Қайднома

Қидирув

ЖЧ-2018 финал босқичидан четда қолган 20 нафар зўр футболчи

ЖЧ-2018 финал босқичидан четда қолган 20 нафар зўр футболчи

  06.12.2017 00:24
  0
  6631
ЖЧ-2018 финал босқичидан четда қолган 20 нафар зўр футболчи

Йирик турнирлар йўлланмалари тақдирига ойдинлик киритувчи саралаш жараёни ўз моҳиятига кўра, баъзи юлдузларга чинакам алам улашади.

Бошқача айтганда, асосий моҳият шуки, саралар ичидаги саралардан айримлари квалификацион жараён якунида борт ташқарисида қолишади.

Ахир дунё футболи юлдузлари турли терма жамоалар сафида тўп суришади, чипта эса ҳаммага ҳам етмайди. Қаранг, ЖЧ-2018 саралаши қандай ижрочиларга «раҳм» қилмади-я?! Уларга қараб, беихтиёр ачиниб кетасан...

*** Жанлуижи БУФФОН. Футбол тарихидаги энг яхши голкиперлардан бири Италия термаси билан оғир қисматга учради. Жижини жаҳон чемпионатида қайта кўрмаслигимиз ҳам тайин, афсус...

*** Италиялик сеҳрли ярим ҳимоячи Марко ВЕРРАТТИни мундиалда кўрмаслик ҳам бироз қайғули.

*** Алексис САНЧЕС ва Артуро ВИДАЛЬ - иккиси ҳам Чили миллий жамоасининг суперўйинчиси. Улар ёзда Конфедерациялар кубоги чоғи Россия майдонларида ўз ҳунарларини кўрсатишганди, бироқ энди ҳаммасини четдан кузатишади.

*** Генрих МХИТАРЯН - Арманистон терма жамоасининг бош юлдузи. Афсус, унинг пешонасига бирор йирик халқаро турнирда қатнашиш битилмаган кўринади...

*** Бундан 2 йилча олдин Гарет БЭЙЛ ва Аарон РЭМЗИ Евро-2016 финал раундига ўзгача жило бағишлагандилар. Келаси ёзда эса улар ўз уйларида тушкун ҳолатда футбол томоша қилишга маҳкумлар, албатта, кўнгиллари тортса...

*** Голландия термаси қаторасига иккинчи марта йирик мусобақадан четда қолди, демак, Арьен РОББЕН ҳам. Эҳ, Россия мундиалига «Бавария» вакилининг қанот бўйлаб «учиш»лари камлик қилса керак-ов...

*** Уэсли СНЕЙДЕР - голландиялик яна бир даҳо. У ҳалигача ҳайрон: «лоларанглилар» нега бунчалик суст ўйнашди?

*** Россиядаги турнирда Австрия термасини ҳам кўрмаймиз. Шундай экан, унинг бош юлдузи - Давид АЛАБА ижросидаги ажиб финтлар, ҳаракатлардан баҳраманд бўлмаймиз. «Баварая»нинг чин универсали эса ёзда бошқалар ўйинига ҳайратомуз қарашга мажбур.

*** Словакия термаси йўқ, бу Марек ГАМШИКнинг Россия-2018да кўриниш бермаслигидан далолат. Словак йигити айни пайт «Наполи»ни тарихий чемпионлик сари етакламоқда, аммо миллий жамоасини ЖЧга олиб чиқолмади.

*** Ян ОБЛАК замонамизнинг энг кучли дарвозабонларидан бири саналсада, Словения термасининг ҳаттоки, «плей-офф» раундига чиқишига ҳам ёрдам беролмади.

*** Дортмунд «Боруссия»си таркибидаги энг яхши ҳужумчи Пьер-Эмерик ОБАМЕЯНГ Габон миллий жамоасининг ЖЧга йўл олиши учун етарли даражада гол уролмади. Афсус, у турнирга ўзгача ёрқинлик бағишлашга қодир эди.

*** Африка ҳудудидаги саралашнинг яна бир омадсизи - Риёд МАҲРЕЗ. Бу йигит қанот бўйлаб юришлари билан Роббен ўрнини бемалол босиши мумкин эди, бироқ Жазоир термаси борт ташқарисида қолди.

*** Кристиан ПУЛИШИЧ - «Боруссия» Д. клуби ва АҚШ терма жамоаси жавоҳири. Америкаликлар кутилмаганда, КОНКАКАФ миқёсидаги енгил кўринган саралашда омадсизликка йўлиқиб, 32 йил давомида илк марта бош турнир томошабинига айланишди.

*** Украина термаси балки сиёсий сабабларга кўра, Россия мундиалига нисбатан «бойкот» эълон қиларди агар чипта олганида. Аммо украинлар саралашда ҳеч нима қилолмадилар.

Шундай экан, мамлакат футболининг бош юлдузи Андрей ЯРМОЛЕНКО клубдошлари - Обамеянг ва Пулишичга қисматдошдир.

*** Эдин ЖЕКО «Рома»да иккинчи ёшлигини бошдан ўтказмоқда, аммо буни  ЖЧда кўрсатолмайди - Босния ва Герцеговина термасининг «плей-офф» раундига чиқишига икки очко етмади.

*** Эдин Жеко ёнида Миралем ПЬЯНИЧ ҳам бор. Ёзда «жим» ўтиришга маҳкум этилган босниялик яна бир юлдуз.

*** Антонио ВАЛЕНСИЯ - бақувват йигит ва Эквадор термаси сардори. Бу жамоа Жанубий Америкадаги мураккаб саралаш довонини 8-ўринда якунлади. Демакки, эквадорликлар кейинги ЖЧни кутишади.

*** Кот-д~ивуарлик Серж ОРЬЕ вақтида Лоран Бланни ҳақоратлаганди, энди «Тоттенхэм» билан бутун Европани ҳайратлантирмоқда. Аммо у жаҳон миқёсида бундай қилиш имкониятига эга эмас.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz