Қайднома

Қидирув

Келажакни кўзлаган ўйин бошлаб берсин чин футбол тўйин

Келажакни кўзлаган ўйин бошлаб берсин чин футбол тўйин

  14.11.2017 06:26
  0
  3110
Келажакни кўзлаган ўйин бошлаб берсин чин футбол тўйин

Миллий терма жамоамиз бугун янги бош мураббий раҳбарлигида майдонга тушади. Мухлислар таркибда жиддий ўзгаришларга қўл урилишини кутишганди.

Рўзиқул Бердиев кўпчилик кўнглидаги ишни амалга оширди, яъни таркиб янги футболчилар билан тўлдирилди. Бу масалада ҳозирча эътирозлар йўқ, ҳисоб.

Назаримизда, аксарият мухлислар ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш маъносида шундай йўл тутишди, чоғи. Мамлакатимиз футбол шинавандалари табиатига хос тамойил бу.

Ўзи бизда мухлислар ҳамиша янги бош мураббийга умид кўзи билан қарашган, унинг фаолиятига муваффақият тилашган. Гарчи Рўзиқул Бердиев вақтинча бошқарувчи саналсада, унга янги ўзгаришларни бошлаш миссияси юклатилган мураббий сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳа, миллий жамоамиз келгусида том маънодаги янгиланиш босқичига қадам босади. Ўша жараёнларда иштирок этиш-этмаслигидан қатъий назар, Рўзиқул Бердиев илиқ шабадаларнинг эстирган мураббий сифатида тарихда қолса, ажабмас.

Мазкур мулоҳазаларни атайлаб ўйиндан аввал ёзмоқдамиз. Зеро, натижа айни хулосаларимизга соя солмайди. Худди Станислав Черчесов Россия термаси таркибини ислоҳ қилгани каби Рўзиқул Бердиев ҳам бош жамоамизга дадиллик билан янги футболчиларни таклиф этди.

Очиғи, Черчесов ҳозир натижа масаласида мақтанолмайди, аммо Россия термасининг ўйини жонлангани, тезлашгани - факт! Буни Аргентина термаси билан кечган ўртоқлик учрашувида ҳам кўрдик.

Россияликлар ўйинида Фабио Капелло ва Леонид Слуцкий давридаги оғир-вазмин услуб йўқолди. Ҳозирги таркиб жаҳоннинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши ғоят иштиёқ билан тўп сурди.

Шу боис, шарҳловчилар ҳам Лионель Месси ва Серхио Агуэрони мақтай-мақтай, гол ўйиндан ташқари ҳолатдан урилганини қайта-қайта алам билан таъкидлашди.

Эътиборлиси, мағлубиятга қарамай, Черчесов шогирдларига нисбатан танқидий мулоҳаза билдирилмади. Чунки жамоа ҳақиқатан ҳам, яхши ўйнади ва кичик ҳисобдаги мағлубият аслида савия устидан қозонилган кўнгилни юпатувчи дастлабки ғалабадир.

Албатта, Черчесов шундай иштиёқманд таркибни шакллантиргунча анча тер тўкди. Шу маънода айтсак, бугунги ўйин натижаси Рўзиқул Бердиев тақдирида ҳал қилувчи аҳамият касб этмайди.

Тўғри, барчамиз ҳар қандай баҳсда бош жамоамиз ғалаба қозонишини истаймиз. Лекин мухлисларни аввало, футболчиларимизнинг учрашувда қандай ҳаракатланишлари қизиқтирмоқда. Экспериментал таркиб илк синовдан қандай ўтади? Ҳамма гап шунда.

Мухлислар Самвел Бабаяннинг мудроқ услубидан чарчашган ва энди футболчилардан олов бўлиб ўйнаш талаб этилади. Учрашувнинг сафарда ўтказилаётгани улар фойдасига ишлайди, деб ўйлаймиз.

Ҳарқалай, илк ўйинда мухлислар босими сезилмагани маъқул. Умид қиламизки, футболчилар билдирилаётган ишонч залворидан довдираб қолишмайди ва майдонда ирода-иштиёқ байроғини баланд кўтаришади.

Кези келганда айтиш ўринли, ҳужум чизиғи Рўзиқул Бердиевни қийнаса керак, барибир. Негаки, Марат Бикмаев ва Иван Нагаев моҳиятан голеадор футболчилар ҳисобланишмайди. «Локомотив» вакилининг олий лигадаги тўпурарлиги ҳам анчайин нисбий.

Ҳар икки ҳужумчида ташаббускорлик етарли даражада эмас. Балки уларнинг сафи рақиб жарима майдонида фаоллик кўрсатишни хуш кўрадиган Санжар Рашидов билан тўлдирилганида вазият ўзгарармиди?! Майли, бу - бир мулоҳаза.

Эҳтимол, учрашувдан сўнг Рўзиқул Бердиевнинг ўзи бу мавзуга қайтар. Нима бўлганда ҳам, «Навбаҳор» - «Сўғдиёна» баҳсида Санжар Рашидов фаоллиги ва дадиллиги билан мухлислар эътиборини тортди. Жамоаси йирик ҳисобда енгилганига қарамай, у ҳақиқий ҳужумчи эканлигини бот-бот эслатиб турди.

Муҳтарам мухлис! Мақоланинг катта қисмида фақат терма жамоамиз тақдири билан боғлиқ мулоҳазалар билдирдик. Ҳолбуки, сизни «Насаф» ва «Пахтакор» ўртасидаги учрашув ҳам қизиқтираётгани бор гап. Юзаки қараганда, яна адолат бузилаётгандек.

Шота Арвеладзе вазиятдан фойдаланиб, «шерлар»ни йил баҳсига тайёрламоқда. Атиги 3 нафар футболчигина унинг қўл остида эмас. Уларнинг ўрнини бошқа футболчилар билдирмасликлари мумкин. Рўзиқул Бердиев эса терма жамоа билан банд.

Боз устига, «аждарлар»нинг 6 нафар вакили БАА сафарида. Қисқаси, «Насаф»да кучлар иккига бўлинган. На униси, на буниси тўлақонли ишлайди. Терма жамоамизнинг ўртоқлик учрашуви ва йил баҳси бир-бирига халақит бериши мумкинлиги аввалдан маълум эди.

ЎФФ ҳам, Рўзиқул Бердиев ҳам барчасини била туриб, шу ишни маъқул топди. Ҳаттоки, мураббий ўз ташаббуси билан «Насаф» таркибини икки лагерга бўлиб ташлади. Нима деб ўйлайсиз, унинг учун ОЧЛ йўлланмаси муҳим ҳисобланмайдими?

Аксинча, «Насаф» - Рўзиқул Бердиевнинг тақдири. У терма жамоада муваққат эканлигини ва йил баҳсида янги мавсум шукуҳи ҳал этилишини жуда яхши билади.

Ҳаммасини назардан қочирмаган ҳолда, бош жамоамизни янгилаш учун бел боғладики, бунинг учун отасига раҳмат мураббийнинг. Унинг ўрнида бошқа бир мутахассис бўлганида, муҳим баҳс олдидан ўзини чалғитишларини истамасди.

Бердиев эса бошқа мураббий амалга оширишга ботинолмайдиган вазифа зиммасига юклатилганини англади. Терма жамоамиз таркиби ва ўйини янгиланиши керак, ахир.

Рўзиқул Бердиевдан бошқа мураббий таркибни бундай янгилашга журъат қилмасди, балки. Демак, қайсидир маънода футболимиз адолат тантанасидан баҳра олди ва бу ишни Рўзиқул Бердиев бошлаб бермоқда. Йил баҳсини шундай адолат тантанасига қурбон берса арзийдими? Катта ўзгаришлар ўз залворига яраша қурбонликлар талаб қилиши барчага аён.

Ваҳоланки, «Насаф» йил баҳсида мағлуб бўлишни хоҳламайди асло. Бу клуб қулай имконлардан фойдаланолмаган Александр Мочинов жамоасидан мутлақо фарқланади. Мочинов футболимизни яна бир бор лойлади.

У 2014 йилнинг сентябрь ойида Бангкокда кечган «лой жанги»да ҳам ўсмирлар термасини забун аҳволга солганди. Афсуски, шу мураббийга қайта ишонишди. Ёш футболчиларимиз тақдири нима сабаб, яна унга ишонилгани - тушунарсиз ҳол.

Мана шу тушунарсизлик футболимизни қийнаётган адолатсизликдир аслида. ЎФФ Рўзиқул Бердиев тимсолида шу адолатсизликка жиндек барҳам бериш ниятида...

Муҳаммад Вали


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz