Қайднома

Қидирув

Харри Кейннинг ҳайратга бой ўтмиши

Харри Кейннинг ҳайратга бой ўтмиши

  24.11.2017 06:28
  0
  2053
Харри Кейннинг ҳайратга бой ўтмиши

Англия термаси биринчилардан бўлиб ЖЧ-2018 йўлланмасини нақд қилди. Гарет Саутгейтга ёш ва анчайин ҳиссиётга берилувчан жамоа мерос қолган, бу терманинг мундиалдаги асосий соврин учун курашиш эҳтимоли анчайин мавҳум эди.

Аммо инглизларнинг кўпчиликда қизиқиш уйғотгани шубҳасиз. Бунга сабаб сифатида жамоада ёш, иқтидорли футболчилар кўплигини айтиш мумкин. Жамоа сардори ва етакчиси - Харри Кейн шулар жумласидан.

Унинг қадрдон клуби - «Тоттенхэм» футбол ихлосмандлари ичида унчалик машҳур бўлмаслиги мумкиндир. Аммо вақти-вақти билан Харри ва унинг «совринсиз жамоаси» ўзи ҳақида оғиз очишга ундаётгани ҳам бор гап.

Кейн Лондон шарқидаги Уолтемстоу туманида туғилди. Уни юлдуз ва инглиз футболи умидига айлантирган клуб базаси ҳам айнан шу ерда жойлашган. Яхшиси, ҳаммасини бир четдан ҳикоя қилсак.

Футболчилик йўлининг бошланиши

Шундай қилиб, 1993 йилнинг 28 июлида Ким ва Патрик Кейнлар оиласида кенжа ўғил туғилди ва унга Харри деб исм қўйишди. Оила Чингфордга кўчиб ўтгач, ёш Харри дастлаб Larkswood Primery Academy, сўнг Chingford Foundation School мактабида ўқиди.

Кейннинг отаси ирландиялик. Шу боис, айнан Ирландия футбол федерацияси сўнгги лаҳзагача Кейнга умид боғлади. Дарвоқе, ўз интервьюларидан бирида «Бўрон» («Hurricane») футболга қизиқиш унга бобосидан ўтганини айтади:

«Менимча, спорт генларим онамнинг авлодларига тортган бўлса керак, умуман, бу мавзу - ҳамиша тортишувларга бой. Балки отам буни хоҳламас, аммо фикримча, онамнинг отаси - Эрик бобом ёмон футболчи бўлмаган».

Харрининг футболчилик йўли «шпорлар»нинг бўлғуси ўйинчисига хос тарзда кечмагани ҳам бор гап. Кейндаги иқтидор анча олдин юзага чиққанди. У 8 яшарлигидаёқ «Рижвей Роверс»да ўйнади.

Шу клубда «Арсенал» скаутлари назарига тушди ва «канонирлар» сафида бир йил тўп сургач, «келажаги порлоқ бўлмаган ўйинчи», деб топилиб, таркибдан чиқарилди.

«Тўпчилар»нинг содиқ мухлислари принципиал рақибдан қабул қилинган навбатдаги мағлубиятдан сўнг мазкур адашишни алам билан ёдга олишади.

Арсен Венгер ҳам клуб Харрини қўлдан чиқарганлигини эшитгач, роса жаҳли чиққанди: «Арсенал» Кейнга кетиш имконини берганини эшитгач, роса жаҳлим чиққанди», - деганди у.

Дарвоқе, ёшгина болакайга «Тоттенхэм» академиясида ҳам дарров эътибор қаратишмади. У «Уотфорд» мактабида яна бир йил машғулотларда қатнашишга мажбур бўлди ва бу билан Кейнлар оиласи мухлислик қиладиган клуб таркибидан иккинчи уринишда ўрин олишга интилди.

Катта футболгача бўлган оғир йўл

Кейндаги иқтидорни юзага чиқаришда болаликдаги мураббийининг хизматлари беқиёс, аммо фаолиятидаги туб бурилиш Харрининг адаши - Реднаппларнинг каттасига тегишли. Ҳаммаси 2008|2009 йиллар мавсумида бошланди.

Ўшанда «Тоттенхэм»нинг U-16 жамоаси таркибида форвард Лотин Америкасига - «Чивас» кубоги мусобақаларига борди ва 3та гол урди. 16 ёшли Кейн U-18 таркибида ҳам 22 ўйинда 18та тўп киритди.

Реднапп ўсмирнинг келажагидан хавотир олмасликка ишонч ҳосил қилиб улгурганди. Келгуси мавсум Харри кубок баҳсларида «шпорлар»нинг асосий таркибида кўриниш берди. Кўп ўтмай, Лондон шимолини тарк этган Реднапп бир неча бор Кейнни ўзи бошқараётган «Куинз Парк Рейн-  жерс»га олиб келишга интилди ва айтишларича, бунга жуда яқин келганди ҳам. Аммо барибир, кеч қолди - ёш футболчи очила бошлаганди.

Дўстлари билан кўча футболи ўйнаётган бола «Тоттенхэм» ҳужумчиси Жермейн Дефо (у болалар билан тўп суришга рози бўлганди) билан бирга майдонга тушиш бахтига муяссар бўлди.

Дефодан маълум тажриба ва дастхат олган Кейн вақти келиб у билан миллий жамоада тўп суришини хаёлига келтирмаган бўлса керак. «Жермейн олдимизга келди-да, биз билан бирга тўп кетидан қува бошлади.

Ўшанда эндигина 11 ёки 12 ёшда эдим. Кейинроқ унга бу воқеани эслатганимда, Дефо ҳаммаси ёдидалигини айтди. Мен каби болалар учун эса ўша воқеа бир умр ёдда қолгани аниқ». Дефо «Тоттенхэм»ни тарк этгач, Кейн унинг рақамини олди.

Харрининг кумирлари ҳақида гап кетганда, Тедди Шерингемни алоҳида гапириб ўтиш жоиз. Кейннинг коллекциясида ҳамон бу ўйинчининг футбол карточкалари, футболкаси ва у ҳақда ёзилган мақолалар сақланади.

Тўғри, энди Харри машҳур тўпурарнинг ўзини гольф майдонида тез-тез учратмоқда - улар спортнинг бу турида баҳслашиб туришади. Аммо кимдир Кейннинг футболдаги ҳаёти гилам тўшалган йўллардан бошланган, деса адашади.

Клуб «заявка»сидан мунтазам равишда жой олиш учун Харри «Лейтон Ориент», «Миллуол», «Норвич» ва «Лестер» клубларида тўп сурди.

«Лейтон»да катталар ўртасидаги илк мавсумини ўтказган Кейн ниҳоят, эркаклар футболи нима эканлигини англаб етди. Ёш инглиз Рочдейл клуби учун иккинчи бор майдонга тушганида «Шеффилд Уэнсдей» дарвозасини ишғол қилди.

Кейн бу жамоада 18 учрашув ўтказиб, 5та гол урди ва шу тариқа клубнинг сўнгги йиллардаги энг яхши мавсумларидан бирини ўтказишига ёрдам берди.

Машҳур «Миллуол»га қилинган хизмат сафари эса футболчининг ўсишида ўта муҳим роль ўйнади. Харри мавсумдаги 22 учрашувда майдонга тушиб, 9 бор ўзини кўрсатди ва бу билан клубнинг энг яхши ёш ўйинчиси мақомига мушарраф бўлди.

«Норвич»да эса, сал бўлмаса, Харри футболни тарк этай деганди. Клуб сафида майдонга тушган иккинчи баҳсда оғир жароҳат олиб, бир неча ой майдонга тушмади. Кейинги ярим йилни «Лестер Сити»да ўтказган Кейн энди аввалгидек ўзини кўрсатолмасди.

Юлдузнинг туғилиши

Бундай аҳволда қадрдон клубга қайтиш яхшиликдан дарак бермаслиги тайин эди. Боз устига, ўша даврга келиб, клуб бош мураббийи ўрнида Андре Виллаш-Боаш ўтирар ва унга маҳаллий футболчиларни сезмаслик одат эди.

Лекин кўп ўтмай, португалиялик ўрнига Тим Шервуд келди ва Кейн «Сандерленд»га қарши ўйинда бахтли тасодиф туфайлигина бошланғич таркибда майдонга тушиб, ғалаба тўпини киритди.

Харри ҳар қанча яхши бўлмасин, шу пайтгача бу позицияда тўп сурган Адебайор ва Сольдадони четга суролмади.

Янгиланаётган «Тоттенхем»нинг янги етакчиси Маурисио Почеттино раҳбарлигидаги илк ўйиндаёқ Кейн Эрик Дайерга голли узатма берди ва «Вест Хэм»га қарши ўйинда жамоа ғалаба қозонди.

Шу тариқа Харри гол машинасига айланди: у дебют мавсумининг ўзида рақиблар дарвозасини 21 (!) марта аниқ нишонга олиб, АПЛ тўпурарлари орасида фақатгина Серхио Агуэрони олдинга ўтказиб юборди, холос.

Ўша мавсумнинг ўзида уни Англиянинг энг яхши ёш футболчиси, деб топишди.

Европа Лигаси доирасида Грециянинг «Астерас» клубига қарши ўтган ўйинда «хет-трик» қайд этган Кейн грекларнинг ижобий натижага бўлган умидларини йўққа чиқарди.

Меҳмонлар мағлубият аламини у қадар қаттиқ туймасликлари учун эса, ўйин охирлаб бораётганида қизил карточка олиб майдонни тарк этган дарвозабон ўрнини эгаллади.

Аслида, бундай қилмагани маъқул эди. «Дарвозабон ўрнини эгаллагунимга қадар оқшом хайрли кечаётганди. Бу уриниш мен учун омадли келмади. Ростини айтганда, киперлар ўз ўрнида туришгани маъқул.

Олдинлари ҳам кўпинча ўзимни посбон ўрнида ҳис қилиб кўрардим, аммо қўриқлаётган дарвозамга қарата жарима тўпи белгилашса, доим ҳам хурсанд бўлмасдим.

Шундай тўпни ўтказиб юбориш мен учун шармандалик. Умуман олганда эса, бу ўйин ёмон ўтмади, айниқса, натижа нуқтаи назаридан. Биз керакли ғалабага эришдик, мен эса «хет-трик» расмийлаштирдим», - деди у баҳсдан кейин.

Энг қизиғи, Харрининг ўзи дастлаб ҳужумкор хавбек позициясида ўйнар ва бу ўринга уни «шпорлар» мураббийлари Почеттино келгунига қадар қўйишарди. Айнан аргентиналик мураббий Кейнга ҳужум марказини ишониб топширди.

2015 йилнинг 27 мартида Харри илк бор Англия термаси сафида майдонга тушди. Захирадан ўйинга қўшилган футболчи «Уэмбли»да Литва терма жамоаси тор-мор этилишига ўз голи билан ҳисса қўшди.

АПЛдаги кейинги икки мавсум Кейн белгиси остида ўтди: лиганинг энг яхши тўпурари сифатида тан олиниб, «олтин бутса»га эгалик қилди. Бундан ташқари, Харри «Тоттенхэм»да тўп сурган бошқа футболчилардан анча аввал 60та голли натижа қайд этди.

Бунинг учун унга 99 учрашувда иштирок этиш етарли бўлди. Дарвоқе, ҳозирга келиб Харрининг «Тоттенхэм» учун киритган тўплари сони 100тадан ошган.

Лекин юқоридаги маълумотлар Кейнни футболчи сифатида қайтадан кашф этишимиз учун етарли эмасдек. Яқинда у Англия термасини машҳур «Уэмбли» стадионига сардорлик боғичида бошлаб чиқди.

Словениядек ноқулай рақибга қарши баҳсда Ян Облакнинг мўъжизакорлиги сабаб учрашув дурангга қараб кетаётганди. Қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггиси ўтиб бораётганида эса Кайл Уокер жамоа сардорига аниқ тўп узатди ва Харри «уч шерлар»га Россия йўлланмасини нақд қилди.

Англияда анчадан бери футболда суперқаҳрамон кузатилмаганди. Терманинг янги сардори эса бу голи билан ўзига бу номни расмийлаштирди.

Энг қизиғи, Кейннинг кучсиз томонлари йўқдай: жуда тезкор, голни ҳис қилиш қобилиятига эга, зарбаси ўта кучли, ҳар икки оёғида аниқ зарба бера олади, руҳий жиҳатдан мустаҳкам. Аммо барибир, биргина нозик жиҳати топилган:

Харри августда камроқ тўп киритади. Жорий мавсумнинг саккизинчи ойида ҳам унинг ҳисобидаги голлар ҳисоби очилмай қолди. Сентябрда эса рақиблар дарвозасини 13 марта ишғол қилди.

Миш-мишларга қараганда, «Реал» инглиз футболи юлдузи учун 177 млн. евронинг баҳридан кечишга тайёр. Футболчининг ўзи ҳам бошқа лигага ўтиш эҳтимоли борлигини яширмаяпти: «Қачонлардир Испания ёки бошқа давлатда тўп суришим мумкин.

Аммо бу кетишим аниқлигини билдирмайди. Айни дамда «Тоттенхэм»да бахтлиман, эртага нима бўлишини эса вақт кўрсатади», - деди Кейн The Telegraphга берган интервьюсида.

Ўзгариш даври ёки содиқ афсона

«Реал» топ-ҳужумчига эҳтиёж сезаётгани маълум. Бензема энди ёш эмас ва кўпчилик уни танқид қилмоқда. Кейннинг сотиб олиниши эса «Қироллик клуби» стратегиясига мос тушади. Аммо бу инглиз футболчисига керакми?

Жавоби анчайин қийин савол. Майкл Оуэн, Жонатан Вудгейт ва умуман олганда, Гарет Бэйл мисоллари бундай йўл тутиш керак эмаслигига ишора қиляпти.

Аммо жамоадаги ҳаминқадар маош ва совринлар ютиш истаги футболчини ҳар қандай кутилмаган қадам ташлашга ундаши муқаррар. Шундай экан, Кейннинг кетиш эҳтимоли реалликдир.

Нима бўлган тақдирда ҳам, юқорида айтиб ўтилган сабаблар Харрининг ҳал қилув қарорига таъсир этмаслигини истардик. Зеро, замонавий футболда клубга содиқлик жиҳатлари камёб эмас.

Демак, Кейнда узоқ йиллар «Хотспур» рамзига айланиш имкони бор. Жаҳон футболига ҳам бундайин тарихлар жуда-жуда керак. Кейннинг ўтмиши шундайлар сирасига кирса ёмон бўлмасди - қачонлардир севимли жамоасига мухлислик қилган бола вақтики келиб унинг афсонасига айланди.

А.ЭШОНХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz