Қайднома

Қидирув

Серхио Рамос: Аввал рўхатга боқ!

Серхио Рамос: Аввал рўхатга боқ!

  27.11.2017 03:41
  0
  4977
Серхио Рамос: Аввал рўхатга боқ!

Навбатдаги «Олтин тўп» номзодлари рўйхатидан «Реал»нинг нақ етти нафар аъзоси жой олишди. Табиийки, жамоа сардори ҳам улар орасида.

France Football сайти мухбири Серхио Рамос билан учрашиб, муваффақиятлар бежиз эмаслигига амин бўлди. Маҳоратли ҳимоячининг фикрича, «Қироллик клуби»да бундан олдин ҳозиргидек аҳиллик кузатилмаган.

«Ҳеч нарса ўзича пайдо бўлмайди!»

- Яқинда сиз «Реал»да эркатой, арзанда футболчилар тўпланишган» қабилидаги гаплардан чарчадим, дегандингиз?

- Айнан такрорлайдиган бўлсам, қуйидагича фикр юритгандим: «Биз ҳақимизда шундай оҳангда гапирасизларки, гўё Беверли Хиллзда (Лос-Анжелесдаги бойлар шаҳарчаси) туғилгандекмиз.

Бас қилинглар!». Мен Севилья яқинидаги Камас шаҳарчасида дунёга келганман. Ҳозир ҳам 20 йилдан буён танийдиган кишилардан фарқ қилмайман. Кимлар авлодидан эканлигимни унутмаганман.

Аммо кўпчилик «Реал»дагилар учун ҳамма нарса муҳайё, футболчилар осмондан тушгандек тасаввур қилишади. Йўқ, ҳаммасига меҳнат, машаққат, қийинчиликлар эвазига эришганмиз. Ҳеч нарса ўзича пайдо бўлмайди!

- Бироқ сиз номдор футболчилар сафидасиз. Шундай эмасми?

- Қайсидир маънода ҳақсиз. Лекин юқорига кўтарилиш ва шу парвозни ушлаб қолиш ўртасида катта фарқ бор. Юксак савияли ўйинчилар билан анчадан бери ёнма-ён тўп суряпман. Бу эса осон эмас.

- «Реал»нинг етти нафар аъзоси «Олтин тўп» даъвогарлари рўйхатидан жой олишди. Жамоадошларингиз учун мамнунмисиз?

- Албатта! Биз аҳил жамоамиз. Ҳар бир ўйинчи жамоадошининг муваффақиятидан хурсанд.

- «Олтин тўп» мавзусида ҳазиллашиб турасизларми?

- Бўлмасамчи! Айниқса, янги келган ёшларни тинч қўймаймиз. «Ҳой, менга қара, сен аввал рўйхатга боқ, кейин ноғора қоқ», деймиз (кулади). Ҳазиллар кўп...

Аммо ёш иқтидор соҳиблари учун фойдали. «Реал»нинг қандай жамоа экани, унинг сафида майдонга тушиш учун қанчалик тер тўкиш кераклигини билиб олишади.

«Фахрийлар эсимни киритиб қўйганликлари каби...»

- 2014 йили ЕЧЛнинг «Атлетико»га қарши финалида сиз ҳисобни тенглаштирмаганингизда, «Реал» ғалаба қозона олмаган, Роналду «Олтин тўп»сиз қолган бўларди...

- Жамоадошимнинг тўрт карра «Олтин тўп» соҳибига айланишида қандайдир улуш қўша олганим билан фахрланаман. Ахир футбол - жамоавий ўйин, футболчи якка ўзи ҳеч нарсага эришолмайди.

Криштиану барча совринларни ҳақли равишда қўлга киритди. Бунинг учун биздан миннатдор. Ҳар гал «Олтин тўп»ни олганидан кейин жамоани тўплаб, биргаликда суратга тушади.

- Жамоадаги муҳит ҳар қачонгидан ҳам аъломи?

- Супер! Таққослаш учун етарли тажрибага эгаман. Ахир 13 йилдан буён шу ердаман. Жамоада ёшлар ҳамда тажрибали футболчиларнинг ажойиб уйғунлиги шаклланган.

Барчамиз ягона ғоя остида бирлашганмиз. Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун. Муваффақиятларнинг асосий омили шу.

- Демак, ҳозир фаолиятингиздаги энг аҳил жамоадасиз, шундайми?

- Албатта, бошқа бир қатор тотув коллективларни, жумладан, Испания терма жамоасини ҳам кўрганман. Очиғи, аҳилликда ҳозирги «Реал»га тенг келадигани йўқ!

- Сир эмаски, вақти келганда сиз айрим дебютантларни «осмон»дан ерга тушириб қўйгандингиз...

- Шунақаси ҳам бўлган - «Реал» нима эканини тушунтиришга тўғри келган. Худди 2005 йили фахрий футболчилар эсимни йиғиб олишимга ёрдам беришгани каби.

Улар кўмагида жамоа билан тезда тил топишиб кетганман. Бу ҳам анча мураккаб жараён - жамоа турли миллат ва маданият вакилларидан шаклланади.

«Зизу ҳаммага имконбермоқда - гап йўқ!»

- Ёшларга қай тариқа сабоқ берасиз?

- Тан оламан, айримларни тўғри йўлга қайтариш учун овозни кўтаришга мажбур бўлганман. Тарбиялаш менинг вазифам эмас, чунки уларнинг отасимасман. Шунчаки, йўналиш кўрсатаман.

Энг асосийси, учрашув ва машғулотлар пайтида ўйинчи ўзини рисоладагидек тутсин, қолгани ўзининг хоҳиши. Ўз вақтида Рауль, Йерро, Сальгадо ва Роберто Карлос менга шундоқ сабоқ беришган. Бу - жамоадаги ўзига хос эстафета.

- Клубда қандайдир ёзилмаган қонунлар ҳам борми?

- Албатта, бор. Аввало, ҳар бир футболчи жамоадошини ҳурмат қилиши лозим. Майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам. Савияларимиз бир хил бўлгани боис, асосий таркибдан жой олиш жуда қийин.

Бу жиҳатлар ўзаро муносабатлармизга таъсир ўтказмаслиги шарт. Ўйин амалиётига эга бўлмаётганлар эҳтиросларни бир четга суриб, машғулотларга зўр беришлари талаб этилади.

- Ички муҳит бошқачароқ бўлганида муваффақиятга эришиш мумкинмиди?

- Ишончим комилки, совринларимизнинг ярмига ҳам эришолмасдик. Бу борада Зизунинг хизмати катта. Айнан у аҳил жамоани шакллантирди. Захира ўриндиғи жуда узун бўлсада, ҳар бир футболчи ўзини муҳим ҳисоблайди. Мураббий эса ҳаммага имкон беради.

- Неймар билан Кавани ўртасида бўлиб ўтган можаро («Лион»га қарши ўйинда) «Реал»да ҳам такрорланиши мумкинми?

- Йўқ. Чунки барча масалалар аввалдан ҳал қилиб қўйилади. Криштиану - асосий пенальтичи, у йўқлигида мен бажараман. Ҳар эҳтимолга қарши учинчи зарба берувчини ҳам белгилаганмиз.

«Уйда ҳам ўз вақтидаухлашимизни Зизу билади!»

- Зидан билан ёнма-ён тўп сургансиз - 2005|2006 йиллар мавсуми сиз учун дастлабки, унинг учун охиргиси бўлганди...

- Қўшимча сифатида айтишим мумкинки, биз 4 ва 5-рақам остида майдонга тушардик. Шу сабабли ечиниш хонасида ёнма-ён жойлашардик.

Футболчилик пайтида Зизу жуда камтарин, камгап эди. Оз, аниқ ва лўнда гапирарди. Аввал ҳам, ҳозир ҳам мураббий ва сардор сифатида илиқ муносабатдамиз.

- Қандайдир келишмовчиликлар кузатилганми?

- Йўқ. У футболчи бўлгани учун нимани ўйлаётганимизни, нимани ёқтиришимизни яхши билади. Ҳар қандай мураббий учун ўйинчилик тажрибаси муҳим аҳамиятга эга.

- Жумладан, футболчилар учрашув арафасидаги карантин ҳолатини ёқтирмасликлари ҳам мураббийга маълум.

- У кимга ҳам ёқарди, дейсиз?! Фарзандли оилалар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Лекин Зизу бизнинг профессионаллигимизга шубҳа қилмайди, ҳатто ўйда тунайдиган бўлсак ҳам ўз вақтида ухлашимизга ишонади.

Бу борада алоҳида келишиб олганмиз. Келишмовчиликларга умуман ўрин йўқ - у бизни хафа қилдириб қўймайди, биз эса уни уялтирмаймиз!

- Зиданнинг бош мураббий лавозимига келишида сизнинг ҳиссангиз катта бўлган, дейшади. Бенитес истеъфога чиқарилганидан кейин Зайниддинга қўнғироқ қилганингиз ростми?

-  Менинг ҳиссам  (кулади). Яшириб нима қиламан, Зидан «Реал»ни беш бармоғидек яхши биларди, биз унинг раҳбарлигида ўйнашни истардик. Шу боис, бор гапни унга етказдим.

«Бобом ва бувимдан мадад сўрайман»

- Кўп марта «сеҳрли таёқча» вазифасини бажариб, муҳим ғалабаларда ҳал қилувчи роль ўйнагансиз. Ўта оғир дамларда ишонч билан тўп суришни қандай ўргангансиз?

- Билмайман, шунчаки, ўзимга ишонган ҳолда сўнгги сонияларгача курашишга интиламан. Ҳуштак чалингунча умид узмайман. Кимдир тақдирга тан берган пайтда мен имконият қидираман. Қандайдир ишонч ёрдам беради.

- Мураккаб вазиятларда кўпроқ нимага таянасиз?

- Марҳум бобом ва бувимни эслайман. Мураккаб вазиятга тушиб қолганимда, осмонга юзланиб, улардан мадад сўрайман. Бу менинг шахсий сирим, ТВ орқали уни сезишнинг иложи йўқ. Масалан, сўнгги сонияларда бурчак тўпи тепсак, у бизни қутқариши мумкин бўлса, шундай қиламан.

- Ҳимоячига хос бўлмаган сермаҳсулликни шу билан изоҳлайсизми?

- Болалигимда ҳужумчи позициясида ўйнаганман. Лекин мураббийлар кейинчалик мени орқа чизиққа ўтказишган. Деярли барча нуқталарда ўйнаб кўрганман.

Аввалига қанот ҳужумчиси, кейин ярим ҳимоячи, таянч ярим ҳимоячиси, қанот ва марказий ҳимоячи сифатида тўп сурдим. Қаерда ўйнашимдан қатъий назар, доимо рақиб дарвозасини ишғол қилишга интилардим. Голни ҳис этиш қобилиятига эгаман - бу табиий фазилат.

- Мағлубиятларга кўника олмаслик ҳамми?

- Йўқ, мағлубият бўлмаса, ғалабалар ҳам бўлмайди. Улар - танганинг икки томони. Менга бой берилган ўйинлар кўпроқ сабоқ улашади. Иши юришмаганда киши ўзига бўлган ишончни йўқотиб қўйиши мумкин.

Шундай паллада танқид уни батамом чўктиради. Шу боис, мақтовларни ҳам, танқидни ҳам кўнглимга яқин олмасликка интиламан. Бу менинг ҳимоя воситам. Оқибатда мухлислар ва матбуот вакиллари наздида енгилмас жангчи сиймосида гавдаланаман.

- Майдонда жуда тажовузкорсиз, ҳаётда эса ўта вазмин, ёқимтой йигитсиз...

- Кишига фақат футболдаги ҳаракатларига қараб баҳо бериш тўғри эмас. Йиллар ўтиб, таниш ўйинчиларни учратиб қоламан. Ҳозир улар хушмуомала, ажойиб инсонлар.

Майдонда эса муросасиз рақиб эдилар. Масалан, «Валенсия»даги Роберто Фабиан Айяла (2000-2007 йиллар) билан бурчак тўпларини амалга ошираётганида доимо уришиб қолардик.

Ўйин тугаганидан кейин эса бир-биримиз билан дўстона қўл олишиб хайрлашардик: «Сенга гап йўқ! Бу ёғига ҳам муваффақият!». Ҳа, ўйинда ҳар ким ўз вазифасини адо этади, ундан кейин эса шунчаки, оддий йигитларга айланади.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz