Қайднома

Қидирув

Ҳошимбек Шокиров: «Меҳнатларимиз саробга айланди»

Ҳошимбек Шокиров: «Меҳнатларимиз саробга айланди»

  14.11.2017 03:41
  0
  1987
Ҳошимбек Шокиров: «Меҳнатларимиз саробга айланди»

Ноябрнинг илк куни биринчи лигада мавсумга якун ясалди. Муддатидан аввал элита йўлланмасини қўлга киритган Қувасойнинг «Цементчи» клуби Урганчда «Хоразм»ни мағлуб (2:0) этди.

Абдумалик Ҳакимов шогирд­лари 85 очко билан чемпионатнинг кичик олтин медалларига эга чиқишди. Фарғона вилоятининг иккинчи жамоаси «Истиқлол» эса ўз майдонида «Ғаллаорол»дан 6:1 ҳисобида устун келди.

Ушбу ютуқ сабаб «Истиқлол» 73 очко билан турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллади. 72 очкога эга Усмон Тошев бошчилигидаги «Андижон» кучли учликка якун ясади.

Афсуски, ПФЛ чиқарган қарорга кўра, биринчи лиганинг иккинчи жамоаси олий лигага чиқолмайди. Биз сўнгги тур учрашувидан сўнг «Истиқлол» клуби тўпурари, жорий мавсум 15та гол уришга эришган ҳужумкор ярим ҳимоячи Ҳошимбек Шокировдан интервью олдик.

У «Ғаллаорол»га қарши кечган ўйинда «дубль» қайд этди.

- Ҳошимбек, жамоа мавсумнинг сўнгги ўйинида йирик ҳисобдаги ғалабага эришди. Федерациянинг қароридан сўнг футболчилар тушкун ҳолатга тушиб қолмагани таҳсинга лойиқ. Шундай эмасми?

- Тўғри, бу ҳам олий лига, ҳам биринчи лига жамоалари учун кутилмаган қарор бўлди. Албатта, биз футболчилар, мураббийлар ва клуб раҳбарларининг қўлидан ҳеч нарса келмайди, қарорни ўзгартира олмаймиз.

Тақдирга тан бериб, мавсумнинг сўнгги учрашувида мухлисларимиз учун энг чиройли ўйинимизни намойиш этишга интилдик. Ўйлайманки, бу ишнинг уддасидан чиқдик. Тушкун ҳолат бўлиши мумкин, лекин биз буни сездирмасликка ҳаракат қилдик.

Очиғи, федерациянинг қароридан ранжидик. Барибир, ҳар қандай ҳолатда ҳам сўнгги учрашувда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Боиси, уч очко олмасак, «Андижон»нинг турнир жадвалида биздан ўзиб кетишига замин яратардик.

Қолаверса, мавсумнинг охирги ўйинини ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ўтказдик. Уларга байрам улашишни мақсад қилгандик ва бунга эришдик, деб ўйлайман. Ўзимга келсак, бу мавсумда 15та гол уришни уддаладим.

Соф ҳужумчи бўлмаган футболчи учун бу ёмон натижа эмас, менимча. Қолаверса, жароҳатим сабаб чемпионатнинг 5та ўйинида майдонга туша олмадим. Акс ҳолда, голларим сони янада кўпаярмиди?!

«Ғалла-орол»га қарши кечган ўйинда рақиб дарвозасини 2 марта ишғол қилдим. Улардан бирини жарима тўпидан сўнг киритдим. Яна бир голни пенальтидан урдим.

Келаси мавсум қайси жамоа таркибида ўйнашимдан қатъий назар, тўпурарлик салоҳиятимни оширишга ҳаракат қиламан. Ўз олдимга ҳозирданоқ шундай мақсад қўйдим.

- Федерациянинг қарорини жамоадагилар қандай қабул қилишди? Мавзу бўйича муҳокама ўтказилдими?

- Менимча, буни ҳеч ким кутмаганди. Йил давомида олий лига йўлланмаси учун кураш олиб борсангизда, якунда бундай тўхтамга келишса, жуда алам қиларкан.

Йил бўйи қилган меҳнатимизга ачиндик. Албатта, қарорни муҳокама қилдик. Табиийки, ҳеч ким бундан хурсанд бўлгани йўқ. Лекин ҳалиям умидимизни узмадик.

- Хўш, нимадан илинж бор?

- Балки ЎФФ шошилинч қабул қилинган қарорни ўзгартирар. Бу ўзгаришларни 2019 йилдан амалга татбиқ этишар, деган умиддамиз. Шу тариқа барча спорт тамойилларига риоя қилинган бўларди.

- Ўзи жамоа олий лигада ўйнашга тайёрмиди?

- Албатта. Биз кучлилар сафида курашишга ҳар томонлама шай эдик.

- Олий ва биринчи лига талаблари орасида жуда катта тафовут бор. Молиявий имконият, стадион, клуб инфратузилмаси мутлақо бошқача бўлиши керак. «Истиқлол» ана шу талабларга жавоб бера оладими?

- Шахсий фикрим - жавоб бера олади. Шароитларимиз жуда яхши.

- «Истиқлол»нинг биринчи лигадаги омадли иштирокининг асосий омиллари нимада бўлди?

- Энг асосийси, яратилган шароитлар ажойиб эди. Жамоамизнинг ҳар бир чизиғида маҳоратли ижрочилар жам бўлишганди. Бош мураббийимиз Усмон Асқаралиев рақобатбардош жамоа шакллантира олди. Бу мутахассисдан жуда кўп нарса ўргандик.

Муваффақиятли иштирокимизга замин яратган инсонлардан бири ҳам айнан Усмон ака бўлдилар. Қолаверса, клуб раҳбарияти олий лигадан кам бўлмаган шароитларни яратиб берди.

Ўз ўрнида, биз уларнинг ишончини оқладик, деб ўйлайман. Жамоамиз мухлислари ҳам бу йилги иштирокимиздан хурсанд бўлишди.

- Олий лигадан кам бўлмаган шароит, деганда нимани назарда тутдингиз?

- Масалан, биз ўйнаган стадион майдони талабга тўла жавоб беради. Сафар учрашувларига 3 кун олдин етиб бориб, ўша ерда тайёргарлик олиб борамиз.

Жамоа Isuzu русумли шахсий автобус хизматидан фойдаланади. Тез орада «Истиқлол» ёзуви туширилган замонавий транспорт воситасига эга бўламиз. Насиб қилса, келаси мавсум ушбу автобусдан фойдаланамиз.

- Жамоага кимлар ёки қайси ташкилотлар ёрдам беряпти?

- Бош ҳомий - Қувасой таъмир-қурилиш ташкилоти. Клуб раҳбарлари футболни севишади. Фурсатдан фойдаланиб, бизга кўрсатилаётган ёрдам учун уларга миннатдорчилик билдираман.

- Маошларни вақтида олиб турдингларми? Қарздорлик кузатилмадими?

- Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Шундай пайтлар бўлдики, маошлар белгиланган кунидан олдин ҳам берилди. Қарздорлик ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

- Сир бўлмаса, биринчи лигада маош миқдори тахминан қанча?

- Буни ошкор қилолмайман. Шартномада шундай банд бор.

- Кундалик ҳаёт учун етяптими?

- Бошқа жамоаларни билмадиму, лекин бизга етяпти. Бу борада нолиш йўқ.

- Оилали футболчиларга-чи?

- Билишимча, уларга ҳам етяпти. Жамоадагиларнинг меҳнат ҳақи турлича.

- Маошдан ташқари мукофот пуллари ҳам бериладими?

- Албатта. Ҳар бир ғалабамиз учун қўшимча рағбат белгиланган.

- Биринчи лиганинг савияси ҳақида фикрингиз қандай?

- Аввалги йиллар билан таққослаганда, бирмунча ошган. Лекин барибир, айрим жамоаларда камчиликлар кўзга ташланиб қоляпти. Ташкилий масалаларда муаммолар бор. 8-10та клуб кучли учлик учун курашяпти.

Қолганларда эса иштирокдан деярли мақсад йўқ. Интрига асосан турнир жадвалининг юқори қисмида кузатилди. Бу жамоалар ўртасидаги ўйинларда шиддатни кўрдик.

Ёш футболчилар учун биринчи лига жуда ҳам яхши мактаб вазифасини ўтаб беради. Агар улар ўзларини ижобий томондан намойиш этишса, келаси мавсумларда элита клубларида ҳам бемалол ўйнашлари мумкин.

- Стадионлар, майдонларнинг чими қай аҳволда?

- Афсуски, яхши сифатга эга майдонлар сони жуда кам, бармоқ билан санарли. Сифатсиз чимда ҳеч қачон юқори савияли футбол намойиш этолмайсиз. Чиройли ўйин у ёқда турсин, ҳаттоки, жароҳат олиш хавфи ортади.

Мухлислар эса стадионга шиддатли баҳслардан баҳра олиш мақсадида ташриф буюришади. Биздан ташқари, «Машъал-2», «Цементчи», «Локомотив-БФК», «Андижон» каби 5-6та жамоанинг майдони яхши ҳолатда. Қолган клублар ҳақида бундай фикр билдиролмайман.

- «Истиқлол» стадионига мухлислар ташрифи кўнгилдагидекми?

- Водийда миллионлар ўйинига қизиқмайдиган оиланинг ўзи йўқ. Мухлислар футболни жуда яхши кўришади. Ҳар бир уй учрашувимизда стадионни тўлдириб ўтиришади.

Фурсатдан фойдаланиб, жамоамиз ишқибозларига ҳам раҳмат айтмоқчиман. Йил давомида ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам бизни ёлғизлатиб қўйишмади.

- Якунда водийнинг учта жамоаси кучли учликдан жой олди. Жамоангизнинг «Андижон» билан кураши сўнгги тургача давом этди ва якунда бир очколик фарқ билан улардан ўзиб кетдинглар. Лекин «Цементчи»дан анча ортда қолдинглар. Бундай тафовутга нима сабаб бўлди?

- Тан олиш керак, биринчи лиганинг жорий мавсуми Қувасой жамоасига аталди. «Цементчи» футболчилари бутун мавсум давомида ажойиб ўйин намойиш этишди. Хоҳ сафарда, хоҳ ўз майдонларида ўйнашсин, майдонга фақат ғалаба илинжида тушишди ва бунга эришишди.

Улар томонидан урилган голлар сони ҳам жамоанинг ҳужумкорликка урғу берганидан далолат. «Цементчи» учун хурсандмиз ва уларга олий лигада ҳам омад, ғалабалар ёр бўлишини тилаймиз. «Андижон»га келсак, бу клуб элитада қатнашиш бўйича катта тажрибага эга.

Юқорида таъкидлаганингиздек, андижонликлар билан иккинчи ўрин учун курашимиз сўнгги тургача давом этди. Охирги иккита баҳсда бизга ҳам, уларга ҳам ғалаба қозониш насиб қилди. Хайриятки, бир очколик фарқни якунда ҳам сақлаб қолдик. Аммо бу олий лигага чиқиш учун етарли бўлмади.

- Нима деб ўйлайсиз, қувасойликлар кучлилар сафида ўз ўринларини топа олишармикан?

- «Цементчи» яхши шаклланган жамоа. Ўз вақтида олий лигада ҳам ўйнаган. Қувасойга яна катта футбол қайтди. Менимча, жамоа элитада ўз ўрнини топа олади.

Лекин энди мавсумлар оралиғида умуман ўзгача тарзда тайёргарлик кўриш керак. Таркибни олий лига ҳавосини олган футболчилар билан тўлдириш лозим. Бу борада уларга омад тилайман.

- Ҳошимбек, келинг, энди футболга қизиқишингиз, илк мураббийингиз, фаолиятингиздаги биринчи клубингиз ҳақида гаплашсак.

- Ҳамма болалар қатори футболни чанг кўчаларда тўп тепиш орқали бошлаганман. Биринчи мураббийим - Шуҳрат Назиров. Болалар футбол мактабида миллионлар ўйини сир-асрорларини ўрганман. У ерда Хушбек Қосимов менга устозлик қилган.

Шу даражага етишимда ушбу мутахассиснинг ҳиссаси катта бўлган. Бунинг учун Хушбек акадан умрбод миннатдорман. Дастлабки профессионал шартномамни 2014 йили «Нефтчи» клуби билан имзолаганман. Кейин орада бир давра «Қўқон-1912» жамоасида ўйнадим.

2016 йилдан эътиборан эса «Истиқлол» шарафини ҳимоя қилиб келяпман. Ўтган йили иккинчи лигада, бу йил эса биринчи дивизионда иштирок этдик. Қисқа фурсатда эришган натижамиз чакки бўлмади.

Насиб қилса, албатта, элитада ҳам ўйнаймиз. Шу ўринда футболга қизиқишим жуда ҳам юқори эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Спортнинг бу тури ҳаётимда алоҳида ўринга эга.

- Позициянгизни ўзингиз танлаганмисиз ёки мураббийлар тавсия қилишганми?

- Ярим ҳимоянинг барча жойида ҳаракат қиламан. Ҳар иккала қанотда ҳам, марказда ҳам бирдек ўйнай оламан. «Истиқлол»да кўпроқ ҳужумчи ортида тўп сураман. Футбол тили билан айтганда, эркин ижодкорман. Зарур пайтда соф ҳужумчига айланишим мумкин.

- Сизнинг амплуангизда ўйнайдиганлардан кимларга ҳавас қиласиз?

- Қайсидир футболчини эталон сифатида кўрсата олмайман. Уларнинг ҳаммаси ибрат олишга арзийди. Ҳар биридан ниманидир ўрганиш мумкин. Шунга қарамай, кўпроқ «Ювентус» ўйинчиси Пауло Дибалага ҳавас қиламан. У билан позициямиз бир хил.

- Келаси мавсум ҳам «Истиқлол» либосида майдонга тушасизми?

- Ҳозирча аниқ бир нарса дея олмайман. Агар ЎФФ раҳбарларининг фикри ўзгариб, олий лигада ўйнаш имконияти туғилса, унда ҳеч шубҳасиз, клубда қоламан. Энг катта мақсадим шу - «Истиқлол» билан бирга олий лигада иштирок этиш.

Келажакда режаларим бисёр. Уларни навбатма-навбат амалга ошириб бораман. Болаликдаги орзуларим рўёбга чиқяпти. Шундай экан, меҳнат қилишдан тўхтамайман. Чунки устозларим менга шундай ўргатишган.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz