий аргентиналик футбол раҳбарларига «юмшоқ» муносабатини ҳеч қачон яширган эмас. Марадона айниқса, ФИФАни ёқтирмасди.

Хусусан, ЖЧ-90 финалидан ке-йинги тақдирлаш маросимида бу борада чегарадан чиқиб кетади: Диего ҳамманинг олдида Жоао Авеланжга қўл беришни истамаганди.

Тан олинган футболчининг фикрича, аргентиналикларнинг финалда немисларни енгишларига айнан ФИФА президенти халақит берган эмиш. У ке-йинчалик нафрат сочишда давом этиб, журналистлар билан суҳбатда шундай деганди: «Блаттер, Авеланж ва бошқа раҳбарлар ҳаётдан кўз юмишса, Аргентинада улар учун ҳеч ким кўз ёши тўкмайди».

ЖЧда допинг можароси. Марадона АҚШда ташкиллаштирилган ЖЧ-94да барчага ҳали юқори савияда футбол ўйнай олишини кўрсатиб қўйишни хоҳлаганди. Бироқ тақдирига битилган экан, турнирдан шармандаларча чиқиб кетади.

Яъни Аргентина миллий термаси ўз иштирокини якунланмасидан олдин унинг етакчисини ортга жўнатиб юборишади. Аниқроқ айтсак, гуруҳ босқичи 2-туридан кейин Диегони допинг-тестга жалб қилишади ва бу сафар қонида кокаин эмас, тақиқланган эфедрин моддаси борлигини аниқлашади.

Марадона шу заҳоти онт ичиб, барчаси шахсий шифокори кўрсатмасига биноан, ичган дори воситалари қолдиғи эканлигини айтади. Аммо уни эшитадиган киши топилмайди ва яна допинг истеъмоли айблови билан 15 ойлик дисквалификация белгилашади.

Журналистларга отилган ўқ. Шундай таассуротборки, Марадона матбуотга ўз  душманидек қараган, журналистларни ҳаттоки, футбол раҳбарларидан ҳам кўпроқ ёқтирмаган. Гап шундаки, ҳужумчини ёшлигидаёқ сурбетликда айблашганди.

Бунга интервью учун журналистлардан пул талаб қилгани сабаб бўлган экан. Буюк аргентиналик йиллар ўтиши билан ўз эҳтиёжига минг маротабалаб етадиган даражада кўп пул топди, аммо эски одатини ташламади.

Хуллас, Марадона мудом мухбирлар билан жанжаллашарди, зимдан суратга оладиганларга ташланарди, бир сафар ҳаттоки, автомобили билан телеоператорни туртиб юборган. 1994 йилги воқеа эса унинг матбуотга нафратининг энг олий намунаси бўлганди.

Журналистлар футболчининг шахсий уйидан репортаж тайёрлаётган вақт Диего қўлига пневматик милтиқни олиб, уларга қарата ўқ узади. Оқибатда 4 нафар «меҳмон» турли даражада енгил жароҳатланади, Марадонанинг ўзи эса 2 йиллик шартли қамоқ жазоси билан қутулиб қолади.

30 ёшли «чақалоқ». Италия «сариқ матбуоти» маълумотларига ишонсак, Марадона биргина Неаполдаги ҳаёти давомида чамаси 12 минг аёл билан дон олишган.

Буни текшириб кўриш имконсиз, аммо Италия суди Неаполда Диегонинг никоҳсиз туғилган ўғли борлигини тасдиқлаган. Оддий айтсак, 1993 йили суд Марадона неаполлик Кристина Синагранинг 7 ёшли ўғли Диего Синагра отаси эканлигини расман маълум қилганди.

Айтганча, суд ҳукмига тупурганча 30 йил давомида кичик Диегодан юз ўгириб келган «футбол раққоси» фақат бундан бир неча ой илгари ниҳоят, Диего Синагра чиндан ҳам, ўз ўғли эканлиги хусусида баёнот берди. Бу вақтга келиб, «болакай» профессионал спортчи бўлиш ва Италия пляж футболи терма жамоасида ўйнашга улгурганди.

Марадона ва ЖЧга боғлиқ 2та ёрқин воқеа

Диего Марадонани интервью беришга кўндира олган журналист кўплаб қизиқарли фактлар ва воқеликларни эшитиши аниқ.

Ҳаттоки, суҳбат футбол доирасидаги энг оддий ҳолатлар ҳақида кечса ҳам.

Дейлик, FIFA.com сайти мухбирлари аргентиналикдан ЖЧга доир 5та энг ёрқин хотирасини ёдга олишини сўрашдию, деярли бир соат давомида қизиқарли воқеалар тафсилотларидан баҳра олишди: турнирдаги биринчи голи, ягона қизил карточкаси, «аср голи»... Демак, навбат Диего хотираларига.

1. ЖЧдаги дебют гол (Аргентина - Венгрия - 4:1).«Бирдан-бир хоҳишим гол уриш эди. Бироқ биринчи ўйинда Бельгия термасига ютқазганимиз умумий вазиятни анча чигаллаштирганди. Бунга қадар ёшлар миқёсидаги жаҳон биринчиликларида гол уришга эришгандим, бироқ бу ишни катталар даражасидаги турнирда уддаласанг, мутлақо бошқача ҳиссиётларни туясан. Гўёки, яна митти болакайга айланиб қолгансан ва онанг нонушта учун уйғотаётгандек... Соф роҳат - хаёлан онангни ўпиб қўясан. Ҳарқалай, илк голдан сўнг худди шундай ҳолатга тушганман. Умуман, миямда бутун болалигим чарх урганди».

2.Батистани тепгани учун «қизил» (Аргентина - Бразилия - 1:3). «Орадан бир неча йил ўтгач, Батиста билан ўша вазият ҳақида гаплашганман, шунингдек, Фалькао фикрига қизиқдим. Ҳисоб 1:3га етгач, бразилияликлар устимиздан очиқчасига кула бошлашди. Мен эса рақиб ким бўлмасин, ютқазишга сира тоқат қилолмайман.

Тўғри, Батиста барчасини инкор этди: «Йўқ, Диего, сен нотўғри ўйлагансан, сизларни калака қилган эмасмиз, шунчаки, футбол ўйнаб, роҳатланишни истаганмиз...». Бироқ тажрибамдан биламанки, одатда 2-3та гол фарқи билан олдинга чиқиб олганингда, ичингдан ўз-ўзидан садо чиқади:

«Оле-оле-оле». Натижада тўпни шеригингга узатиб, қайта қабул қиласан, баъзи «трюк»ларга бериласан, рақиб эса шу ҳолатда издан чиқади. Агар томирларингда қайноқ қон оқаётган бўлса, ихтиёрсиз равишда жазавага тушасан.

Энг қизиғи шуки, ўшанда аслида Фалькаони тепмоқчи бўлганман, аммо Батиста дуч келиб қолганди. Шундай иш тутганимга ҳалигача ишонолмайман. Бу ғирт телбалик...».

3. «Аср голи» (Аргентина - Англия - 2:1). «Фаолиятим давомида бундан чиройлироқ гол урган эмасман. Ҳа, шундай голлар борки, улар мендан катта меҳнат талаб қилган, аммо ўша юриш қаердадир эмас, мундиалда юз берганди. Болаликдаги орзуларнинг ушалиши! Ҳар ким хаёлан эсласа керак - инглизларнинг бутун ҳимояси ва Питер Шилтон ожиз...

Ҳозиргача буни қандай уддалаганимни тушунолмайман. Билмадим, қандайдир ташқи куч ёрдам берганми ёки НУЖ қўллаб юборган? Билганим шуки, ўша ҳолатда мени ҳеч нима тўхтатолмасди.

Ҳаммаси худдики, ўз-ўзидан рўй бергандек! Ўша голни қайта томоша қилганим заҳоти онамни эслайман - қачон қарасам, видеоёзувни кўриб ўтирарди (Диего Марадонанинг онаси - Дальма Сальвадора Франко 2011 йили ҳаётдан кўз юмган)... Шунда унга юзланардим: «Ойижон, яна шу голми?

Майлию, неча марта кўришинг мумкин!» Онам эса экрандан кўз узмай гапирарди: «Бу томоша менга ички хотиржамлик ва енгиллик бағишлайди. Хоҳламасанг, кўрма. Бор, ўз ишингни қилавер, мени чалғитма...».

4. Клаудио Канижа голи (Аргентина - Бразилия - 1:0). «Бразилияликлар бу голда асосан Алемаони айблашган, бироқ аслида ундан катта тезликда қочиб кетгандим. Дунгани эса худди юк машинаси каби туртиб, қўллари билан ҳам, оёқлари билан ҳам халақит беришига имкон қолдирмаганман.

Демак, голни юзага келишида Алемао эмас, балки менга тўсқинлиқ қилолмаган Дунга бош айбдордир. Кани тўпни дарвозага йўллагач, Яратганга шукрона келтиргандим. Клаудио эса доимгидек қувончини юзага чиқармаган, фақат мушт тугганча қўлини юқорига кўтарганди. Мана шунақа!

Худдики, ҳеч нарса бўлмагандек. Ўйин тугагач, ундан сўрадим: «Ўзи бугун қандай иш қилганингни тушундингми?!» Жавобини қаранг: «Ҳа, гол урдим». Очиғи, Канижанинг хотиржамлигидан бироз жиғибийрон бўлгандим: «Сени қа-     ра-ю, шунчаки, гол урганмиш... Кўрмадингми, бутун стадион ёқа ушлади-ку! Гол урганмиш...».

Шу жойда бразилияликларни мақтаб ўтишим керак. Финал ҳуштаги янграганидан сўнг кийиниш хонаси томон кетаётганимда, улар менга футболка совға қилишганди. Бу яқин дўстим Кареканики эди. Совғани олар эканман, ажиб бир туйғуни ҳис қилдим.

Нима десам экан, улардан ғалабани тортиб олганимизни эмас, балки чорак финалга муносиброқ бўлганимизни. Чунки бразилияликлар бутун ўйин давомида дарвозамиз олдидан нари кетишмаган, бироқ якунда мағлубиятни тан олишганди. Футбол шунинг учун ҳам ер юзидаги энг яхши ўйин-да».

5. Вальтер Зенга дарвозасига тепилган пенальти (Италия - Аргентина 1:1, пен. бўйича - 3:4). «Яна бир алоҳида хотира. Иш пенальтилар сериясигача етиб боргач, итальянлар хафа эканликларини яширишмаган.

Зеро, улар асосий ва қўшимча вақтларда ғалабага анча яқин келишганди. Дейлик, де Агостини ва Зенга менга юзланишган: «Дуранг - адолатсиз якун». Бироқ тиғиз паллада ким нимага ҳақли эканлиги хусусида баралла гапириш мумкинми?

Боз устига, уларга адолатсиздек кўринган натижа мен учун адолатли эди! Бунгача югославияликларга қарши кечган ўйиндан ке-йинги серияда пенальтини голга айлантиролмагандим. Шунинг учунми, майдон марказидан 11 метрли нуқта томон борар эканман, миямда минг хаёл чарх урди: «Агар гол уролмасам, обрўмни батамом тўкаман.

Хато қилсам, ҳаммаси тугайди, энг расво футболчига айланаман...». Шу қисқа фурсатда мени севувчи ҳамма-ҳамма кўз ўнгимда гавдаланди - онам, отам, яқинларим, Аргентина халқи. Барча! Муҳими, Зенгани алдашни эпладим. Кейин Серена гол уролмади ва биз финалга чиқдик. Шундай экан, итальянларни айнан мен четга чиқарганман».

А.ПАРПИЕВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.