Қайднома

Қидирув

Cупер-юлдузларни ким кашф этади?

Cупер-юлдузларни ким кашф этади?

  13.11.2017 06:23
  0
  3748
Cупер-юлдузларни ким кашф этади?

Криштиануга Лионель сабоқ берган, Мессига - оқсоқол қария, Неймар эса тасодифан кашф этилган.

Golden Boy соврини ўз соҳибига топширилаётган паллада Sokker.ru ижодкорларини бир савол қизиқтириб қолди: «Футбол юлдузлари қандай кашф этилади?».

Дарҳақиқат, бир талай болакайлар орасидан энг иқтидорлисини қандай­ аниқлаш мумкин? Маҳоратли ёшлар оқими тобора кучаймоқда.

Мана, Мбаппе, «Сити»даги Жезус ва «Боруссия»дан «Барселона»га «қуён» бўлган Дембелени яққол ортда қолдирган ҳолда йилнинг энг яхши ёш футболчиси унвонини қўлга киритди.

Ҳа, Килиан «ПСЖ»дан аввал «Монако» таркибида ҳам чемпионат ва ЕЧЛда ёрқин ўйинларни намойиш этди. Хўш, франциялик ноёб иқтидор соҳибини, умуман, ҳозирда бутун дунёни ўзига қаратаётган машҳур юлдузларни ким кашф этди?

Эндигина ривожланиб келаётган, ҳаётга чанқоқ, лекин турфа табиатли болакайлар орасидан айнан футболни биринчи ўринга қўядиганларни пайқай оладиган мутахассиснинг портрети қандай?

Бунинг учун у қандайдир қобилият соҳиби бўлиши керакми ёки шунчаки омадли бўлиш етарлими? Балки, улар кучли интуиция соҳибларидир?

«Қилтириқ» Роналдунинг устозлари

«Спортинг»га Мадейрадан келган озғин болакайнинг илк мураббийи - Леонель Понтес. Шогирдини «Роналдо» деб чақиришларини шу мутахассис тақиқлаб қўйганди.

Унинг фикрича, бразилиялик машҳур ҳужумчи билан фамилиядош бўлиш Криштианунинг келажак фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди.

Чунки, Роналду болалигидаёқ ўзига бино қўйган, асабийлашган кезларида ҳатто ўқитувчиларига ҳам стул улоқтиришдан тап тортмайдиган йигитча эди. У тенгдошларига яккакурашларда доимо мағлубиятга учрарди.

Аммо енгилганини ҳеч тан олмас, юз марта йиқилса ҳам ўрнидан туриб, курашни давом эттирарди. Шу сабаб, Криштиану меҳнатсевар бўлиб улғайди.

Ўзича қўшимча машғулотларни ўйлаб топгани учун жаримага тортишганида ҳам шуғулланишни тўхтатмади. Ёш футболчига оролда устозлик қилган жисмоний тарбия ўқитувчиси Афонсунинг гувоҳлик беришича, Роналду доимо ўзидан 1-2 ёш каттароқ болалар билан беллашарди.

Мен дунёнинг энг яхши футболчиси бўламан, қабилидаги мақтанчоқлигини жамоадошлари доимо киноя билан қарши олишарди. Шунингдек, Криштиануга қадрдон жамоаси «Андоринья»нинг сардори бўлмиш тутинган отаси ҳам яқиндан ёрдам берган, амакиваччаси ёнма-ён тўп сурганди.

Отаси Жозе Авейру сардорнинг жонажон дўсти эди. Энди эса отаси ҳам, 8 ёшлигидаёқ ундан буюк футболчи чиқишини башорат қилган Франсишку Афонсу ҳам ёнида эмас. Криштиану уларни тез-тез ёдга олиб туради.

Митти Мессига ишонч билдирганлар

Мессининг дастлабки устози сифатида кўпинча «Ньюлле Олд Бойз» клуби мураббийи Эрнесто Веккьонани тилга олинади. Бу нотўғри. Чунки Эрнесто Лео билан ҳамкорлик қила бошлаганида ҳужумчининг шуҳрати бутун округга ёйилиб улгурганди.

Ўшанда чап оёқли чаққон болакай гавдали рақибларини осонлик билан ортда қолдирарди. Гўё у Марадонанинг руҳини ўзлаштириб олганди.

Одатда, Месси ҳужумни ўз дарвозаси олдидан бошлар - дарвозабон унинг оёғига тўпни ташлар, у эса барча рақибларни алдаб ўтиб гол урарди. Болалар ўртасидаги қисқа учрашувларда Лео 5-6 марта шундай самарали рейдларни амалга оширарди.

Қизиғи шундаки, ундаги ноёб иқтидор тасодифан кашф этилди. Яъни, Леонинг ўзи ҳеч қачон футболга талпинмаган, акалари билан машғулотларга боришини онаси ман этганди. Чунки, у жуда нозик, 5 ёшлигида 3 ёшли болалардек митти эди.

Аммо бир куни катта Мессиларга устозлик қиладиган мўйловдор қария - Сальвадор Апаричо Леони майдонга туширишга мажбур бўлди - мураббий икки томонлама учрашув ўтказишни режалаштирган, лекин тарбияланувчиларидан бири машғулотга келмаганди.

Тўғри, Сальвадор ҳам кичик Мессини майдонга туширишдан чўчиганди. Чунки, миттивойнинг тўпга зарба бера олишини тасаввур ҳам қилолмаганди. Бироқ Лео бир-икки уринишдан кейин ҳаётидаги дастлабки узатмани амалга оширди!

Ваҳоланки, шу пайтгача ҳатто ҳовлида тўп тепишига ҳам онаси имкон бермаганди. Лекин ўша тасодифдан кейин уни жамоага қабул қилишди. Шу-шу Месси худди Роналду каби доимо ўзида катта футболчилар билан тенгма-тенг тўп сурадиган бўлди.

Афсуски, бу икки юлдузнинг илк мураббийлар бобидаги қисматлари ҳам ўхшаш - Сальвадор Апаричио икки йил муқаддам, Эрнесто Веккьо эса шу йилнинг бошида ёруғ оламни тарк этишди.

Неймарни кашф этган сезгир

Кичик да Сильва Сантос - Неймарнинг биринчи мураббийи Бе- тиньо ўзининг ҳар бир интервьюсида шогирдининг «ўт-олов» бола бўлганига алоҳида урғу беради: «У шунчалик ҳаракатчан эдики, бир жойда тинч ўтиролмасди.

Шу боис, отаси уни футбол секциясига беришга қўрқарди. Чунки, ўғлининг сабр-қаноат билан бирор нарсани ўрганишига ишонмасди». Ёмғирли кунлардан бирида катта Неймар ўртоқлари билан залда тўп сураётганди.

Уларни томоша қилаётган ўғли тез орада зерикиб, ўриндиқлар орасида югура бошлади. Болакайнинг серғайратлиги, тезлиги ва чарчашни билмаслиги Бетиньони ҳайратга солди: «Қизиқ, анави митти боядан бери тиним билмай югуряпти-ю, лоақал нафас олиши ўзгаргани йўқ!».

Шу тариқа, футбол мактабига келган Неймар бир йил ичида «Португеза Сантиста»нинг юлдузига айланди. Тез орада ёш иқтидор соҳиби бўлажак Робиньо тахаллусига эга бўлди.

Аслида, ёш Неймарни Пелега қиёслаш ҳам муболаға бўлмасди - «Қирол»дан ке-йин «Сантос» бундай чаққон чапақайга дуч келмаганди. Ёш ҳужумчи ўсмирлар жамоаларини қисқа вақт ичида босиб ўтиб, асосий таркибдан жой олди.

«Мажор» мақомига кейинчалик эришди, болалигида сочларини тақир қилиб олдириб, тенг­дошлари орасида яққол ажралиб турарди. Соч турмаклари орқали ажралиб туришни кейинроқ бошлади.

Дарвоқе, айнан шу олифта турмак туфайли у «Реал»дан воз кечганди. Бразилия клубининг президенти Луис Альваро болакайнинг Мадридга кетиб қолишидан хавотирланиб, Моуриньо ўз шогирдларини устарада соч олдиришга мажбур этиши билан қўрқитганди.

Бе- тиньо ундай қилмади, аксинча, ёш иқтидор соҳибининг майдонда ҳам, ҳаётда ҳам ажралиб туришга бўлган иштиёқини қўллаб-қувватлади. Энди қария ўз шогирдининг дунёдаги энг кучли футболчига айланишини кутмоқда.

Роналду ва Месси даври ўтиб бораётганини инобатга олсак, устознинг орзуси яқин келажакда ушалишини тахмин қилиш мумкин. Балки, бу бир йилдан кейин амалга ошар, агарда Россия мундиали Бразилиянинг ғалабаси билан якунланса...

Дўмбоқ Харрининг кашф этилиши

Ҳа, нафақат ориқ ва нимжон болакайлар, балки бақувват дўмбоқлар орасида ҳам ўта тиришқоқлари бўлади.

Болалигидан иштаҳаси жойида бўлган Харри «Уайт Харт Лейн» яқинида яшаган бўлсада, тақдир тақозоси билан «Арсенал» мактабида таҳсил ола бошлади.

Таажжубки, унинг оиласи «тақачилар» мухлиси бўла туриб, «тўпчилар» таклифига розилик беришганди. Хўш, «Арсенал» қандай қилиб Кейнни қўлдан чиқарди?

Мутахассислар ҳужумчининг тезлиги талаб даражасида эмас, деган қарорга келишганидан сўнг Харри бошқа клубга кетиб қолди. 11 ёшга чиққач эса «Тоттенхэм» академиясидан жой олди. Унинг тенгқурларидан ажралиб турадиган жиҳатлари йўқ эди.

Фақат Кейн билан бафуржа суҳбат қурган кишигина вақти келиб ундан савияли футболчи чиқишини пайқаши мумкин эди. Чунки, Харри жисмоний ва тактик тайёргарликни маромига етказиш мумкин, муҳими иштиёқ, деган фикрда эди.

Ана шу иштиёқ билан ажралиб турарди. Шу боис, «Тоттенхэм»дагилар унга имкон беришди. Натижада икки йиллик машаққатли меҳнатни ортда қолдириб, Кейн самарали ҳужумчига айланди. Унинг камолотга етишишида скаут Марк О~Тул муҳим роль ўйнади.

Айнан у «тақачилар» ўсмирлар жамоалари раҳбари Жон Манкурдан Харрини қабул қилишни талаб қилганди. Кейинчалик Лес Фердинанд ҳамда Тим Шервуддан сабоқ олган ҳужумчи Ширер каби зарба йўллайдиган, Шерингем каби «очиладиган» сермаҳсул юлдуз даражасига кўтарилди.

Жажжи Килианнинг мураббийи

Golden Boy совринининг сўнгги соҳиби қандай кашф этилган? Албатта, нуфузли мукофотга сазовор бўлган ёшларнинг ҳаммаси ҳам улғайгач ёрқин юлдузларга айланмайди.

Масалан, ван дер Варт - савияли ўйинчи, лекин ўз салоҳиятини тўла-тўкис намойиш этолмаган. Руни, Месси ёки Агуэро - ўз жамоаларининг афсоналари.

Сеск ва Андерсон - иқтидорли «дангасалар», Пато, Гётце ва Балотелли турли сабабларга кўра талаб даражасида ўйин кўрсата олишмаяпти. Зеро, Иско ва Погбани ҳозирнинг ўзида йирик юлдуз дейиш мумкин.

Албатта, Стерлинг, Мартиаль ва Санчеш етарли салоҳият соҳибидирлар. Мбаппе - Месси, Руни тоифасидан. «Бонди» футбол мактабида устозлик қиладиган отаси Вильфрид ҳам, собиқ гандболчи онаси ҳам Килианнинг буюк футболчи бўлишини чақалоқлигидан орзу қилишган.

Болакай асосий вақтини ўз кумирлари - Зидан ўйинларини таҳлил қилиш билан ўтказган. «Клерфонтен» академиясига ўтганидан кейин Мбаппе бош мураббий Жан-Клод Ляфаргнинг суюкли шогирдига айланди.

Чунки, у худди устози каби ҳужумнинг ностандарт усулларини излайди, ажабтовур комбинациялари билан ҳар қандай рақибни шошириб қўяди.

Албатта, 18 ёшида ЕЧЛ баҳсларида майдонга тушиб, худди ўсмирлар мусобақаларидаги каби осонгина гол урган йигитчани тарбиялаган отасига раҳмат! Айнан унинг саъй-ҳаракатлари туфайли Килиан меҳнатсевар бўлиб улғайди.

Гувоҳи бўлганингиздек, вундеркиндлар футбол оламига турли йўллар билан кириб келишган. Скаутлик соҳаси миллионлар ўйинининг муҳим бўғини.

Бироқ у фақат мавжуд ўқув даргоҳларида таҳсил олаётган ноёб иқтидор соҳибларини ўрганиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Мутахассислар сайёрамизнинг турли бурчакларидаги назарга илмас озғин, заиф ва митти болакайларга етарли эътибор қаратишлари лозим.

Ана шу эътибор туфайлигина Роналду тўй-ҳашамларни тасвирга туширувчи сураткаш эмас, Месси Росарио бозорларидаги сотувчилардан бири эмас, Кейн ва Мбаппега ўхшаган футболчиларни дунё танийди. Бунга улар атрофидаги яқинлари, ишонч, қўллаш ва рисоладагидек таълим-тарбия - муваффақият гарови бўлган!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz