Қайднома

Қидирув

Осиё гвардиячилари-2017

Осиё гвардиячилари-2017

  04.12.2017 00:16
  0
  1145
Осиё гвардиячилари-2017

Тим Кэйхилл 2017 йилда Австралия миллий жамоаси учун 104-ўйинини ўтказди ва 50-голини урди. Ҳозирча «соккеруз» рекордчиси Марк Шварцер натижасига етиши учун Тимдан яна 5та ўйин ўтказиш талаб этилади.

Айни пайт ушбу ярим ҳимоячи қитъамизда ўз термаси либосида 100дан ортиқ учрашувда майдонга тушган ва ҳамон ўйнаётган ўйинчилар орасида 22-ўринда турибди.

Жорий йил Исмоил Матар (БАА), Ли Донг Гук (Ж.Корея) каби фахрийларнинг ўз миллий жамоаси сафига қайтгани ҳам ўзига хос воқеликлардан бўлди.

Анъанамизга содиқ қолган ҳолда, яна бир карра Осиёдаги термаларнинг гвардиячилари ва уларнинг фаолиятидаги ўзига хос қирраларга тўхталиб ўтишга аҳд қилдик.

Марказий Осиё футбол федерацияси

Ўзбекистон. Термамизда атиги 2 киши 100тадан кўп ўйин ўтказишган: Сервер Жепаров (128та) ва Темур Кападзе (119та). 3-ўринда турган Саша Гейнрих ҳисобида эса 97та учрашув бор.

Катта эҳтимол билан айнан шу учлик энди миллий жамоада ўйнамасалар керак. Лекин бу футболчилар билан термамиз ўзига хос юксалиш даврини босиб ўтганини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Эрон. Сайид Жалолиддин Ҳусайни (114та ўйин, 8та гол). 1982 йил 3 февралда таваллуд топган. Марказий ҳимоячи. 2006 йилги Осиё ўйинларига жалб қилинган. 2007 йил февралда Беларусь термасига қарши баҳсда илк марта майдонга тушган.

2007 йил 11 июлда Осиё кубоги баҳсларининг гуруҳ босқичида Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳисобни тенглаштирувчи гол муаллифи бўлган.

Шундан сўнг Қувайт, Ироқ, Мадагаскар, Баҳрайн, Таиланд, Уммон ва ЖЧ-2018 саралашида «Бунёдкор» стадионида бош жамоамиз дарвозасига гол урган. 4 карра мамлакат чемпиони. 2011 йилда қитъа рамзий термасига киритилган (ўша таркибда Сервер Жепаров ҳам бор эди).

Афғонистон. Аҳмад Ҳатифи (34та ўйин, 4та гол). 1986 йил 13 мартда Калифорния штатининг Окленд шаҳрида таваллуд топган. Бу ярим ҳимоячи 2016 йилдан буён Окленднинг «Депортиво Агуилихос» клубида ўйнаб келмоқда.

Аҳмад ЖЧ-2018 саралаши доирасида Сурия ва Шри-Ланка терма жамоаларига қарши баҳсларга чақирилганди. 2013 йил 20 августда Қобулдаги ­­«Ғози» стадионида Покистонга қарши баҳснинг 32-дақиқасида термадаги илк голини урганди.

Тожикистон. Фатҳулло Фатҳуллоев (61та ўйин, 8та гол). 1990 йил 24 мартда туғилган. 2008 йилдан буён мамлакатнинг энг номдор клуби - «Истиқлол» сафида тўп суради.

2007 йилда Ж.Кореяда бўлиб ўтган 17 ёшли ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган. 2012 йилда Душанбенинг «Истиқлол» клуби билан ОФК президенти кубоги соҳиби бўлган. 2015 йилдан буён термада гол уролмаяпти.

Қирғизистон. Вадим Харченко (65та ўйин, 3та гол). 1985 йил 28 майда туғилган. Миллий жамоа сафида 2003 йилдан буён ўйнаб келади. Камбоджа, Эстония ва Молдова термалари дарвозаларини ишғол қилган.

Туркманистон. Арслонмурод Омонов (32та ўйин, 8та гол). 1990 йил 28 мартда таваллуд топган. 2017 йилдан бошлаб «Олтин аср» клуби аъзоси.

2009 йилдан миллий жамоа шарафини ҳимоя қилган бу футболчини «Олмалиқ» клубидаги (2015-2016) иштироки орқали яхши таниймиз. Термадаги илк голини 2010 йил 24 февралда Тожикистон жамоаси дарвозасига урган.

АСЕАН футбол федерацияси

Австралия. Тим Кэйхилл (104та ўйин, 50та гол). 1979 йил 6 декабрда туғилган. Бўйи - 178 см. Айни пайт «Мельбурн Сити» сафида ўйнамоқда. 1994 йилда Самоа­нинг 20 ёшгача бўлган термаси таркибида Океания чемпионатида қатнашган.

Фаолиятини «Эвертон»да бошлагач, Австралия миллий жамоасига ўтишга қарор қилган. 2004 йил 30 мартда ЖАР термасига қарши ўртоқлик баҳсида «соккеруз» либосида дебют қилган.

Австралия­нинг жаҳон чемпионати ва Осиё кубокларидаги илк голи муаллифи. Ушбу терма билан 10та халқаро мусобақада иштирок этган. Бу борада у мамлакат рекордчиси саналади. ЖЧ-2018 унинг учун 4-мундиал бўлиши мумкин.

Гуам. Жэйсон Райан Канлайфф (40та ўйин, 12та гол). 1983 йил 23 октябрда туғилган. Хьюстон шаҳридаги Сайпресс Крик ўрта мактабини тамомлаган. Миллий жамоада 2006 йилги Чақирув кубоги баҳсларида дебют қилган. 10 йилдан буён терма сардори.

Сингапур. Даниэль Беннетт (138та ўйин, 7та гол). 1978 йил 7 январда таваллуд топган. Бўйи - 184 см. Марказий ҳимоячи. «Тампинес Роверз» клуби аъзоси. Даниэль 2 ёшлигида унинг оиласи Сингапурга кўчиб келишганди. Асли англиялик бўлган бу футболчи Сингапур термасига 2002 йил 11 декабрда Филиппин билан ўйинда жалб қилинган. 2001 йилда Сингапур чемпионатида «Йил футболчиси» бўлганди.

Таиланд. Датсакорн Тонглао (100та ўйин, 11та гол). 1983 йил 30 декабрда таваллуд топган. «БЕК Теро Сасана» клубида ижара ҳуқуқи асосида ўйнайди.

­«Кайзерслаутерн» сафида тўп сурган кезлари термага жалб қилинганди. Миллий жамоадаги голлари сонини 2003 йил 10 ноябрда Тошкентда кечган Гонконгга қарши баҳсда (1:2) очган.

Филиппин. Филипп Жэйс Янгхазбанд (92та ўйин, 47та гол). 1987 йил 4 августда таваллуд топган. «Давао Агуилас» клуби аъзоси. 2012 йилда у терма сафида 10та гол урган.

2010 йилда ака-ука Жеймс ва Филипп Янгхазбандлар Манилада ўз футбол мактабларини очишди. Камбоджа, Тимор-Леште ва Непал термалари дарвозасини энг кўп ишғол қилган - 5та.

ШарҚий Осиё футбол федерацияси

Хитой. Женг Жи (98та ўйин, 15та гол). 1980 йил 20 августда Шеньян шаҳрида туғилган. 2010 йилдан буён «Гуанжоу Эвергранд» сафида ўйнаб келади. 2004 йил 29 январда Македония термасига қарши баҳсда (1:0) илк голини урган. 2014 йил 14 ноябрдан бери миллий жамоада гол уролмаяпти.

Жанубий Корея. Ли Донг Гук (105та ўйин, 33та гол). 1979 йил 29 апрелда туғилган. «Поханг Стилерз» клуби тарбияланувчиси. 2009 йилдан буён «Чонбук Хюндай Моторс» жамоаси аъзоси. 1998, 2002, 2010 йилги мундиалларда терма сафида бўлган.

2005 йил 30 март, 2012 йил 25 февраль ва 11 сентябрда Ўзбекистон миллий жамоаси дарвозасига гол урган. 2014 йилдан сўнг термага жалб этилмай қўйганди. 2017 йилда уни 2та ўйинга таклиф қилишди. Бош жамоа сафидаги 19 йиллик тажриба барибир, ўз сўзини айтди.

КХДР. Ри Мёнг Гук (92та ўйин). 1986 йил 9 сентябрда туғилган. ЖЧ-2010 иштирокчиси. 2006 йилдан буён «Пхеньян» клуби дарвозасини қўриқлаб келмоқда.

Таъкидлаш керакки, унинг отаси ва амакиси ҳам ўз вақтида миллий жамоа дарвозабонлари бўлишган. 2009 йилда Осиё қитъасида «Йил футболчиси» совринига номзоди кўрсатилган.

Гонконг. Ли Чи Хо (70та ўйин). 1982 йил 16 ноябрда туғилган. 2000 йил 8 октябрда Сингапур термасига қарши баҳсда дебют қилган. Ўнг қанот ва марказий ҳимоя чизиқларида бирдек ўйнай олади.

Япония. Шинжи Оказаки (108та ўйин, 50та гол). 1986 йил 16 апрелда туғилган. 2008 йили Пекиндаги Олимпиададан сўнг термага жалб этилган ва октябрда БААга қарши баҳсда миллий жамоа сафида тўлақонли дебют қилган.

Япония термаси билан 5та йирик халқаро турнирда қатнашди. Ҳар сафар 9-рақамли футболка уники бўлди. ОК-2011 ғолиби. 2016 йилда Осиёда «Хал­қаро миқёсдаги йил футболчиси» деб топилган. Терма сафида майдонга тушиш бўйича 4-ўрин, гол уриш борасида 3-ўринни банд этган.

Ғарбий Осиё футбол федерацияси

Баҳрайн. Сайид Муҳаммад Жаъфар (113та ўйин). 1985 йил 25 августда туғилган. Бўйи 179 см. бўлган бу дарвозабон 2007 йилдан буён «Муҳаррақ» клуби сафида ўйнаб келади. 2011 ва 2015 йилги Осиё кубогида иштирок этган.

Иордания. Амир Шафи (141та ўйин). 1982 йил 10 февралда туғилган. Унинг оиласи асли фаластинлик. 2002 йил 17 августда Кения термасига қарши баҳсда (1:1) дебют қилган.

Шафи дастлаб футболга ярим ҳимоя­чи сифатида кириб келган ва кейинроқ дарвозага ўтган. 2004, 2011, 2015 йилги Осиё кубоги иштирокчиси. Акробатик қобилияти эвазига уни «Осиё кити» деб аташади. Оилавий сабаблар туфайли Европа клубларида ўйнамаган. 2007 йилдан буён «Ал-Виҳдат» клуби аъзоси.

Ироқ. Аъло Абдул Заҳро (109та ўйин,15та гол). 1985 йил 22 декабрда Бағдод шаҳрида туғилган. 2008 йилда Судан чемпионати аъзоси «Ал-Меррейх» сафида ҳам ўйнади. Профессионал фаолияти давомида 13 марта клуб алмаштирган.

2017 йилдан «Ал-Шорта» клуби аъзоси. 2009 йил 10 январда Қувайтга қарши ўтказилган баҳсда термадаги голлари ҳисобини очди. Асосан ўртоқлик учрашувлари ва минтақавий халқаро турнирларда гол уришни қойиллатади.

Қатар. Себастьян Сория Куинтана (123та ўйин, 40та гол). 1983 йил 8 ноябрда Уругвайнинг Пайсанду шаҳрида таваллуд топган.

2004 йил «Ал-Гарафа» сафига келганидан сўнг Қатардан кетмади. Термадаги илк голини 2007 йилги Осиё кубогида Япония дарвозасига йўллаган. 2012 йилда Осиёнинг рамзий жамоасига киритилди. 2014 йил 6 октябрда Дохадаги ўртоқлик ўйинида термамиз дарвозасини ишғол этганди.

БАА. Исмоил Матар (128та ўйин, 36та гол). 1983 йил 7 апрелда таваллуд топган. Исмоил 2003 йилда ёшлар мундиали орқали ўз номини жаҳонга танитди. «Ал-Ваҳда» клубига садоқат билан хизмат қилаётган бу футболчи 2015 йилдан терма жамоага жалб этилмаётганди.

Уммон. Али ал Ҳабси (140та ўйин). 1981 йил 30 декабрда таваллуд топган. Ўрта мактабни тамомлагач, Маскатдаги Сиб халқаро аэропортида ўт ўчирувчи бўлиб ишлаган.

Youtube тармоғини титкилаб, унинг интервьюларини­ топсангиз, агар футболчи бўлмаганда, албатта, ўт ўчирувчи сифатида ишлаши ҳақида айтган фикрларига дуч келасиз. 2006-2017 йилларда Англия клублари сафида ўйнади. Айни пайт Саудияда «Ал-Ҳилол» клуби дарвозасини қўриқлайди. Уммон билан 2009 йилги Кўрфаз кубогида ғолиб бўлган.

Фаластин. Ашраф Нўъмон (51та ўйин, 14та гол). 1986 йил 29 июлда туғилган. Бўйи - 185 см. 2010 йилда БААга қарши баҳсда терма учун дебют қилган. 2011 йил 20 декабрда Баҳрайнга қарши ўйинда миллий жамоадаги илк голини урган.

Саудия Арабистони. Осама Ҳавсави (129та ўйин, 7та гол). 1984 йил 3 мартда Макка шаҳрида таваллуд топган. 2007 йилдан терма аъзоси. 2008 йил 2 июнда Ливан дарвозасига гол уриб, бош жамоадаги голлари ҳисобини очган.

Кетма-кет учта жаҳон чемпионати саралашида рақиб дарвозасини ишғол қилган. Ўйинлар сони бўйича Саудия гвардиячилари орасида 7-ўринни банд этган.

Қувайт. Қувайт Футбол Ассоциацияси 2015 йил 16 октябрда ФИФА томонидан дисквалификация қилинганлиги боис халқаро ўйинларда иштирок эта олмаяпти.

Жанубий Осиё футбол федерацияси

Ҳиндистон. Сунил Четри (97та ўйин, 56та гол). 1984 йил 3 августда таваллуд топган. 2005 йил 12 июнда Покистон термасига қарши баҳсда илк голини урган. Сунилнинг ота-онаси асли непаллик бўлсада, у Ҳиндистон шарафини ҳимоя қилишни афзал билган.

2008 йил 13 августда Тожикистонга қарши баҳсда қайд этган «хет-триг»и Ҳиндистонда «Йил воқеалари солномаси»га киритилган. Сўнгги мавсумда «Чемпионат қаҳрамони» сов­ринига лойиқ кўрилди. Неру кубоги соҳиби (2007, 2009, 2012). Терма сафида энг кўп голни Мальдив жамоаси дарвозасига урган - 6та.

Бангладеш. Жоҳид Ҳасан Амели (64та ўйин, 15та гол). 1987 йил 25 декабрда таваллуд топган. Миллий жамоаси билан 2010 йилги Жанубий Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритган. Сўнгги марта 2005 йилнинг 16 июнида ЖЧ-2018 саралаш босқичида Тожикистон дарвозасига гол урган.

Покистон. Калимуллоҳ Хон (25та ўйин, 4та гол). 1992 йил 20 сентябрда таваллуд топган. Терма сардори. «К-Электрик» клуби форварди. Миллий жамоа сафида Макао, Бангладеш, Филиппин, Ливан дарвозаларига гол урган. Покистон футболи йилда 2-3та ўйин ўтказиши боис, гвардиячилар рўйхатида жиддий ўзгаришлар бўлишини кутиш ноўрин.

100]: Кимда нечта?

Осиё термалари орасида Саудия Арабистони (17 нафар футболчи), Ироқ (12), Қувайт (10), Ж.Корея (9), Сингапур (9), БАА (8), Баҳрайн (8), Япония (7), Эрон (6), Уммон (6), Иордания (5), Қатар (3), Хитой (3), Таиланд (3), Ўзбекистон (2), Австралия (2) жамоалари ўз футболчиларининг 100та ва ундан ортиқ ўйинлар ўтказишгани билан мақтана оладилар.

Қитъамизда шу кунга келиб 111 нафар ўйинчи ўз миллий жамоаси либосида 100та ва ундан кўпроқ учрашувда майдонга тушган. Демак, қитъамизда бир йил ичида 7 киши юзлик маррадан ўтди.

Саудия Арабистони ўтган йили бу борада жаҳонда энг етакчи терма эди. Жорий йил пешқадамликка АҚШ (17 нафар) ҳам даъвогар бўлиб турибди. Миср (14) эса ҳамон 3-ўринда.

Қуйидаги жадвалда айни пайт Осиё термаларида тўп сураётган ва ўз миллий жамоаси учун 100тадан ортиқ ўйин ўтказган футболчилар ҳақида маълумотлар келтирилган.

Исм-шарифи                Термаси               Ўйини   1-ўйини                               Сўнгги ўйини                   Неча кундан бери

Аҳмад Муборак           Уммон                 147        2003 йил 25 сентябрь     2017 йил 14 ноябрь       14 йил 50 кун

Даниэль Беннетт         Сингапур             142        2002 йил 11 декабрь       2017 йил 14 ноябрь       14 йил 338 кун

Амир Шафи                  Иордания            141        2002 йил 17 август           2017 йил 13 июнь          14 йил 300 кун

Шаҳрил Бин Исҳоқ      Сингапур             138        2003 йил 4 март               2017 йил 13 июнь          14 йил 101 кун

Байхакки Бин Хайзан Сингапур             131        2003 йил 4 август             2016 йил 19 ноябрь       13 йил 107 кун

Али ал Ҳабси                Уммон                 130        2001 йил 20 февраль      2017 йил 14 ноябрь       16 йил 268 кун

Осама Ҳавсави             С.Арабистони    129        2006 йил 11 октябрь       2017 йил 10 ноябрь       11 йил 30 кун

Исмоил Матар             БАА                      128        2003 йил 27 сентябрь     2017 йил 5 сентябрь     13 йил 343 кун

Сервер Жепаров         Ўзбекистон         128        2002 йил 14 май               2017 йил 5 сентябрь     15 йил 114 кун

Тайсир ал Жассим      С.Арабистони    124        2004 йил 17 ноябрь         2017 йил 13 ноябрь       12 йил 361 кун

Себастьян Сория         Қатар                   119        2006 йил 15 ноябрь         2017 йил 28 март           10 йил 133 кун

Хайрул Амри                Сингапур             118        2004 йил 9 июнь               2017 йил 14 ноябрь       13 йил 158 кун

Абдуллоҳ Диб              Иордания            117        2007 йил 7 сентябрь       2016 йил 15 ноябрь       9 йил 69 кун

Жалол Ҳусайни            Эрон                     114        2007 йил 7 февраль         2017 йил 13 ноябрь       10йил 279 кун

Муҳаммад Жаъфар     Баҳрайн               113        2004 йил 17 ноябрь         2017 йил 13 июнь          12 йил 208 кун

Исмоил Абдуллатиф  Баҳрайн               112        2005 йил 27 октябрь       2017 йил 10 октябрь     11 йил 348 кун

Шинжи Оказаки          Япония                111        2008 йил 9 октябрь          2017 йил 5 сентябрь     8 йил 331 кун

Аъло Абдул Заҳро      Ироқ                     109        2007 йил 8 июнь               2017 йил 5 сентябрь     10 йил 89 кун

Баҳа Абдулраҳмон     Иордания            107        2007 йил 7 сентябрь       2017 йил 13 июнь          9 йил 279 кун

Макото Хасебе            Япония                106        2006 йил 10 февраль      2017 йил 10 ноябрь       11 йил 273 кун

Ли Донг Гук                  Ж.Корея              105        1998 йил 16 май               2017 йил 5 сентябрь     19 йил 112 кун

Тим Кэйхилл                Австралия           104        2004 йил 30 март             2017 йил 15 ноябрь       13 йил 230 кун

Юто Нагатомо     Япония 101         2008 йил 24 май                2017 йил 14 ноябрь          9 йил 174 кун

Изоҳ: Барча статистик кўрсаткичлар 2017 йил 19 ноябрь ҳолатига кўра келтирилган.

Ф.ФАЙЗИЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz