Қайднома

Қидирув

Бобур Акбаров: «Ҳакамларга жиддийроқ жазо қўлланса, бу қолганларга сабоқ бўлади»

Бобур Акбаров: «Ҳакамларга жиддийроқ жазо қўлланса, бу қолганларга сабоқ бўлади»

  13.11.2017 03:35
  0
  1254
Бобур Акбаров: «Ҳакамларга жиддийроқ жазо қўлланса, бу қолганларга сабоқ бўлади»

Малайзия премьер-лигасида бу йилги футбол мавсумига якун ясалди. Унда «Куала-Лумпур» чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди.

Ушбу жамоа таркибида андижонлик 28 ёшли ҳимоячи Бобур Акбаров ҳам мавсумнинг кичик олтин медалларига эга чиқди. «Андижон» клубининг собиқ футболчиси бу йил илк бор ўзини хориж чемпионатида синаб кўрди.

Натижа эса чакки бўлмади. Келаси мавсум «Куала-Лумпур» Малайзия суперлигасида иштирок этади. Барча ўйинларда майдонга тушган легионеримиз жамоаси муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшди.

Биз сўнгги тур учрашувидан ке­йин ҳамюртимиз билан боғланиб, ундан мавсум якунлари хусусида интервью олдик.

- Бобур, жамоангиз ниманинг эвазига чемпионликка эришди? Рақиблардан сезиларли даражада кучлимиди ёки қайсидир ўйинларда сизларга омад кулиб боқдими?

- Очиғи, чемпионликка эришишимиз осон бўлмади. Бу йўлда жамоанинг барча аъзолари, футболчилар, ишчи-ходимларнинг меҳнати жуда катта.

Бизда ички муҳит ҳамда бирдамлик ҳавас қиладиган даражада. Айнан шу омиллар эвазига муваффақият қозондик, десам янглишмаган бўламан

. Тўғри, баъзи учрашувларда омадимиз чопди. Лекин ўша омад ҳам кучлиларга кулиб боқади. Қайси соҳани танламанг, астойдил меҳнат қилмасангиз, ҳеч нарсага эриша олмайсиз.

- Чемпионлик мавсумидаги қайси ўйинларни алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?

- «Паханг Уитм» клубига қарши сафарда кечган ўйин ёдда қоларли тарзда кечди. Аввалига дарвозамиздан гол ўтказиб юборган бўлсакда, якунда иродали ғалабага эришгандик.

Шунингдек, ўз майдонимизда «Теренггану» билан бўлган баҳсни тилга олишни лозим топдим. Бу жамоа асосий рақибимиз эди. Ўйин номига мос тарзда ўтди.

Ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ўйнашимизга қарамай, рақиблар биздан кўра анча ишонч­ли ҳаракат қилишди. Учрашув 1:1 ҳисобида якунига етиб бораётган бир паллада ҳакам дарвозамиз томон пенальти белгилади.

Ўша вазиятда асосий иштирокчилардан бирига айландим. Рақибга тегмаган бўлсамда, рефери 11 метрли нуқтани кўрсатди.

Сўнгги дақиқада урилган гол сабаб мағлубиятга учрагандик. Учрашувдан кейин ўша вазиятни қайта кўриб чиқиб, ҳакамлар хатога йўл қўйганига амин бўлгандим.

- Чемпионлик нишонландими?

- Албатта. Лекин Малайзия премьер-лигаси ғолиби бўлганимиз учун маросим у даражада дабдабали ўтмади.

Жамоага чемпионлик кубоги топширилди, футболчилар олтин медалларни қабул қилиб олишди. Шу ўринда айтишим жоизки, биз суперлига йўлланмасини аввалги турда қўлга киритгандик.

- Келгусидаги режалар қандай?

- Клуб раҳбарияти ҳамда бош мураббий қолишимни сўраяпти. Ҳозирда музокара олиб боряпмиз. Агар ҳаммаси жойида бўлса, фаолиятимни шу жамоада давом эттираман.

- Бошқа таклифлар ҳам борми?

- Ҳа, Малайзия суперлигасидаги 2-3та жамоадан таклиф олдим. Лекин ҳозирча бу борада якуний қарорга келмадим. Агар ҳозирги жамоам билан ўзим хоҳлагандек келишувга эришсам, клубни ўзгартиришга ҳожат қолмайди.

- Ўзбекистонга қачон қайтишни режалаштиряпсиз?

- Ноябрь ойининг биринчи ҳафтасида уйга бораман. Агар жамоам билан амалдаги шартномани узайтирсам, у ҳолда декабрь ўрталарида яна Малайзияга қайтаман.

- «Куала-Лумпур» Малайзия суперлигасида ўз ўрнига эга бўла оладими? Ёки бунинг учун жамоа таркибини кучайтириш керакми?

- Футболчиларимизнинг олий дивизионда бемалол ўйнаб кетишларига ишонаман. Лекин олдимизга жиддий мақсад қўйилса, айрим позицияларни кучайтиришга тўғри келади.

Ўйлайманки, буни клуб раҳбарияти албатта, амалга оширади. Билишимча, бу борада ҳаракатлар бошлаб юборилган. Аргентиналик легионеримиз жамоа билан хайрлашган. Унинг ўрнига юқори савияли легионер излашяпти.

- Малайзияда нечта лига бор? Хориж академиялари фаолият юритадими?

- Жами тўртта дивизион мавжуд. Уларнинг иккитаси асосий ҳисобланади. Шу боис ҳам бор эътибор ана шу лигаларга қаратилади, уларга имтиёзлар берилади. Очиғини айтсам, хориж академиялари бор ёки йўқлигини билмайман.

- Ўзбекистонлик футболчиларга муносабат қандай?

- Ҳамюртларимиз ўзларига бўлган ишончни йўқотмасдан ишлашда давом этишлари лозим. Бизнинг футболчилар хориж чемпионатларида ўзларини кўрсатишга қодирлар.

Бу - футбол, унда бир жамоа ғалаба қозонади, бошқаси эса мағлубиятга учрайди. Фақат кўнгилни чўктирмасдан, ҳар хил гап-сўзларга эътибор бермай, ишлашда давом этиш керак. Шу ўринда мухлисларга ҳам мурожаатим бор.

Ҳозирда, ишқибозларнинг аксарияти футболчиларни ҳақорат қилиб, уларнинг кайфиятига салбий таъсир ўтказаётганига кўп гувоҳ бўляпмиз. Аксинча, бизга далда бўлиб, қўллаб-қувватлашларини илтимос қиламан. Миллионлар ўйини халқ учун ўйналади.

Шундай экан, футболчилар ҳам, мухлислар ҳам яхлит жамоа сифатида ҳаракат қилишлари керак. Бирлашмасак, ўз олдимизга қўйилган мақсадга эриша олмаймиз. Ишонаманки, куни келиб, бизнинг кўчаларда ҳам катта футбол байрамлари бўлади.

- Ўзбекистон чемпионатининг ҳал қилувчи ўйинларини интернет орқали бўлсада кўряпсизми? Ўзгаришлар катта, ҳакамларнинг бирин-кетин четлатилиши...

- Ҳа, олий лигамизни кузатиб боряпман. Чемпионат жуда ҳам қизиқарли ҳамда шиддатли курашлар остида ўтяпти. Бу йил нафақат пойтахт жамоалари, балки қолган вилоят клублари ўйинида ҳам катта ўсиш кўзга ташланяпти.

Мавсум якунининг сиз айтгандек, кескин курашлар остида кечаётгани қувонарли ҳол, албатта. Ҳакамларга келадиган бўлсак, уларнинг хатти-ҳаракатини муҳокама қиладиган назоратчилар бор. Хатолар юзасидан қарорни улар чиқаришади.

Бу борада иш юқори даражада олиб бориляпти, деб бемалол айтсам бўлади. Кўряпмизки, реферилар ҳам қилаётган айбига яраша жазо оляпти. Ушбу масалада янада жиддийроқ чоралар кўрилса, қолганларга сабоқ бўлади.

Негаки, четлатишларга қарамай, қўпол хатолар қайд этиляпти. Ҳакамларнинг нохолис қарори сабаб клублар ўта муҳим паллада олтинга тенг очколардан маҳрум бўлишмоқда.

Тўғри, ҳамма ҳам хато қилади. Лекин ўша янглишиш жамоа ва унинг мухлисларига зарар етказмаслиги шарт.

К. АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz