Қайднома

Қидирув

«Плей-офф» орқали мундиалга йўл олган ва ололмаган қитъадошларимиз

«Плей-офф» орқали мундиалга йўл олган ва ололмаган қитъадошларимиз

  30.11.2017 00:21
  0
  1780
«Плей-офф» орқали мундиалга йўл олган ва ололмаган қитъадошларимиз

Австралия миллий жамоаси 14 ноябрь куни КОНКАКАФ вакили - Гондурас термасини 3:1 ҳисобида  енгиб, ЖЧ-2018 финал раунди йўлланмасини қўлга киритди.

Шу тариқа Россия мундиалида ОФК шарафини ҳимоя қилувчи жамоалар сони 5тага етди. Диққатни тортадиган факт шуки, Осиё футболи тарихга айланган аввалги 20та жаҳон чемпионатининг ҳеч бирига бу қадар кўп вакил юбормаган.

«Соккеруз»ни улкан муваффақият билан табриклаш баробарида мундиалга қитъалараро «плей-офф» орқали йўл олган ва ололмаган қитъадошларимизга тўхталамиз.

ЖЧ-30. Футболнинг Олимпиада ўйинлари дастурига киритилгани бошида янги форматдаги турнир келажагига шубҳа уйғотган. Бундан ташқари, Европанинг бир қатор мамлакатлари илк турнирга жамоа юборишни истамаган. Шулар таъсирида тарихдаги дебоча жаҳон чемпионати учун саралаш босқичи ўтказилмаган. Шунингдек, Уругвай-30 мундиалига Осиёдан бирор жамоа бормаган.

ЖЧ-34. Италияда ташкиллаштирилган ҳисоб бўйича иккинчи ЖЧ йўлланмалари тақдири эса саралаш баҳслари орқали ҳал этилган. Хусусан, 12-саралаш гуруҳида Африка ва Осиё жамоалари ягона йўлланма учун кураш олиб борган. Аниқроқ айтсак, трио шаклидаги гуруҳда Миср, Фаластин (Британия мандати остида эди) ва Туркия жамоалари жой олганди. Бироқ туркияликлар сўнгги паллада саралашдан бош тортишади ва гуруҳда 2та жамоа қолади. Ўша вақт Фаластин термаси таркибида 9 нафар инглиз, 6 нафар яҳудий ва бир нафаргина араб футболчиси бор эди. Хуллас, мисрликлар ушбу байналминал жамоани 7:1 ва 4:1 ҳисобида енгиб, ЖЧ-34га йўл олади. Фаластин термаси голларини Абрахам Надельманн (биринчи баҳсда) ҳамда Йоханан Сукеник уришганди. Ўйинлар эса Қоҳира ва Тель-Авивда ташкиллаштирилган.

ЖЧ-38. Бу сафар ҳам 12-саралаш гуруҳи «учинчи дунё» вакиллари учун ажратилади: Австралия, Хитой, Япония, Янги Зеландия, Филиппин ва Голландия Ҳиндистони (Индонезия). Бироқ бу жамоалар саралашда иштирок этишни истамагани сабаб, Голландия Ҳиндистони термаси курашсиз йўлланма олади. Британия мандати тасаруффида бўлган Фаластин термаси эса бу сафар 6-гуруҳда ўйнаб, Греция жамоасига йўл бўшатади - 1:3, 0:1. Фаластинликлар қайси асосга кўра, греклар билан ўйнашгани футбол қайдномаларида кўрсатилмаган. Айрим манбаларда тахмин қилинишича, Фаластин жамоасининг сўнгги 5 йилдаги натижалари Исроил футболи статистикасига қўшиб юборилган.

ЖЧ-50. Иккинчи жаҳон уруши туфайли 12 йиллик танаффусдан сўнг ташкиллаштирилган учинчи мундиал йўлланмалари жами 10та гуруҳда ўйналган. Осиёда жойлашган Исроил ва Сурия мамлакатлари жамоалари эса Европа ҳудудидаги саралашда иштирок этган. Сурияликлар 2-гуруҳда Туркия термасига 0:7 ҳисобида имкониятни бой беришади, исроилликлар эса 3-гуруҳда Югославия жамоасига бас келолмайдилар - 0:6, 2:5. Маълумот ўрнида айтиш керак, Исроил тарихда 3та конфедерацияга аъзо бўлган: ОФК (1954-1974 йиллар), ОкФК (1974-1991 йиллар) ва УЕФА (1994 йилдан буён).

ЖЧ-54. Швейцария жамоаси мезбон, Уругвай термаси эса амалдаги чемпион сифатида саралашдан озод қилинади. Қолган 14та чиптанинг 11таси Европа жамоалари (Миср, Исроил ва Сурия термалари ҳам инобатга олинганда)га ажратилади. 2та йўлланма тақдирига Америкада ойдинлик киритилган бўлса, улкан Осиёга 1та чипта берилади. Айтганча, Вьетнам ва Ҳиндистоннинг саралашда қатнашиш учун аризаси рад этилганди. Айнан ўша саралашдан эътиборан жамоаларга ўйин давомида бир ўйинчини алмаштириш учун рухсат берилган.

ЖЧ-58. Бу сафар 16та йўлланма қуйидагича тақсимланади: Европа - 11та, Жанубий Америка - 3та, Шимолий ва Марказий Америка - 1та, Африка ва Осиё - 1та. Исроил, Кипр ва Туркия термалари ҳам АФК|ОФК гуруҳида ўйнайди. ФИФА Эфиопия ва Ж.Корея жамоаларини саралашга қўймайди. Хуллас, Осиё номидан Индонезия, Хитой, Австралия, Исроил, Сурия термалари курашга киришади.  Якунда исроилликлар йўлланма учун Судан термаси билан ўйнашлари керак эди. Бироқ Африка вакили сиёсий сабабларга кўра, ўйин-дан бош тортгач, ФИФА Исроил термасини қитъалараро «плей-офф»­га рўбарў қилади. Унда УЕФА аъзоси Уэльс жамоаси ҳар икки ўйинни 2:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал этади. Натижада 1958 йилги мундиалда Осиёдан ҳеч ким иштирок этмайди.

ЖЧ-62. Осиёга бу сафар 0,5та йўлланма берилади. Япония ва Ж.Корея термаларининг ўзаро ўйин-ларида корейслар устун келишади - 2:1, 2:0. Югославияликларга қарши кечган қитъалараро «плей-офф»да эса ОФК вакили ҳеч нарса қилолмайди - 1:5, 1:3. Бу қитъамиз вакили учун ҳақиқий маънода илк «плей-офф» бўлганди.

ЖЧ-66. 16та йўлланмадан атиги 1таси Африка, Осиё ва Океания минтақаларига ажратилади. Саралаш босқичи старт олган вақт Океания футбол конфедерацияси ҳали тузилган эмасди. КХДРтермаси гуруҳ раундида Австралия жамоасини 6:1 ва 3:1 ҳисобида енгади. Африка жамоалари эса сўнгги босқичдан воз кечгач, Осиё вакили Англия мундиалига йўл олади. Муҳими, КХДР термаси ЖЧда ҳаммани ўзига қаратади. Факт: мундиал-66 саралашида жами 51та жамоа қатнашади - 127та ўйин, 393та гол.

ЖЧ-70. Мексика мундиалининг 1та чиптаси Осиё ва Океанияга берилади. Саралашнинг охирги босқичида Исроил термаси Австралия жамоасидан устун келади - 1:0, 1:1. Эътиборлиси, ҳар икки ўйинни австриялик ҳакам Фердинанд Маршалл бошқарганди.

ЖЧ-74. 4 йил олдинги ҳолат ўзгармайди. Яъни битта йўлланма учун Осиё ва Океания жамоалари ўртасида кураш боради. Австралия термаси аввалги хатоларидан хулоса чиқариб охиригача курашади ва Осиёни мундиалсиз қолдиради. Жанубий Корея термасига қарши 2та ўйинда ҳам дуранг қайд этилгач, қўшимча баҳс ташкиллаштирилганди.

ЖЧ-78. Осиё ва Океания минтақаларидаги саралашда яна 1та йўлланма тақдирига ойдинлик киритилади. Аввалига 21та жамоа 5та гуруҳга бўлинади. 5-гуруҳда Австралия, Янги Зеландия ва қитъамиз вакили - Хитой Тайпейи термалари жой олганди. Ҳал қилувчи финал раундига эса Эрон, Ж.Корея, Қувайт, Австралия ва Гонконг термалари чиқади. Якунда эронликлар илк марта ЖЧ чиптасини қўлга киритишади.

ЖЧ-82. Испания мундиалининг 24та чиптасидан 2таси Осиё ва Океанияга ажратилади. Қувайт термаси финал босқичида Янги Зеландия, Хитой ва Саудия Арабистони жамоаларини ортда қолдиради. Иккинчи йўлланма учун эса гуруҳда бир хил очко (7та) тўплаган Хитой ва Янги Зеландия термалари алоҳида майдонга тушади ва унда қитъадошларимиз ютқазиб қўйишади - 1:2.

ЖЧ-86. Мексика мундиалининг соф 2та йўлланмаси ОФК ихтиёрига берилади. Океания вакиллари эса  0,5та чиптани бутун қилишга уриниб кўришади. Бироқ Австралия термаси қитъалараро «плей-офф»да УЕФА аъзоси Шотландия жамоасига бас келолмайди.

ЖЧ-90. 4 йил олдинги ҳолат: осиёликлар 2та йўлланмага эга бўлишади, океанияликларга эса яна 0,5та чипта ажратилади. Якунда на Осиё ва на Европага сиққан Исроил термаси қитъаларо «плей-офф»га йўл олиб, колумбияликларга ютқазади. Хуллас, исроилликлар ўша йили Океания номидан иштирок этишганди.

ЖЧ-94. АҚШ мундиали учун ажратилган 2та чипта Осиёда Саудия Арабистони ва Жанубий Кореятермаларига насиб этади. Ниҳоятда мураккаб тузилган қитъалараро «плей-офф» эса қитъамиздан вакил иштирок этмайди.

ЖЧ-98. Франция мундиалидан олдин иштирокчилар сони 32тага етказилади ва ОФКга 3,5та, Океанияга эса 0,5та ўрин ажратилади. Меҳди Маҳдавикиа, Али Даи, Карим Багери ва Худодод Азизи каби ўз даврининг афсоналарига эга Эрон термаси қитъалараро «плей-офф»нинг жавоб баҳсида чинакам мўъжиза кўрсатганди. Яъни 0:2 ҳисобини охирги 15 дақиқада 2:2га айлантириб, ЖЧга йўл олганди.

1997 йил 22 нобрь. Теҳрон. 128000 томошабин. Бош ҳакам: Пьерлуижи Пайретто (Италия). Эрон - Австралия - 1:1. Гол: Худодод Азизи (39).

1997 йил 29 ноябрь. Мельбурн. 98000 томошабин. Бош ҳакам: Шандор Пуль (Венгрия). Австралия - Эрон - 2:2. Голлар: Карим Багери (76), Худодод Азизи (80).

ЖЧ-2002. Жанубий Корея ва Японияда ташкиллаштирилган мундиалнинг 4,5та йўлланмаси ОФКга ажратилади. Лекин 2та чипта автоматик равишда мезбонларга насиб этади ва саралаш босқичига 2,5та йўлланма қўйилади. Якунда «плей-офф» раундига яна Эрон термаси чиқади. Форслар УЕФА вакилига қарши кечган ўйинларда бор кучларини ишга солишади. Аммо ирландиялик Шей Гивен ва эронлик Иброҳим Мирзапур ўртасидаги дуэлда биринчиси устун чиққанди.

2001 йил 10 ноябрь. Дублин. 36538 томошабин. Бош ҳакам: Антонио Перейра да Сильва (Бразилия). Ирландия - Эрон - 2:0.

2001 йил 15 нобрь. Теҳрон. 100000 томошабин. Бош ҳакам: Уильям Матеус Вега (Коста-Рика). Эрон - Ирландия - 1:0. Гол: Яҳё Гулмуҳаммади (90).

ЖЧ-2006. Ўртага ташланган 4,5та йўлланма якунда 4та бўлганди. Қитъа миқёсидаги «плей-офф»да бизни аламда қолдирган Баҳрайн термаси КОНКАКАФ вакили Тринидад ва Тобаго жамоаси тўсиғидан ўтолмаганди. Аслида баҳрайнликлар илк ўйинда муносиб натижага эришадилар, аммо жавоб баҳсида Денис Лоуренс урган ягона голга жавоб беролмайдилар.

2005 йил 12 ноябрь. Порт-оф Спэйн. 24991 томошабин. Бош ҳакам: Марк Шильд (Австралия). Тринидад ва Тобаго - Баҳрайн - 1:1. Гол: Салмон Ғу-лом (72).

2005 йил 16 нобрь. Риффа. 37000 томошабин. Бош ҳакам: Оскар Руиз (Колумбия). Баҳрайн - Тринидад ва Тобаго - 0:1.

ЖЧ-2010. ЖАР мундиали. 32та йўлланмадан 4,5таси ОФКга берилади, бироқ якунда «0,5» бутунга айланмай қолади, барибир. Кетма-кет иккинчи марта қитъалараро «плей-офф»га йўл олган Баҳрайн термаси ҳужумда негадир Жейси Жонга қаттиқ ишонади. Чунончи, миллий жамоа голеадори Аъло Ҳубайл захирада қолганди. Хуллас, Янги Зеландия термаси Рори Фэллон томонидан урилган ягона гол эвазига мундиал чиптасини қўлга киритади. Аслида ўша ўйинларда баҳрайнликлар жисмоний жиҳатдан кучлироқ кўрингандилар. Оддий айтганда, улар тактик томондан рақибга етолмагандилар.

2009 йил 10 октябрь. Риффа. 37000 томошабин. Бош ҳакам: Виктор Кашшаи (Венгрия). Баҳрайн - Янги Зеландия - 0:0.

2009 йил 14 ноябрь. Сидней. 77060 томошабин. Бош ҳакам: Нестор Питана (Аргентина). Янги Зеландия - Баҳрайн - 1:0.

ЖЧ-2014. Бразилия мундиали чипталари тақсимотида ҳам ОФК улуши ўзгармади. Яқин 5 соатга чўзилган 2та ички «плей-офф» баҳси якунида  ғалабани тантана қилган Иордания термаси қитъалараро «плей-офф» раундининг биринчи ўйинидаёқ муздек «душ» қабул қилганди. Абдуллоҳ Диб ва Аҳмад Ҳайил бошчилигидаги ҳужумчилар жавоб ўйинида ўз обрўлари учун лоақал битта гол уришга уринишади, аммо бефойда. Ваҳоланки, Уругвай термаси Монтевидео-да ўзини шунчаки, эркин қўйиб юборганди.

2013 йил 13 ноябрь. Аммон. 17370 томошабин. Бош ҳакам: Свен Эдвар Моэн (Норвегия). Иордания - Уругвай - 0:5.

2013 йил 20 ноябрь. Монтевидео. 62000 томошабин. Бош ҳакам: Йонас Эрикссон (Швеция). Уругвай - Иордания - 0:0.

ЖЧ-2018. Россия мундиали чипталари қуйидагича тақсимланди: Европа - 14та, Жанубий Америка - 5,5та, Шимолий ва Марказий Америка - 3,5та, Африка - 5та, Осиё|Автралия - 4,5та, Океания - 0,5та. Муҳими, ОФК вакиллари ниҳоят, 4,5ни 5га айлантириш уддасидан чиқишди. Демак, ЖЧ-2018да ОФК номидан илк марта 5та жамоа ўйнайди:Япония, Саудия Арабистони, Эрон, Ж.Корея ва Австралия. Гондурас термасига қарши жавоб тўқнашувида «соккеруз» сардори Миле Единак урган голлар осиёликларга ҳам хуш ёққан бўлса, ажабмас. Факт: Австралия термаси кетма-кет 4-марта, умумий ҳисобда эса 5-марта мундиалга чиқди.

2017 йил 10 ноябрь. Сан Педро Сула. 38000 томошабин. Бош ҳакам: Даниэло Орсато (Италия). Гондурас - Австралия - 0:0.

2017 йил 15 ноябрь. Сидней. 77060 томошабин. Бош ҳакам: Нестор Питана (Аргентина). Австралия - Гондурас - 3:1. Голлар: Миле Единак (54, 72-пен., 85-пен.).

ФАРРУХБЕК тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz