Қайднома

Қидирув

Янги форматга ўтиш тўғрими ёки?

Янги форматга ўтиш тўғрими ёки?

  12.11.2017 00:22
  0
  1254
Янги форматга ўтиш тўғрими ёки?

Ислоҳот бошида. Камида 2-3 мавсумдан буён журналистлар ва мутахассислар томонидан таъкидлаб келинаётган масалага ниҳоят, эътибор қаратилди.

Хуллас, 2018 йилги чемпионатдан эътиборан олий лигада 12та жамоа иштирок этади. Шунга мувофиқ, мусобақа 3 даврали тизимида олиб борилади. Оддий айтганда, янги форматга кўра, 12та жамоа 3 давра доирасида айланма тизимда 33тадан ўйинда иштирок этади.

Демакки, амалиёт, яъни ўйинлар сони нисбатан ошади. Хабар берилишича, дастлабки икки даврага мавсум бошида қуръа ташланади ва жамоалар «уйда-сафарда» тизими бўйича ўзаро 2 мартадан ўйнаб чиқади.

Ҳал қилувчи учинчи даврага келсак, мезбон-меҳмон жамоалар регламент асосида қуръа ташлаш йўли билан аниқланади. Жамоаларнинг 30та эмас, бундан 3та кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши ўз йўлига, муҳими, жиддий ва кескин учрашувлар сезиларли даражада кўпаяди.

Шу ўринда...

Аслида учинчи даврада 1-6-ўрин эгалари совринлар учун (худди Шотландия ва Қозоғистонда бўлгани каби), жадвалнинг иккинчи бўғинида қолганлар эса лигада қолиш учун курашса, янада яхши бўларди, эҳтимол. Балки, кейинчалик айнан шу тизим танланар ҳам. Айтиш ўринли, ҳозирда Украина ва Молдовада ҳам элит дивизион мусобақаси 12та жамоа билан ўтказилмоқда.

 Яна бир аҳамиятли маълумот шуки, олий лигамизнинг чорак асрдан кўпроқ тарихида иштирокчилар сони бирор марта 14тадан кам бўлган эмасди. Янги форматнинг умумий мезонига қарасак, аксарият мураббийларнинг хавотирлари ўринсиз - ўйинлар сони камайиб кетмайди. Лекин олий лига ихчамлаштирилгач, чемпионатимизда ўзига хос жиҳатларни таъминлаш ҳам зарур. Асосий масала битта - ОЧЛ регламентига асосан, элит дивизионимизга 3тадан кўп йўлланма берилмаслиги мумкин. Айни шу масалага диққат билан ёндашиш талаб этилади.

Ўзбекистон чемпионати олий лигаси хронологияси

Мавсум

Клублар сони

1-лигага тушиб кетганлар

1992

17

«Шаҳрихончи», «Кимёгар», «Сурхон»

1993

16

«Кушон», «Динамо»

1994

16

«Орол», «Гулистон»

1995

16

«Темирйўлчи», «Чирчиқ»

1996

16

-

1997

18

«Афросиёб», «Чилонзор», «Янгиер», «Атласчи»

1998

16

МҲСК, «Косонсой»

1999

16

«Янгиер»

2000

20

«Гулистон», «Хоразм», «Темирйўлчи»

2001

18

«Кимёгар», «Турон», «Семурғ»

2002

16

«Сўғдиёна», «Зарафшон»

2003

16

«Цементчи», «Гулистон»

2004

14

«Сурхон», «Андижон»

2005

14

-

2006

16

«Сўғдиёна», «Хоразм»

2007

16

«Вобкент»

2008

16

«УзДонгЖу»

2009

16

«Сўғдиёна», «Бухоро»

2010

14

«Локомотив», «Хоразм»

2011

14

«Қизилқум», «Сўғдиёна»

2012

14

«Машъал», «Андижон»

2013

14

«Гулистон», «Шўртан»

2014

14

-

2015

16

«Динамо»

2016

16

«Андижон»

2017

16

«Обод» (четлатилди), ???????

Бошқа чемпионатларда вазият қандай?

Эрон. Форс кўрфази про-лигаси. Эрон юқори дивизионида 7та минтақанинг 16та клуби иштирок этади. Сўнгги мавсумларда чемпион номи ҳаттоки, сўнгги дақиқаларгача мавҳум бўлиб қолаётгани про-лиганинг ўзига хослигидир. Эътиборлиси, жорий мавсум ҳар қачонгидан ҳам бошқача ўтяпти. Элит дивизионда дебютант сифатида қатнашаётган «Парс Жануби Жам» клуби ҳозирдан (ҳали биринчи давра якунлангани йўқ) чемпионликка даъво қиляпти.

2 йилча олдин «Эрон чемпионатидаги «Лестер» мақомини олган «Истиқлол» (Ҳузистон) аксинча, турнир жадвали қуйи қисмидан юқорига кўтарилолмаяпти. Эрон чемпионати 1973 йили расмий мақомга эга бўлган.

Демак, олий дивизион ва унинг ғолиблари ҳақидаги маълумотлар ўша мавсумдан эътиборан юритилади. 2001 йилга келиб,  Эрон биринчилигининг амалдаги формати татбиқ этилди. Мавсум-2013Ғ2014да эса про-лига жамоалар сони 16тага етказилди.

Форслар юртида чемпион икки даврали тизим асосида аниқланади. Чемпионат якунида 2та жамоа тўғридан-тўғри қуйи дивизионга тушиб кетади, 14-ўрин соҳиби эса элитада қолиш учун «плей-офф» ўйинларида майдонга тушади.

Чемпионат 2005 йилдан бош ҳомийга эга. Ҳозирги асосий ҳомий - Fanap бренди билан  2016 йили шартнома тузилган. Чемпионатнинг 3та иштирокчиси - «Машҳад», «Нафт» (Теҳрон) ва «Падидеҳ» тўлиқ хусусий сектор вакилларига тегишли.

Факт. Эронда чемпионликни энг кўп вақт кутган жамоа «Сепаҳон»дир. Исфаҳон клуби 1953 йилнинг 5 октябрида ташкил топган ва янгиланган форматдаги Эрон чемпионатида илк ғолибликни мавсум-2002Ғ2003 якунига келибгина тантана қилди.

Саудия Арабистони. Профессионал лига. Саудияда даражаси бўйича фарқланадиган 4та чемпионат бор. Олий дивизион 1976 йили йўлга қўйилган. Бугунги кунда элит дивизион яна бир номга эга - Абдуллатиф Жамил Лигаси. 2010Ғ2011 йиллар мавсумидан бошлаб, чемпионатда 14 клуб иштирок этяпти. Олдинроқ олий дивизион бироз ихчамроқ эди - 12та клуб.

Совриндорлар икки даврали тизим асосида аниқланади. Охирги 2та ўринни банд этган жамоалар қуйи дивизионга тушади, шунингдек, 14-ўрин эгасининг ўз ўрнини сақлаб қолиши учун «плей-офф» ўйинларида қатнашишига тўғри келади. 3та совриндор жамоа ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасини нақд қилса, 4-ўрин эгаси ўз омадини турнирнинг саралаш босқичи («плей-офф»)да синаб кўради.

Қатар. Юлдузлар лигаси. 1963 йили ташкил этилган олий дивизион жорий мавсум 45-марта йўлга чиқди. Лекин интернетдаги аксарият манбаларда кўрсатилишича, чемпионат мавсум-1972Ғ1973дан эътиборан расмий мақомни олган. Бу йилдан Юлдузлар лигасида 12та клуб иштирок этяпти.

Зеро, янги асрда ташкил этилган «Ал-Жаиш» (2007 йил) ва «Лаҳвия» (2009 йил) клублари бирлаштирилди ҳамда «Ал-Дуҳайл» СК номини олди. Қатар Юлдузлар лигаси иштирокчилари сонининг қисқартирилиши мухлислар оқими камлиги билан изоҳланади.

Совриндорлар масаласи икки даврали тизим асносида ҳал этилади. Чемпионат якунида 2та энг заиф жамоа қуйи дивизионга тушиб кетади. 1-2-ўрин эгалари эса ОЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўл олишади, шунингдек, бронза медали халқаро турнир саралашида қатнашади.

БАА. Араб кўрфази лигаси. БАА олий дивизионига 1973 йили асос солинган. Бугунги кунда чемпионатнинг расмий номи - Араб кўрфази лигаси. Жорий мавсумдан элит дивизионда 12та клуб иштирок этяпти. Илк мавсумда чемпионликни тантана қилган «Ал- Шаржа» ҳозир ҳам юқори дивизионда. Амалдаги чемпион - «Ал-Жазира»нинг нақ 37 йиллик танаффусдан сўнг яна олтин медаль ютганини қўшимча маълумот ўрнида келтириш мумкин.

Айтганча, ўтган мавсум чемпионатда 14та жамоа қатнашганди. Сўнгги ислоҳотларга кўра, мамлакат чемпиони Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати-2018 ва ОЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўл олади. 2-3-ўринни эгаллаган клубларга эса ОЧЛ йўлланмаси тақдим этилади. Якунда 11-12-поғонада қолган жамоалар элита билан хайрлашишади.

Чемпионат икки даврали тизимга асосланган. Айтиш ўринли, БААда бош лигадан ташқари, 3та ички кубок турнири ва Араб Чемпионлар Лигаси мавжуд. Демак, мамлакат клублари ўйин амалиёти камлигидан нолимаслиги керак.

Жанубий Корея. Классик K-лигаси. Ж.Кореяда яқин-яқингача «ёпиқ чемпионат» қоидасига амал қилинарди, яъни қайси ўринни банд этишидан қатъий назар, лигадан тушиб кетмасди. Хуллас, ҳар мавсум уларнинг жойлари ўзгарарди, холос. Ҳозир эса вазият мутлақо бошқача. 12та жамоани ўз ичига олган юқори дивизион ўйинлари уч даврали тизимда олиб бориляпти.

Охирги ўринни банд этган биргина жамоа қуйи дивизионга «шўнғийди», чемпионатни 11-поғонада якунлаган клуб эса «плей-офф» баҳслари орқали кучлилар сафида қолиш имкониятига эга. 3та юқори ўрин соҳибига ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмаси кафолатланган. Яна бир клуб тегишли мезонлар асосида турнирнинг «плей-офф» раундида ўйнайди.

К-лига ташкил этилган 1983 йили чемпион мақомига эришган «Халлелужах» сингари атиги 8-10 йил фаолият юритган клублар корейсларни чемпионат форматини ўзгартириш масаласида кўп ўйлантиргани аниқ. Ҳа, айтганча, «Халлелужах» 1988 йили Осиёда юзага келган молиявий инқироз ортидан йўқлик сари юз тутганди. Янги форматга ўтилганидан кейин 4та корейс клуби ОЧЛда зафар қучди. Шуни назар тутиб айтсак, профессионал футбол лигасининг корейсча модели чакки эмас.

Япония. «J»-лига. 1993 йилгача Японияда футбол расмий равишда ҳаваскор мақомда бўлган. Бу факт. Айнан ўша йили мамлакат чемпионати йўлга қўйилди. Илк мавсумдан лига ўйинлари март-декабрь ойларида, яъни «баҳор-куз» тизимида ўтказилмоқда. 2005 йилга келиб, «J»-лига жамоалари сони 18тага етказилди. Хуллас, битта иштирокчи мавсум давомида 34 марта майдонга тушади.

Якунда юқори 3та поғонадан жой олган жамоалар чемпионлик масаласига ойдинлик киритади. Бунда ҳал қилувчи ўйинлар кетма-кетлик асосида ўтказилади. Мавсум якунида 3та клуб қуйи дивизион - «J»-2 лигасига тушиб кетади. Бу дивизионда 22та жамоа борлигини ҳам айтиш жоиз. Япониянинг деярли ҳар бир клуби катта ва қудратли ҳомийларга эга.

Мисол учун, чемпионликни чорак аср давомида кутган «Гамба Осака» Panasonic компаниясининг молиявий кўмаги билан фаолият юритади. «J»-лигани ҳеч қачон тарк этмаган жамоалар 2та - «Йокогама Ф-Маринос» ва «Нагоя Грампус».

Хитой. Супер-лига. Мазкур чемпионат ҳақида бутун дунё матбуоти лоақал бир марта ёзишга улгурди. Биз эса Хитой биринчилиги янги босқичга қадам қўйишидан олдин маълумот бера бошлаганмиз. Мавсум финишида олий дивизионни ҳеч истисносиз 2та клуб тарк этади. Ҳозирги формат 2004 йили қабул қилинган. 2006-2007 йилларда элитада 15та иштирокчи ўйнаган бўлса, 2008 йилдан буён 16та клубли классик чемпионат амалда.

Ҳамюртларимиз Егор Кримец («Пекин Гуоан», 2009 йил) ва Анзур Исмоилов («Чанчун Ятаи», 2007 йил) жамоалари олдин бир мартадан чемпионликка эришган. Осиё футболида янги тўлқинни бошлаб берган ва сўнгги 7 мавсумдан буён чемпионликни ҳеч кимга бермаётган «Гуанжоу Эвергранд»1993 йилнинг 8 январида профессионал клуб шаклида янгидан ташкил этилди.

Умуман олганда, Хитой профессионал футболидаги барча клублар икки босқичда ривожланган: биринчи давр - ярим профессионаллик, иккинчи давр - профессионаллик. «Гуанжоу Эвергранд» айни пайт икки йирик компания тасарруфида - Evergrande Real Estate (60 фоиз) ва Alibaba (40 фоиз).

Австралия. «А» лигаси. «Яшил қитъа» биринчилигига 2004 йилнинг апрелида асос солинган. Мавсум-2005Ғ2006 эса «А»лигаси учун биринчисидир. Чемпионатнинг ТВ ҳамкорлари анча бақувват - Fox Sports, SBS, Sky Sport. Австралия футболи 2006 йили ОФК оиласига киргач, мавжуд ташкилий муаммолар устига янги масалалар қўшилди.

Хусусан, «А» лигаси вакиллари ОЧЛда иштирокларини бошлашди. Бироқ Австралия олий дивизионида атиги 10та жамоа бор. Демакки, мамлакат вакилларига ОЧЛда 2,5тадан ортиқ жой ажратилмайди. Боз устига, Австралия чемпионатида Янги Зеландия клублари ҳам ўйнайди (мисол учун, «Веллингтон Феникс»). Табиийки,  уларни ОЧЛга қўйиб бўлмайди. Парадокс устига парадокс! Бундан ташқари, регламентга мувофиқ, ҳеч бир клуб қуйи дивизионга тушиб кетмайди.

ОФК таркибидаги давлатлар миллий чемпионати олий дивизионида нечтадан жамоа бор?

Клублар сони

Чемпионатлар

20та

Йўқ

18та

Япония, Таиланд, Индонезия

16та

Хитой, Ўзбекистон

14та

Саудия Арабистони, Вьетнам

12та

Эрон, Жанубий Корея, Қатар, БАА, Малайзия, Иордания, Мьянма, Ливан, Филиппин

10та

Австралия, Баҳрайн, Ҳиндистон, Гонконг

9та

Сингапур

Музаффар ФАЙЗ-ШАМС тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ЖЧ-2018 расмий тўпи – Telstar 18 тақдим қилинди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.