Қайднома

Қидирув

Биз грандмизми?

Биз грандмизми?

  27.11.2017 06:28
  0
  3244
Биз грандмизми?

Ўзбекистон терма жамоаси Осиёда етакчилар сирасига кирадими? Биз грандмизми? Бу саволга жавоб бериш мушкул. Бир томондан, етакчи эмасмиз, дейишга тил бормайди.

Ҳар ҳолда, ўзимизга ҳурматимиз баланд, қитъанинг икки карра энг яхши футболчиси биздан чиққан. Аммо бошқа томонлама мақтанадиган нимамиз бор? Ким бизни гранд, деб тан олади? Ўзимиздан бош-қа, албатта...

ДАЪВО

Ўзбекистон миллий терма жамоаси қитъамиз грандлари қаторида юришга даъво қила бошлаганига анча бўлган. Узоқ 1994 йилда, ҳали ўз кучимизни чамалаб олишга ҳам улгурмасимиздан Осиё ўйинларида ғолиб чиққанимиз бизнинг фойдамизга бўлдими ёки зарарга, буни энди аниқ айтиш қийин. Чунки шундан буён қитъа даражасида ўтган бирорта мусобақада фаворитлар қаторида қайд этилмадик. Ким аслида ким экани эса 1996 йилда ўтказилган Осиё кубогидаёқ кўриниб қолди. Ёдингиздан чиққан бўлса, эслатиб ўтамиз, қитъа биринчилигидаги энг йирик мағлубият ҳам айнан бизнинг термамизга тегишли (Ливан-2000, Япониядан - 1:8).

Шундан буён Ўзбекистон терма жамоасининг халқаро ареналардаги обрўйи кескин тушиб кетди. 1994 йилда қозонилган ғалаба эса фақат бизнинг ёдимизда қолган. Бошқалар аллақачон унутиб юборишди, фақат ўзимиз ўша ёқимли хотиралар билан яшаяпмиз. Энг катта камчилигимиз ҳам шу бўлса керак, ҳойнаҳой.

Ҳаммаси 2011 йилда ўзгариб кетиши мумкин эди. Ўша йили Қатарда ташкилланган қитъа биринчилигида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихидаги энг ёрқин ўйинини намойиш этганди.

Биз ҳам ниҳоят, ойнинг қоронғу қисми тугаб, ёруғ 15 кунликка етиб олганимизга ишона бошлагандик. Аммо бу таассурот ҳам алдамчи экан. Кейинчалик маълум бўлишича, Қатарда ўтган мусобақада ҳам гранд бўлмаган эканмиз.

Шунчаки, аввалдан мағлуб этиб юрган рақибларимиздан устун келган эканмиз, холос. Ягона фарқ - чиройли ғолиб чиқишни ўрганиб олганимиз бўлди. Бироқ бу ҳам узоққа бормади, тезда яна аввалги Ўзбекистон терма жамоасини кўрдик. Охирги икки йилни эса эслагинг ҳам келмайди.

ЯНГИ ДАВР

Ниҳоят, янги давр бошланганини эълон қилишди. Биз буни узоқ кутдик. Аввал ёз келишини, кейин эса куз. Аниқроғи, 10 сентябрни. ЎФФда раҳбарият ўзгаргач, кутганларимиз келгандек кўринди.

Шаффофлик ҳақида гап-сўзлар эшитдик, ҳамма очиқ мулоқотга чақирилди. Федерация мутасаддилари ҳам ишга жадал киришишди.

Умид Аҳмаджонов қисқа фурсат давомида турли давлатларга сафар уюштирди, ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланди. Бунинг натижаси ўлароқ, «Барселона» афсонаси Карлес Пуйоль юртимизда меҳмон бўлди.

Ишонамизки, бу ҳали бошланиши ва шу каби тадбирлардан ҳали анча-мунчасини кўрамиз. Аммо ўзбек футболини ривожлантириш учун шунинг ўзи етарлими?

Ҳозир Профессионал футбол лигасида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида гапиришга эрта. Бу мавзуда фақат икки йилдан сўнг, ислоҳотлар натижаси маълум бўлгандан ке-йингина фикр билдириш мумкин.

Ҳозир биз учун зарардек кўринаётган нарсалар аслида фойдали бўлиб чиқиши ҳам ҳеч гап эмас. Билмаганимиз ҳақида тусмолдан гапирмаган маъқул. Шунинг учун келинг, билганларимиз ҳақида фикрлашайлик.

БИЛГАНЛАРИМИЗ

Япония футболи қандай ривожланганидан хабарингиз борми? Катта авлод вакиллари яхши эслашади, бундан 20-25 йил илгари Япония термаси сафида бразилиялик маҳаллийлаштирилган футболчилар ҳам тўп суришарди.

Шунингдек, «кунчиқар юрт» жамоаси кучли рақиблар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишга ҳам жиддий эътибор берган. Худди шу тажрибани Жанубий Корея, Эрон ва Саудия Арабистонида ҳам кўриш мумкин. Ҳозир Хитой шу йўлдан бормоқда.

Агар УЕФАда бўлмасанг, у ҳолда жаҳоннинг кучли термаларига қарши ўртоқлик ўйинларини кўпайтиришга тўғри келади. Ҳар қанча пул кетса ҳам. Акс ҳолда, ўз қобиғингга ўралашиб қоласан.

Мундиалга чиқа олмасанг, Германия ва Испания билан саралашда тўқнаш келмасанг, уларнинг тажрибасини қаердан ўзлаштирасан? Фақат пул тўлаб, назорат ўйини ўтказмасанг, бошқа йўли йўқ.

Энди ўйлаб кўринг, Ўзбекистон миллий жамоаси қандай йўлдан кетмоқда? Биз кимдан ва қай йўсинда ўрганмоқдамиз?

Гапни айлантирмайлик-да, дангалини айтайлик - ўтган ҳафта БАА термасига қарши ўтказилган ўртоқлик ўйини бизга нима берди? Жаҳон чемпионатига чиқишни истайдиган, қитъа етакчилари сафига киришга даъво қиладиган жамоа учун шунинг ўзи етарлими?

РАҚИБЛАР

Биз БААга қарши баҳсга тайёргарлик кўраётганимизда, қитъадаги асосий рақиблар аллақачон ўртоқлик учрашуви ўтказиб улгурган эдилар. Япония термаси Бразилия билан куч синашди, Хитой эса Сербияга қарши майдонга тушди.

Эътибор беринг, рақиблар аллақачон жаҳон чемпионати йўлланмасини биринчилардан бўлиб қўлга киритишган. Шунга қарамай, Бразилия ҳам, Сербия ҳам ҳеч қандай муаммосиз Осиёга келиб, ўртоқлик ўйини ўтказиб кетди.

Японияни-ку, майли, тушунса бўлади, ҳар ҳолда мундиалга чиққан ва анча кучли жамоа. Бундай рақиб билан Бразилия ҳам ўйин ўтказишдан тортинмайди.

Аммо Европадаги саралашдан биринчи бўлиб ўтган Сербия термасини Хитойга келишга нима мажбур қилди? Пул, албатта...

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳам ўз олдига жиддий мақсад қўйгани рост бўлса, шундай ўйин ўтказиши шарт. Зеро биз УЕФАдаги Андорра даражасида ҳам эмасмиз.

Англия, Италия, Франция, Германия ва Испания билан бирор саралашда ўйнаш имкони бизда йўқ. Уларни қўя туринг, ҳатто Польшага қарши баҳс қандай кечишини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Шундай экан, қандай қилиб ЖЧ ҳақида ўйлаш мумкин?

Бу тажрибага фақат бир йўл билан эришса бўлади - жаҳоннинг кучли жамоаларини назорат баҳси ўтказишга кўндириш керак. Шарт. Ҳа, бу қийин иш. Нима, Хитойга ташриф буюрган серблар Ўзбекистонга кела олишмайдими?

Ахир биз Чин юрти вакилларидан кучли эканимизни даъво қиламиз-ку! Саралашда ҳам олдинроқда бўлганмиз. Шундай экан, наҳотки, Хитой футбол федерацияси қилган ишни бизникилар уддалай олишмаса?!

КИМ КУЧЛИ?

Юқорида Ўзбекистон миллий жамоаси Хитой термасидан кучли эканини даъво қилдик. Шу вақтга қадар ўтказилган ўйинлар ҳам буни тасдиқлаб турибди, эътироз йўқ.

Аммо эслаб қолинг, агар аҳвол шу зайл давом этса, яқин икки йилда бу фикрни ўзгартиришга тўғри келади. Шахсан ўзим Хитой - Сербия учрашувини томоша қилдим. Бу баҳсда хитойликлар ўз майдонида 0:2 ҳисобида енгилди.

Аммо ишонинг, серблар жуда ҳам катта устунликка эга бўлишгани йўқ. Шунчаки, дарвозабон Самир Ханданович жуда яхши ўйин намойиш қилди, қолаверса, хитойликларга омад кулиб боқмади.

Акс ҳолда, 7-рақамдаги Ву Лининг ўзи ҳисобни тенглаштириб қўйиши ҳеч гап эмасди. Бу нимадан далолат беради? Тан олайлик, Хитой миллий жамоаси ҳозирнинг ўзида биздан ўзиб кетибди.

Унутманг, бу термани Марчелло Липпи бошқармоқда. ЖЧ-2022 саралашига ҳам жамоани айнан у тайёрлайди. Сербияга қарши кечган ўйин эса шуни кўрсатдики, Хитой жамоаси савия жиҳатидан анча ўсишга эришибди.

Яқин йилларда яна ҳам кўтарилади. Италиялик мураббий қўл остида бошқача бўлишини тасаввур қилиш ҳам қийин бўлса керак.

Очиғи, шахсан ўзим келгуси ЖЧ саралашида Хитойга қарши тушишдан ҳозирнинг ўзида ҳайиқиб турибман. Қўрқмаслик керак, дейсизми?

Тўғри. Ҳеч қандай рақибдан чўчимаслик лозим. Аммо «қуруқ қошиқ оғиз йиртади», деган гап ҳам бор. Хитойдан ниманинг ҳисобига қўрқмаслигимиз лозим? Улар Сербия термаси билан ўйнамоқда. Биз-чи?

Ҳа, шунақа. Рақиблар бир жойда тўхтаб тургани йўқ. Австралия жамоаси барибир, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Энди ЖЧ-2018да ОФКга аъзо мамлакат вакилларининг бештаси қатнашади. Хушхабарми? Ҳа, албатта.

Аммо бу мундиалдан сўнг Австралия футболи қай даражада кўтарилишини ўйлаб кўрдингизми? Бизда эмас, уларда янги иқтидорларнинг жаҳон чемпионатида ўйнаш ҳаваси ортади. Япония азалдан кучли бўлган, Жанубий Корея ва Эрон ҳам.

Саудия Арабистони, Хитой ва ҳаттоки, сўнгги ўйинда бизга рақиблик қилган Бирлашган Араб Амирликлари термаси ҳам тобора ўсишга эришмоқда. Ҳозирнинг ўзида 7та жамоа санадик. Бу ёқда ҳали Сурия, Ироқ, Иордания ва КХДРни қўшганимиз йўқ.

Ўйлаб кўринг, ЖЧ-2022да Осиё футбол конфедерациясига бор-йўғи 3,5та ўрин ажратилади. Қатар мезбон ва у тўғридан-тўғри иштирок этади. Бунақада биз мана шу уч яримта жамоа орасида бўла оламизми?

Агар вазият ўзгаришсиз қолса, 8та йўлланма бериладиган ЖЧ-2026га ҳам умид камайиб кетади, деб қўрқаман...

ЯКУНДА

Ҳозир ёзганларим билан Ўзбекис­тон футбол федерациясининг янги раҳбариятини айблаш ниятим йўқ. Инсоф юзасидан айтиш лозим, 12 йилдан буён қилинмаган ишни 3-4 ойда уддалаш қийин.

Бош жамоамиз шу вақтга қадар Тошкентда бирорта кучли рақиб билан ўртоқлик ўйини ўтказмаган бўлса, бунга янги раҳбарият айбдор эмас.

Аммо буёғига ҳам ўтказмаса, оқлаш қийин. Қисқаси, боя ҳам айтилганидек, ҳар нарсани баҳолаш учун вақт керак. Сабр қиламиз.

Ҳозир эса, шунчаки, Осиё футболидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот бериб ўтдик, холос. Рақиблар мудрамаяпти, шундай экан, биз ҳам улар билан қадамба-қадам боришимиз шарт. Акс ҳолда, ортда қолиб кетамиз. Мақсадимиз - огоҳлантириш.

Ҳали олдинда 4 йил бор, улгурамиз, деган хаёлдан дарҳол воз кечиш даркор. Ўзбекистон миллий жамоаси рақобатбардош бўлишини истасак, тайёргарликни ҳозирдан бошлаш лозим.

Тўғри, Рўзиқул Бердиев вақтинча бош мураббий ва унинг ўрнига келадиган мутахассис мутлақо бошқача йўналишда ишлаши табиий ҳол.

Аммо футболчилар ва энг муҳими, мухлисларнинг термага бўлган ишончини қайтариш учун ҳам кучли рақибларга қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Бошқалардан кам эмаслигимизни ҳар дақиқада ҳис қилиб туришимиз шарт. Бизга шу нарса керак.

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz