Қайднома

Қидирув

Роберт Левандовскининг бизнес лойиҳалари

Роберт Левандовскининг бизнес лойиҳалари

  15.11.2017 00:05
  0
  1463
Роберт Левандовскининг бизнес лойиҳалари

Польшалик ҳужумчининг футбол бобидаги ишларига ҳавас билан боқиш мумкин. Битта ёрқин мисол, у кузда ЖЧ-2018 саралаши тўп-урарлари пойгасида кимсан Криштиану Роналдуни ортда қолдирди.

Аниқроқ айтсак, «Бавария» вакили 10та ўйинда 16та гол уриб, Европа зонаси рекордини янгилади. Маълум бўлишича, поляк йигити футболдаги ютуқлари билан чекланиб қолаётгани йўқ.

У охирги вақтларда фаол сармоядор ролида ҳам кўзга ташланмоқда. Sport Connect ҳужумчининг айнан бизнес йўналишидаги ҳаракатларига қизиқиб кўрди.

Маркетинг - коммуникацион агентлик

Роберт шу йил июнь ойида Stor9  номи остида шахсий агентлик фирмасини очди. Агентлик айни пайт унинг имидж ҳуқуқлари билан шуғулланмоқда. Лекин футболчи яқин келажакда польшалик бир қатор таниқли спортчиларни Stor9мижозларига айлантирмоқчи.

Агентликнинг вазифалари оддий - ОАВ ва ҳомийлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, мижозлар учун барча ижтимоий тармоқларда қулай кенглик яратиш, реклама лойиҳаларини назорат остига олиш.

Табиийки, Stor9 аввало, шахсан Левандовски брендини халқаро бозорда кучайтиришга ҳаракат қилади. Чунончи, Роберт имидж масаласида Польшанинг ўзида аллақачон юқори чўққини забт этган: мамлакат аҳолисининг деярли 83 фоизи футболчини танийди.

Дейлик, Польша терма жамоаси жаҳон чемпионати-2018 йўлланмасини нақд қилгач, Левандовски «Фейсбук» орқали мухлисларни табриклади ва бунга 200 минг муносабат билдирилди. «Инстаграм» тармоғида эса унинг саҳифасига нақ 10,8 миллион киши аъзодир.

Бироқ бу жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бири учун чегара эмас. «Левагол» айни шу сабаб ўлароқ, ўз сиймоси устида алоҳида ишламоқда. Бу борада ҳаттоки, маркетологлар ва ташвиқот ишлари усталарининг бутун бир гуруҳини ҳамкорликка жалб этган.

Катта жамоа тузиш ишлари билан Stor9 бош директори Анна Зелиньска шуғулланди. Бу хоним Польшадаги йирик маркетинг агентлиги - Isobar офисида ишлаган вақти мамлакатга Аdidas лойиҳаларини олиб кирган, яъни етарли тажриба соҳибасидир.

Ҳозиргача Зелиньска ташаббуси билан Левандовски иштирокида қатор реклама роликлари тайёрланди ва улар 4та йирик бренд - Gillette (соқол олиш воситаси), Coca Cola Zero (ичимлик), Huawei (смартфонлар) ва Head&Shoulders (шампунь)га тақдим этилди.

«Ҳамкорларни танлаш чоғи асосан 2та жиҳатга эътибор қаратаман: маҳсулот ёки хизмат турининг сифати ва алоқа кўламига. Хуллас, ишончсиз туюлган ишга асло қўл урмаймиз. Шунингдек, шартнома баҳоси учинчи масала ҳисобланади», - дейди Анна.

Диққатга сазовор томони, салмоқли реклама пакетига Робертнинг турмуш ўртоғи - Анна образи ҳам тез-тез киритилмоқда.

Маълумот учун айтиш жоиз, у вақтида каратэ бўйича жаҳон чемпиони мақомига эришган ва ҳозир фитнес-мураббий сифатида муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Анна шунингдек, соғлом турмуш тарзи ҳақида бир неча китоб ёзган ва Foods by Ann компаниясига асос солган. Ушбу бренд остида хавфли кимёвий аралашмаларсиз ва паст даражадаги углеводлар билан тўйинтирилган фойдали озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмоқда.

Кутилишича, истиқболда Роберт ва Аннанинг бахтли оиласи бир неча катта реклама кампаниялари бош мавзуси бўлади. Ҳар ҳолда, Анна Левандовски аёллар меҳрини қозонишга улгурган, ижтимоий тармоқларда унинг аудиторияси анча кенг.

Аниқроқ айтсак, биргина «Фейсбук»да 1,4 миллион фолловерга эга. Таққослаш учун келтирсак, бу «Наполи» клуби ва Польша термаси ҳужумчиси Аркадиуш Милик «шинаванда»лари (1,1 млн. киши)дан кўп. Қолаверса, Анна «Инс-таграм»да ҳам машҳур - 1,2 миллион обуначи.

Октябрь ойи бошида яна бир янгиликка қўл урилди: Левандов-ски йирик коммуникацион агентлик - Group One билан ҳамкорликда RL Media медиакомпаниясига асос солди (51 фоиз акция агентлик ихтиёрида, 49 фоизи эса футболчида).

RL Media ҳам спортчилар брендини юксалтиришга қаратилган кенг миқёсли медиалойиҳалар билан шуғулланади. Хусусан, машҳур теннисчи Агнешка Радванска унинг мижозига айланди.

«Маркетинг соҳасига битта оддий сабаб туфайли сармоя киритяпман: бунга қизиқишим катта. Қолаверса, ҳар куни ушбу йўланишда профессионал даражада иш тутиш зарурлигини кўриб турибман.

Яна бир томони, Польшада ҳалигача бундай лойиҳаларга қўл урилмаганди», - дейди Левандовски.

Кўчмас мулк

Роберт маркетинг ва реклама йўналишларининг аралаш оламига қизиқиш баробарида кўчмас мулкка ҳам бефарқ қарамаяпти. У 2015 йилиёқ Польшанинг турли ҳудудларида қурилиш ишлари билан шуғулланувчи LS Investments компанияси акцияларидан бир қисмини сотиб олганди.

Левандовски бу лойиҳа доирасида Варшавада қад кўтарган бизнес-тоифага мансуб 2та турар-жойни молиялаштиришга улгурди. Бу имидж ҳуқуқи эмас, балки жиддий сармоя.

Шунинг учунми, футболчи 2016 йили объект жойига бориб, қурилиш ишлари қандай кетаётганини ўз кўзлари билан кўришни хоҳлади, бироқ Охота райони фуқаролари мамлакат футболидаги асосий ҳужумчи ташрифидан хабар топиб, дарҳол уни қуршаб олишди. Натижада Роберт хоҳловчилар билан суратга тушишдан бўшагани йўқ.

Дарвоқе, Варшаванинг айни шу туманида Левандовски маблағи ҳисобига спорт тиббиёти клиникаси ҳам қурилмоқда. Режага мувофиқ, у ҳам профессионаллар, ҳам ҳаваскорларга бирдек хизмат кўрсатади.

Польшада кўпчиликнинг ишончи комил - Роберт Германия клиникаларидаги шароитлардан лол қолиб, Варшавада ҳам шундай сифатли муассаса очишга бел боғлаган. Айтишларича, у танишларидан барчасини жиддий назорат қилиб боришни сўраган.

Тушунарлики, клиникани энг замонавий ускуналар билан таъминлаш ҳам Роберт зиммасида. Левандовски яна Лешно шаҳри (футболчилик фаолиятини шу жойда бошлаган)да қад кўтараётган яшаш турар-жойи қурилишига ҳам ҳисса қўшмоқда, Варшавада эса шахсий бизнес-маркази очиш ниятида.

LS Investmentsнинг ҳар бир қурилиш объекти баҳоси ўртача олганда, 9 миллион злотий (2 миллион евродан кўпроқ)га тенг.

Интернетга ҳам сармоя

- Фаолиятим бошида кўплаб пол-яклар каби нотўғри ўйлаганман: «Пулинг етарли эканлигини ошкор қилмасанг яхши». Бироқ Ғарбий Европада мутлақо бошқача дунёқарашга дуч келдим. Хусусан, пулга муносабат бўйича ҳам.

Улар асносида тушундимки, менинг даромадим - оғир меҳнат самараси ва буни яшириш шарт эмас, хижолат тортиш ҳам. Мақтанмасанг, бас, - деганди Левандовски Forbes журналининг полякча талқинига берган интервьюсида.

Хуллас, Роберт айнан ҳаётга умумий қараши ўзгариши натижасида турли йўналишларга сармоя киритмоқда. У хусусан, эски таниши Цезарий Кухарски бошқараётган Protos VC жамғармасига ҳам қўшилди.

«Робертга шахсан ўзим сармоя киритишини таклиф қилиб, янги технологиялар ва интернет-лойиҳалар истиқболли эканлигини тушунтирдим. Муҳими, Робертга ғоя маъқул келди ва тезда ўзаро келишиб олдик», - дейди Кухарски.

Футболчини айниқса, футбол ҳақида катта ҳажмдаги статистик маълумотларни ўз ичига олган sporticos.com сайти қизиқтириб қўйган кўринади.

Эътиборли жиҳати, сайтда ҳисоб-китоб ишлари оддий инфографика асосида (голли сериялар, зарбалар ва ҳоказо) автоматик тарзда юритилади.

Ғоя муаллифи Мачей Возняк 2015 йили маҳаллий «Легия» Бухарестнинг «Стяуа»сига қарши ўйнаганида букмекерлик идорасида пул тикишни хоҳлайди, бироқ рақиб ҳақида айтарли маълумот тополмайди. Шунда у махсус сайт очишга қарор қилади:

«Мухлислар спорт инфографикасига эҳтиёж сезишаётганини тушундим. Маълумотлар тўпламини шу асосда қабул қилиш ва тегишли хулосалар чиқариш осонроқ», - деганди Возняк.

Левандовски бундан сал аввалроқ Lokalny Rolnik - интернет-дўкон платформасига улуш киритганди. Маҳаллий фермерларнинг янгигина маҳсулотларини сотиш билан шуғулланувчи бу тизим хизмати 5та йирик шаҳар - Варшава, Краков, Познань, Лодзя ва Вроцлавда йўлга қўйилган.

Айни пайт Lokalny Rolnik юзлаб йирик фермерлар билан ҳамкорлик қиляпти ва чамаси 30 минг кишига мунтазам маҳсулотларни етказиб беряпти.

Сабзавотлар ва мевалар нархи супермаркетлардагидан қимматроқ, бироқ Lokalny Rolnik обрўли аудиторияга эга. Хуллас, ҳар бир харидор сотувчи мисолида сифатли маҳсулотни кўради. Левандовски учун бу чиндан ҳам, манфаатли бизнес: савдо ҳажмининг 15 фоизи унинг чўнтагига тушади.

Левандовски - wedding.pl. лойиҳаси механизми ҳам шунга ўхшаш. Буниси тўй ва турли базмларда хизмат кўрсатиш тизими ҳисобланади.

Хуллас, мижозлар ҳукмига минглаб келинлик либослари, букетлар ва тўйда керак бўладиган бошқа буюмлар ҳавола этилади. Муҳими, сайт ўта қулай ва одамларга вақтдан унумли фойдаланиш имконини беради.

Ҳарқалай, тўй учун зарур ҳамма нарса бир зумда муҳайё қилинади. Левандовски сармояси ёрдамида фаолият юритаётган яна бир сайт - lavito эса қизлар учун мўлжалланган бўлиб, улар турли гўзаллик салонларидаги нархларни таққослаб, энг мақбулини танлашади.

Kekemeke иловаси - бу мобиль лойиҳа. Фойданалувчилар ўйнаш асносида балл тўплаб, кафе ёки ресторанда бепул таомланиш ҳуқуқини берадиган купон олишлари мумкин.

Шунингдек, купонни совғага алмаштириш имкони бор. Польшалик ҳужумчи 2015 йили Mustache (маҳаллий дизайнерлар ва майда брендларнинг кийим-кечаклари савдоси билан шуғулланувчи интернет-дўкон тизими) ва Shoplo (шахсий интернет-дўкон очиш учун мўлжалланган платформа) лойиҳаларига ҳам маблағ ажратганди.

Роберт бундай кенг кўламли танловини оддий изоҳлайди: «Одатда ўзимда қизиқиш уй-ғотган лойиҳаларга сармоя киритаман ва уларнинг тақдирига бефарқ қарамайман. Айниқса, Польша белгиси остидаги ишларни қўллаб-қувватлаш ёқимли.

Муҳими, бировни алдаш ниятим йўқ: айни пайт мен учун футбол биринчи ўринда туради, шунинг учун барча лойиҳалар назоратини ҳамкорларимга топшириб қўйганман.

Зеро, уларга тўлиқ ишонаман. Аммо шунинг баробарида ўзим ҳеч нарса тушунмайдиган соҳага асло аралашмайман».

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz