Қайднома

Қидирув

Рикардо Родригес: «Тирик қолганимнинг ўзи – мўъжиза»

Рикардо Родригес: «Тирик қолганимнинг ўзи – мўъжиза»

  12.11.2017 03:37
  0
  1728
Рикардо Родригес: «Тирик қолганимнинг ўзи – мўъжиза»

Ёзги трансферлар бозорида катта лойиҳа асосида иш бошлаган «Милан» ҳозирча сарфланган миллионлар самарасини кўрганича йўқ.

Хусусан, «россонерлар» либосини катта умидлар билан кийган ҳимоячиси Рикардо Родригеснинг ишлари ҳам унча юришмаяпти.

Шунга қарамай, швейцариялик футболчи La Gazzetta dello Sport нашри ходимларининг интервью ҳақидаги илтимосларини ерда қолдирмади.

- Рикардо, аввалига бошқачароқ савол: сенда Швейцария, Испания ва чилиликка хос қайси жиҳатларни кўриш мумкин?

- Ҳаётда аниқликни хуш кўраман. Бу - швейцарияликларга хос фазилат. Испания ва Чилига яқинлигим эса мусиқага муҳаббатимда ўз аксини топган: бачату, сальсу, реггетон...

- Милан шаҳри ёқдими, таассуротлар қандай?

- Ажойиб шаҳар. «Вольфсбург»да тўп сурганимда, баъзан катта харидлар учун шу ерга келардим. Энди Фьер тумани City Life мавзесида истиқомат қиляпман. Дуомо бўйлаб пиёда сайрга чиқиш энг яхши хоббимга айланди.

- Шаҳарнинг қайси жиҳатлари маъқул келмади?

- Йўллардаги тиқилинч. Германияда бундай тиқинлик йўқ ҳисоби. Бу ерда яна  светофорлар ҳаддан ортиқ кўп экан.

- «Сан-Сиро»га боғлиқ энг ёрқин хотиранг...

- «Крайова»га қарши ўйиндаги дебютим. Умуман, ҳар бир майдонга тушишим - ёқимли хотира. Чигалёзди машқлари пайти янграйдиган мусиқа - жону дилим. Клуб мадҳияси - «Милан, Милан»ни тинглаганда, бутун баданим жимирлаб кетади.

- «Милан дербиси»га муносабатинг қандай?

- Албатта, дербининг завқи ўзгача. Болалигимда «Валенсия» ва «Цюрих»га мухлислик қилардим. «Цюрих» ва «Грассхоппер» ўртасидаги дерби ўйинлари хотирамда ўчмас из қолдирган: мухлисларга тўла трибуналар, тутун тарқатувчи пиротехника воситалари... Оташин муҳит кимга ёқмайди?

- «Вольфсбург»да Перишич билан ёнма-ён тўп  сурардинг...

- Иван - кучли ўйинчи. Ундан эҳтиёт бўлиш керак. Тезкор, алдаб ўтишга уста, икки оёғи билан кучли зарба йўллайди. Биз яқин дўстмиз, кечки таом пайти тез-тез кўришиб турамиз.

- Уни қандай зарарсизлантириш мумкин?

- Ёлғиз қолишига имкон бермаслик керак. Бундан ташқари, омад у томонда бўлмаслигига умид қилиш лозим.

- Аслида сен ҳам «Интер»дан таклиф олганинг ростми?

- Ҳа, йил бошида «Интер» вакиллари агентим билан алоқага чиқишганди. Бироқ «Милан» илдамроқ ҳаракатланди. Муҳими, ҳозир «россонерлар» шарафини ҳимоя қилаётганимдан мамнунман.

- «Милан»нинг мавсум стартидаги муаммолари нима билан боғлиқ?

- Аниқ гап айтишим қийин. Бу футбол: омадли ва омадсиз кунлар ёнма-ён келади. Эҳтимол, жамоага қўшилган янги футболчилар ўз маҳоратларини тезроқ намойиш этишга интилиб, босимга дош беролмаётгандирлар?

- Жамоа тактикасининг 3-5-2га ўзгартирилиши, «Сампдория» билан ўйиндан кейин раҳбарият билан жиддий мулоқот, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийнинг истеъфоси... Жамоа мураккаб вазиятга тушиб қолган кўринади...

- Ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Милан» фақат ғалабага интилади. Раҳбариятнинг бошқарувга аралашуви одатий ҳол ҳисобланади. Ҳаётнинг ўзи шундай, якуний қарорни мутасаддилар қабул қилишади.

- Айтишларича, «Милан»да ҳеч қандай парҳезга амал қилинмас экан. Шу ростми?

- Ҳа, ким нимани ёқтирса, бемалол истеъмол қилиши мумкин. Масалан, мен гуручли ва сутли тамоларни кўпроқ ёқтираман.

- Ўзи жамоанинг штатли пенальтичиси ким?

- Сўнгги учрашувларда мен биринчи эдим, Кессие эса иккинчи. Навбатдаги пенальтини ким амалга оширишини эса билмайман. Агар менга ишонишса, қандай зарба йўллашни сўнгги сонияларда ҳал қиламан - ички сезгига асосан.

- «Милан» футболкасини ки-йиш қандай ҳиссиётларни уйғотади?

- Шундай номдор жамоада тўп сураётганимдан фахрланаман. Аслида шу даражага эришганим учун тинмай шукрона келтиришим керак. Чунки жиддий хасталик билан туғилганим аниқлангач, мени жарроҳлик столига ётқизишган экан.

Тирик қолишим имконияти 50га 50 даражасида баҳоланган. Кўриб турганингиздек, ҳозир соппа-соғман. Ёруғ дунёга келган ҳар бир инсон бахтли ҳаёт кечириши керак, деб ҳисоблайман.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz