Қайднома

Қидирув

«Мовий гвардия» - «офсайд» ёхуд чемпионсиз турнирлар

«Мовий гвардия» - «офсайд» ёхуд чемпионсиз турнирлар

  25.11.2017 00:13
  0
  1547
«Мовий гвардия» - «офсайд» ёхуд чемпионсиз турнирлар

Мана, ЖЧ-2018 иштирокчилари таркиби тўлиқ ҳолга келди. Россия мундиалида мухлислар аввалроқ жаҳон чемпиони бўлган барча жамоалар ўйинларидан баҳра олишади, биргина Италия термасини ҳисобга олмаганда.

Soccer.ru сайти «мовий гвардия»нинг асрга татигулик омадсизлигига қараб, «олтин» жамоалар статистикасига нигоҳ ташлади. Хўш, қайси чемпион нечта мундиални ўтказиб юборган?

Маълумот учун эслатма, Россия-2018 ҳисоб бўйича 21-мундиал ҳисобланади. Ортда қолган 20та жаҳон чемпионатида эса атиги 8та юрт миллий жамоаси тахтга кўтарилган.

Чемпион жамоалар: Бразилия - 5 марта, Германия ва Италия - 4 мартадан, Аргентина ва Уругвай - 2 мартадан, Англия, Франция ва Испания - 1 мартадан.

УРУГВАЙ ТЕРМАСИ

2 карра чемпион (1930, 1950)

ЖЧдаги иштироки: 12 марта

Биринчи «олтин»дан кейинги омадсизлиги: 8 марта (2 марта иштирокдан бош тортган, 6 марта саралашдан ўтолмаган)

Жаҳон биринчилигининг илк ғолиби чемпионлар орасида энг паст статистикага эга. Уругвайликлар тахтга кўтарилганларидан буён 8 марта турнир ташқарисида қолишган.

Тўғри, КОНМЕБОЛ вакили 1934 ва 1938 йилги мундиалда ўз хоҳиши билан иштирок этмаган. Уругвайликлар ўз майдонларида ташкиллаштирилган дебют мусобақага Европанинг кўплаб жамоалари боришмаганига шу тариқа жавоб беришган.

Хуллас, «ла селесте» оламшумул ғалабадан ке-йинги мундиалда қатнашмаган ягона амалдаги чемпиондир. Бошқача айтсак, Уругвай термаси ўз унвонини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаган.

Бу жамоа шунинг баробарида квалификацион босқичда нақ 6 марта омадсизликка учраган!

ЖЧ-58. Уругвай термаси 3та жамоани ўз ичига олган саралаш гуруҳида Асунсьонда парагвайликларга 0:5 ҳисобида ютқазишганди.

ЖЧ-78. Уругвайликлар бу сафар Боливия ва Венесуэла термалари билан битта гуруҳда ўйнаб, 3-ўринда қолишади. Трио ғолиби - боливияликлар эса якунда қитъалараро «плей-офф»да Венгрия термасига йўл бўшатишади.

ЖЧ-82. Яна ўша тизим остида ўтказилган саралашда икки карра чемпион йўлига камтарин Перу термаси тўсиқ қўяди.

ЖЧ-94. Уругвай термаси охирги тургача гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб туради, аммо финиш маррасида «Маракана»га сафар уюштириб, Ромарионинг 2та голи туфайли бразилияликларга ютқазади.

Якунда уругвайликлар Бразилия ва Боливия жамоаларидан орқада қолиб, АҚШ мундиали томошабинига айланишади.

ЖЧ-98. Бразилия термаси амалдаги чемпион сифатида автоматик равишда йўлланма олади, КОНБЕМОЛнинг қолган 9та жамоаси 4та чиптани ўзаро талашади. Якунда Аргентина, Парагвай, Колумбия ва Чили термалари мақсадга эришади, икки карра чемпион эса атиги 7-ўрин билан чекланади.

ЖЧ-2006. Уругвайликлар юз тутган охирги ва энг аламли омадсизлик. Улар КОНМЕБОЛ гуруҳининг охирги турида Аргентина термасини енгиб, 5-ўринга кўтарилишади ва қитъалараро «плей-офф»га чиқишади.

Илк ўйинни ўз майдонида ўтказган жамоа 1:0 ҳисобида ғалаба қозонади, бироқ яна 4 кундан кейин Австралияда худди шундай кўринишда ютқазиб, пенальтилар сериясида ҳам омадсизликка учрайди.

ИТАЛИЯ ТЕРМАСИ

4 карра чемпион (1934, 1938, 1982, 2006)

ЖЧдаги иштироки: 18 марта

Биринчи «олтин»дан кейинги омадсизлиги: 1 марта(саралашдан ўтолмаган)

Италия термаси Европанинг кўплаб жамоалари каби илк жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бош тортган, кейин эса «кўҳна қитъа»да ташкиллаштирилган 2та мундиалда ғалаба нашидасини сурган.

«Адзурра» шундан буён атиги битта турнирни ўтказиб юборганди. Мана, итальянлар тарихда иккинчи бора томошабин ролига кўнишди.

ЖЧ-58. УЕФАнинг 27та термаси саралашда 9та гуруҳга бўлинганди - 3тадан. Эътиборлиси, ҳар бир трио ғолибига Швеция мундиали чиптаси берилган.

Бироқ Шимолий Ирландия ва Португалия термаларига қарши тўп сурган «мовий гвардия» сафарда 2 бора ютқазиб, ўз уйида рақибларни енгади. ЖЧ-58 йўлланмаси эса кўпроқ очко тўплаган Шимолий Ирландия термасига насиб этади. Хуллас, итальянлар 60 йил бадалига биринчи марта жаҳон форумидан четда қолишди.

ГЕРМАНИЯ ТЕРМАСИ

4 карра чемпион (1954, 1974, 1990, 2014)

ЖЧдаги иштироки: 18 марта

Биринчи «олтин»дан кейинги омадсизлиги: -

Ҳа, немислар тарихдаги 2та жаҳон чемпионатида ўйнашмаган, бироқ бу футбол майдонларидаги омадсизликка боғлиқ эмас. Германия термаси ЖЧ-30ни Европанинг бошқа вакиллари қатори ўтказиб юборган бўлса, 1950 йилги мундиал саралашида қатнашмаган.

Чунки бу вақтда уруш туфайли ФИФА билан бузилган алоқалар ҳали тикланган эмасди. «Берн мўъжизаси» номини олган илк чемпионлигидан кейин эса бунтестим мундиалларнинг доимий қатнашчисига айланди.

БРАЗИЛИЯ ТЕРМАСИ

5 карра чемпион (1958, 1962, 1970, 1994, 2002)

ЖЧдаги иштироки: 20 марта

Биринчи «олтин»дан кейинги омадсизлиги: -

Бразилия термаси барча жаҳон чемпионатларида иштирок этган ягона жамоа ҳисобланади. «Пентакампеонлар» Россия мундиалида ҳам ўйнашади, албатта.

Айтганча, улар бўлажак турнир йўлланмасини ҳаммадан олдин (мезбонни ҳисобга олмаганда) расмийлаштиришди.

АНГЛИЯ ТЕРМАСИ

1 карра чемпион (1966)

ЖЧдаги иштироки: 14 марта

Биринчи «олтин»дан кейинги омадсизлиги: 3 марта (саралашдан ўтолмаган)

Аслида ЖЧ тарихида 6та мусобақа футбол ихтирочиларисиз ўтган. Инглизлар илк 3та жаҳон биринчилигида қатнашиш ҳуқуқига эга эмасдилар. Зеро, Буюк Британия таркибидаги барча терма жамоалар 1928 йили ФИФАдан чиқиб кетганди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Англия футбол ассосиацияси ФИФА билан алоқаларини қайта тиклайди, мамлакат бош жамоаси эса 1966 йили ўз уйида, ҳисоб бўйича 5-уринишида жаҳон кубогини қўлга киритади.

Бироқ инглизлар чемпионликдан сўнг саралаш жараёнида 3 марта (рамздаги шерлар сонига ҳамоҳанг) омадсизликка учрашади. Чемпионларни назарда тутсак, бу Уругвай термаси натижасидан кейинги энг ёмон кўрсаткичдир.

ЖЧ-74. Польша ва Уэльс термалари билан битта гуруҳда ўйнашган инглизлар финишга иккинчи бўлиб етиб келиб, йўлланмани полякларга бериб қўйишади.

ЖЧ-78. Жаҳон чемпионати кетма-кет иккинчи марта «уч шерлар»сиз ўтади! Бу сафарги омадсизлик уларга қаттиқ таъсир қилганди. Гап шундаки, Англия термаси саралашда итальянлар билан тенг миқдорда очко тўплайди.

Икки жамоанинг ўзаро ўйинларида ҳам баланс кузатилганди - 2:2 (италь-янлар ҳам, инглизлар ҳам ўз майдонларида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган). Қисқаси, «скуадра адзурра» фақат умумий тўплар нисбатига кўра, йўлланмага эга чиқади.

ЖЧ-94. Англия термаси 4 йил олдинги турнирда чакки таассурот қолдирмаганди - 4-ўрин. Боз устига, инглизлар ўшанда финал йўлидаги ўйинда бўлажак чемпион - бундестимга қарши тўп суриб, фақат пенальтилар сериясида мағлубиятни тан олгандилар.

Ана шундай жамоа АҚШ мундиали саралашида мутлақо ишончсиз қатнашиб, ўз гуруҳида Норвегия ва Голландия термаларидан ортда қолади.

АРГЕНТИНА ТЕРМАСИ

2 карра чемпион (1978, 1986)

ЖЧдаги иштироки: 16 марта

Биринчи «олтин»дан кейинги омадсизлиги: -

Аргентиналиклар ЖЧ-70 саралашида кўнгилсизликка учрашган, бундан олдин эса яна 3та ЖЧда томошабин бўлишган. Илк олтин медаль расмийлаштирилган 1978 йилдан кейин эса жамоа ҳар сафар саралаш чиғириғидан муваффақият билан ўтишни уддаламоқда.

Тўғри, Россия мундиали амалдаги финалчисиз кечиши хавфи катта эди, лекин ҳал қилувчи охирги ўйинда Лионель Месси барчасини ўз ўрнига солиб қўйди.

ФРАНЦИЯ ТЕРМАСИ

1 карра чемпион (1998)

ЖЧдаги иштироки: 14 марта

Биринчи «олтин»дан кейинги омадсизлиги: -

Французлар урушгача ўтказилган 3та мундиалда ҳам иштирок этишган, бироқ кейинги 12та мундиалнинг атиги 6тасида кўриниш беришган - ўртача кўрсаткич!

Энг диққатга сазовор томони, 1990 ва 1994 йилги форумда ўйнамаган жамоа ЖЧ-98 йўлланмасини мезбон сифатида олиб, якунда илк марта чемпионлик тахтига кўтарилган! Франция термаси шу-шу саралашда бирор марта омадсизликка юз тутгани йўқ.

ИСПАНИЯ ТЕРМАСИ

1 карра чемпион (2010)

ЖЧдаги иштироки: 14 марта

Биринчи «олтин»дан кейинги омадсизлиги: -

Энг «ёш» чемпион олтин медаль ютганидан кейин иккинчи марта саралаш довонини айтарли муаммосиз босиб ўтди. Умуман, «қизил фурия» охирги марта узоқ 1974 йили омадсизликка учраганди.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz