Қайднома

Қидирув

Миллат антиқаҳрамонига айланган терма жамоа мураббийлари

Миллат антиқаҳрамонига айланган терма жамоа мураббийлари

  04.12.2017 06:29
  0
  3524
Миллат антиқаҳрамонига айланган терма жамоа мураббийлари

Эндиликда Италия халқи Вентуранинг номини унутмаслиги табиий. Ушбу мураббийни афсусланиш ва алам билан ёдга олишади.

Зеро Жампьеро нафақат терма жамоани «жарликка қулатди», балки ўзини нолойиқ тарзда тутди. Soccer.ru шу баҳона айни ҳолатга тушган мутахассисларни ёдга олди.

ГРЭМ ТЕЙЛОР ва Англия термаси (1990 - 1993)

Ушбу мутахассис клубдаги фаолияти орқали Англия футболида донг таратган. У «Уотфорд»ни тўртинчи дивизиондан чемпионшипга, сўнгра еврокубокларга олиб чиқди. Мураккаб аҳволдаги «Астон Вилла» жонига оро кирди.

Грэм умумий ҳисобда туманли ўлка жамоалари бошқарувида мингдан ортиқ ўйин ўтказган, шубҳасиз, ҳурматга лойиқ шахс. Аммо клуб миқёсида муваффақият қозонган ҳамма мутахассислар ҳам миллий термани чўққиларга етаклаб, юлдузлар билан чиқиша олиш салоҳиятига эга бўлавермайдилар. Умуман, Вентура ва Тэйлорнинг тақдири кўп жиҳатдан ўхшаш.

Қария Грэм Англия миллий жамоаси бош мураббийлигига нолойиқ чиқди ва бу ҳақиқат Евро-1992 саралашидаёқ кўзга ташланди. «Уч шерлар» фақатгина туркиялик аутсайдерлар устидан қозонилган ғалаба ҳамда вазият тақозоси эвазига қитъа чемпионатига йўл олишганди. Финал босқичида эса ҳаммаси яққол намоён бўлди: ғалаба йўқ, битта гол, гуруҳдаги сўнгги ўрин.

Шу заҳоти ўзгариш қилиш талаб этиларди, аммо Англия футбол ассоциацияси Тейлорга ишонишда давом этди ва бу нотўғри қарор экани тезда ойдинлашди.

Грэм терманинг бош юлдузи Гари Линекер билан чиқишолмади, ЖЧ-1994 саралашида инглизлар Голландия ва Норвегия термаларидан кейинги учинчи ўрин билан чекланишди.

Бу эса Англиянинг АҚШ мундиалига бормаслигини англатарди. 40 йиллик давр мобайнида илк бор жаҳон чемпионати футболга асос солган мамлакат вакилларисиз ўтди.

Анатолий Бишовец ва Россия термаси (1998)

Футболчилар миллий жамоа бош мураббийи Садириннинг ўрнида айнан Бишовец ишлаши лозимлигини кўп таъкидлашганди. Ушбу мутахассис қўл остида собиқ иттифоқ жамоаси Сеул Олимпиадасида зафар қучган ва бу муваффақият ҳали ёддан кўтарилмаганди.

Шу боис 1998 йили Россия термаси тақдири айнан унга ишониб топширилди. Бироқ Анатолий Фёдорович ёрқин хотираларни тезда ўчириб юборди.

Бишовец - руслар миллий жамоаси тарихидаги энг ёмон мураббий, унинг қўл остида терма олти ўйиннинг барчасини ютқазди. Ҳақиқатан омадсиз фаолият.

Ваҳоланки, футболчилар савияси паст эмасди, Олег Романцев қўл остида вазиятнинг анча ўнглангани ушбу фикрни тасдиқлаши мумкин. Ҳаттоки, Евро-2000 саралашини учта мағлубият бошлаган россияликлар мўъжиза яратишга жуда яқин келишганди.

Берти Фогтс ва Шотландия термаси (2002 - 2004)

Германия термасидаги саккиз йиллик фаолияти давомида немисларни Евро-1996 ғолиблигига олиб келган мутахассис кейинчалик обрўсидан фойдаланган ҳолда фақат текин даромад орттириш ва катта суммага эга шартномалар қидириш билан банд бўлди.

Шотландлар уни Қувайт термасидан чақириб олиш чоғида буларни инобатга олмай, таваккалга қўл уришганди. Евро-2004 саралашида Фогтс қўл остидаги Шотландия термаси Литвага ютқазиб, Фарер ороллари билан очколарни бўлишиб олишди.

Иккинчи ўринга эса мураббий ватандошларининг ёрдами эвазига кўтарилишди: қитъа биринчилиги йўлланмасини нақд қилиб улгурган немислар ўша кезлари ҳозиргидек ном қозонишга улгурмаган исландларни йирик ҳисобда енгишганди.

Кейинчалик шотландлар Голландия термасига 0:6 ҳисобида имкониятни бой беришди. Шунга қарамай, Берти «ёғли жой»ни сақлаб қолди, зеро ўзи кетишни ўйламас, шартномани бекор қилиш қимматга тушиши эса иш берувчиларни ўйлантириб қўйганди.

Бироқ ЖЧ-2006 саралаши старт олган бир паллада йирик сумма ҳам шотландлар кўзига кўринмади: салбий натижалар қайд этилавергач, асаблар дош бермади, Молдова билан ўйин-нинг дуранг билан хотима топиши эса сабр косасига сўнгги томчи вазифасини ўтади.

Фогтс қўл остида   Шотландия термаси ФИФА рейтингида рекорд даражада пастлаб, 77-ўринни эгаллади. Германиялик мутахассис эса пинагини ҳам бузмай, навбатдаги жамоаси билан Африка кубогида сўнгги 25 йилдаги энг ёмон натижани кўрсатиш учун Нигерияга йўл олди. Сўнгра Озарбайжондан фойдали иш топган Берти бир неча йилни шу мамлакатда ўтказди.

Стив Макларен ва Англия термаси (2006 - 2007)

Жамоани жарликка етаклаган яна бир англиялик. Евро-2008 финал босқичи йўлланмаси учун Россия термаси билан баҳс юритган инглизлар Стив Макларен бошқарувида икки марта Хорватияга ютқазишди.

Айниқса, «Уэмбли»да ўтган ҳал қилувчи ўйинда қайд этилган мағлубият ҳаммасидан ошиб тушди. Ишқибозлар миллий жамоани Европа чемпионатига олиб чиқолмагани учун Макларенни кечиролмадилар.

Ўшанда англияликлар «шок» ҳолатига тушиб қолишганди. Шунга ўхшаш вазият ҳозир итальянларда кузатилмоқда.

Клаудио Раньери ва Греция термаси (2014)

Ҳа, бу мутахассис номи «Лестер» тарих китобига ёзилган, у кўплаб мухлислар қаҳрамонига айланди. Аммо 2014 йили Раньери бутун бошли миллат нафратига дучор бўлди.

Клаудио Греция термасини қабул қилиб олган пайт Европа чемпионатидаги шов-шувли ғалабага ўн йил тўлган, бироз аввалроқ, яъни ЖЧ-2014да юнонлар Фернанду Сантуш бошчилигида гуруҳ босқичидан чиқишни уддалаб, фақатгина пенальтилар сериясидаги омадсизлик туфайлигина чорак финал йўлланмасини Коста-Рикага бой беришганди.

Мустаҳкам жамоа, шубҳасиз. Грециялик ишқибозлар тажрибали Раньерининг термани ўз даражасида ушлаб туришига ишонишганди, аммо италиялик мутахассис қўл остида шармандали натижалар кўпайди: Руминия, Шимолий Ирландия ҳамда Фарер оролларидан қабул қилинган мағлубиятлар, Финляндия билан дуранг.

Эътиборлиси, грекларнинг Раньери даврида бошлаган муваффақиятсизлиги ҳамон давом этмоқда: Евро-2016 юнонларсиз ўтди, улар Россия мундиалида ҳам қатнашишмайди.

Дик Адвокат ва Сербия термаси (2014)

Раньери Греция термасини қуйига етаклаётган бир паллада Адвокат худди шу ишни серблар билан амалга оширди. Аслида, Дик яқиндагина якунига етган ЖЧ-2018 саралашида ҳам омадсизлар қаторидан жой олди, аммо Голландия термасидаги парокандаликда бор айбни унга юклаш адолатдан бўлмайди.

Лекин Сербия термасининг голландиялик мутахассис қўл остида Евро-2016 саралашида ўта ёмон натижа қайд этгани айни ҳақиқат. Боз устига, Адвокатнинг умуман ишлагиси келмаётгандек туюларди.

Арманистон, Албания ва Дания термаларига қарши кечган баҳсларда атиги бир очко олиниши, назоратсиз ўйин, футболчилар билан муносабатнинг ёмонлашуви ҳамда ўзини ноўрин оқлаш ҳолатлари шундан далолат.

Эҳтимол, Адвокат тузилган шартноманинг арзон-гаров эканини англагач, ортиқча тер тўкишни истамагандир? Ахир кўп ўтмай Сербияда олган маоши Россиядаги меҳнат ҳақидан 20 баробар камлигини ўзи ҳам тан олганди.

Жампьеро Вентура ва Италия термаси (2016 - 2017)

Бу мураббий бошқа ҳамкасбларидан ҳам ғалатироқ чиқиб қолди. Италия термаси билан шармандали натижа қайд этди - «скуадра адзурра» сўнгги 60 йил ичида илк бор мундиалдан четда қолди.

Бу ҳам етмагандек, янада ёмонроқ натижа қайд этган мураббийлар борлигини айтиб, «сувдан қуруқ чиқиш»га интилди. Бошини эгганча, узр сўраб, истеъфога чиққан Вентура обрўсини сақлаб қолиши мумкин эди, аммо 69 ёшида 866 минг евро асқотиши мумкинлигини англаб, шартнома бекор қилингани учун Италия футбол федерациясидан ушбу суммани сўради.

Тўғри, миллий жамоани шундай ҳолатда тарк этиш осонмас, аммо Жампьеро энг номақбул вариантни танлади. Эндиликда унинг номини Миландан Палермогача, Кальяридан Леччегача фақат нафрат ва алам билан ёдга олишмоқда.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz