Қайднома

Қидирув

Отабек ва Шукурали бир-бирини қанчалик яхши билади

Отабек ва Шукурали бир-бирини қанчалик яхши билади

  22.11.2017 03:39
  0
  1138
Отабек ва Шукурали бир-бирини қанчалик яхши билади

Дўстлик - инсон ахлоқининг бебаҳо гўзаллиги, ижобий фазилатлар гавҳари. У туфайли хонадонимиз обод, дунёда тинчлик ва дастурхонимизда тўкинлик ҳукмрон.

Шунинг учун ҳам доно кишилар жамиятда дўстликни улуғлаб, қадрлаб келганлар, одамларни тотувликда яшашга, кўпроқ дўст орттиришга ундаганлар.

Спортчилар, хусусан, футболчилар орасида ҳам бир-бири билан жуда қалин, чин дўстлар етарли. Бугун сизларни ана шундай икки ўйинчи билан яқиндан таништирамиз.

Қаҳрамонларимиз «Қизилқум» жамоаси аъзолари - ҳимоячи Шукурали Пўлатов ҳамда ҳужумчи Отабек Зокиров. Бу икки истеъдод соҳиблари катта футболдаги фаолиятларини деярли бир вақтда бошлашган.

Уларнинг ҳар иккиси ҳам Қўқон футболи тарбияланувчилари ҳисобланишади. Саҳифамиз меҳмонларига 10та савол билан мурожаат қилдик.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, улар бир-бирларининг жавобларини эшитишмаган. Кўрайлик-чи, икки дўст бир-бирларини қанчалик яхши билишар экан?

---------------------------------------------------------

1. Ўртангиздаги дўстлик қачондан бошланган?

2. Дўстингизнинг айнан қайси хислатини қадрлайсиз?

3. Бир-бирингиз билан ҳеч гап талашиб қолганмисиз?

4. Дўстингиз ёлғон гапириб турадими?

5. Футболдан ташқари қизиқишларини биласизми?

6. Дўстингиз қайси таомни хуш кўриб истеъмол қилади?

7. Қайси рангни ёқтиради?

8. Дўстингизни хафа қилиш осонми?

9. Дўстингизнинг қандай камчиликлари бор?

10. Дўстингизга тилакларингиз...

Шукурали Пўлатовнинг жавоблари:

1. Отабек билан «Нефтчи» ўринбосарлар жамоаси таркибида ўйнаб юрган кезларимиз танишганмиз. Қарийб 8 йилдан бери бир-биримиз билан қалин дўстмиз. Нима ҳам дердим, дўстлигимизга кўз тегмасин.

2. Ҳамма хислатини қадрлайман. Босиқ йигит. Ҳар бир гапини ўйлаб гапиради. Қўлидан келганча ёрдам беришга интилади. Ҳеч қачон яхшилигини миннат қилмайди.

3. Шундай пайтлар бўлади. Асосан майдонда бир-биримизга қаттиқроқ гапириб юборишимиз мумкин. Лекин бу узоқ вақт чўзилмайди. Яна тезда тил топишиб кетамиз.

4. Ёлғон ишлатганини эслай олмайман. Ўзим ҳам алдаганларни ёмон кўраман.

5. Футболдан ташқари сузиш ва футзалга қизиқади. Қолаверса, кўп вақтини тренажёр залида ўтказишга ҳаракат қилади. Базада бўлган вақтларимиз бу спорт турлари билан шуғулланиб турамиз.

6. Водийча паловни яхши кўради. Ўзиям онда-сонда тайёрлаб туради. Лекин очиқ айтишим керак, унчалик ўхшамайди.

7. Оқ, қора ва яшил рангларни яхши кўради. Чунки кўпроқ шундай тусдаги либосларни кийиб юради.

8. Уни ранжитиш осон. Чунки Отабекнинг кўнгли жуда бўш. Тезда хафа бўлиб қолади.

9. Камчиликлари деярли йўқ. Фақат ишонувчанлигини айтмаганда.

10. Албатта, энг яхши тилакларимни билдираман. Дўстлигимиз абадий бўлсин. Оилавий хотиржамлик тилайман. Барча эзгу истакларига эришсин.

Отабек Зокировнинг жавоблари:

1. Кечагидек эсимда, 2010 йили «Нефтчи» ўринбосарлар жамоасида ўйнаб юрган пайтимизда танишганмиз. Шундай дўстим борлигидан хурсандман.

Чунки нима ишга қўл урсам ҳам, албатта, Шукурали билан маслаҳатлашаман. У мендан икки ёш катта. Битта кўйлак бўлса ҳам кўпроқ йиртган (кулади).

2. Қўлидан келганича ёрдамлашишга интилади. Ҳеч қачон билмайман, деган жавобни бермайди. Ҳеч бўлмаганда, ўша масала бўйича ўз фикрини билдиради.

3. Бундай ҳолатни эслай олмаяпман. Балки ёшликда бўлгандир. Лекин яқин орада гап талашмадик.

4. Шахсан мени алдамаган. Бошқалар билан муносабатда ҳам ёлғон ишлатмаган бўлса керак, деб ўйлайман.

5. Кўпроқ оиласи даврасида бўлишга ҳаракат қилади. Биласиз, спортчилар, хусусан, футболчилар яқинларидан йироқда юришади. Шу боис ҳам таътил берилиши ҳамоно уйига ошиқади.

6. Таом танламайди. Лекин кўпроқ водийча «пирожок», яъни босмани яхши кўради.

7. Бунисини аниқ билмас эканман. Менимча, ёрқин рангларни хуш кўрса керак. Кийинишидан келиб чиқиб тахмин қиляпман.

8. Хафа қиладиган даражагача бормаганмиз. Лекин уни ранжитиш осон, деб ўйлайман. Бир-икки марта шунга гувоҳ бўлганман.

9. Камчилиги - ўта содда ва ишонувчан йигит. Бошқа нуқсонини билмайман.

10. Бундан ҳам яхши жамоаларда ўйнасин. Ота-онаси, яқинлари бахтига соғ юрсин. Энг муҳими, дўстлигимиз абадий бўлсин.

------------------------------------------------------

Саҳифамизнинг бугунги қаҳрамонлари «Қизилқум» жамоаси аъзолари - ҳимоячи Шукурали Пўлатов ҳамда ҳужумчи Отабек Зокировнинг дўстлигидан бохабар бўлдик. Ҳар икки футболчига дўстлик ришталари абадий бўлишини тилаб қоламиз.

Камолиддин АЛИМОВ ёзиб олди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz