Қайднома

Қидирув

Кака: «Тақдиримдан нолиш – гунгоҳ»

Кака: «Тақдиримдан нолиш – гунгоҳ»

  20.11.2017 03:38
  0
  1773
Кака: «Тақдиримдан нолиш – гунгоҳ»

Adidas компанияси таклифига биноан, ЖЧ-2018 учун танланган расмий тўп тақдимотида иштирок этган Кака табиийки, ОАВ вакиллари қуршовида қолди.

Россиялик касбдошларимиз бразилиялик юлдуздан интервью олиш илинжида ҳаттоки, португал тилини ҳам ўзлаштиришди.

Лекин championat.com мухбири ўта жиддий тайёргарлик кўрганига қарамай, эндигина фаолиятини якунлаган футбол афсонаси билан суҳбатлашиш арафасида анчагина ҳаяжонланди ва буни яширмади ҳам:

«Имкони бор барча совринларни қўлга киритган юлдуз қаршисига чиққач, олдиндан режалаштирилган саволларни унутиб қўйсам керак-ов...».

Боз устига, Кака билан мулоқот учун атиги 10 дақиқа ажратилганди. Муҳими, касбдошимиз ўзини йўқотиб қўймади. Қуйидаги интервью бунга асос.

- Янги тўпни амалда синаб кўрдингизми?

- Йўқ, ҳозирча уни бирров кўрдим, холос. Яъни тўпни оёғимда ўйнатишга ҳали  улгурмадим.

- Фаолиятингиз давомидаги энг чиройли голни қайси тўпда ургансиз?

- Эҳ, хотирамда муҳрланиб қолган алоҳида голлар анча кўп. Шундай экан, биттасини ажратиб кўрсатишим қийин. Мисол учун, 2007 йили Европа Чемпионлар Лигаси ярим финалида «МЮ» дарвозасига урилган голни айтишим мумкин.

- Хайнце ва Эвра ўша ўйиндан кейин тун бўйи ухлолмай чиқишган экан. Уларга раҳмингиз келмаганми...?

- Аслида ҳамиша рақибларга ҳурмат билан қарайман, бироқ ўша лаҳзада бу ҳақда ҳаттоки, ўйламагандим.

- Афтидан, Патрис Эвра ҳанузгача асабий ҳолатдан халос бўлмагандек - яқиндагина мухлислардан бирининг бошига тепиб юборди. Тўғри, бунга дахлдор эмассиз...

- Албатта, дахлим йўқ-да. Ахир орадан қанча вақт ўтди.

- Фаолиятингизнинг илк босқичида Россия клубларидан бири сафига қўшилишга яқин келганингиз ростми?

- Ўша вақт шахсан ўзимга расмий таклиф тушган эмас. Лекин билишимча, Москва жамоалари хизматимга жиддий қизиққан.

- Қайси бири - ЦСКАми?

- Очиғини айтсам, жамоа номини эслолмайман.

- Умуман, ўшанда қайси клублардан расмий таклиф олгансиз?

- «Байер», «Брешиа», «Манчестер Сити», «Челси»...

- Энди Кака тахаллуси тарихи ҳақида маълумот берсангиз...

- Болалик пайти укам асл исмим - Рикардони тўлиқ талаффуз этолмай, шунчаки, «Кака», дея мурожаат қиларди. Шу-шу бу тахаллус доимий ҳамроҳимга айланган.

- Кака - бу ибора россияликлар учун ғайритабиий эшитилади. Унинг қандайдир маъноси борми?

- Бошқаларни билмайману, лекин бунинг шахсан ўзим учун аҳамияти жуда катта.

- Ҳа, ҳозир исмингиз бутун футбол олами учун кўп нарсани англатади. Хўш, «Кака» ибораси португал тилида қандай маънога эга?

- Билишимча, бунда бирор алоҳида маъно йўқ. Шунчаки, укамнинг тилидан чиққан ибора.

- 18 ёшингизда бир умрга ногирон бўлиб қолишингиз хавфи туғилган экан. Ўзи қандай фалокат рўй берганди?

- Сув ҳавзасига омадсиз сакрагандим. Аниқроғи, бассейн тубига бошим билан урилганман. Оқибатда бўйним қаттиқ шикастланган ва чамаси 2 ой ҳеч қандай ҳаракатсиз ётганман. Шифокорлар ўта омадли йигит эканлигимни кўп бора таъкидлашади. Зеро, айтишларича, бутунлай ногирон бўлиб қолишим ҳеч гап эмасди. Шундан буён мени тўлақонли ҳаётга қайтаргани учун Яратганга ҳамд айтаман. Тақдиримдан нолишим - катта гуноҳ.

- Ўша фалокатдан кейин маошингиздан 10 фоизини черковга эҳсон қилишни одатга айлантирган экансиз...

- Йўқ, аслида хайрияни муқаддас китобдаги қоидалардан бири - дисима (аниқ таржимаси - ўндан бир қисм)га биноан амалга ошираман. Хуллас, хайр-эҳсон ишларининг юз берган фалокатга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

- Шу-шу сув ҳавзасига яқинлашмай қўйгандирсиз...

- Бир неча йилдан кейин жароҳатдан батамом қутулдим. Ҳозир эса чўмилиш учун бемалол сувга сакрашим мумкин.

- Даволаниш даврида ўз олдингизга 10та асосий мақсад белгилаб қўйганингиз тўғрими?

- Унчалик эмас. Ҳа, чиндан ҳам, алоҳида рўйхат тузганман. Лекин даволаниш жараёнида эмас, балки профессионал даражада тўп сура бошлаганимдан кейин.

- Қизиқ, уларнинг нечтасини бажаришга муваффақ бўлдингиз?

- Айтишим мумкинки, мақсадимга тўла-тўкис эришдим.

- Айтингчи, жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиш вазифасини ўша рўйхатда нечанчи қаторда қайд этгандингиз?

- Очиғи, шахсий рўйхатимда бундай банд йўқ эди. Шунчаки, Бразилия терма жамоада ўйнаш алоҳида мақсад сифатида ёзилганди. Қолаверса, бу вазифа рўйхатнинг охирги қаторидан жой олганди.

- Собиқ жамоангиз «Милан» Чемпионлар Лигаси финалида 3:0 ҳисобида олдинда бора туриб, якунда нуфузли совринни қўлдан бой берган. Фаолиятингиздаги энг катта омадсизлик шу бўлса керак...

- Шахсан мен учун унутилмас сабоқ берган тарихий ўйин. Айнан ўша оқшом футболда ҳар қандай воқеа юз бериши мумкинлигига тўла амин бўлгандим.

- Сиз учратган энг қувноқ футболчи ким?

- Бу масалада 2 кишини кўрсатаман: Робиньо ва Марсело.

- Улар қандай «ҳунар»ларни намойиш этишган?

- Иккиси ҳам турли оҳангда гапириш ва хаёлга келмайдиган нарсаларни ўйлаб топишга уста. Муҳими, уларда ҳар қандай мураккаб вазиятда барчасини ҳазилга йўйиш қобилияти кучли. Дейлик, телевизор кўраётган ёки мусиқа тинглаётган вақт­да изоҳларидан кулавериб, ичагимиз узиладиган ҳолатга келарди...

Блиц-анкета

 - Хаёлингизга биринчи бўлиб келадиган россиялик футболчи?

- Андрей Аршавин.

- Бразилия термасининг Неймардан кейинги иккинчи рақамли ўйинчиси?

- Габриэль Жезус.

- Агар келишувга эришишса, «Спартак» ёки «Зенит»га ўтасизми?

- Ҳа!

- Бразилияликлар немислардан қачон қасос оладилар?

- Шахсан мен кимдандир ўч олишга одатланган эмасман.

- «Барселона»нинг Испания чемпионатида қолишини истайсизми?

- Ҳа, албатта.

- Месси ёки Роналду?

- Иккиси ҳам.

- «Олтин тўп» учун курашда Месси ва Роналдудан устунлик қилган ягона футболчи?

- Шубҳасиз, ўзим.

- Фаолиятингиздаги энг асосий соврин?

- Жаҳон чемпионати кубоги.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz