Навқирон ва серғайрат Гвардиола билан муайян натижаларга эришиб, Карло Анчелотти даврида омадсизликка юз тутган «Бавария» кейинчалик яна тажрибага ишонч билдирди.
Шу тариқа жамоа бундеслигадаги энг кекса мураббий раҳбарлигида тўп сурди. Энди Мюнхен суперклуби рекордни қитъа миқёсига кўтаришни мақсад қилган кўринади - 72 ёшли Юпп Хайнкес тўрт йиллик танаффусдан сўнг қадрдон жамоасига қайтди.
Ана ёшларга хос шижоат фаолиятини якунлашга ошиқмаётган европалик мўйсафид мутахассисларга эътибор қаратишимизга туртки бўлди.
Луижи Дельнери («Удинезе») - 67 ёш
«Кальчо»нинг кекса вакили ҳанузгача харидоргир мутахассислар сафида. Луижининг бошқа касбдошларидан фарқи шундаки, у ҳар қандай таклифга етарлича эътибор ва ҳурмат билан ёндошади. Шу боис, унинг фаолиятида узилишлар кам.
Мухлислар оламида Дельнери кўпроқ «Кьево» орқали шуҳрат қозонган. Бу камтарин жамоага икки марта устозлик қилган мутахассис асримиз бошида «Йилнинг энг яхши мураббийи» унвонига сазовор бўлганди.
У анчайин номдор жамоалар - «Порту», «Рома», «Ювентус»ни бош-қаришга ҳам улгурди. 2016 йил кузида «Удинезе»ни қабул қилди. Ҳозирча ишлари чакки эмас. Акс ҳолда, янги мавсум арафасида мутасаддилар шартнома муддатини узайтиришмасди.
Арсен Венгер («Арсенал») - 67 ёш
Арсен ва «Арсенал». Бу икки иборани айро тарзда кўриш Лондонни «Биг-Бен»сиз, Россияни айиқларсиз тасаввур қилиш билан баробар. Албатта, Венгернинг фаолиятида бошқа саҳифалар ҳам йўқ эмас. Аммо улар шунчалик олисдаки, деярли унутилиб кетган.
Лондонлик «тўпчилар»га қўмондонлик қилаётган франциялик «профессор»нинг 20 йиллик довонни забт этганига анча бўлди. Бироқ ҳали зериккани йўқ.
Ана шу давр ичида «Арсенал» 15дан ортиқ миллий совринларни қўлга киритди. Тўғри, халқаро мусобақаларда ғолиб чиқолмади. Лекин бу ҳозирча, чунки месье Венгер ҳамон бошқарув пультида.
Ларс Лагербак (Норвегия термаси) - 69 ёш
Швециялик мутахассис футболчилик фаолияти билан мақтана олмасада, малакали мураббий сифатида вазифани аъло даражада уддаламоқда.
Лагербак 9 йил давомида терма жамоани бошқарди - аввалига Содерберг билан ҳамкорликда, кейин мустақил равишда. Ёши 60дан ўтгач, иссиқ ўрнини тарк этиб, қайноқ Нигерияга йўл олди.
Кейин Исландия терма жамоаси билан Евро-2016да ҳаммани ўзига қаратди. Бу йил эса ён қўшни - жон қўшни Норвегияга ёрдам беришга қарор қилди.
Тўғри, Исландия мўъжизасининг Россия мундиалида такрорланишига умид йўқ. Лекин кейинги қитъа чемпионатигача Лагербак ижобий ўзгаришларни амалга оширишга улгуради.
Марчелло Липпи (Хитой терма жамоаси) - 69 ёш
Мана беш йилдирки, италиялик мутахассис Хитой футболини ривожлантириш ишларида бош-қош бўлмоқда. Тўғри-да, Европада Липпи учун забт этилмаган чўққи қолмади, осиёликлар эса сифатли хизматга саховатпешалик билан жавоб қайтаришмоқда.
2006 йили «скуадра адзурра»ни шоҳсупага олиб чиққан мураббий «Гуанжоу Эвергранд»да 4 йил ҳалол меҳнат қилди. 2016 йилнинг кузида эса хитойликлар Липпига ўз термаларини ишониб топширишди. Йилига 20 млн. долларлик иш ҳақи эвазига...
Жампьеро Вентура (Италия терма жамоаси бош мураббийи) - 69 ёш
Бу мутахассиснинг «мовий гвардия» бошқарувига келиши жамоатчилик томонидан турлича қабул қилинди. Чунки мураббий ўз фаолиятида бирорта нуфузли совринни қўлга кирита олмаганди.
Саралаш баҳсларини муваффақиятли бошқариш орқали Вентура барча хавотирларни йўққа чиқаргандек эди. Лекин сентябрда унинг жамоаси Испаниядан йирик мағлубиятни қабул қилгач, ишончни йўқотиб қўйди.
Сўнгги умид - «плей-офф» босқичида Швеция тўсиғидан ўтолмаган мураббийга табиийки, чиқиш эшиклари кўрсатилди.
Дик Адвокаат (Голландия терма жамоаси) - 70 ёш
Таниқли мураббий 2016|2017 йиллар мавсуми якунида фаолиятини якунлаш ниятида эди. Бироқ қироллик ФИнинг илтимосига биноан Голландия терма жамоаси тақдири унга ишониб топширилди. Кўзланган чўққини забт этишга ҳатто «митти генерал» ҳам ожизлик қилди.
Саралаш баҳсларида гуруҳдаги иккинчи ўриндан 3 очкога ортда қолган «лоларанглилар» Беларусь ва Швецияни маҳв этишдан ташқари, тўплар нисбатини ҳам яхшилашга эришишлари шарт эди. Хуллас, фаолиятини хайрли якунлаши учун Адвокатдан ана шундай мураккаб вазифани уддалаш талаб этиларди. Аммо якунда ЖЧ-2018 «учар голландлар»сиз ўтиши ойдинлашиб қолди.
Рой Хожсон («Кристал Пэлас») - 70 ёш
Болалик ва ўсмирликдаги қадрдон жамоасига қайтиш орқали Хожсон ўз фаолиятида ажойиб ҳалқани ҳосил қилди. Бу каби рамзий финиш ҳар қандай мутахассиснинг қўлидан келавермайди.
Рой эса шу йўлда жиддий «қурбонлик»дан ҳам қочмади - ёзда Хитой миллионларини рад этди. Ҳозирча ёш авлод мўйсафид мураббий ҳурматини ўрнига қўймаяпти: Пеллегрино - 1:0, Гвардиола - 5:0, Моуриньо - 4:0 ҳисобидаги ғалабаларни нишонлашди.
Дастлабки 7та турда бирорта очкога эга бўлмаган «Пэлас» амалдаги чемпионни мағлубиятга учратди. Табиийки, мунтазам омадсизлик ҳар қандай соҳибнинг сабр косасини тўлдириб юборади. Аммо Хожсондек аллома ўзига бўлган ишончни бутунлай бой берганича йўқ.
Юрий Сёмин («Локомотив») - 70 ёш
Юрий Павлович ҳамон рисоладагидек «машинист» эканлигини амалда исботламоқда. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун турнир жадвалига назар ташлаш кифоя. Қизиқ, ким кимга кўпроқ керак? «Локо» Сёмингами ёки Сёмин «Локо»га?
Москва «темирйўлчилари»нинг қарийб барча соврину унвонлари шу мураббий билан боғлиқ. У каби афсонавий мутахассисни имкон қадар асраб-авайлаш, ардоқлаш керак.
Фабио Капелло («Жиангсу Сунинг») - 70 ёш
Дон Фабио камида икки марта фаолиятини муддатидан аввал якунлашга мажбур бўлган. Англия ва Россиядаги омадсизликлардан сўнг италиялик мутахассис 2 йил дам олди.
Кейин кутилмаганда Хитой клубининг таклифига розилик билдирди: ўз касбини соғиниб қолганлиги ёки рад этиб бўлмайдиган таклифни олгани учун, албатта.
Гаджи Гаджиев («Амкар») - 71 ёш
Гаджи Муслимович кекса ёшда ҳам футболдаги янгиликлардан четда қолмаган. Шу сабабли ҳамон харидоргир. Улкан тажриба ва руҳшунослик қобилияти эвазига мураббий ноёб иқтидор соҳибларини кашф этади.
Унинг жамоалари имкон даражасидан юқорироқ поғоналарга кўтарилишади. Камтарин «Амкар»нинг ўртамиёналар қаторида юриши - «донишманд профессор»нинг хизматлари самараси.
Мирча Луческу (Туркия терма жамоаси) -72 ёш
Петербургдаги истеъфодан ке- йин икки ой юргач, Мирча Михайлович янги таклифга сазовор бўлди.
Унинг Туркиядан келганлиги бежиз эмас - Луческу бу ўлкада 2та жамоа билан чемпионликка эришган. Қолаверса, «Шахтёр»ни бошқарган даврида доимо турк матбуотининг диққат марказида бўлган.
Юпп Хайнкес («Бавария») - 72 ёш
Руминиялик жанобдан 20 кун аввалроқ дунёга келган германиялик касбдоши мавсум охирига қадар қадрдон жамоасини етакчиликка қайтаришга уриниб кўради. Тўғри, бу осон иш эмас.
Лекин тажрибали мураббий қандай масъулиятни ўз зиммасига олаётганлигини яхши билишига шубҳа йўқ. Ҳар ҳолда, у келгач, «Бавария»нинг ўйинида ижобий ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда.
Шуниси аниқки, герр Хайнкес ҳозирнинг ўзида топ-чемпионатлар вакиллари орасида қитъанинг энг кекса мураббийи сифатида Европа футболи тарихидан жой олиб улгурди.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20