Қайднома

Қидирув

Игна тешигидан кузатув ёхуд европа ташқарисида ўйнаётган қойилмақом футболчилар

Игна тешигидан кузатув ёхуд европа ташқарисида ўйнаётган қойилмақом футболчилар

  30.11.2017 06:23
  0
  3026
Игна тешигидан кузатув ёхуд европа ташқарисида ўйнаётган қойилмақом футболчилар

Қиш эшик қоқмоқда. Демакки, еврофутбол марказидаги топ-клублар таркиб бўйича эҳтиёжга қараб, январда бошланадиган трансферлар бозори учун номзодлар рўйхатини аллақачон тузиб қўйган.

Бунда харидор жамоа асосан жорий мавсум еврокубокларда иштирок этмаган футболчиларга эътибор қаратиши турган гап.

Soccer.ru сайти шуни назарда тутган ҳолда, «кўҳна қитъа» ташқарисида тўп сураётган муносиб ўйинчилар орасидан номзодлар рамзий терма жамоасини тузиб чиқди. Бу йигитларнинг айримлари янги йилдан кейин Европа жамоалари сафига қўшилсалар, ажабмас. 

Дарвозабон

Диего АЛВЕС («Фламенго»). Мамлакати: Бразилия; ёши: 32; тахминий баҳоси: 5 миллион евро

Таъриф. Испания примеросида 10 мавсум ўйнаган бразилиялик кипер «Альмерия» ва «Валенсия»даги фао-лияти давомида 52та пенальтидан нақ 25тасини бартараф этган. Алвес бу борада Ла-лига рекордчисидир - фантастика!

Ҳимоячилар

Фабрисио БУСТОС («Инде-   пендьенте»). Мамлакати: Аргентина; ёши: 21; тахминий баҳоси: 4 миллион евро

Таъриф. 21 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси Аргентинада танилиб улгурди ва унинг келажакда Пабло Сабалета, Кафу, Марсело, Роберто Карлос ва Дани Алвеш каби усталар даражасига чиқишидан умидворлар.

Йерри МИНА («Палмейрас»). Мамлакати: Колумбия; ёши: 23; тахминий баҳоси: 9 миллион евро

Таъриф.«Палмейрас» клуби ва Колумбия термаси марказий ҳимоячиси Бустосдан фарқли ўлароқ, Европада ҳам машҳур. Минага асосий даъвогар -  «Барселона». Каталонияликлар ёзда ҳам уни харид қилишга уринишганди ва энди бошланган ишни якунига етказиб қўймоқчилар. Чунончи, Эрнесто Вальверде «Барса» ҳимоясини бутунлай янгиламоқчи, албатта, босқичма-босқич.

Родриго КАЙО («Сан-Паулу»). Мамлакати: Бразилия; ёши: 24; тахминий баҳоси: 9 миллион евро

Таъриф. Кайо - Олимпиада чемпиони. У ўтган йили Бразилия олимпиячиларининг Риода олтин медаль ютишларида худди Неймар каби катта роль бажарганди. Кейинчалик «Зенит»нинг аниқ таклифини рад этди, ваҳоланки, питерликлар унинг трансфери йўлида 18 миллион евро сарфлашга тайёр эдилар. Чунончи, Кайо Испанияда ўйнамоқчи.

Гильерме АРАНА («Коринтианс»). Мамлакати: Бразилия; ёши: 20; тахминий баҳоси: 8 миллион евро

Таъриф. Ёзда ЦСКА (Москва) сафига қўшилишни истамаган Арана ҳам тўғри еврофутбол марказига тушмоқчи. Муҳими, кундан-кунга харидор жамоалар сафи кенгаймоқда: «Тоттенхэм», «Шальке», «Бордо», «Севилья», «Интер» ва ҳаттоки, «МЮ». Айтишларича, Гильерменинг январда «Севилья» либосини кийиши эҳтимоли баландроқ.

Ярим ҳимоячилар

Орбелин Пинеда («Гвадалахара»). Мамлакати: Мексика; ёши: 21; тахминий баҳоси: 6 миллион евро

Таъриф. Реактив тезликка эга митти гавдали Пинеда Мексика чемпионати олтин медали соҳибига айланди. Уни айни пайт кимсан Роналдиньо билан таққосламоқдалар. Зеро, чиройли финт ишлатишга иштиёқи жуда баланд ва барчасини ғоят нафислик билан ижро этади. 21 ёшли йигит ҳам еврофутбол томон юришини Испания орқали бошлашга мойил, шекилли.

ОСКАР («Шанхай СИПГ»). Мамлакати: Бразилия; ёши: 26; тахминий нархи: 22 миллион евро

Таъриф. Оскарнинг катта фаолияти ҳали якунига етмаган бўлса керак, барибир. Хитой чемпионатининг энг қимматбаҳо футболчиси ҳозир 26 ёшда ва ёзда Чин юртидан тўғри «Барселона» сафига қўшилган Паулиньо мисолига қарасак, бразилияликда ҳам еврофутболга қайтиш имконияти йўқ эмас. Оскар Хитой чемпионатининг якунланган мавсумида кучли уч нафар футболчи қаторига кирди. Шунинг ўзиёқ унинг ҳамон жиддий ўйинчи эканлигидан далолат, қолаверса, катта тажрибаси ҳам («Челси»да 200та ўйин) даъвогарлар эътиборини тортади.

ЛУАН («Гремио»). Мамлакати: Бразилия; ёши: 24; тахминий баҳоси: 17 миллион евро

Таъриф. Бразилия чемпионатининг бош юлдузи. Луан айниқса, ноодатий ва нафис ҳаракатлари билан алоҳида ажралиб туради. Ўтган ёзда Луаннинг «Спартак» (Москва)ка трансфери бўйича музокаралар бўлган ва бразилиялик «қизил-оқлар» тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айланиши мумкин эди. Бироқ «Гремио» ҳужум чизиғининг чин етакчиси якунда тўғри гранд клубга йўл олишни истади, шекилли, Россияда ўйнашдан бош тортди.

Ҳужумчилар

Кристиан ПАВОН («Бока Хуниорс»). Мамлакати: Аргентина; ёши: 21; тахминий баҳоси: 13 миллион евро

Таъриф. Ушбу рамзий жамоага киритилган кўплаб футболчилар Россия жамоалари қизиқиш доирасига тушишган, хусусан, Павонни «Зенит» ўз сафига чорлаб, ҳаттоки, трансфер шартлари бўйича келишувга ҳам эришганди. Бироқ клуб сўнгги паллада негадир бошқа ўйинчини харид қилди. Кристиан бундан ранжигани ҳам йўқ, шунчаки, «Бока» билан шартномаси муддатини узайтирди. Ҳозир ишлари жойида - Хорхе Сампаоли уни мамлакат термасига жалб эта бошлади.

ХАЛК («Шанхай СИПГ»). Мамлакати: Бразилия; ёши: 31; тахминий баҳоси: 20 миллион евро

Таъриф. Бразилияликҳужумчи ёш эмас, лекин маҳоратини назарда тутсак, бу факт ўз аҳамиятини йўқотади. Хитой чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган Халк ҳозирги ҳолатида ҳам евроарена талабларига бемалол жавоб бериши мумкин. Дейлик, у Чин юрти биринчилигида 17та гол уришдан ташқари, 11та самарали узатмани амалга оширди.  

Себастьян ЖОВИНКО («Торонто»). Мамлакати: Италия; ёши: 30; тахминий баҳоси: 9 миллион евро

Таъриф. Италия термасига ЖЧ-2018 саралашида айнан Жовинко етишмади, шекилли. У MLSдаги 102та ўйинда 65та гол урди, миллий жамоа бош мураббийи назарига тушиш учун яна нима қилиши керак? Итальян йигитининг спорт формаси жойида ва бемалол ўз кучини савияли лигада синаб кўриши мумкин. Айтганча, Себастьян аввалроқ «Барселона»дан таклиф олганди, аммо захирада навбат кутиб ўтиришни истамади, шекилли.

P.S.: трансфер суммалари transfermarkt.de (Германия) сайти маълумотларига асосан келтирилди.

Д.ПАРПИЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz