Қайднома

Қидирув

Темур Яфаров: «Болалар билан ишлашдан завқ оляпман»

Темур Яфаров: «Болалар билан ишлашдан завқ оляпман»

  07.12.2017 03:36
  0
  115
Темур Яфаров: «Болалар билан ишлашдан завқ оляпман»

Юртимизда фаолият юритаётган «Юниор» болалар футбол клуби ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмади. Лекин ушбу жамоа эришаётган ютуқлар таҳсинга лойиқ.

«Юниор» ФК халқаро тармоқ кўринишида бўлиб, дунёнинг 14 мамлакатида фаолият юритади. Асосан Россия ҳамда МДҲнинг бошқа давлатларида филиаллари бор. Бош офиси эса Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган.

Яқинда мазкур жамоа Ҳиндистон ва Хитойда ҳам иш бошлади. Шу йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида ҳам ушбу клубнинг филиали очилди. «Юниор»га футболчилар 3 ёшдан бошлаб қабул қилинади.

Жамоанинг ёш тарбияланувчилари Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган турнирда муваффақиятли қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб қайтишди.

Биз мусобақа таассуротлари билан ўртоқлашиш мақсадида жамоа бош мураббийи Темур Яфаровни суҳбатга тортдик.

- Ушбу турнир Junior жамоасининг турли мамлакатларда фаолият юритаётган филиаллари ўртасида ташкил этилди, - дея сўз бошлади суҳбатдошимиз. - Бу анъанавий мусобақа бўлиб, унда 14та давлат вакиллари қатнашишди.

Эътиборлиси, мазкур турнирда тўғридан-тўғри иштирок этишнинг имкони йўқ. Яъни, саралаш баҳсларида ғолиб чиққан жамоалар финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Бизнинг тарбияланувчилар ҳам май ойида ўтказилган саралашда муваффақият қозонишди. Баҳсларга Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри мезбонлик қилди. Мусобақа саралашини муносиб тарзда ўтказиб, йўлланмани қўлга киритдик.

Яқинда Қозон шаҳрида турнирнинг финал босқичи ўтказилди. У ерда 12та жамоа ўзаро бош мукофот учун курашга киришдилар. Биз 2008 ва 2010 йилларда туғилган футболчилардан иборат икки таркибимиз билан қатнашдик.

Натижа ёмон бўлмади ва жамоамиз кумуш медалга сазовор бўлди. Ташкил этилганлиги жиҳатидан бизнинг болакайлар турнирдаги энг ёши эдилар. Рақиблар эса камида 2-3 йилдан бери турли даражадаги турнирларда қатнашиб келишаётганди.

Шу сабабли ҳам футболчиларимиз эришган натижа билан фахрлансак арзийди. Бу энди бошланиши. Ишончим комилки, вакилларимиз янада юксакроқ ютуқларга эришишади.

- Қайси жамоаларга қарши майдонга тушдинглар, натижалар қандай бўлди?

- Якутск жамоасини 5:0, мезбонлар - Қозон шаҳри вакилларини 3:0, Самара футболчиларини 2:1, Йошкар-олаликларни 2:0 ҳисобида мағлуб этдик.

Ҳал қилувчи финал учрашувида эса анчагина кучли бўлган Санкт-Петербург жамоасига 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйдик. Ана шу мағлубият ҳам футболчиларимизнинг тажрибаси ошишига хизмат қилади, улар мана шундай ўйинларда тобланишади.

Бундан ташқари, бир нечта номинациялар бўйича тарбияланувчиларимиз энг яхшилар қаторида эътироф этилдилар. Турнирнинг энг яхши ҳимоячи ва ҳужумчиси, мусобақа тўпурари ҳам айнан бизнинг жамоадан бўлди.

Финал босқичининг барча ўйинлари Қозон шаҳридаги «Рубин» клубига тегишли «Казань Арена» стадионининг сунъий қопламали ёпиқ манежида ўтказилди. Энди жамоамиз ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсам.

«Юниор» ФК шу йилнинг февраль ойида очилган. Гулнора Гимаева клубимиз директори ҳисобланади. Junior футбол мактаблари тармоғи 3 ёшдан 14 ёшгача гуруҳларда футболчиларга миллионлар ўйини сир-асрорларини ўргатиб келмоқда. Шахсан ўзим ҳам болалар билан ишлашдан завқ оляпман.

- Машғулотлар чоғида янги, замонавий ўқув технологиялардан ҳам фойдаланяпсизларми?

- Россия футболи методикаси асосида машғулотлар ўтказамиз. «Юниор» халқаро футбол мактабининг бош методисти Евгений Герасимец бўлиб, у Тошкентга ҳам келган. Айнан унинг кўрсатмалари асосида машғулотларни йўлга қўйганмиз.

Бу мутахассис «Валенсия», «Олимпиакос», «Спортинг» клубларида малака оширган. Бизнинг жамоа мураббийларига ҳам «мастер-класс», яъни маҳорат сабоқлари дарсларини ўтган. Мураббийларнинг квалификациясини ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилади.

- Футбол мактабига болалар қандай талаблар асосида қабул қилинади?

- Бизнинг таълим масканимизда маҳаллий мураббийлар билан бир қаторда россиялик мутахассислар ҳам фаолият юритишади. Болаларга камида «С» лицензиясига эга бўлганлар сабоқ бера олишади.

Мураббийлар аттестация орқали қабул қилинган, уларнинг ҳаммаси профессионал футболчи сифатида тўп суришган. Яъни, зарур бўлган йўлни босиб ўтишган. Бошланишига кичик ёшдаги гуруҳларимизга барча хоҳловчиларни қабул қиламиз.

Маълум вақт ўтганидан кейин уларнинг ўзлари сараланиб қолади. Футболчи бўлиб етишишига кўзимиз етган болаларни шуғуллантиришда давом этамиз. Ўзига яраша имтиҳонларимиз бор.

Қолаверса, бизда бир мураббий кўпи билан 8 нафар болага сабоқ бера олади. Битта ёш гуруҳида камида икки мутахассис ишлайди. Болалар уч ёшдан қабул қилинади.

Бу ёшда бола ўйинқароқ бўлади. Шундан келиб чиқиб, машғулотларни асосан ўйин тарзида олиб боришга ҳаракат қиламиз. Айнан 3 ёшли болалар учун мўлжалланган 2x2 кўринишидаги футбол ўйинларимиз бор.

- Мамлакатимизнинг бошқа клублари билан ҳам назорат ўйинлари ўтказиладими?

- Албатта. Бусиз илож йўқ. Болалар учун ўйин амалиёти жуда муҳим.

Асосан пойтахтимизда фаолият юритаётган футбол клубларининг тайёрлов гуруҳлари билан назорат ўйинлари ўтказамиз. Тарбияланувчиларимиз бир неча бор «Пахтакор» жамоасига қарши тўп суришди.

- «Юниор»нинг келгусидаги режалари қандай?

- Нафақат пойтахт, балки юртимизнинг бошқа вилоятларида ҳам жамоамиз филиалларини очмоқчимиз. Мактабимизга фарзандларини бериш истагида бўлган ота-оналар бисёр.

Уларнинг талабини қондириш мақсадида ҳам ана шундай бўлимларни очишимиз керак. Келаси йили истеъдодли футболчиларни хориждаги Junior жамоаларида маҳорат ошириш учун жўнатишни режага киритганмиз.

Ўз навбатида, мураббийлар ҳам малакаларини ҳамкор клубларда ошириб қайтишади.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Бугун йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади

  • Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи ким бўлиши мумкин?

  • Ҳўш, сайтимиз сизга ёқдими?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.