Қайднома

Қидирув

Орадан 10 йил ўтиб… ёхуд 2007 йилнинг энг яхши ёш футболчилари ҳозир қаерда?

Орадан 10 йил ўтиб… ёхуд 2007 йилнинг энг яхши ёш футболчилари ҳозир қаерда?

  26.11.2017 06:28
  0
  21581
Орадан 10 йил ўтиб… ёхуд 2007 йилнинг энг яхши ёш футболчилари ҳозир қаерда?

2007 йилнинг ноябрида обрўли журнал - World Soccer томонидан жаҳоннинг энг истиқболли 50 нафар ёш футболчиси аниқланган ва уларнинг келажаклари ёрқин бўлиши тахмин қилинганди.

Мана, орадан 10 йил ўтди. Хўш, топ-50 кўринишидаги рейтинг нечоғли тўғри чиқди? Табиийки, World Soccer элит рўйхатга муносибларни танлаш баробарида айримларга баҳо беришда катта хатога ҳам йўл қўйган.

Чунончи, бўлажак юлдузлар қаторида эътироф этилган йигитларнинг баъзилари чиндан ҳам, юқори даражага кўтарилган бўлсалар, бир гуруҳ футболчилар «ном-нишонсиз» четга чиқишди.

Дейлик, ўша рейтингда 2-ўринни эгаллаган ўйинчи ҳаттоки, Россияда ҳам тўп сурди...

Кимлар ишончни оқлашди?

Гарет БЭЙЛ. Уэльслик футболчи 18 ёшида эндигина «Тоттенхэм» сафига қўшилган ва аста-секин асосий таркибда майдонга туша бошлаганди. Энг қизиғи, «шпорлар» Гаретга чап қанот ҳимоячиси сифатида қарашган.

Кейин ҳақиқий парвоз кузатилди - АПЛда қаҳрамонликлар, ЧЛда «Интер»га қарши ўйинда»хет-трик», 100 миллион евроли трансфер ва «Реал» билан беҳисоб совринлар...

Тўғри, World Soccer таҳлилчилари келажакни аниқ-тиниқ кўриш хусусиятига эга бўлишганида, Бэйлни ўз рўйхатларида 6-ўрин эмас, балки 1 ёки 2-поғонага қўйишарди.

Серхио АГУЭРО. Хабарингиз бордир, аргентиналик ҳужумчи яқиндагина «Манчестер Сити» тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди. Айтиш мумкинки, агар жароҳатлар халақит бермаганида, Серхио ҳозиргидан анча кўп гол урарди.

Журнал ходимлари гарчи Агуэрони ўша рейтингнинг юқори ўнлигига киритган бўлсаларда, уларни ортиқча мақташ шарт эмас.

Зеро, Агуэро 10 йил олдин «Атлетико» учун гол ура бошлаган ва Аргентина миллий жамоасида дебютини нишонлашга ҳам улгурганди. Хуллас, бундай йигитни эътиборсиз қолдириш мумкин эмасди.

Анхель ДИ МАРИЯ. Ҳақли равишда эътироф этилган яна бир аргентиналик. Анхель «Бенфика»да яна 2 йилдан кейингина чинакамига нур сочганини ҳисобга олсак, World Soccer унинг иқтидорини олдиндан сезгандек.

Аммо аргентиналик йигитча тўп билан шундай ҳунарлар кўрсатардики, ёрқин истиқболга эгалигини бемалол айтиш мумкин эди. Дейлик, ўша вақтдаёқ заргарона тўп узатишларни қойиллатарди. Хуллас, тенгдошлари орасида яққол ажралиб турарди, худди Рикарду Куарежма каби.

Карим БЕНЗЕМА. Франциялик ҳужумчи ўсмирлигидаёқ «Лион»нинг бошланғич таркибидан жой олиб, мавсум давомида 8та гол уришга эришганди.

Бироқ экспертлар уни атиги 15-ўринга лойиқ кўришган. Бу ғалати, албатта. Нима бўлишидан қатъий назар, вақт ҳаммасини ўз ўрнига тушириб қўйди.

Ҳа, Каримнинг маҳсулдорлиги ўта юқори эмас, аммо у «Реал» ҳужумидаги энг фойдали футболчилардан бири бўлиб қоляпти, барибир.

Месут ОЗИЛ. Бу футболчининг ҳам топ-50га киргани ўз-ўзидан тушунарли. Ахир ўша вақт бундеслигада чемпионлик учун «Штутгарт» ва «Шальке» ўртасида кураш борган.

Месут эса Гельзенкирхен клуби асосий таркибининг тўлақонли вакили сифатидаги илк мавсумидаёқ тажрибали футболчиларга хос ҳаракатлари билан кўзга ташланганди.

Германиялик турк кейинчалик «Вердер» сафига қўшилиб, Бременда икки мавсум қойилмақом даражада тўп сурди, ЖЧ-2010да ёрқин нур сочганидан кейин эса Мадридга кўчиб ўтди. Унинг кейинги тақдири ҳаммага маълум.

Алексис САНЧЕС. Чилилик йигитча 18 ёшида Аргентина чемпионатида «Ривер Плейт» рақиблари кўнглига ғулғула сола бошлаганди.

Оёқларида мустаҳкам турадиган бақувват ва тезкор Алексис айниқса, кучли зарбаларию, юқори техник салоҳияти билан кўзга ташланиб, тез орада Италиянинг «Удинезе» клуби эътиборига тушди.

Санчес айнан «А» сериясидаги бир неча самарали мавсум натижасида еврофутболнинг энг сара юлдузлари қаторига қўшилди ҳамда «Барселона»дан таклиф олди.

Тони КРООС. Немис ярим ҳимоячиси бундан 10 йил олдин «Бавария»нинг биринчи ва иккинчи жамоаси ўртасида сарсон бўлганди. Футбол масаласида ғайриоддий ақл-тафаккурдан бебаҳра қолмаган Тони барқарор равишда жамоанинг юлдузли таркибига талпиниб, таҳлилчилар назарига ҳам тушди.

Бироқ «Бавария» йигитчани ижара асосида «Байер»га юборди ва у айнан Леверкузенда юқори савияда ўйнашга тайёрлигини исботлади. Шу тариқа 25 миллион евро эвазига «Реал»га ўтган Кроос Европадаги энг кучли ярим ҳимоячилардан бирига айланди.

Хуан МАТА. «Реал» 19 ёшли Матани «кераксиз»га чиқаргач, у «Валенсия»га йўл олди ва тез орада асли нималарга қодирлигини амалда кўрсатди.

Дейлик, ўша вақт клубда мураббийлик қилган Роналд Куман фахрий Ангулони захирада қолдириб, ёш Матага ишонч билдирганди. Натижада иқтидорли йигит икки Давид - Вилья ва Сильва билан ажойиб боғлам ҳосил қилиб, ўйинни кескин жонлантирди.

Хуллас, Хуан 23 ёшга тўлгач, «Валенсия»ни катта маблағ билан таъминлаганча Англия премьер-лигасини забт этишга чоғланди.

Иван РАКИТИЧ. Хорватиялик йигитнинг фаолияти тилга олинган юлдузларникидек юқори суръатда ривожлангани йўқ. Иван аввалига «Шальке» асосий таркибига киришда роса тер тўкди, кейин «Севилья»да ҳам ўз ўрнини топишда анча қийналди.

26 ёшида эса барча имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, чинакам топ-клубда ўйнаш имкониятига эга бўлди. Ҳа, Ракитич «Барселона»да биринчи рақамли етакчи эмас, аммо асосий таркибнинг барқарор вакили ҳисобланади.

Ҳар ҳолда, 3 йилдирки, Каталония жамоасига ўзига яраша ёрдам беряпти.

Кимлар ишончни оқлашмади?

Содиқ АДАМС. Бу футболчи ҳақида ҳеч нарса билмайсизми? Ажабланадиган томони йўқ. Содиқ Адамс ганалик тезкор ҳужумчи сифатида 17 ёшида «Атлетико» академиясидан жой олганди.

Бироқ асосий жамоанинг лоақал  кенгайтирилган таркибига ҳам киролмади. Содиқ эндиликда клуб қароргоҳида Давид де Хеа билан битта хонада яшаганини эслаб юраётган бўлса, ажабмас.

Энди диққат қилинг, ўшанда 50 нафар энг кучли ёш ўйинчи рўйхатига ҳам киритилмаган дарвозабон қаердаю, Адамс қаерда? Қисқаси, Тунис, Уммон, Сербия ва Саудия Арабистони чемпионатларида «изғиган» Содиқ ватанига қайтди.

Ваҳоланки, у рейтингнинг қандайдир 20-30-поғоналарида эмас, 1-ўрни (!)да кўрсатилганди.

Херардо БРУНА. «Мадрид Мессиси». Ҳа, навбатдагиси. Херардо вақтида «Ливерпуль» ёшлар жамоасидаги ўйинлари билан ҳаммани ёқа ушлашга мажбур қилганди. Аммо ҳозир ўша даврдан мирсисайдликлар футболкасида тушган сурати қолган, холос.

Чунончи, кейинчалик «Блэкпул» ва «Уэска» жамоаларида ижара келишуви асосида тўп сурган Бруна айтарли каромат кўрсатолмади.

Натижада Англиянинг олтинчи дивизионигача «шўнғиди» ва якунда океан ортига йўл олди. Хуллас, айни пайт Канаданинг «Оттава Фьюри» клубида ўйнамоқда.

Маколей КРИСАНТУС. Энг яхши ёш футболчилар рўйхатига ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бош тўпурарини қўшмаслик мумкинми? Йўқ, албатта.

Бироқ тарих шуни кўрсатмоқдаки, ўсмирлар даражасидаги қаҳрамонликлар ҳар доим ҳам профессионал футболда муваффақият қозонишга кафолат эмас.

Ўша ЖЧдан сўнг Крисантус учун мегаклублар навбатда турди - «МЮ», «Барселона», «Реал», «Милан», «Интер», «Арсенал», «Челси» ва яна 5-6таси. Қарангки, бу курашда камтаринроқ «Гамбург» илдамроқ ҳаракат қилди, аммо ҳаттоки, даҳо Рафаэль ван дер Варт ҳам нигериялик йигитчага катта футболда қандай гол уришни ўргатолмади.

Кейинчалик Испания қуйи дивизиони жамоасида ҳам ўзини кўрсатолмаган Крисантус 27 ёшида озод агент мақомини олди.

Думитру КОПИЛЬ. Ўша йили руминлар Думитруга «Янги Хаджи» сифатида қараб, унга катта умид боғлагандилар.

Шунингдек, «Селтик» ва «Ливерпуль» каби клублар Копилга яққол харидор эди, аммо йигитчанинг ўзи воқеалар ривожини тезлатишни истамадими, ҳарқалай, аввалига Шотландиянинг «Хартс» жамоасида ўйнаб кўришни маъқул топди.

Бироқ ёнига гарчи ота-онаси ҳам кўчиб ўтган бўлсаларда, янги мамлакатга кўниколмади. Шундан сўнг ижара шартномалари асосида Литва ва Руминияда ўйнади. Ҳозир эса 27 ёшли футболчи нотаниш «Шоими Липова»да тўп суриш билан чекланяпти.

Нур ХАДРИА. Новча ва озғин Хадриа асосан техник маҳоратию, ҳаракат динамикасини олдиндан тўғри баҳолаши билан кўзга ташланганди.

Бироқ кейинчалик маълум бўлдики, унинг савияси Тунис миллий чемпионати даражасида экан, холос. Оддий айтганда, Нур жиддий жамоаларда ўйнамади ҳам. Шу тариқа Шимолий Африкада бирозгина танилиш билан кифояланиб қолди.

КЕРЛОН. Бразилиялик ўсмир айниқса, тажрибали Мартин Йолни маҳлиё қилганди. У 20 ёшида «Интер» билан шартнома тузди. Бироқ катта доирага тушиш Керлонга акс таъсир этди, ҳарқалай, ақлни шошириб қўядиган даражадаги иқтидорини ишга сололмади.

Яна ўша қисмат - беҳуда ижара келишувлари, тўхтамай пастга «шўнғиш»... Барчаси Керлоннинг Бразилия «D» сериясида иштирок этувчи ярим ҳаваскор жамоа сафига қўшилиши билан хотима топди. Эндиликда 29 ёшли футболчи ёшлиги ва зўр даврларини эслаб, ажойиб имкониятдан фойдаланолмаганидан куюнаётгандир...

Саполь МАНИ. Бу футболчининг қайси хизматлари учун элит рўйхатга тушганини айтиш қийин. Ахир Саполь ўз юрти - Того ташқарисида умуман ўйнамаган.

Умуман олганда, ярим ҳимоячининг кейинги фаолиятида ҳам қандайдир «портлаш эффекти» кузатилгани йўқ - бир неча мавсум Ливия, Жазоир ва Молдава чемпионатларида ўз ҳолича тўп сурди. 26 ёшида эса озод агент мақомини олди.

Рансфорд ОСЕИ. Машҳур Самуэль Это~Онинг ўзи ҳамюртига юқори баҳо бериб, уни Камеруннинг энг истиқболли футболчиларидан бири сифатида таърифлаганди.

Кўринишидан, у бу масалада озгина адашган, шекилли, худди World Soccer рейтингини тузган таҳлилчилар каби. «Твенте»даги атиги бир мавсум - Осеи фаолиятининг чўққиси бўлиб қолди.

Шундан сўнг Африкага қайтган футболчи ЖАР ва Гана миллий чемпионатларида ўзини кўрсатишга уриниб, Финляндиянинг «Санта Клаус» жамоасидан таклиф олди. Аммо еврофутболда нур таратишни уддалай олмади, барибир. Қисқаси, Рансфорд ҳам 26 ёшида озод агентга айланди.

ЛУЛИНЬЯ. Ёшлар жамоаларида «Янги Робиньо» мақомини олган иқтидор. Тўғри, бундайларнинг саноғи йўқ.

Техник томондан мукаммалдек кўринган ҳужумкор ярим ҳимоячи ўсмирлар миқёсида 300тадан кўп гол ургани билан мақтаниши мумкин, бироқ «Коринтианс» асосий таркибида «0»ни ҳаттоки, «1»га ҳам айлантиролмади.

Натижада ўз омадини Португалияда излашга қарор қилган Лулинья маълум вақтдан кейин ортга қайтиб, Сан-Паулу штати чемпиони бўлди. Охирги мавсумни эса Жанубий Кореяда ўтказди.

Андреа РУССОТТО. Италия футболининг энг иқтидорли ўйинчиларидан бирининг тақдири аянчли. Унинг ўзи ёшлигида жуда қийин ҳолатда қолгани хусусида интервью берган:

«Ёшлар терма жамоасида етакчилик қила бошлаганимда, GEA агентлиги ўз хизматларини таклиф қилди. Аммо олдимга шарт ҳам қўйди - «Агар шартномага имзо чекмасанг, «А» сериясининг бирор клубида ўйнай олмайсан». Хуллас, Андреа ҳамкорликдан бош тортиб, Швейцарияга йўл олдию, у ерда «йўқолди».

Тўғри, бир неча марта ижара келишуви асосида Апеннин жамоаларига қайтди, аммо... Ҳозир 29 ёшли Руссотто «С» сериясида «Катания» шарафини ҳимоя қиляпти.

Серхио ТЕХЕРА. World Soccer Техерани дунёнинг энг салоҳиятли 50 нафар ёш футболчиси рўйхатига қўшган вақт у «Челси» вакили ҳисобланарди. Табиийки, ўз юрти - Испанияда ҳам йигитчага катта умид билан қарашган.

Бироқ орадан 10 ўтиб, Серхио камтарин «Химнастия»да ўйнаш билан чекланяпти. Демак, у ҳам ўз қисматдошлари каби «Челси», «Мальорка» ва «Эс-паньол» клубларида яхши имкониятни кўкка совурганидан сиқилса керак...

Кимлар Россияда ўйнашди?

Исмоил АЙССАТИ. Ўша рейтингнинг 2-поғонасини эгаллаган Исмоил ПСВдаги яхшигина мавсум самараси ўлароқ, эредивизионнинг энг истиқболли ўйинчиси сифатида гавдаланганди.

Ажойиб старт ва қойилмақом техника Айссатининг фаолияти нурли бўлишига далолат эди. Бироқ у «Аякс» даражасидан юқорига кўтарилолмади. 25 ёшида эса Россияга йўл олиб, «Терек» сафида 8 марта майдонга тушди.

Шунинг ўзиёқ унинг савияси ҳаттоки, рус премьер-лигасига ҳам жавоб бермаслигини англаш учун кифоя қилди. Исмоилнинг ҳозирги клуби номини айтиш ҳам қийин - «Баликесиреспор».

ГИЛЬЕРМЕ. Бразилиялик ҳужумчи World Soccer рўйхатига тушганидан атиги 2 йил ўтиб, Россияда кўриниш берди. У ўша вақт «Крузейро»нинг ҳар икки ўйинидан бирида гол уришни ўрнига қўяётганди.

Бироқ Киев «Динамо»си сафига қўшилгач, барқарор равишда рақибларни ранжитиш хусусиятини йўқотиб қўйди. Натижада ўйин амалиёти олишни истаган Гильерме ЦСКАда пайдо бўлди.

У Москвада чакки ўйнамади - 20та учрашувда 10та гол. Аммо клублар трансфер нархи масаласида келишолмагач, бечора ҳужумчи ўз ватанига қайтди.

Марек СУХИ. Элит рўйхатдан жой олган саноқли ҳимоячилардан бири. Чех йигити Прага «Славия»сида катталарга хос ҳаракатланиши билан эътибор марказига тушганди. Бироқ унга ҳам жиддийроқ лигада ўйнаш насиб этгани йўқ.

Сухи гарчи «Спартак»ка ўтиб, барчасини муносиб бошлаган бўлсада, «қизил-оқлар» ҳимоясида етакчи мақомига кўтарилолмади. Ваҳоланки, иқтидори етарли эди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz