Қайсидир гранд ёрқин старт қайд этганида, унинг ёғдуси бунчалик таралмасди, албатта. Қаранг, аввалги мавсумни катта қийинчилик эвазига ўртамиёналар қаторида якунлаган «Валенсия» бугун нималар қиляпти?
Оддий айтганда, «кўршапалаклар» бургутдек учишмоқда. Мана, қаторасига 7та учрашувда зафар қучган жамоа бундан нақ 70 йил (!) муқаддам ўрнатилган шахсий рекордини такрорлади, қолаверса, маҳсулдорлик бобида карвонбоши - «Барселона» билан бир хил кўрсаткичга эга бўлиб турибди - 30та гол.
Фақат ўйин ҳолатидан урилган голларни олсак, «Валенсия» олдинда! Тўғри, жамоа вакиллари ўйин ҳолатидан 22та гол урган бўлсаларда («Барселона»да 21та гол), очколар бобида Каталония гранди тўрт «қадам» илгарилаб кетишга улгурди.
Лекин «кўршапалаклар» шунинг баробарида Мадрид суперклубидан шунчалик олдиндалар. Боз устига, «Валенсия» биринчи давра ҳисобидан деярли барча жиддий рақиблар билан ўйнаб бўлди, биргина «Барса»га қарши учрашув қолди.
Демак, 26 ноябрь оқшомига белгиланган беллашув Ла-лигада кузнинг бош қарама-қаршилигига айланади. Шубҳа йўқ, энг сермаҳсул икки жамоа ўртасидаги баҳсда муросасизлик юқори нуқтага кўтарилади.
Ёғду ортида қора булут
2014|2015 йиллар мавсуми. «Реал» устидан ажойиб ғалабага эришган, дунёнинг энг кучли клуби - «Барса»га муносиб қаршилик кўрсатган «Валенсия» 4-ўринни эгаллаб, ЧЛ йўлланмасига эга чиққанди.
Бироқ жамоа янги мавсумда «Зенит», «Лион» ва «Гент» билан битта гуруҳда ўйнаб, «плей-офф» раундига ўтолмади. Ички чемпионатда эса сегундага тушиб кетишига бир баҳя қолди.
Хайриятки, Гари Невилл шошилинч тарзда мураббийлик фаолиятига нуқта қўйди. Акс ҳолда, «кўршапалаклар» примеро билан хайрлашармидилар?
Хуллас, Испаниянинг энг серқуёш гўшаси футболи қора булутлар кўланкасида қолди: 144 млн. евро эвазига кучайтирилган жамоанинг ўйинлари ўта сифатсиз эди, стадион эса португалиялик агент Жорже Мендеш мижозлари - Нуну, Андре Гомеш, Канселу, Данило ва Родригога қарши норозилик ҳайқириқларига тўлиб кетганди.
Эътибор беринг, «Валенсия»да бир йил давомида 5 марта мураббий алмаштирилди. Жамоа хусусан, Чезаре Пранделли даврида 17-ўринга тушиб қолди, Зазани вақтида сотиб олишмаганини баҳона қилган италиялик мутахассис ватандошини амалда синаб кўришга ҳам улгурмай, истаъфога чиқди.
Ниҳоят, шу йилнинг мартида парокандаликка чек қўйилди. Бош директор лавозимига таклиф этилган «Мальорка»нинг собиқ президенти Матео Алемани қатъият кўрсатиб, мутасаддилар ғоясини бир четга сурди.
Яъни бош мураббий вазифасини Кике Сетьенга топширишни истамади, қолаверса, устамон Жорже Мендешга боғлиқликдан воз кечди.
Шу тариқа «кўршапалаклар» доимий вақтинчалик мураббий Воро Гонсалес раҳбарлигида чемпионатни 12-поғонада якунлашди.
Янги бошқарувчи - Марселино эса Вородан чемпион «Реал»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган жамоа ва асосий таркибга мослашиб улгурган Карлос Солер ҳамда Симоне Зазани мерос қилиб олди. Италиялик ҳужумчи аввалги мавсум жами 9та гол урганди.
Малакали мураббий фойдаси
Марселино Тораль аслида «Валенсия»да сал аввалроқ иш бошлаши ҳам мумкин эди. Лекин Испания футбол федерацияси қоидасига кўра, мураббий бир мавсум давомида 2та жамоани бошқаролмайди.
Шу боис, «кўршапалаклар» Пранделли билан мажбуран шартнома тузишганди. Мана, бир йил ортга сурилган танишув ғоят кўнгилли бўлди.
«Месталья» офисидаги оддий секциялар учун ажратилган хонада камтарона дастурхон ёзилиб, жамоа фахрийлари зайтун ёнғоғи ва ичимликлар билан сийланишди.
Айни ўша вақт, яъни сентябрь ойида «Валенсия» аввалига «Лас-Пальмас»ни енгиб, кейин «Сантьяго Бернабеу»да жанговар дуранг (2:2) қайд этганди.
Шу туфайли Марселинони табриклаш учун ватандошлари бутун оилалари билан ташриф буюриб, уни совғаларга кўмиб ташлашди. Тантаналарни такроран томоша қилган мухлис икки нарсани кўнглига тугиб қўйгани аниқ:
хуштаъм ёнғоқ ва ичимликдан баҳра олиш ҳамда Марселино билан йилда 2 марта шундай улфатчилик қилиш учун клуб акцияларини сотиб олишни.
Астурияда таваллуд топган Тораль вақтида маҳаллий «Спортинг» таркибида тўп сурган. Футболчилик фаолияти якунлангач, сегунда вакили «Рекреативо»ни қабул қилиб, уни 2 йил (2005-2007) ичида примеронинг 8-поғонасига олиб чиқди.
Кейинги мавсум «Расинг»да ишлаб, 6-ўрин баробарида УЕФА кубоги йўлланмасини таъминлади. Хуллас, «Расинг» тарихида янги саҳифа очди. Марселино навбатдаги клуби - «Сарагоса»да ҳам муваффақиятли ишлаб, уни элита аъзосига айлантирди.
Биргина «Севилья»да нисбатан омадсиз мавсумга юз тутди. Шундан сўнг «Вильярреал» бошқарувини қўлга олган Тораль жамоани дарҳол қуйи лигадан олиб чиқиб, 3 йил давомида ЕЛ ярим финалида ўйнашига замин яратди.
Ўшанда «сувости кемаси» «Ливерпуль» тўсиғидан ўтолмаганди. Марселино эндиликда бор билим ва тажрибасини «Месталья»да амалга татбиқ этмоқда. У Гари Невилл туфайли дабдала бўлган 4-3-3 схемасидан воз кечиб, 4-4-2 услубини қўллай бошлади.
Натижада «Валенсия» ҳаммани лол қолдиришга киришди ва ўз тарихидаги энг муваффақиятли стартни расмийлаштирди: қаторасига 6та ғалаба 2007 йил, 7таси эса узоқ 1947 йилдан буён кузатилмаганди. Умуман, дастлабки 11та учрашувда 27 очко жамғариш жамоа тарихида биринчи марта рўй берди.
Табиийки, муваффақиятга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. «Тўпни 80 фоиз вақт давомида ўз назоратида олиб юрадиган жамоалар ўйини мен учун жуда зерикарли», - дейди мураббий. Марселино - тезкор қарши ҳужумлар, ихчам вертикал футбол тарафдори.
Ҳаттоки, ўта ёрқин чиққан ўйинларида ҳам «Валенсия» тўпга эгалик қилиш масаласида ортиқча мақтанолмайди. Айни пайт жамоа Ла-лигадаги энг ёш таркибга эга.
Дейлик, Мендешнинг таъсири кучли бўлган илк мавсумдаги таркибдан атиги 4 нафар футболчи қолган: Парехо, Везу, Родриго ва Гайя. Марселинонинг машғулотларида футболчилар кўп тер тўкишади, лекин ўйинда чинакамига лаззат олишади.
Шу боисми, Негредо, Энцо Перес, Диего Алвес ва Нани жамоадан кетишди. Абденнур эса ижара асосида «Марсел»га юборилди. Улар ўрнини ғалабага чанқоқ ёшлар эгаллашди.
Масалан, бунгача ҳаммадан дакки эшитган Заза, «ПСЖ»да ғойиб бўлган Гуэдеш, ҳуштакбозликлар сабабчиси Парехо, «Интер»да ўз ўйинини тополмаган Кондогбиа, ноёб иқтидор соҳибидан оддий тарбияланувчига айланган Нету айнан Марселино туфайли ўзгача нур соча бошладилар.
Мураббий ҳар бир шогирдининг қандай нафас олишидан тортиб, овқатланишию, нима ичишигача - барчасини назорат қилишга интилади, уларнинг оила аъзоларига бу борада тегишли маслаҳатлар беради. Шифокорлар эса турли тестлар ёрдамида ўйинчилар саломатлигини назорат қилишади.
«Очиғи, дастлабки кунларда Марселино бизни жуда қийнаб қўйди. Унинг сабоқлари эвазига «Вильярреал»дан «Арсенал»га ўтгандим. «Валенсия» таклифини эса ўйлаб ўтирмай, қабул қилдим. Чунки бу мураббий билан ишлаш имкониятини ҳеч нарсага алмаштирмайман», - дейди Паулиста.
Марселинода ўта шафқатсиз машғулотлардан ташқари, яна бир махфий қуроли бор: у ўйинда худди шогирдлари каби теппа-тенг иштирок этади.
Дейлик, «Реал Сосьедад» дарвозасига урилган голни нишонлаш пайти мураббий оёғини қайриб олди. Кейин бу воқеага оддий изоҳ берди: «Ўйинда фақат менинг жароҳатланишим зарарсиз. Ахир майдонга тушмайман-ку!»
Шижоатли тарбияланувчилар фойдаси
Иккинчи тур ўйинида «Реал» дарвозасига урилган биринчи гол - «Валенсия» академияси маҳсули. Гайя ўша вазиятда Карвахални алдаб ўтди, Кейлор Навасни доғда қолдириш учун эса Лато ва Солернинг тўпга тегишлари кифоя қилди.
Энди 22 ёшга тўлган Хосе Луис Гайя «кўршапалаклар» сафида 5-мавсумни ўтказмоқда. 19 ёшли Лато ва ундан бир ёш катта Солер эса таркибга Воро даврида қўшилишганди.
Лато ҳозирча ротация ўйинчиси саналса, Гайя ва Солер еврограндлар сафига ўтишга шай ҳолатда. Мисол учун, Англия клублари вакиллари Хосе Луисни анчадан буён кузатмоқдалар. Умуман, тарбияланувчилар масаласида «Валенсия»га етадиган жамоа йўқ.
Айни пайт Хорди Альба ва Хуан Бернат топ-клубларда ўйнашмоқда, Конселу эса «Интер»ни танлади. Навбат - Гайя ва Латога. Аввалги икки мавсумда айнан сўл қанотдаги заифлик «Валенсия»нинг омадсизлигига сабаб бўлганди.
Гайя шу муаммога батамом барҳам берди. Жамоанинг содиқ жангчиси ҳозиргача 118 марта майдонга тушди (бу борада 238та ўйинда иштирок этган Пареходан ортда, холос).
Сардор ўринбосари айниқса, Гонсалу Гуэдеш билан дуэт ташкил этганидан кейин самаралироқ (10та самарали узатма) ҳаракатланиб, етакчилардан бирига айланди. Карлос Солер эса ўтган йили Жозе Моуриньодан «МЮ»га ўтиш таклифини олганди.
«Беназир» ҳозир ҳам бу футболчини қўлга қиритиш орзусида. Солер маҳорат бобида дейлик, Марко Асенсиодан сира қолишмайди. Бунга футболчиларнинг Испания ёшлар терма жамоасидаги ўйинлари далил.
Гонсало Гуэдеш эса бутун фаолиятидаги энг муваффақиятли мавсумни ўтказмоқда: примеро доирасидаги 8та учрашувда 8 балл (3та гол + 5та самарали узатма) тўплади.
«Месталья»да катта эркинликка эга бўлган ҳужумкор ярим ҳимоячи чинакам юлдузлардек тўп сурмоқда - жамоа португалиялик футболчига ўйнайди, у эса бунга сермаҳсуллик билан жавоб қайтаради.
Ижара келишуви асосида таклиф этилган Жоффре Кандогбиага келсак, у «Валенсия»даги фаолиятини «Реал» дарвозасини нишонга олиш билан бошлади. Бу футболчи рақибларга сездирмай яқинлашиб, тўпни олиб қўяди.
Жоффре шунингдек, мунтазам равишда ортга қайтиб, Дани Парехога тезкор рейд уюштириш имкониятини яратади - қарши ҳужумни хуш кўрадиган жамоа учун жуда муҳим жиҳат.
Узоқ вақт мухлис ва мутахассислар эътиборидан четда юрган Дани Парехо эндиликда ҳозирги таркибнинг садоқатли жангчиларидан бири эканлигини исботламоқда.
Ҳимоячини «Наполи», «Севилья» ва «Барселона» ўз сафига чорлади, аммо у ҳеч қаерга кетмади. Дарвоқе, афсонавий Альфредо ди Стефано вақтида Парехони «Реал» ёшлар тизимининг энг истеъдодли аъзоси сифатида эътироф этганди.
Тўғри, Дани «Қироллик клуби» асосий таркибидан жой ололмади. Лекин пенальтини моҳирона амалга оширишию, айланма зарбалари ҳеч қаерга ғойиб бўлгани йўқ. Шунингдек, ди Стефанони мафтун этган ажойиб узатмалари ҳам жойида.
«Марселино келгач, 5,5 килограмм вазн ташлашимга тўғри келди», - дейди Парехо. Ҳозирда у ҳал қилувчи узатмалар бўйича жамоа етакчиси, аниқ ҳаракатланиш бобида эса барча ярим ҳимоячи ва ҳужумчилардан олдинда - 89 фоиз!
Симоне Заза ва Родриго
Италиялик ҳужумчи «Вест Хэм»да бирорта гол уролмай, даҳшатли татуировкаларидан бошқа бирор жиҳатини намойиш этолмаганди. Энди у доимо керакли пайт керакли нуқтада ҳозир бўлиб, маҳсулдорликни қойиллатмоқда.
2014|2015 йиллар мавсумини «Бенфика»да аъло даражада ўтказган Родриго эса нақ 30 млн. евро эвазига харид қилинганди. У кейинчалик хотиржамликка берилдими, бирданига семириб кетди. Боз устига, 2 марта жиддий жароҳатланди.
Асосийси, мухлислар қўлтиқтаёқда келган ҳужумчини доимо қўллаб-қувватлаб туришди. Мана, Марселинонинг саъй-ҳаракатлари билан ҳужумчи испаниялик касбдошлари орасида Ла-лиганинг энг яхши тўпурари (6та гол)га айланди.
Шунингдек, 2014 йилдан буён терма жамоа сафида илк марта майдонга тушиб, албанияликлар дарвозасига гол урди. Хуллас, «Валенсия» инқироз давридан чиқиб, қудратли жамоа мақомини олишга шайланмоқда. Демак, уни севиш вақти келди, шошилинг!
Содиқ СОБИР тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20