Қайднома

Қидирув

Вагиз Галиулин: Ҳар доим терма жамоадан таклиф кутганман

Вагиз Галиулин: Ҳар доим терма жамоадан таклиф кутганман

  25.11.2017 03:33
  0
  2113
Вагиз Галиулин: Ҳар доим терма жамоадан таклиф кутганман

Россиянинг «Тосно» клубида фаолият юритаётган ҳамюртимиз журналистлар билан ҳар доим ҳам мулоқотга киришавермайди.

Шунинг учунми, россиялик ҳамкасбларимиз терма жамоалар ўйинлари туфайли юзага келган танаффусдан фойдаланиб, ярим ҳимоячини суҳбатга чорлашди ва энг муҳим саволларни ўртага ташлашди.

Натижада Вагиз Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2018 саралашидаги муваффақиятсизлигию, йиғинларга нега чақирилмагани хусусида гапиришига тўғри келди.

- Терма жамоаларнинг ўртоқлик учрашувлари учун танаффус юзага келди. Бироқ сизни 2012 йилдан буён Ўзбекистон термасига чақиришмаяпти. Яна таклиф қилишларидан умидингиз борми?

- Ўзбекистонлик журналистлар ҳам бу масалада менга тез-тез савол беришади. Яширмайман, ҳар доим терма жамоадан таклиф кутганман. Миллий жамоада мен учун нохуш ҳолатлар рўй берганди ва шу сабаб, мени анчадан буён чақирмай қўйишди.

Ҳозир эса жамоада ўша одамлар йўқ ва табиийки, чақирув кутмоқдаман. Кўрамиз, бундан нима чиқаркин? Ўйлайманки, агар терма жамоага мос ҳаракатлансам, мени таклиф қилишади, албатта.

- Нохуш ҳолатлар. Айнан нимани назарда тутяпсиз?

-  Бу ҳақда гапиришим ножоиз. Барчасини оммага ошкор этишим тўғри эмас, менимча.

- Энди сизни таклиф қилишларига ҳеч қандай тўсиқ йўқми?

- Йўқ. Терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқолмаганидан кейин унда барчаси ўзгарди. Янгилар иш бошлашди, табиийки, улар олдига янги вазифалар қўйилади.

Ҳозир вақтинча мураббий ишламоқда, янгисини эса кейинроқ тайинлашади. Тўғри, терма жамоа олдига айнан қандай вазифалар қўйилгани аниқ эмас. Натижаларни кузатамиз ва кутамиз.

- Умуман, терма жамоангизни кузатиб бориш сиз учун нечоғли қизиқ?

- Албатта, барча ўйинларини кўришга ҳаракат қиламан. Ахир жамоада дўстларим тўп суришади. Эҳ, жаҳон чемпионатига чиқиш учун шундай яхши имконият бой берилгани жуда алам қилди. Яна битта гол етишмади...

- Қайсидир вақтда Ўзбекистон термасининг Россия мундиалига йўл олишига ишонганмидингиз?

- Ҳа, 90 фоиз. Бироқ жамоа Хитойда кутилмаганда, 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди ва бу турнир жадвалидаги ҳолатни бутунлай ўзгартириб юборди. Натижада уйда Жанубий Корея термасини лоақал 1:0 ҳисобида ютиш талаб этилди.

Биламан, Ўзбекистон термаси хитойликлардан анча кучли, аммо йигитлар кўплаб вазиятлардан фойдалана олишмади ва якунда гол қўйиб юборилди.

Кореяликлар эса бизга нисбатан кучлироқ, аммо уларни енгиш шарт эди. Афсуски, ўйинда дуранг қайд этилди ва термамиз мундиалдан қуруқ қолди.

- Ўзбекистон термаси ЖЧ-2006 ва ЖЧ-2014 саралашида минтақавий «плей-офф»да ютқазган - биринчисида рақибнинг меҳмонда урган голи туфайли, иккинчисида эса пенальтилар сериясида.

Сизнингча, ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш учун фақат омад етишмаяптими ёки...?

- Биринчи фикрга қўшиламан. Мана, бир неча йилки шу ҳолат давом этмоқда. Саралаш давомида ҳамма баралла гапиради: «Ўзбекистон термаси ЖЧга чиқиши керак, энди бунга тўсиқ йўқ».

Бироқ якунда нимадир содир бўлади. Ҳаттоки, бир сафар йигитлар ва терма жамоа маъмурларига ЖЧ йўлланмаси билан табриклашлари мумкинлигини айтгандим.

Аммо улар «Йўқ, Вагиз, яхши биласан, терма жамоа билан якунда ҳар нарса рўй бериши мумкин», дейишганди. Шундай бўлди ҳам. Нима учун, билмадим... Бу жумбоқлигича қолмоқда. Айни пайт бутун ўзбек футболи ўзгармоқда.

Ўйлашимча, ҳаммаси яхши томонга. Дейлик, миллий чемпионатдаги жамоалар сони қисқартирилди ва энди кураш анча қизиса керак. Кўрамиз, келгусида қандай бўларкин...?

- Одил Аҳмедов Ж.Корея термасига қарши ўйин олдидан кескин гапирди: «Учрашувда ғалаба қозонамиз ёки Ўзбекистонда футболни бутунлай ёпиб қўйишга тўғри келади». Буни эшитганмидингиз?

- Ҳа. Аммо ўйлашимча, Одил ўша вақт ҳиссиёт таъсирида шундай деган. У кейинчалик Ўзбекистон телевидениесидаги чиқишида бу сўзлари учун узр сўради. Чунки терма жамоа Хитойда чиндан ҳам, яхши ўйнаганди.

Агар хитойликлардан 3 очко олинганида, охирги ўйиндаги дуранг мундиал йўлланмасини қўлга киритишга кифоя қиларди. Ҳаттоки, кичик ҳисобли мағлубият ҳам зарар қилмасди.

- Терма жамоа келажагини қандай тасаввур қиласиз? У Қатар-2022 мундиалига чиқа оладими?

- 2022 йилгача воқеалар қандай ривожланади - билмадим. Ҳозирги жамоа яхши формада эди: таркибда асосан 1985-1987 йилларда туғилган йигитлар жамланишганди.

Улар тажрибали ва идеал ёшда - 28-30. Энди бутун бир авлод алмашмоқда. Янги мураббий ва федерация терма жамоа олдига қандай вазифа қўйиши ҳақида ҳам аниқ гапириш қийин. Балки ёшларга йўл бериб, ЖЧ-2026га чиқиш мақсад қилинар?

- Терма жамоа мураббийлари сизни кузатиб боришларига ишонасизми?

- Ўзбекистонда янги мураббий кутишмоқда, кутилишича, жамоа хорижлик мутахассисга топширилади. Мени кузатиш-кузатмасликлари айнан янги мураббийга боғлиқ. Ҳозирча бу саволга жавоб йўқ.

- Энди клубингизга доир саволлар: «Тосно» премьер-лига турнир жадвалининг 13-ўрнида бормоқда. Бу жамоанинг ҳақиқий жойими ёки юқорироққа кўтарилишга қодир?

- Биз кўп очко йўқотдик: хусусан, уйда «Анжи» ва «СКА-Хабаровск»ка қарши кечган ўйинларда. Ваҳоланки, «Тосно» тўлиқ устунлик қилганди.

Агар ушбу баҳсларда 6 очко олганимизда, ҳозир юқорироқда турардик. Муҳими, шу йўсинда ўйнашда давом этишимиз керак. Буни уддаласак, «Тосно»нинг натижалари яхшиланишига ишончим комил.

- Бунгача ҳам премьер-лигада ўйнагандингиз - Рубин» ва «Уфа» сафида.

- «Рубин»да ҳаммаси ўзим ўйлагандек бўлмади. Кўплаб жароҳатлар сабаб, 5-6та ўйин (аслида 8та)да майдонга тушганман, холос. Мана, «Тосно»да мавсумни яхши ўтказяпман.

«Уфа»да ҳам чакки ўйнамагандим. Премьер-лигадаги дастлабки мавсум жуда қийин кечганди. Охирги турда «Рубин»дан очко олиш эвазига лигада қолгандик.

Мана, Уфа клуби ўзини анча тиклаб олди. Ҳарқалай, сезиларли даражада кучайди ва энди элитада «жон» сақлаш учунгина курашмаяпти. «Тосно» ҳам худди шу йўлни босиб ўтишидан умидворман.

- Айтишларича, «Рубин»да кўп «ўтириб» қолгансиз, аслида Қозон клубидан эртароқ кетишингиз керак эди. Бу фикрга қўшиласизми?

- Қайсидир маънода шундай, дарҳақиқат, «ўтириб» қолганман. Кейин «Сибирь» сафига қўшилдим ва яна Қозонга қайтдим. Кўп ўтмай, мени «Нефтехимик»ка жўнатишди. Бу жамоада Кверквелия ва Портнягин билан бирга ўйнадим.

Мавсумни яхши ўтказаётгандик, бироқ «Рубин» қайта чақириб олди. Менимча, ўша вақт хато қилганман. Зеро, яхшигина таклифлар бор эди... Хуллас, «Рубин»га қайтганим зараримга ишлади - яна захирада қолдим.

- Ортга назар ташлаб, «Рубин» сафида «Барселона» ва «Интер» клубларига қарши ўйинларда майдонга тушмаганингиздан афсусланасизми?

- Ҳа. Лекин Бердиев ЧЛ ўйинига ҳамиша 22 нафар футболчини жалб этарди. Дейлик, «Барса» 2:1 ҳисобида мағлуб этилганида, Барселонага борганмиз.

Тўғри, «заявка»га кирмаганимдан ранжиганман, шунга қарамай, Барселонага жамоа билан бориш, «Камп Ноу»да машғулот ўтказиш ҳамда Месси ва Ибрагимовичнинг қандай ўйнашларини бевосита кўриш қизиқарли.

Умуман, Бердиев бундай ўйинларга ёшларни атайин олиб кетарди - ЧЛ ҳавосини ҳис қилишлари учун.

- Сардор Азмун бу мураббийни футболдаги отаси сифатида кўришини айтади. Сизчи, Бердиевга қандай таъриф берардингиз?

- Қурбон Бекиевич менга ҳам футбол масаласида кўп нарса берди. У худди иккинчи отамдек. «Рубин» сафига қўшилганимда, 18 ёшли йигитча эдим.

Дейлик, Бердиев мен билан тез-тез якка тартибда шуғулланарди. Қисқаси, ундан кўп нарса ўргандим ва бунинг учун бир умр миннатдорман.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz