Қайднома

Қидирув

«Фил суриб, от ўйнатиш» - ғалаба имкони

«Фил суриб, от ўйнатиш» - ғалаба имкони

  21.11.2017 16:38
  0
  1662
«Фил суриб, от ўйнатиш» - ғалаба имкони

Бош жамоамиз яна мағлубиятга учради. Рўзиқул Бердиевнинг дебюти муваффақиятсиз чиқди.

Кайфиятимиз бузилди, албатта. Нега бузилмасин ахир?! Ёшлар майдонда олов бўлиб ёнишларини, ғайрат-шижоат кўрсатишларини истагандик.

Афсуски, улар акаларидан ноўрин оғир карвонлик ва бемаврид хотиржамлик «вирус»ини юқтириб олишган, чоғи. Ҳар ҳолда, ҳаракатларида алоҳида жонбозлик сезилмади.

Тўғри, терма жамоамиз натижа, балки ғалаба учун ҳам курашди, қўл қовуштириб ўтирмади. Аммо бунга қаратилган ҳаракат жонбозлик даражасига кўтарилмади.

Биз назарда тутаётган ҳолат «Насаф» - «Пахтакор» учрашувида яққол кўзга ташланди.

Жонбозлик қандай бўлишини «аждарлар» барчага кўрсатиб қўйишди. Миллий жамоамиз афсуски, «Насаф» каби жонкуярлик билан тўп суролмади.

Хўш, бундай фарқнинг сабаби нима? Ахир ҳар икки ўйинда бош жамоамиз ва «Насаф»ни Рўзиқул Бердиев бошқарди-ку?!

Аслида бош жамоамиз иштирокидаги баҳс «Насаф»нинг мавсум тақвимида энг асосий мақомини олган ўйиндаги ҳаракатларига салбий таъсир қилиши керак эмасмиди?! Биз шундай воқеа кузатилишидан хавотирлангандик.

«Аждарлар» бу каби тахминий хавотирларни нари суриб, ўйинга пухта тайёргарлик кўриш учун нисбатан яхши имкониятга эга бўлган «Пахтакор»ни йирик ҳисобда енгдилар. Улар стадионни тўлдириб ўтирган мухлислардан куч олишдими? Инкор этмаймиз.

Қаршидаги стадионда ғалаба кайфияти ҳукм сурди. Бироқ тажрибадан биламизки, футболда мухлислардаги ғалаба иштиёқи ўйин натижасига жиддий таъсир ўтказолмайди.

Акс ҳолда, Жанлуижи Буффонга қўшилиб, «тиффозилар» ҳам аччиқ кўз ёшлари тўкишмасди. У ҳолда «Насаф» қандай омил эвазига «шерлар» устидан ғалаба қозонди-ю, терма жамоамиз БААда мағлубиятга учради?

Икки учрашувни қиёслаб хулоса қилдикки, бош жамоамизга эркин руҳ етишмади. Бошқача айтганда, футболчилар ўзларига ўхшашмади.

«Кумуш ўйин»га айланган учрашувда эса Азиз Ғаниев ўзи истагандек жанговар кайфиятда тўп сурди, Баҳром Абдураҳимов эса ҳаттоки, Александр Лобанов асаблари билан бемалол ўйнашиб, охир-оқибат, уни жазолади.

БААдаги учрашувда футболчиларимизда шундай табиий ва эркин ҳаракатлар механизми кузатилмади. Балки улар терма жамоа босими боис, ўзлари истагандек тўп суришмагандир. Эҳтимол.

Агар масала шу зайлда қўйилса, масъулият кўпроқ Рўзиқул Бердиев зиммасига тушади.

Дебют баҳсига аввало, унинг ўзи сал бошқачароқ йўсинда ҳозирланиши зарур эди, қолаверса, бундай ёндашувни жамоага янги таклиф этилган футболчиларга ҳам сингдириши талаб этиларди. 

Ана, Аргентина ва Нигерия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик баҳсида дебютант Брайан Идову илк голини нишонлади. У ўз ҳаракатлари билан минг йиллардан буён Нигерия терма жамоаси таркибида тўп сураётгандек таассурот уйғотди.

Демак, футболчи терма жамоадаги дебютида ҳам аввалгидек, ҳаттоки, ундан ҳам яхшироқ тўп суриши мумкин. Ҳа, бизнинг мураббийлар ва футболчилар ўйин сирларини ёмон билишмайди.

Улардаги камчилик интеллектуал ва психологик билимлар билан боғлиқ. Мазкур икки нуқсон сабаб, мураббийларимиз ва футболчиларимиз ўйин жараёнини етарли даражада бошқаришолмайди.

Биргина мисол, Шота Арвеладзе «Насаф» - «Пахтакор» учрашувида Шерзод Аъзамовни асосий таркибга киритмади. Натижада «Пахтакор» ҳимоясида жиддий муаммолар юзага келди.

Фикримизча, грузин мутахассиси якунда дарвозани Элдор Суюновга топширмаганидан афсусланди. Ҳаммаси тушунарли - мураббий ва футболчилар қандайдир истеҳолага боришди.

Шу истеҳола енгиб ўтилганда, балки «Пахтакор» йирик ҳисобли мағлубият доғида ўртанмасди. Ҳарқалай, Қаршидаги учрашув шундай тус олишини кўпчилик кутмаганди.

Эҳтимол, бу ҳисобда кутилмаганлик йўқдир. Негаки, кубок чорак финалидаги икки баҳсда «Насаф» 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, Рўзиқул Бердиев дейлик, Игорь Сергеевнинг гол уролмаслик сабабларию, Александр Лобановнинг қандай вазиятларда асабийлашиши, довдираб қолишини шогирдларига аниқ тушунтира олган.

У мазкур икки футболчини терма жамоамиз таркибига лойиқ кўрмади. Бизнингча, мураббийга Игорь Сергеев ва Александр Лобанов истеъдодига соя солаётган ҳавойилик ёқмаган.

Фақат мураббийлик этикасига мувофиқ, у бу хусусда очиқ сўзламайди. Кези келганда айтиш керак, «Пахтакор»нинг жамоавий кайфиятида мана шундай ҳавойилик, футболга дахлсиз ўзини баланд тутиш мавжуддек.

«Шерлар» муваффақиятига халақит берадиган ҳолат бу. Зеро, мухлислар «Пахтакор»даги ўзгаришларга катта умид боғлашяпти.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Ўтган ҳафта Ирландия ва Дания терма жамоалари ўртасидаги «плей-офф» баҳси ҳам барчанинг эътиборини тортди. Негаки, айнан шу ўйин футболимиз табиатига нисбатан мувофиқдек туюлди.

Хусусан, Дания термасининг ўйин услуби. Жамоа катта тезликда ҳаракатланмайди. Тўп узатишлар ҳам аниқлик ва оддийликка асосланади. Фарқи шундаки, ҳужумнинг якунлаш чоғи футболчилар бирдан оловланишади, ҳаракатлар ҳаддан зиёд тезлашади.

Рақиб жамоа бундай тезликни кутмайди. Кристиан Эриксеннинг Ирландия термаси дарвозасига урган учинчи голини эсланг. Ҳимоячи оғзини очиб, тўпга оёқ чўзгунича даниялик ҳужумкор футболчи тўфондек келиб гол урди.

Россия ва Испания терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувида эса ҳисоб 3:3 бўлиб турганида, Фёдор Смолов дарвозабон Давид де Хеа олдига ёлғиз чиқиб, тўпни тепишга улгурмади.

Тьяго Безерра ҳам шундай вазиятда «Насаф» дарвозасини ишғол қилолмади. Сабаб битта: тез, аниқ ва кучли зарба йўқ. Кристиан Эриксеннинг устунлиги мана шу фазилатлар билан изоҳланади.

Таассуфки, бутун иштиёқини Дания терма жамоасини ЖЧ-2018га олиб чиқишга сарфлаган футболчи «Тоттенхэм»га ёрдам беролмади.

Вазиятдан фойдаланган «Арсенал» эса мухлислари ва Арсен Венгерни қувонтирди.

Майдонда шахматчилар каби тафаккур қиладиган еврофутбол шу зайл бизни «фил суриб, от ўйнатишлари» билан завқлантираверади. Қачонгача? Савол мураббийлар ва футболчиларимизга...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz