Қайднома

Қидирув

«Бавария»нинг «телба» шифокори

«Бавария»нинг «телба» шифокори

  02.12.2017 06:29
  0
  1445
«Бавария»нинг «телба» шифокори

Хосеп Гвардиола бу мутахассис хизматларидан воз кечганди, аммо у яна қайтди. Айрим мамлакатларда ушбу шифокорнинг услубларига тақиқ қўйилган.

Гап испаниялик мураббий даврида «Бавария»ни тарк этиб, ҳозир яна мюнхенликлар сафига қайтган тиббиёт ходими Ганс-Вильгельм Мюллер-Вольфарт ҳақида бормоқда.

2014|2015 йиллар мавсуми Германия кубоги доирасидаги «Байер» ва «Бавария» жамоалари ўртасидаги баҳснинг 34-дақиқасида Меҳди Бенатья тиббиёт ходимлари кўмагида майдонни тарк этди. Хосеп Гвардиола шу заҳоти захира ўриндиғи томон юзланиб, жамоа шифокори Ганс-Вильгельм Мюллер-Вольфартни истеҳзоли қарсак билан «сийлади». Навбатдаги жароҳат асосий таркибнинг яна бир аъзосини сафдан чиқарганди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, 73 ёшли шифокор истеъфога чиқди. 40 йилдан буён шу клубга хизмат қилган мутахассисни ишдан бўшатиш Гвардиоланинг хоҳишига кўра амалга оширилганига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Ўша паллада «лазарет»да асосий таркибнинг 6 нафар аъзоси даволанаётган, шу боис бош шифокор бор айбни ўзига олганди.

- «Порту»дан қабул қилинган 1:3 ҳисобидаги мағлубият ўйинчилар эмас, менинг айбим, - деди Гвардиола ўйиндан сўнг. - Икки йил мобайнида футболчиларимиз умумий ҳисобда 30 марта операция қилинди, аммо биз барибир, чемпионат ва кубок баҳсларида ғолиб чиқдик. Мюллер-Вольфарт малакали мутахассис. Ўйинчилар шифокорга ишонишгани яхши, аммо мен шогирдларим сафимизга имкон қадар тезроқ қайтишларини хоҳлайман.

Испаниялик мураббий шу тариқа тиббиётчилар гуруҳининг суст ишлаётганига шаъма қилди. Ганс-Вильгельм кейинги икки йилни ўзининг Мюнхендаги клиникасида фаолият юритиш билан ўтказди.

У нимаси билан машҳур?

Мюллер-Вольфарт - дунёдаги энг донгдор спорт шифокори. Шу билан бирга унинг даволаш услуби бир неча йиллардан буён муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда. Аммо факт фактлигича қолади - у нафақат юлдузлар, балки спортдан йироқ бўлганлар учун ҳам машҳур саналади.

Ганс-Вильгельм Стивен Жеррард, Майкл Оуэн, Юрген Клинсманн, Роналдо, теннисчи Борис Беккер, конькичи Иван Скобрев, боксчи Владимир Кличко, опера хонандаси Лучано Паваротти, U2 Боно гуруҳи солис­ти ҳамда кўплаб бошқа шахсларнинг жароҳатдан қутулишларига ёрдам берган. Шунингдек, дунёнинг энг тезкор спортчиси Усейн Болт ҳам умрининг сўнгги дамларигача бу шифокордан миннатдор бўлишини таъкидлаган.

2012 йилги Олимпиада ўйинлари арафасида ямайкалик спринтернинг мусобақаларда қатнашиши сўроқ остида турганди - белида кучли оғриқ сезаётганди.

Болтнинг мураббийи эса ноодатий даволаш услубидан фойдаланувчи германиялик шифокорга учрашни тавсия қилди. Енгил атлетика юлдузининг тинимсиз машғулот ўтказишига мураббийнинг кўзи етмаётган, организми катта юкламаларга дош бера олмаслигидан чўчирди.

Мюллер-Вольфарт машқлар рўйхатини ёзиб, Усейн уларни бажарса, ҳаммаси яхши бўлишини таъкидлади. Болт уддалади, шифокор эса даволашни бошлади.

Спринтер бир неча ойни германия­лик мутахассис назоратида ўтказди, Ганс-Вильгельм турли инъекцияларни қўллаб, тўқималар тикланишини кузатди. Охир-оқибат Усейн Олимпиадада уч карра чемпионга айланди.

Мюллер-Вольфарт иккинчи жаҳон уруши пайти руҳоний оиласида туғилди, унинг шифокорликка қизиқиши отасига ёқмади. Аммо оиладаги қаршиликларга қарамай, Ганс Вильгельм тиббиёт университетини тамомлаб, 33 ёшида «Герта»да иш бошлади. 1977 йилда эса «Бавария»га кўчиб ўтди.

- Жуда ёш эдим ва улар муваффақият қозонишимни кутишарди, - дея эслайди малакали шифокор. - Супер­юлдузлар оламига тушиб қолгандим. «Бавария» қаторасига уч марта Европанинг энг яхши жамоасига айланди.

Бу клубда Франц Беккенбауэр, Герд Мюллер, Зепп Майер тўп суришарди. Мен уларнинг соғлиғига жавобгар эдим. Ўша пайтгача қўлланмаган терапияни кашф этиб, ундан фойдалана бошладим.

Бирин-кетин гомеопатик препаратларни ишлатдим ва уринишларим ҳамиша фойда келтирарди. Футболчиларнинг организмини тинглаб, муаммони аниқлайман, сўнгра шунга мос дори воситасини танлайман. Агар даволаш жараёни кўнгилдагидек кечса, уни яна қайтараман. Ҳаммаси оддий.

У қандай услубдан фойдаланади?

Мюллер-Вольфарт «гиаларт» ва «актовегин» деб номланувчи ноанъанавий препаратларни ишлатади. Улардан бирининг таркибида хўроз тожидан олинадиган модда сақланса, иккинчисининг асосини бузоқ қони ташкил этади. Шунингдек, асал ва бошқа ноодатий маҳсулотлар ҳам четда қолмайди. Бундан ташқари, игна санчиш амалиётидан кенг фойдаланади.

Ганс-Вильгельм 2008 йили Мюнхен марказида хусусий клиникасини очиб, мустақил иш юрита бошлади. Унинг мижозлари орасида спорт ва эстрада юлдузларидан тортиб, оддий одамларгача бўлиб, улар анъанавий тиббиёт ёрдамида хасталикдан қутулиш учун катта пулларни тўлашга тайёр эдилар. Қолаверса, «Бавария» ўйинчилари ҳам тикланиш жараёнини клуб базасида эмас, айнан шу клиникада ўтказишарди. Гвардиолага бу ёқмасди ва бир сафар Тьяго Алькантарани даволаниш учун атайин Испанияга жўнатди. Футболчи ярим йилдан кўпроқ вақтни ўша ерда ўтказди.

70 баҳорни қаршилашга улгурганига қарамай, 40 ёшдек кўринадиган шифокорни кўпчилик сеҳргарга ўхшатади.

- Одамларнинг буни мўъжизага қиёслашлари менга ёқмайди, - дейди Ганс-Вильгельм. - Ёнимга келганларнинг аксарияти «Сиз сўнгги умидимсиз», дейишади. Сеҳргарларга хос қиёфадан мамнун эмасман. Шунчаки, услубим йиллар давомида синовдан ўтган. Кишилар менга ишонишгани учун қабулимга келишади.

Лекин барибир, кўпчилик германиялик гомеопатнинг услубини танқид қилишади. АҚШ ва Канадада «Актовегин» истеъмоли тақиқланган, допингга қарши курашиш агентлиги эса ушбу препаратни назорат остига олган.

- «Актовегин» - дунёдаги энг яхши дори воситаларидан бири, - дейди Ганс-Вильгельм химикларнинг турли танқидларига қарши. - Уни ҳамма ерда ишлатиш керак. Бу препарат нафақат мушаклар билан боғлиқ жароҳатларга, балки бўғимлар сиқилиши ҳамда бош оғриғида асқотади. Шунингдек, моддалар алмашинуви, қон айланиши ҳамда тўқималар регенерациясини яхшилайди. Шу боис аксарият жароҳатлар тезда тузалади. Деярли ҳар бир мижозимга айни турдаги ­инъекцияни қўллайман. Акс ҳолда, Арьен Роббеннинг шундай тиззалар билан ҳамон футбол ўйнаётганини қандай изоҳлайсиз? Мен ҳаттоки, бўлимлар ўртасидаги танаффус вақтида ҳам шу услубни ишлатаман. Вақт ўтгани сари тадқиқотлар 30 йил давомида ички туйғу, кузатув ва тинглаш жараёнида ўрганган услубларимнинг тўғри эканини исботлайди.

Мюллер-Вольфартнинг услубларига кўпчилик ишонмайди, чунки мутахассис ўз препаратлари билан боғлиқ ҳеч қайси тадқиқотини чоп эттирмаган. Шу боис аксарият шифокор ва тан­қидчилар германияликнинг ишини «Франкенштейн тажрибаси» деб аташади. Ганс-Вильгельм эса бунга жавобан жуда бандлиги ва тадқиқотларини чоп эттиришга вақти йўқлигини таъкидлайди.

- Бу ерга фан билан шуғулланиш эмас, мижозларимга ёрдам бериш учун келганман. Илмий йўналиш менга бегона. Кишилар хизматимга муҳтож эканини сезяпман, қанча эҳтиёжмандлар ҳузуримга келмоқчи эканини кўриб турибсиз. Демак, ишлашдан тўхтамай, имкон қадар уларнинг барчасини даволашим даркор, - дейди Мюллер-Вольфарт.

- Аҳоли саломатлигига шу қадар қайғурар экансиз, нега кашфиётларингиз билан ўртоқлашмайсиз? - дейди АҚШ допингга қарши кураш қўмитаси бош директори Трэвис Тигарт. - Мабодо саратонга қарши дори воситасига эга бўлсангиз, даромад орттириш билан банд эканингизни таъкидлайверасизми? Виктор Конте худди шундай ҳолга тушган, ноқонуний моддалардан фойдалангани учун кейинчалик жиноятчига айланганди. Бундай табиблар ғалаба йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган спортчилар орасида машҳурлар. Улар ҳаттоки, соғлиқларини ҳам хавф остига қўйишдан чўчимайдилар.

- Унинг инъекциялари жарроҳлик амалиёти аралашувини вақтинча орт­га суради, холос, - дея ишонч билан қайд этди мюнхенлик жарроҳ, спорт чуррасини даволаш бўйича етакчи Ульрике Мушавек.

Шунга қарамай, Мюллер-Вольфарт Германия спортидаги энг обрўли 100 нафар шахсдан бири саналади. Уни кўчаларда танишади, «Бавария» ишқибозлари эса «Альянц-Арена»да ўтказиладиган ўйинлардан сўнг юлдуз футболчилар қатори жамоа шифокори билан ҳам суратга тушишга ошиқадилар. Ҳаттоки, Ганс-Вильгельмнинг истеъфосидан кейин ҳам «Бавария»нинг кўплаб футболчилари унинг хизматларидан фойдаланишда давом этишди.

Нега клубга қайтди?

Мюллер-Вольфарт кетгач, унинг ўрнини Фолькер Браун эгаллаб, сўнг­ги икки йилни жамоа билан ўтказди. Аммо бу билан «Бавария» «лазарет»и бўшамади - Рибери мунтазам жароҳат олар, Мануэль Нойер эса деярли бир йилни майдондан четда ўтказди.

Боз устига, юқорида таъкидлаганимиздек, айрим футболчилар собиқ шифокорга ишонч билдириб, унинг клиникасига қатнашди. Улар орасида Арьен Роббен, Роберт Левандовски, Жером Боатенг ва Давид Алаба бор.

Ҳаммасига яқинда рўй берган воқеа сабаб бўлди. Ҳимоячилар Боатенг ва Алаба «Боруссия»га қарши кечган баҳсдан сўнг мушаклардаги оғриқдан шикоят қилишди. Браун ташхис қўйди - ҳар икки футболчи йил охиригача сафдан чиқишди.

«Бавария» спорт директори Ҳасан Салиҳамижич ушбу ташхисни тасдиқлаш мақсадида Мюллер-Вольфартга қўнғироқ қилди. Ўйинчилар клиникага бориб, у ерда шунчаки пайлар чўзилганидан хабар топишди.

Мазкур ҳолатдан жиғибийрон бўлган Салиҳамижич ва Ули Хёнесс масалани муҳокама қилиш мақсадида Фолькер Браун билан учрашишди. Ўз навбатида, футболчиларнинг рақобатчисига учрашганидан хабар топгач, шифокорнинг ҳам жаҳли чиқди.

Натижада Браун клубни тарк этди, Юпп Хайнкес эса Мюллер-Вольфарт­ни қайтаришни талаб қилди. Афтидан, жаҳон спортининг энг «телба» шифокори ўзининг қонуний жойига қайтган кўринади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz