Қайднома

Қидирув

Криштиану Роналду: Муҳим совринлар ютганимизни унутишмоқда

Криштиану Роналду: Муҳим совринлар ютганимизни унутишмоқда

  04.12.2017 03:39
  0
  4627
Криштиану Роналду: Муҳим совринлар ютганимизни унутишмоқда

Бир неча кундан сўнг France Football томонидан таъсис этилган «Олтин тўп» совринини топшириш маросими бўлиб ўтади.

«Реал» - клуби ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду ушбу мукофотга асосий даъвогарлардан биридир.

Шу муносабат билан Франциянинг бошқа бир машҳур нашри L’Equipe футболчининг фикр­лари билан қизиқди.

«Олтин тўп»лар ҳақида

- Футбол ўйнар эканман, барча совринларни ютишни истайман. Ҳозирда бешинчи «Олтин тўп»имни олишни орзу қиляпман. Келаси йили эса ниятлар ўзгаради. Янги мақсадлар учун курашишдан тўхтамайман.

Гол ура олмаётгани туфайли бўлаётган босимлар ҳақида

- Менга шубҳа билан қараётганларни танқид қилолмайман. Ҳақиқий босим уйда бўлади. Гол уролмасам, онам, ўғлим, синглим, акам «Сенга нима бўляпти?», деб сўрашади.

«ПСЖ» ҳақида

- «ПСЖ»дан қўрқмаймиз. Биз ЕЧЛнинг амалдаги совриндоримиз, ушбу мусобақани кетма-кет икки марта ютдик. Шунинг ўзи «Реал»нинг қандай кучга эга эканлигини исботлайди. Гуруҳда биринчи ўринни олишни истаймиз, лекин муҳими «плей-офф»га чиқиш ҳисобланади.

Омадсиз лаҳзалар ҳақида

- Ҳаммаси ўзгармоқда, аммо мен афсусланмайман. Чунки ҳар доимгидек ишлашда давом этяпман.

Танқидлар ҳақида

- Мени асосан голларим камайиб кетгани учун танқид қилишмоқда. Баъзан бу муҳим эмас. Танқидларни тўғри қабул қиламан, лекин уларнинг фикрига қўшилмайман. Негаки, мени гол урадиган машина деб ҳисоблашмоқда.

Бешта ўйинлик дисквалификация ҳақида

- Бунда ўзимни оқламоқчи эмасман. Албатта, мазкур ҳолат менга таъсир қилди, чунки мавсумга ўзига хос тарзда тайёргарлик кўргандим. Аммо сизни ўйинлардан четлатиб, эҳтирослардан маҳрум қилишса, ёқмас экан.

Шу боис бўлиб ўтган ишлардан қайғурдим. Боз устига, ўша куни ҳакам қўпол хатога йўл қўйганди. Қилган ишим учун бешта ўйинга дисквалификация қилишлари ноҳақлик эди. Бироқ ҳаммаси ортда қолди.

Зайниддин Зидан ҳақида

- У ҳам мен каби вазиятдан асабийлашмайди. Ҳаммаси доимий равишда ўзгариб туради. Ҳеч ким ҳамиша идеал бўла олмайди. Футболчи эса бутун бир мавсум давомида бир хил формада тўп суролмайди.

Мағлубият учун танқидлар ҳақида

- Барча бизни диққат билан кузатади. Бу одатий ҳол. Шунга бўлса керак, «Реал» мағлубиятга учраса, бутун дунё­га жар солишади. Лекин биз ҳам инсонлармиз. Одамлар бир неча ой олдин иккита муҳим совринни қўлга киритганимизни унутиб қўйишди.

Чарчоқ ҳақида

- 10-12 ой давомида фақат чўққида туриш учун катта энергия сарфлашга тўғри келади. Агар бир қатор совринларни ютиб олсангиз, қандайдир хотиржамликка бериласиз.

«Олтин тўп»ни ютиш имконияти ҳақида

- Ўтган мавсум ажойиб тарзда кечди.­ Биз Ла лига ва ЕЧЛда ғолиб чиқдик, мен турнир тўпурарига айландим. «Олтин тўп»ни қўлга киритсам, ажойиб бўларди. Борди-ю, ютолмасам, ачинмайман ва ўз ҳолимча қолавераман.

ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги биринчи ёки иккинчи ўрин ҳақида

- Бу унчалик аҳамиятли эмас. Умуман олганда, биринчи бўлишни истаймиз. Аммо энг муҳими - «плей-офф»га чиқиш.

Голларнинг камлиги ҳақида

- Тепган тўпларимнинг дарвозага кирмаётгани менинг айбим эмас. Лекин ишончим комилки, барчаси ўзгаради. Мухлислар бунинг учун мендан ҳам кўпроқ қайғуришмоқда. Ўзим эса хотиржамман. Чунки шундай ҳолатга ўтган йили ҳам тушганман.

Оиласи ҳақида

- Фарзандларим кўпайганидан хурсандман. Уларни жуда яхши кўраман. Мен учун ҳаёт болаларимсиз ҳеч нимани англатмайди. Етти фарзандим ва шунча «Олтин тўп»им бўлишини истайман. Чунки «7» менга омад келтиради. Шунинг учун ҳам футболкамда шу рақам акс этган.

ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz