Қайднома

Қидирув

Болапарвар «галлактикос» ёхуд «Реал»нинг серфарзанд юлдузлари

Болапарвар «галлактикос» ёхуд «Реал»нинг серфарзанд юлдузлари

  01.12.2017 00:14
  0
  3398
Болапарвар «галлактикос» ёхуд «Реал»нинг серфарзанд юлдузлари

Серфарзандлар клубига хуш келибсан, Роналду! 4-марта оталик бахтига мушарраф бўлган Криштиану «Реал» тарихидаги кўп болали футболчиларнинг катта гуруҳига қўшилди.

Битта қизиқарли факт: миллионлар ўйинидаги энг машҳур серфарзандлар қайсидир жиҳат билан «Реал Мадрид»га боғланишган. Наҳотки, бу ҳам Флорентино Перес хоҳиши бўлса?

Ҳарқалай, «Қироллик клуби» шарафини ҳимоя қилишган турли миллат вакиллари бу борада ҳам келишиб олишгандек, гўё.

Тўғри, бунинг сабабини қидириш ноўрин - ҳар бир машҳур ном ёки «Олтин тўп» эгасининг шахсий оила масаласида ўз тарихи бор.

Роналдунинг ушбу сафга қўшилгани эса «галактикос»нинг бошқа болапарвар оталари ҳақида алоҳида ҳикоя қилишни тақозо этди.

Луиш Фигу (Португалия) - уч қиз. Мақолани фарзандлар сонига қараб, тартиб бўйича бошласак, аввало, Луиш Фигуга тўхталиш керак. Халқ орасида бундай оталарга «заргар» сифати ишлатилади.

Португалиялик юлдуз 3 нафар қиз фарзанднинг отаси. Уларнинг барчалари Луиш ва швециялик модель Хелен Свединнинг бахтиёр оиласида туғулиб-улғайишди.

Даниэла 1999 йили тавваллуд топган, Фигу ўша вақт «Барселона» сардори эди ва «Камп Ноу» муҳаббати аро сузарди. Мартина ва Стела эса юлдуз футболчи можароли тарзда Мадридга кўчиб ўтганидан кейин дунёга келишган.

Хаби Алонсо (Испания) - бир ўғил + икки қиз. Хаби Алонсо турмуш ўртоғи билан ёшлигида танишган. Баскониялик ҳурлиқо Нагора Аранбуру шовқинли Гипускоа провинциясидан. Бахтиёр жуфтлик 3 нафар фарзандни тарбияламоқда.

Уларнинг тўнғичи - Йончу Англияда туғилган, яъни Хаби «Ливерпуль» сафида жавлон урган вақтда. Ушбу воқеа сабаб, ярим ҳимоячи «қизиллар»нинг ЧЛ доирасида «Интер»га қарши кечган сафар ўйинларини ўтказиб юборган экан.

Ўхшашликни қаранг, Алонсо «Мадрид» либосини кийганидан кейин худди Фигу каби 2 нафар қизли бўлди - Ана ва Эмма аҳил оилани шодликка тўлдиришди.

Фернандо Морьентес (Испания) - бир ўғил + уч қиз. «Реал»нинг моҳир тўпурари тўнғич фарзандига ўз исмини берган - Фернандо. У туғилган пайт футболчи қаллиғи Мария Виктория Лопес билан ҳали расман оила қурган эмасди.

Орадан ярим йил ўтгач, 2003 йилнинг декабрида жуфтликнинг тўйи бўлди. Кейин бирин-кетин қизлар дунёга келишди - Люсия, Габриэлла ва Мартина. Айни пайт Фернандонинг кенжа қизи 10 ёшда.

Майкл Оуэн (Англия) - бир ўғил + уч қиз. Англиялик футболчи «Сантьяго Бернабеу»да атиги бир мавсум тўп сурган, холос. Майкл намунавий оила бошлиғи сифатида ҳам ном қозонган. У Луиза Бонсалл билан мактаб даврида, боз устига, бошланғич синфда ўқиганида танишган.

Англия футболининг «тилла бола»си атиги 8 йил ичида 4 марта оталик бахтига муяссар бўлди: Жемми Роза 14 ёшда, Жеймс Майкл 11 ёшда, Эмила Мей 10 ёшда ва Жессика 7 ёшда. Айтишларича, Майкл Оуэн шахсий отхонасидаги ишлар ёки пойгалардан бўшагани ҳамоно фарзандлари ёнига ошиқади.

Криштиану Роналду (Португалия) - икки ўғил + икки қиз. «Реал»нинг амалдаги етакчисини алоҳида табриклаш жоиз. У яқиндагина 4-марта ота бўлди! Эътиборлиси, аввалги фарзандларидан фарқли ўлароқ, бу чақалоғининг онаси тайин:

Жоржина Мартинес. Жуфтлик қизалоққа чиройли исм танлади - Алана Мартина. Португалиялик юлдузнинг қолган фарзандлари суррогат оналардан туғилган:

кичик Криштиану Роналду 7 ёшда, эгизаклар Матео ва Ева эса ҳозир атиги 5 ойлик. Роналду шу билан тўхтамоқчи эмас. Ҳарқалай, унинг ўзи футболкасидаги рақамга мувофиқ, 7 нафар фарзандга оталик қилишни хоҳлашини айтган.

Дэвид Бекхэм (Англия) - уч ўғил + бир қиз. Дэвиднинг Виктория билан ажрашиши ҳақида қанчадан-қанча миш-миш тарқалди, бироқ у ҳамон собиқ хонанда ёнида. Бордию, ўрталарида келишмовчилик туғилган бўлса ҳам, оилани сақлаб қолиш учун камида 4та залворли сабаб бор. Ахир Бекснинг тўнғичи - Бруклин ҳозир 18 ёшда. Ромео ундан 3 ёш кичик, Круз эса мучал йилини нишонлади. Айнан у Дэвид «Реал» сафида тўп сурган вақт дунёга келган. Хуллас, Бекхэмнинг кенжаси қизалоқ - Харпер атиги 6 ёшда ва у оиланинг эркатойи эканлиги аниқ.

Роналдо (Бразилия) - икки ўғил + икки қиз. ЖЧ-2002даги қойилмақом иштирокидан кейин «Сантьяго Бернабеу»га кўчиб ўтган «сўйлоқ»да расман тан олган фарзандлари 4 нафар. Роналдонинг «қайноқ» ҳаётини ҳисобга олсак, бу ҳисоб ортиши ҳам мумкин.

Катта ўғли Роналд 2000 йили «сўйлоқ»нинг бразилиялик футболчи Милена Домингес билан никоҳидан дунёга келган. Орадан 5 йил ўтиб, голеадор ҳужумчи Токиода бразилиялик официант қиз билан танишган ва қисқа муддатли муҳаббатидан яна бир ўғил орттирган - Александр.

Тўғри, Роналдо уни 2010 йилга келиб (шунда ҳам тест натижаларига кўра)гина тан олди. Қизлари Мария София ва Мария Алисанинг онаси эса доимий умр йўлдоши -  Мария Беатрис Антони. Дарвоқе, Роналдо 2010 йилнинг декабрида Александрни тан олишга мажбур бўлгач, тиббий аралашув орқали бошқа фарзанд кўрмасликка аҳд қилганди.

Зайниддин Зидан (Франция) - тўрт ўғил. Буюк Зизунинг ўғиллари ҳақида кўп ёзилган. Улардан каттаси профессионал даражада футбол ўйнай бошлади, жумладан, «Реал» либосини кийишга ҳам улгурди.

Зайниддин ва унинг ҳамхонаси - андалусиялик Вероника Лентиско-Фернандес бахтли оилага эгалар. Чунончи, Энцо (1995 йили туғилган), Люка (1998 йил), Тео (2002 йил) ва Элиас (2005 йил) бараварига ота изидан боришяпти.

Ҳозирча уйғонган таассуротлар бўйича айтсак, Энцо ва Люканинг катта футболда чақнашлари қийин кўринади, ҳар ҳолда, кўзга ташланишмаяпти. Лекин Зизу умидини сўндирмайди, зеро, кенжатойлари - Тео ва Элиас ҳам бор.

Рауль (Испания) - тўрт ўғил ва бир қиз. «Мадрид»нинг афсонавий ҳужумчиси ва Мамен Санс оиласида бирин-кетин туғилган 4 нафар ака-ука ва эркатой сингил тарбияланмоқда. Ҳа, Рауль ахийри ниятига етди - бешинчи фарзанди қиз бўлди.

Мария 2009 йили дунёга келган, оиланинг тўнғичи - Хорхе эса 17 ёшда. Унга Раулнинг ҳаёти ва фаолиятида катта роль ўйнаган Вальдано шарафига исм танлашган.

Уго - бу яна бир таниқли ҳужумчи (Санчес) шарафига қўйилган исм. Эгизаклар - Эктор ва Матео эса яқинда 12 ёшга тўлишди.   

Роберто Карлос (Бразилия) - 9 нафар фарзанд. «Мадридчилар» орасида рекордчи. Тўғри, Роберто Карлосни намунавий оилапарвар сифатида таърифлашга асос йўқ. Зеро, бразилияликнинг 3 нафар фарзанди биринчи никоҳидан туғилган, иккисини эса ҳозирги турмуш ўртоғи Мариана Лука дунёга келтирган.

Орада 4 нафар аёл футболчини бир нафардан фарзанд билан сийлаган. Умуман, жорий йил 44 ёшли бразилиялик ҳаётида алоҳида ўрин тутади:

чап оёғида замбарак ўқидек зарба бериши билан танилган собиқ ҳимоячи июль ойида 9-марта ота бўлди, октябрга келиб эса бобога айланди. Яъни 20 ёшли қизи Жованна ўғил кўрди. Карлос эндиликда набираси - Педро ёнида парвона...

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz