Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга кирита олмади. «Ҳам», дея урғу бериб гапиришимизга сабаб шундаки, яқинда ўсмирларимиз қитъа биринчилигидан маҳрум бўлишганди.
Юртимизда ёшлар футболи инқирозга юз тутмоқдами? Охирги икки саралашдаги натижага асосланиб айтадиган бўлсак, ҳа. Аммо бу инқирознинг катталар, яъни профессионал футболга таъсири жуда кучлими?
Бу ҳақда энди истаганча баҳслашиш мумкин. Чунки ёшларнинг мағлубияти бутун бошли ўзбек футболини ортга тортса, у ҳолда, ўсмирлар Осиё чемпиони бўлиб, ёшлар жаҳон чемпионати чорак финалига чиққанда футболимиз бирдан ривожланиб кетиши керак эди.
Аммо ўшанда ҳеч қандай юксалиш кузатилмади, шундай экан, ҳозирги мағлубиятлардан фожиа ясаш ярамайди.
МУНОСАБАТ
Ўзбекистон ёшлар термаси Тожикистонда бўлиб ўтган саралаш мусобақасида муваффақиятсизликка учрагандан сўнг кўп муносабат билдирилди. Уларнинг аксарияти танқидий руҳда эканини тушуниш қийинмас. Орамизда айюҳаннос солганлар ҳам бўлди.
Аммо ҳамма эмас. Масалан, Осиё чемпионати йўлланмаси қўлга киритилмаганидан фожиа ясамаганлар топилди. Шахсан ўзимга тажрибали журналист ва мутасадди Алишер Никимбаев томонидан билдирилган фикр жуда ёқди.
У «Твиттер»даги саҳифасида шундай қайд қолдирди: «Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси охирги марта Осиё чемпионати саралашидан ўта олмаганида, унинг таркибида қуйидаги футболчилар бор эди - Одил Аҳмедов, Вагиз Галиулин, Вадим Афонин, Лутфулла Тўраев, Камолиддин Мурзоев, Баҳодир Пардаев ва Баҳодир Насимов...»
Менимча, Алишер аканинг гапига қўшимча қилишнинг зарурати йўқ.
Жуда керак бўлса, қўшимча тариқасида Темур Кападзе, Сервер Жепаров, Сардор Рашидов, Азиз Ҳайдаров, Анзур Исмоилов, Санжар Турсунов ва Виталий Денисов кабиларнинг ҳам ёшлар футболида арзирли натижага эриша олмаганини қистириб ўтиш мумкин.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида барқарор ўйин намойиш этган футболчиларни кўриб чиқадиган бўлсангиз, улар орасида ёшлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпионатида иштирок этганларни кўп топа олмайсиз. Сизга яна қандай исбот керак?
ЙЎҚОТИШЛАР
Аксинча, ёшлигидан назарга тушиб, шуҳрат қозонган ўйинчиларни жуда тез йўқотганимизга кўп гувоҳ бўлганмиз.
Модомики, аниқ номлар келтираётган эканмиз, келинг, улар ким эканини яна бир бор ёдга олиб ўтсак - Аббос Махсталиев, Темур Ҳакимов, Бобур Давлатов, Сардор Раҳмонов, Сардор Собирхўжаев... Бу сиз эслай оладиган номлар.
Ёдингизга тушмайдиганлари ҳам анчагина. 2011 йилнинг ёзида Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг машҳурлик отига минганлар анчагина эди - Асилжон Мансуров, Азизбек Муротов, Давлатбек Ёрбеков, Холмурод Холмуродов.
Эсладингизми? Ўша жаҳон чемпионатидан сўнг уларнинг ҳар бири «Спарк» машинасига эга чиққанди. Ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасини олмаган болаларга «мойи артилмаган» уловлар топширилган. Аммо қани улар ҳозир?
Минг афсуски, биз бу иқтидорлардан ўзбек футболи келажаги бўлишларини кутгандик. Аммо уларнинг аксарияти ҳатто олий лига даражасига ҳам чиқа олмади. Чиққанлари эса шунчаки ўртамиёна футболчига айланган.
Жамшид Искандеров янги «Жепаров» бўлиши керак эди. Аммо «Пахтакор»да ҳам захирада қолган ўйинларини кўряпмиз.
Бир вақтлари Жепаров яхшими ёки ёмон, ишқилиб, Миржалол Қосимовга ўринбосар бўла олганди. Аммо Жепаровга издош футболчи яқин орада кўзга ташланмаяпти.
Ёки Игорь Сергеевни олайлик. Кутганимиз бўйича у камида Игорь Шквирин даражасига чиқиши тахмин қилинганди. Бироқ Сергеевнинг Шквирин билан фақат бир муштарак жиҳати бор экан - исми.
Агар иккиси ҳам Игорь бўлмаганда, бошқа ўхшаш жиҳатларни қидиришга ҳожат қолмасди. Шквирин ўз вақтида гол уриш бўйича рекорд ўрнатган бўлса, Сергеев антирекордларга ўралашиб қолди.
САБАБ
Хўш, бунга нима сабаб бўлди? Аслида ўсмирлар ва ёшлар футболида суяги қотган ўйинчилар катталар ўртасида ҳам ғалабаларга эришиши керак эмасмиди?
Қандай қилиб ўзбек футболи бутун бошли авлодни бой берди? Бу саволларга жавоб топиш учун дўппини олиб қў-йишга тўғри келади. Бир муддатга бўлса ҳам.
Ўзбек футболининг охирги 10 йилдаги фожиаси шунда бўлдики, ҳар қандай ёшдаги ғалабани жуда улкан ҳодиса сифатида қабул қилдик. Биз ҳатто 10 яшарлилар ўртасидаги мусобақаларга ҳам эътибор қаратдик.
2010 йили 15 ёшли болалар Осиё чемпионати финалига чиққанда, «Пахтакор» стадионига яқинлашиб ҳам бўлмаганди.
Орадан икки йил ўтиб, Дилшод Нуралиев бошчилигидаги жамоа Осиё чемпионлигини нишонлаганда эса фахрдан ўзимизни қўярга жой тополмаганмиз. Оқибат нима бўлди? Ҳозир ўша ёшлардан қанчаси миллий жамоа даражасига чиқа олди?
Натижага эътибор бўлгани яхши. Аммо мана шу эътибор оқибатида ҳали профессионал футболга кириб келишга ҳам улгурмаган иқтидорларнинг ривожланишдан тўхтаб қолиши ёмон.
Тан олайлик, ёшлар ва ўсмирларнинг ғалабалари бизга бир нарса учун керак эди - катталар ўртасидаги мағлубиятларни ҳаспўшлаш учун.
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳар сафар жаҳон чемпионатига чиқолмаганда ўсмирлар ва ёшлар футболидаги ютуқлар рўкач қилинди. Шунга яраша уларга эътибор ҳам юқори эди.
Туркия, БАА ва Австрияда ўқув-назорат йиғини ўтказиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.
Шунинг ўзига анчагина харажат қилингани ҳам турган гап. Аммо бу сарфлар керакмиди? Йиғинлар қай даражада мақсадли йўналтирилганди? Бу саволга жавобни ўйлаб бериш керак.
БЕГОНА
Европа ва Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган йиғинлар фойда келтирса, бу фақат бир мусобақа даражасида бўлди. Яъни, ёшлар ва ўсмирлар икки мартадан жаҳон чемпионати чорак финалига қадар етиб боришди.
Бўлди, шу билан муваффақиятлар якунига етади. Мана шу ютуққа эришиш учун эса футболчилар 5-6 ойлаб ўз клубидан узоқда, фақат терма йиғинида юришга мажбур бўлишди. Натижада ўз клублари учун бегонага айланишди.
Юқорида Алишер Никимбаев санаб ўтган футболчилардан аксарияти Россия чемпионати даражасига чиқишга муваффақ бўлишган.
Қолганлари ўзимизнинг олий лигада етакчилар сирасига кирадилар. Аммо ҳар бири ёшлар футболининг «омадсизлари» ҳисобланишади.
Нима деб ўйлайсиз, агар Одил Аҳмедовга ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш ёки «Анжи» ва «Краснодар» таркибида Европа Лигасида ўйнаш танлови берилганда, қай бирини танларди? Албатта, иккинчисини. Шундай эмасми?
Одил ёшлар футболида катта ғалабаларга эришмагандир, аммо унда бир устунлик бўлган - нимага қодир эканини ўз клубида исботлаш учун вақт ва имкон берилган.
Агар у ҳам «Пахтакор» машғулотларида тер тўкмасдан, худди Жамшид Искандеров сингари ёшлар термасидан бўшамаганда, шу даражага чиқармиди?
Ёки Искандеров ўз клубига керак пайтда Австрия ва БААда юрмаганда, нима бўларди? Бу саволларга жавоб бериш учун фақат эҳтимоллар назариясига мурожаат этишга тўғри келади.
ЙЎЛЛАНМА МУҲИМ ЭМАС
Мана энди яна бир жамоамиз Осиё чемпионатида иштирок эта олмайди. Аммо бу биз учун фожиами? Агар ўша футболчиларнинг бор умиди мана шу мусобақага боғланиб қолган бўлса, ҳа, фожиа.
Бироқ ўтган ҳафта Тожикистондан мағлубият билан қайтган ўйинчилар ҳали бутун фаолияти олдинда эканини ҳис қилиб турган бўлса, хавотирга ҳожат қолмайди.
Чунки энди Абубакир Мўйдинов «Бунёдкор»да, Ислом Кенжабоев «Насаф»да ва Камрон Саидазимов «Пахтакор»да бемалол асосий таркиб учун курашиши мумкин.
Уларга ҳеч нарса халал бермайди. Ишонинг, улар учун ҳозир жаҳон чемпионатига боргандан кўра, шу муҳимроқ.
Биз узоқ йиллар давомида ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги мусобақаларга катта умид боғлаб яшадик. Бироқ билдикки, бундай турнирлардан фойда кам экан. Ҳатто даҳшатли ўйин кўрсатган тақдирда ҳам Европанинг гранд клублари назарига тушиш қийин бўларкан.
ЮПАНЧ
Албатта, ҳозир айтилаётган гаплар худди ўзимизни юпатишга уринишдек туюлса, хафа бўлмаймиз. Бироқ ишонинг, Осиё тугул, жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилган тақдирда ҳам қарашим ўзгаришсиз қоларди.
Чунки охирги 10 йил давомида кузатганларим шундай фикр юритишга ундамоқда. Бир вақтлари «Бунёдкор»да ўйнаб кетган Хосе Луис Вильянуэва шундай деган эди:
«Менинг юртимда футболчилар «Реал» ёки «Барселона»да ўйнайман, деб шуғулланишади. Сизда эса уй қуриш ва машина миниш учун футбол ўйнашаркан».
Ҳа, биз ҳам ниҳоят, қаричимизни баландроқ олишни ўрганишимиз лозим. Ёшлар ва ўсмирлардан натижа кутишни бас қилиш керак. Истаймизми ёки йўқ, энг аввало, иқтидорли футболчи учун қайсидир ёш тоифасидаги мусобақа орзулар чўққиси бўлиб қолмаслиги керак.
Агар Темур Ҳакимов 16 ёшидаёқ «ҳамма нарса»га эга бўлмаганда, меҳнат қилишдан тўхтамаган ва балки «Пахтакор»нинг асосий таркибида тўп сураётган бўларди. Ким билади дейсиз, Европада ҳам ўйнармиди?! Аммо энди унинг учун биринчи лига ҳам орзу бўлиб қолиши мумкин.
ЯКУН
Айнан шу туфайли ҳам Тожикистондаги саралашда мағлубиятга учраган ёшлар учун қайғурмадим. Эҳтимол, орадан йиллар ўтиб айнан шу таркибдан чиққан 3, 4 ёки 5 футболчи Россия премьер-лигасида тўп сургани ҳақида ёзармиз.
Ахир 10 нафар Махсталиевдан кўра, бир нафар Аҳмедов чиққани яхши эмасми? Болалар футболидан профессионал спортга ўтиш осон эмас.
Агар сен 20 ёшингга қадар ўсмирлар ва ёшлар термасида тенгдошларинг қаторида ўралашиб қолсанг, профессионал клубда ўттизни қоралаб қўйган футболчи билан қандай келишиб кетасан? Ахир футбол ўйнашни ўшалардан ўрганиш керак эмасми?
Шундай экан, бошни баланд кўтаринг. Муҳими - бу ёғига тўхтаб қолмаслик керак...
АБДУЛЛОҲ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20