Қайднома

Қидирув

20 йил: 175та ўйин ёхуд Жанлуижи Буффон фаолиятига назар

20 йил: 175та ўйин ёхуд Жанлуижи Буффон фаолиятига назар

  29.11.2017 06:26
  0
  2059
20 йил: 175та ўйин ёхуд Жанлуижи Буффон фаолиятига назар

ЖЧ-2018 йўлланмасидан маҳрум бўлган Жанлуижи Буффон кўз ёшларини тия олмай, Италия терма жамоаси сафидаги фаолиятини якунлаганини маълум қилди.

Soccer.ru таниқли посбон фаолиятидаги эътиборли воқеалар ҳақида ҳикоя қилди.

1997 йил 29 октябрь (дебют)

Бундан роппа-роса 20 йилу бир ой муқаддам Буффон Италия термасидаги дебютини нишонлаганди. Қизиғи, унинг халқаро аренадаги фаолияти айнан ЖЧ арафасидаги учрашув билан бошланган.

Ўшанда «мовий гвардия» Москвада Россия миллий жамоаси билан куч синашганди. 19 ёшли «Парма» посбонининг муҳим беллашувда майдонга тушишига асосий дарвозабон Жанлука Пальюканинг жароҳати сабаб бўлганди.

Мажбурий ўзгариш туфайли бир соатдан кўпроқ вақт давомида ўйнаган Жижи кўплаб «сэйв»ларни намойиш этди, лекин Каннаваронинг хатоси туфайли юзага келган автогол уни илк марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этганди.

Тўғри, омадсизликдан икки дақиқа аввал Вьери Овчинников дарвозасини забт этиб, меҳмонларни олдинга олиб чиққанди. Шу тариқа Италия сафардан ижобий натижа (1:1) билан ортга қайтганди.

Неаполдаги жавоб учрашуви эса мезбонларнинг кичик устунлигида (1:0) якун топиб, мундиал эшикларини очиб берган. Бироқ Буффон бу баҳсда майдонга тушмади - Чезаре Мальдини тажрибалироқ Перуццига ишонч билдирганди.

Жижининг иккинчи марта майдонга тушиши ярим йилдан кейин (Парагвай, ўртоқлик ўйини), расмий учрашуви эса бир йилдан сўнг (Швейцария, Евро-2000 саралаши) юз берди.

Илк мундиал. ЖЧ-1998 (захирада)

Франциядаги ЖЧ-98 арафасида Буффон Пальюка ва Перуццидан ке­йин учинчи дарвозабон сифатида «мовий гвардия» сафидан жой олганди. Перуцци жароҳатлангач, Буффоннинг имкониятлари анча ошди.

Учинчи дарвозабонликка Пюльдони олишди. Пальюка эса Италия термасининг барча учрашувларида тўлиқ иштирок этиб, ўринбосарларга имкон бермади.

Евро-2000 (бош посбон)

ЖЧ-98дан кейин терма жамоа бош мураббийлиги Чезаре Мальдинидан Дино Зофф ихтиёрига ўтди.

Айнан шу афсонавий дарвозабон даврида Жижи қитъа биринчилигидаги 8та учрашувнинг еттитасида майдонга тушди, Италия гуруҳ ғолиби бўлди. Шундан буён Буффон мамлакатнинг асосий дарвозабони мақомини ҳеч кимга бермади.

2000 йил 3 июнь. Ослодаги хосиятсиз оқшом

Табиийки, навбатдаги Европа чемпионатида «скуадра адзурра» шарафини дарвозада Буффон ҳимоя қилиши керак эди. Аммо фаолиятидаги дастлабки турнир арафасида Жижининг қўли синиб қолди.

Оқибатда Норвегия терма жамоаси билан бўлган ўртоқлик учрашуви жуда қимматга тушди - Евро беллашувларини ТВ орқали кўришга мажбур бўлди. Бельгия-Голландия яшил майдонларида унинг ўрнига Франческо Тольдо жавлон урди.

Тан олиш керак, Ческо турнирни ишончли ўтказди, айниқса, мусобақа мезбонларидан бирини финалдан мосуво этган баҳсда юксак маҳорат намойиш этди. Бироқ Италиянинг шоҳсупага кўтарилиши учун битта «сэйв» камлик қилди.

Жижини мусобақадан маҳрум қилган жароҳат у терма либосида 15 марта майдонга тушганида юз берганди. Нуфузли мусобақанинг аламзада томошабинига айланган Буффон ўша дамларда уни олдинда миллий жамоадаги 160та учрашув кутаётганини билганмикан?

2-мундиал. ЖЧ-2002 (корейсча «мўъжиза»)

2000 йил охиригача Франческо Тольдо рақобатчиларга «нон» қолдирмади. Бироқ ЖЧ-2002 саралашининг иккинчи ярмида Буффон асосий дарвозабон мақомини ундан тортиб олди. Охирги бешта учрашувда майдонга тушиб, дарвозасидан атиги битта тўп ўтказиб юборди.

Осиё қитъасидаги илк мундиалда «мовий гвардия» Жижининг Мексикага қарши баҳсдаги «сэйв»лари ҳамда Хорватиянинг параллель баҳсда Эквадорга имкониятни бой бериши эвазига гуруҳдан чиқди.

Нимчорак финалда Траппаттони шогирдлари чекига мезбонлар билан куч синашиш тўғри келди. Шу боис, Буффон ва унинг жамоадошлари турнирдан барвақт ортга қайтишди.

Биринчидан, Ж.Корея термаси Гус Хиддинк бошчилигида пухта тайёргарлик кўрганди. Иккинчидан, ҳакамлар очиқдан-очиқ майдон эгаларига ён босишди.

Жижи 5-дақиқада дарвозаси томон белгиланган пенальтини бартараф этди. Кейинчалик экваторлик бош ҳакам Морено Тоттини ўйиндан четлатди, Томмазининг голини инобатга олмади.

Ан Чун Хван эса 117-дақиқада «олтин гол»ни амалга ошириб, чорак финал масаласини ҳал қилди. Эътиборлиси, омадсизлик Буффоннинг юбилей - 30-учрашувига тўғри келди.

Евро-2004. Италиянинг омадсизлиги ва Ибрагимовичнинг товон зарбаси

Навбатдаги қитъа биринчилигида «скуадра адзурра» гуруҳдан чиқолмади, Буффон эса фаолиятидаги энг шармандали голни қабул қилиб олди. Боз устига, ўзининг «Ювентус»даги янги жамоадоши - ёш ва серғайрат швед Златан Ибрагимовичдан!

Ҳужумчи дарвозага тескари турган ҳолда баланд сакраб, тўпга товонининг орқа томони билан зарбу берганди. Бу голни ўз кўзи билан кўрганлар ҳозир ҳам ҳайрат билан эсга олишади.

3-мундиал. Италия - ЖЧ-2006 ғолиби!

Шармандали Евродан кейин бош мураббийлик лавозими Марчелло Липпига топширилди. Дарвозабон позицияси Буффон ихтиёрида қолди.

«Мовий гвардия»нинг зафари билан якунланган мундиалда голкипер еттита учрашувда ўз дарвозасидан атиги икки марта тўп олиб чиқди - АҚШга қарши баҳсда Заккардонинг автоголи ва финалда Зиданнинг «нуқта»­дан берган зарбасидан кейин.

Хуллас, бешта учрашувни «қуруқ» ўтказган Жижи Лев Яшин мукофотига сазовор бўлди. Франция билан баҳсда дарвозабон терма жамоа таркибида 67-марта майдонга тушди. Яъни, ўшанда халқаро фаолиятидаги оралиқ маррадан ҳам анча олисда эди.

Евро-2008. Омадсиз лотерея

Қитъа биринчилигига Роберто Донадони раҳбарлигида ташриф буюрган жаҳон чемпионлари турнирни йирик мағлубият (Голландия, 0:3) билан бошлашди.

Иккинчи учрашувда Буффон «скуадра адзурра»ни мағлубиятдан сақлаб қолди - сўнгги дақиқаларда Адриан Мутунинг 11 метрлик жарима зарбасини қайтариб, 1:1 ҳисоби ўзгаришига йўл қўймади. Гуруҳдаги сўнгги беллашувда эса чемпионлар Францияни доғда қолдиришди - 2:0.

Испания билан бўлган чорак финал учрашувида Буффон ҳам, Касильяс ҳам ўз дарвозалари дахл­сизлигини таъминлай олишди. Овертаймлардан кейинги «лотерея»да эса испанлар аниқроқ ҳаракат қилишди.

2009 йил 14 ноябрь. Буффоннинг терма сафидаги 100-учрашуви

Тақдирнинг қалтис ҳазилини қаранг­ки, терма жамоадаги ўйинлар сонини 100тага етказган тарихий сана роппа-роса 8 йилдан кейин Буффон учун чинакам мотам кунига айланди. Пескарада бўлиб ўтган Италия - Голландия қарама-қаршилигида ҳисоб очилмаганди.

4-мундиал. Италиянинг ЖЧ-2010даги шармандалиги

Евродаги омадсизликдан сўнг Липпи терма жамоага қайтарилди. Аммо зафарли юришларни қайтаришнинг иложи бўлмади. Энг ачинарлиси, амалдаги тождор Парагвай, Словакия ва Янги Зеландиядек «грандлар» жой олган гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади!

Тўғри, қаҳрамонимиз старт беллашувларидаги 45 дақиқалик иштироки билан чекланишга мажбур бўлди - Парагвайга қарши учрашувда жароҳат олгач, қолган иккита учрашувда дарвозани Федерико Маркетти қўриқлади.

Италия ЖАР мундиалини эрта тарк этганига Буффон қуйидагичи изоҳ берганди: «Словакия ва Янги Зеландия жамоалари ҳурматга лойиқ ўйин кўрсатишди. Лекин мени тўғри тушунинг:

шу термаларнинг лоақал биттасини енга олмаган эканмиз, барвақт уйга қайтишимиз адолатли ҳукм. 2006 ва 2010 йиллардаги жамоалар фарқи шундаки, ҳозир Тотти ва Дель Пьеродек юксак савиядаги ўйинчилар сони таркибда жуда камайиб кетди».

Евро-2012. Финалдаги 4та гол

Жорий йил Буффон ЕЧЛ финалида «Реал»дан 4та гол қабул қилишга мажбур бўлди. Бироқ бу испан жамоа­ларининг унга тайёрлаган дастлабки «сийловлари» эмас.

Евро-2012нинг бешинчи учрашувида Италиянинг биринчи рақамли посбони 3та гол ўтказиб юборганди. Лекин Киевдаги финал баҳсида «қизил фурия» уни нақ 4 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди.

Шу ўринда Жижи ўз мағлубиятини мардона қабул қилганини эътироф этиш жоиз: «Баъзан мағлубиятни тан олиш ва рақибни зафар билан табриклашдан бошқа йўл қолмайди. Бугун шундай ҳолатга дуч келдик. Испания ажойиб ижрочиларга эга жамоа».

2013 йил 10 сентябрь. ЖЧ-2014 саралашидаги Чехияга қарши баҳс

Туринда бўлиб ўтган мазкур беллашувнинг эътиборли жиҳати шундаки, Буффон «мовий гвардия» либосида 136-марта майдонга тушди ва бу борада афсонавий Фабио Каннаваро билан тенглашди.

Данияга қарши нав­батдаги учрашувда эса мутлақ рекордчига айланди. Шундан кейинги даврларда ўз кўрсаткичини бўй етмас баландликка олиб чиқди.

5-мундиал. ЖЧ-2014даги омадсизлик

Агар Италиянинг ЖЧлардаги натижаларига эътибор берилса, Бразилиядаги муваффақиятсизлик тасодиф эмаслиги аён бўлди: Буффон жамоадошлари икки марта мундиалнинг гуруҳ босқичидан нари ўтолмадилар.

Бразилияда Жижи жароҳат туфайли дастлабки учрашувни ўтказиб юборди, жамоа эса Англиядан устун келди. Коста-Рика ва Уругвайга қарши Буффон ҳаракатланди ва 0:1 ҳисобидаги иккита мағлубиятдан кейин океан бўйлаб зерикарли сафарни амалга оширди.

Евро-2016. Контенинг уринишлари

Охирги қитъа биринчилигида «скуадра адзурра» гуруҳдан чиқишни уддалади, чорак финалда немислар билан тенгма-тенг ўйнади. Фақат пенальтилар сериясида омад рақиб томонида бўлди.

Ижобий ўзгаришларнинг асосий сабабчиси Антонио Конте бўлди. Бироқ мураббий терма билан ҳамкорликни давом эттиришни истамади. Энди унинг ортидан Буффон ҳам жамоани тарк этди.

2017 йил 13 ноябрь. Термадаги сўнгги иштирок (аламли кўз ёшлар ва хайрлашув)

Ҳа, афсонавий дарвозабонга олтинчи мундиалда қатнашиш насиб этмади. Очиғи, ЖЧ-2018 саралашини Италия, жумладан, Буффон ҳам барқарор ўтказолмади. Хатоликлардан ҳеч ким кафолатланган эмас, айниқса, футболдек жўшқин спорт турида.

Хуллас, Швецияга қарши жавоб учрашуви Буффоннинг миллий жамоа сафидаги сўнг­ги - 175-иштироки бўлди. Албатта, рекордлар абадий эмас, лекин мазкур кўрсаткич узоқ умр кўриши аниқ. .

Эътиборлиси, шундай аламли дақиқаларда ҳам Жижи чинакам эркакларга хос фазилатни намойиш этди: Италияни ЖЧдан мосуво этган Швеция мадҳиясини «Сан-Сиро» кучли ҳуштакбозлик билан қарши олганда, Буффон қарсак чалиб, рақибни олқишлади.

Албатта, буюк дарвозабонлар ҳамма вақт бўлган, яна бўлади. Лекин Буффон - ягона!

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz