Қайднома

Қидирув

Интригаси сўнгган дербилар ёхуд ўтган ҳафтага назар

Интригаси сўнгган дербилар ёхуд ўтган ҳафтага назар

  24.11.2017 08:26
  0
  673
Интригаси сўнгган дербилар ёхуд  ўтган ҳафтага назар

Терма жамоаларнинг ЖЧ саралашидаги иштироклари туфайли юзага келган қисқа танаффусдан сўнг Европа клублари дам олиш оқшомларига ўзгача файз киритишни давом эттирдилар.

Англия. Шимолий Лондон дербиси ва Контенинг соқоли

«Арсенал» ва «Тоттенхэм» ўртасидаги Шимолий Лондон дербиси АПЛ­да турнинг марказий беллашуви сифатида эътироф этилганди. Мухлислар жанговар ҳамда муросасиз курашга умид қилишганди. Бироқ биринчи бўлимдаёқ баҳсга бўлган интрига деярли қолмади. Тўғри, меҳмонда бўлишларига қарамай, «тақачилар» ўйинни дадил бошлашди, Петр Чех дарвозаси олдида кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтириб, кейин­чалик 2та тўп ўтказиб юборишди: аввалига Шкодран Мустафи Озилнинг стандартдан амалга оширган узатмасини голга айлантирди, тўрт дақиқа ўтиб, Алексис Санчес Александр Ляказетт томонидан узатилган тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Танаффусдан сўнг меҳмонлар мағлубиятдан қутулиб қолишга ҳаракат қилган бўлишсада, голли вазиятларни ярата олишмади. Фақатгина бир марта Эрик Дайер бош билан ажойиб­ зарба йўллади. Бироқ Чех хатога йўл қўймади.

Етакчи ўринларда бораётган барча жамоалар бу турда ғалабани тантана қилишди. Пешқадам «Манчестер Сити» Лестерда мезбонларга ҳеч қандай имконият қолдирмади - 2:0. «Челси» эса «Вест Бромвич»ни йирик ҳисобда (4:0) маҳв этди. «Кўклар» устози Антонио Конте эса АПЛдаги юбилей - 50-учрашуви арафасида соқол қўйганини маълум қилди. «Энди фақат жамоам мағлубиятга учраганида соқолимни оламан. Умид қиламанки, мавсумни улкан соқол билан якунлаймиз», - деди италиялик мутахассис.

«МЮ» - «Ньюкасл» (4:1) баҳсида ҳам эътиборли воқелар кузатилди. Тиззасидан жароҳатланиб майдонга тушмаётган Златан Ибрагимович апрелдан бери илк марта кўриниш берди. У 77-дақиқада Мартиалнинг ўрнини эгаллади.

Испания. Зерикарли Мадрид дербиси ва «Барселона» рекорди

Пойтахт дербиси мақомини олган «Атлетико» - «Реал» беллашуви ҳам катта қизиқиш уйғотганди. Бироқ жамоалар мухлислар ишончини оқлай олишмади - учрашув нурсиз дуранг билан якун топди. «Қироллик клуби» Зидан раҳбарлигида илк марта сафар учрашувида рақиб дарвозасига йўл топа билмади. Бу омадсизлик «ҳинду» Антуан Гризманнинг «қуруқ» серияси олдида ҳеч гап эмас. Франциялик тўп­урар 723 дақиқадан буён гол уролмаяпти! Шу боис, мухлислар уни ҳуштакбозлик билан «сийлашди». Лекин Диего Симеоне шогирдини ҳимоя қилди: «Мени оиланинг ҳар бир аъзосини ҳурмат қилишга ўргатишган. Антуан аҳил оиламиз аъзоси». Учрашувда хавф­ли вазиятлар деярли бўлмади. Ҳакам икки марта тўп қўл билан ўйналгани учун пенальти белгилаши мумкин эди. Аммо бунга унинг журъати етмади.

«Барселона» эса таъқибчиларнинг очко йўқотишларидан унумли фойдаланиб, орадаги фарқни оширди. Пешқадам Леганесдан йирик ғалаба ва қимматли 3 очко билан қайтди. Фақат «Валенсия» тиришқоқлик билан «Барса»ни қувишда давом этмоқда. Жамоа бу турда Барселонада «Эспаньол»ни енгди. Шубҳа йўкки, ҳозирча мағлубият аламини тотиб кўрмаган икки етакчининг 26 ноябрь оқшомидаги ўзаро қарама-қаршилиги барчанинг эътиборида бўлиши аниқ. Айтганча, «Леганес»га қарши баҳсда «дубл»га эришган Луис Суарес Ла-лигадаги голларини 90тага етказиб, голландиялик Патрик Клюйвертга тенглашиб олди. Шунингдек, мазкур турдан кейин «Барса» ўтказиб юборилган голлар бўйича жамоа рекордини янгилади. Ортда қолган 12та учрашувда 4та гол қўйиб юборилган. Дарвозабон Марк-Андре тер Штеген 8та учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлади.

Италия. Видеотакрорлар ва «Ювентус»нинг «қоқилиши»

Ички чемпионат беллашувлари италиялик мухлисларга терма жамоа омадсизлигини унутишларида восита вазифасини ўтаган бўлса, ажабмас. Навбатдаги тур қизиқарли беллашувларга бой ўтди: пойтахтдаги дерби, Неаполдаги «Наполи» - «Милан» баҳси, «Ювентус»нинг иккинчи мағлубияти. Катта қизиқишга сабаб бўлган Рим дербисида «А» серия тўпурари Чиро Иммобиле 4-дақиқадаёқ гол урди. Бироқ у ўйиндан ташқари ҳолатда бўлгани боис, ҳакам голни инобатга олмади. «Рома» эса иккинчи бўлимнинг даст­лабки дақиқаларида 2 марта дарвозани ишғол қилди. Учрашув тугашига 20 дақиқа қолганида «Лацио» ҳам пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлди - учрашув ҳаками видеотакрордан фойдаланиш эвазига Костас Маноласнинг ўз жарима майдончасида тўпни қўли билан ўйнаганлигини аниқлади. Чиро эса «нуқта»дан зарба йўллашда хатога йўл қўймади. Ҳисобдаги фарқ қисқарган бўлсада, «Лацио» мағлубиятдан қутулиб қолишга улгурмади.

Неаполдаги беллашув ҳам 2:1 ҳисобида ниҳоясига етди. У ерда ҳам ҳакамлар видеотакрорларга мурожаат қилишга мажур бўлишди. Иккинчи бўлимда Лоренцо Инсинье Доннарумма билан яккама-якка вазиятга чиқиб, уни ҳам алдаб ўтганди. Айни шу паллада қанот ҳаками байроқчасини кўтариб турганди. Шу боис, бош ҳакам «кино»ни томоша қилишни мақул кўриб, ёрдамчи касб­дошининг қарорини бекор қилди - Инсинье ўйиндан ташқари ҳолатда эмасди. Кейинчалик Доннарумма жамоани бир неча марта муқаррар голлардан сақлаб қолди. Лекин Петр Зелинскининг зарбаси қаршисида ожиз қолди. Эртасига неаполлик мухлислар Генуядан хушхабар олишди: маҳаллий «Сампдория» ўз уйида «Ювентус»ни мағлуб этди. Натижада «Наполи» чемпиондан 4 очкога ўзиб кетди. «Интер» «Аталанта»дан 3 очкони тортиб олиб, иккинчи ўринга чиқиб олди.

«Юве»нинг мавсумдаги иккинчи омадсизлиги «Беневенто»нинг олдида «денгиздан томчи». Не-не орзу-умидлар билан элитага чиққан дебютант ҳисобида ҳанузгача очко йўқ. Мазкур турда жамоа илк очкони қўлга киритишга жуда яқин турганди. Аммо ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтнинг сўнгги сонияларида «Сассуоло» ана шу ягона очкони ҳам тортиб олди. Хуллас, 13 учрашувда мағлубиятга учраган «Беневенто» «кучли бешлик»даги антирекордни янгилади. Эътиборлиси, шу пайтга қадар бу нохуш унвон «МЮ»га (12та ўйинда 12та мағлубият) тегишли эди. «Қизил иблислар» шундай омадсизликни 1930 йили қайд этишганди.

Германия. Хайнкеснинг рекорди ва Обамеянгнинг четлатилиши

Пешқадамликни қайтариб олган «Бавария» бу турда қаторасига бешинчи зафарни нишонлади. У ўртамиёна «Аугс­бург» дарвозасига жавобсиз 3та гол урди. Жумладан, Роберт Левандовски «дубл»га эришиб, таъқибчи Обамеянгдан узоқлашиб олди. Эътиборлиси, навбатдаги 3 очко билан «Бавария» бундеслигада биринчи бўлиб 3000лик маррани забт этди! 1965 йилдан шу кунгача жамоа 1784та учрашув ўтказиб, 3001 очко тўплади. Мюнхенликлар бош мураббийи Юпп Хайнкес эса чемпионатдаги 500-ғалабасини нишонлади - 174 марта футболчи, 326 марта мураббий сифатида.

Дортмунднинг «Боруссия»си эса ҳанузгача ўз ўйинини тополмаяпти. Бу гал Петер Бош шогирдлари «Штутгарт»дан енгилиб, охирги бешинчи учрашувда ҳам мағлубиятни тан олишди. Бунинг натижасида жамоа турнир жадвалининг 5-поғонасига тушиб кетди. Қўшимчасига, жамоанинг энг яхши футболчиси машғулотга кеч қолгани учун жамоадан четлатилди. Эҳтимол, Пьер-Эмерик Обамеянг майдонга тушганида ғалаба қозонишармиди... Штутгартдаги омадсизликдан сўнг Обамеянгнинг «Тоттенхэм»га қарши баҳсда майдонга тушиши маълум бўлди. Шунингдек, бу турда «Вердер»нинг мавсумдаги илк ғалабасини нишонлагани эътиборга молик. Жамоа ўз уйида «Ганновер»ни йирик (4:0) ҳисобда енг­ди.

Франция. Жардимнинг болакайларга ҳужуми ва «ПСЖ» «тарсакиси»

Чемпионатда яққол пешқадамлик қилаётган «ПСЖ» совринларга даъвогар «Нант»га ҳеч қандай имконият қолдирмади - 4:1. «Дубл»га эришган Кавани эса Фалькаодан икки баллга ўзиб, тўпурарлар пойгасида етакчига айланди.

«Монако» эса ўртамиёна «Амьен»дан уч очко олишга ожизлик қилди - 1:1. Табиийки, чемпион мураббий Леонарду Жардимни жанговар дуранг мутлақо қониқтирмади. У аламини майдон четида тўпни келтириб берувчи болакайларга сочди: «Биз француз футболининг нуфузини туширмаслигимиз лозим. Бироқ тўпни етказиб берувчи болакайлар сусткашликка йўл қўйиб, тезкор ҳужумлар уюштиришимизга халал беришмоқда. Бу ерда тўрт йилдан бери ишлаяпман. Бизни хориждаги мухлисларимиз ҳам томоша қилишади. Бундай бемаънигарчиликдан кейин улар Франция чемпионатини ҳаваскорлар биринчилиги дейишлари аниқ».

Нима ҳам дердик, чемпион бўлишдан кўра, бу унвонни ҳимоя қилиш анча қийинроқ. Мураббийнинг ҳолатини тушуниш мумкин.

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz