Омма ёқимтойига айланишнинг турли сабаблари бор: кимдир ўта иқтидорли, кимдир етакчилик салоҳиятига эга ёки феъл-атвори ва ишга ёндашиши туфайли меҳр қозонади.
Мабодо жамоада шу сифатларнинг барчасини ўзида мужассамлаштирган шахс пайдо бўлса, мана буни муҳим воқеа сифатида қабул қилиш мумкин.
Андер Эррера - Поль Погба эмас. Уни Эрик Жемба-Жебмага қиёслаш ҳам ноўрин. Шунга қарамай, бу футболчи бошқа ҳамкасбларидан фарқли равишда, «Олд Траффорд» қаҳрамони сифатида ишқибозларни бирлаштиришни уддалайди.
Эҳтимол, кимдир уни ёқтирмасдир, аммо умумий ҳисобда испанияликни айблаш ноўрин. Мураббийнинг кўрсатмаларини тўкис адо этиши туфайли Моуриньонинг ҳурматига сазовор бўлган.
Эррера қайсидир жиҳатлари билан бошқа бир машҳур шахс - Хуан Матани эслатади.
Испаниялик трио - Мата, Де Хеа ҳамда Эрреранинг дўстлиги туфайли уларни «уч амиго» деб аташади. «МЮ» посбони ҳар ҳафта очилмаган қирраларини намоён этади, Андер ҳам жамоа учун муҳимликда ундан қолишмайди.
Баскнинг янги жамоадаги старти ўхшамаганди, бироқ айни пайт унинг асосий таркиб аъзоси экани шубҳадан холи. Эррера сабр қилди ва бунинг учун тақдирланди.
Андер 1989 йилнинг 14 августида Бильбаода туғилган. Унинг оиласида ҳамма футболни севар, зеро отаси Педро Мария «Атлетико» академиясини тамомлагач, ўтган асрнинг 80-йилларида «Саламанка», «Сарагоса» ҳамда «Сельта» клубларида ўйнаганди.
Спортга қизиқиш фарзандга ўтиб, айнан у тўп сурган позицияни танлади. Қисқаси, футбол Эррерага ДНК орқали ўтган, аммо қаҳрамонимиз муваффақият қозониш бобида отасидан ўзиб кетди.
Бильбаода бир мақол бор: «Барча йўллар «Атлетик» томон олиб боради». Андер ҳам «Сарагоса»да ўтган ўн йиллик фаолиятдан сўнг «қизил-оқлар» сафини тўлдирди. Отаси бу клуб сафида олти йил ўйнаб, 155та учрашувда 18та гол урганди.
Эррера 2001 йили «Сарагоса» академиясига кирди, дебютини эса 2008|2009 йиллар мавсумида иккинчи жамоа («Депортиво Арагон»)да нишонлади.
Бу клубда 10та баҳсда рақиблар дарвозасини икки марта ишғол қилди. Ўша мавсумнинг ўзидаёқ сегундадаги профессионал дебютини ўтказди. 19 ўйинда икки гол - ёмон кўрсаткич эмас ва якунда унинг жамоаси примера йўлланмасини қўлга киритди.
Болалигида Андер «Сарагоса» клубини яхши кўрарди. Бу унинг илк жамоаси, аммо футболчи бу содиқлик ностальгия эмас, балки самимийлик туфайли вужудга келганини бир неча бор таъкидлаган. Мазкур шаҳарда у тўрт йил яшади ва ҳаётидаги ютуқларини айнан шу ерда олган таълими туфайли қўлга киритди.
19 ёшида асосий таркибга киритилган ярим ҳимоячи тез орада асосий ўйинчилардан бирига айланди. 2009Ғ2010 йиллар мавсумида у 2349, кейингисида эса 2663 дақиқа тўп сурди.
Ёш футболчи учун бу жуда катта натижа - ўзининг дастлабки уч мавсумида ҳар бир ўйинни барқарор ўтказди. Ваҳоланки, ўша кезлари жамоада бошқа кўзга кўринган иқтидорлар ҳам йўқ эмасди.
Мисол учун, 2011 йили Мадриднинг «Атлетико» клубига кўчиб ўтган Габини айтиш мумкин. Ушбу футболчидан кўп нарсаларни ўрганган Андерни жамоадошлари ҳурмат қилишар, ўз навбатида, унинг бошқа клубга ўтиш кетиши мумкинлигидан ҳайиқардилар.
Бироқ бир йилдан сўнг «Манчестер Юнайтед»да ўйнаётганда ҳам «Сарагоса»дан «қутулолмади»: 2014 йилнинг 15 декабрь куни Испания жамоаси келишилган ўйин ўтказганликда айбланиб, Эррера ҳам 41 нафар гумондордан бирига айланганди.
Маълум бўлишича, «Сарагоса» 2010|2011 йиллар мавсумида ютқазиб бериши учун «Леванте» футболчиларига 965 минг евро таклиф қилган, иккинчи томон ҳам бу таклифга кўнган.
Эррера можаро марказида бўлди - уни икки марта пора олишда айблашди: 50 ва 40 минг евродан. Агар у айбдор деб топилганда, гранд клубдаги фаолияти хотима топарди.
Фақат 2017 йилнинг 1 августига келиб, етарли далиллар тўпланмагани сабабли суд ишни ёпди. Ҳозир Андернинг айби борми ёки йўқлигини билмаймиз, аммо ўша воқеалардан сўнг унинг қадрдон шаҳрига кўнгли совиди.
Эррера «Атлетик»ка 7,5 млн.еврога ўтди, клубдагилар уни шу заҳоти «ўзимизники» деб аташди. Бу юксалиш эди ва қаҳрамонимиз тезда жамоага киришиб, Оскар де Маркос ҳамда Андер Итурраспе билан чиқишиб кетди.
Қолаверса, бош мураббий борасида ҳам омади чопди, унга Марсело Бьелса устозлик қиларди. Бу тажрибали мутахассиснинг ёрқин даври бўлиб, жамоа ҳар қачонгидан яхшироқ ўйин кўрсатаётганди.
Эрреранинг дебют мавсуми ажойиб чиқди. Барча мусобақаларда 3500 дақиқа тўп суриб, Европа Лигаси ҳамда Испания кубоги финалига йўл олди.
ЕЛ доирасидаги муҳим қарама-қаршиликда «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйнади ва Бьелса шогирдлари ғалаба қозонишди.
Эррера нафақат кучлиларга қарши бинойидек ўйнай олишини кўрсатди, балки илк бор грандлар эътиборини ҳам ўзига қаратди. Бундай учрашувдан сўнг «қизил иблислар»нинг унга қизиқишлари табиий ҳол эди.
Афсуски, кейинги мавсум омадсиз келди - жароҳатлар панд берди. Шунга қарамай. 2000 дақиқа ўйнаш - ёмон кўрсаткич эмас. Эррера муҳим футболчилардан бири сифатида юлдузлардан айрилган «Атлетик»нинг примерада «жон» сақлаб қолишида кўмаклашди.
Испаниялик ярим ҳимоячининг ишончли ўйини «Манчестер Юнайтед»ни у билан шартнома имзолашга ундади. Тўғри, сэр Алекс Фергюсоннинг кетиши туфайли юзага келган мураккаб чалкашликлар вазифани қийинлаштирди.
Гап шундаки, «МЮ»нинг янги раҳбарияти 36 млн. евро товон пулини тўлашни хоҳламай, маълум муддат «Атлетик» билан келишолмади. Жамоа испанларнинг «ўйинчи керакли суммани ўзи тўлаши мумкин» деган оддий қоидаларини тушунмади.
Келишув амалга ошмади, «Юнайтед» эса адвокатларни қаллобликда айблади. Ваҳоланки, юристларнинг бунда мутлақо айблари бўлмаган, омма эса муваффақиятсизликни заифлик асорати деб қабул қилди.
Агар ўша мавсум Дэвид Мойес бошқарувида тўлиқ бой берилгани инобатга олинса, Эрреранинг омади келгани ойдинлашади. Унинг трансфери тўлиқ тўхтатилмаганди ва 2014 йилнинг июнида, фаолиятидаги ажойиб мавсумдан сўнг барибир, «Олд Траффорд»га кўчиб ўтди.
Туманли ўлкада уни бошқа бир ноёб шахс - Луи ван Гал кутаётганди. Таассуфки, голландиялик мутахассис Андернинг иқтидори тўлиқ намоён бўлишига имкон яратмади. Янги футболчининг майдонга кам туширилаётгани ишқибозларга ҳам ёқмади.
Эррера юқори формада бўлганида ҳам захира ўриндиғида қолди, жисмоний ҳолати яхши эмаслигида эса ўйнаш имконияти тақдим этилар, якунда яна назардан четда қоларди. Бу адолатдан эмасди, аниқроғи, шафқатсизлик эди. Аммо испаниялик ҳеч қачон нолимади.
2016 йили жамоага Жозе Моуриньо келгач, Андер ниҳоят, имкониятга эга бўлди. Бутун мавсум давомидаги муваффақиятли иштирокни битта учрашув билан изоҳлаш мумкин: апрелда «Челси» 2:0 ҳисобида таслим этилган, ўшанда қаҳрамонимиз Эден Азарни «еб қўйганди».
Аввалги кубок баҳсида ҳакам уни четлатганди, аммо бу сафарги тўқнашувда у ақл билан иш тутиб, маҳорати эвазига юлдуз рақибига ўйин бермади.
Ўз навбатида, Маркус Рэшфордни самарали узатма билан таъминлаб, иккинчи голга ўзи муаллифлик қилди. Қисқаси, ўша баҳс тўлиқ Эррерага бағишланди, учрашувни айнан у ютди.
Мабодо жамоани тарк этса, «Челси»га қарши кечган мазкур беллашув унинг «МЮ» сафидаги энг яхши ўйини сифатида ёдда қолса, ажабмас.
Португалиялик мураббий қўл остида Андердаги эркин мусаввирлик йўқолиб, асосан «қора иш»ларни бажара бошлади. Ҳозир у кўпроқ ҳимояга ёрдамлашяпти. Эррера янада эркинроқ ўйнай олади, аммо ҳозирча Моуриньонинг талабини бажармоқда. Ортиқча эътирозларсиз.
Омманинг у ҳақидаги фикрлари ҳамиша турлича чиқади. «Твиттер»ни ўқисангиз, испаниялик ярим ҳимоячининг иштирокига қарама-қарши муносабатлар билдирилишига гувоҳ бўласиз.
Эррера гоҳида меҳнатсеварлиги билан лол қолдирса, бошқа сафар кишини ранжитади. Оғир-босиқлиги эса Андернинг зарарига ишлайди ва уни Поль Погба билан солиштириш чоғида устунлик француз томонига оғади.
У клубни севади ва «МЮ» либосида тўп суриш нимани англатишини яхши билади. Майдонда Эррерадаги профессионализм ва завқ-шавқ жамоани фақат олдинга чорлайди.
Майдон ташқарисида эса ёқимтой, можаролардан четда юради, худди Хуан Мата сингари. «Манчестер Юнайтед»ни тушуниш бобида у нафақат хорижликлар, балки айрим маҳаллий футболчиларни ҳам ортда қолдириши тайин.
Ўтган мавсум мухлислар сэр Мэтт Басби номидаги «Йил ўйинчиси» совринига Эррера номзодини кўрсатишди. Ишқибозлар унинг келгусида янги сардор бўлиши мумкинлигини таъкидлашди.
Неманья Матич келгач, вазият бироз ўзгарди ва Андерда пасайиш кузатилди. Фанатлар ҳаттоки, ўтган мавсумдаги қаҳрамонликни ҳам унутишди - улар айнан шу сабабли ҳам фанатдирлар.
Машҳур қўшиқда куйланганидек, Андер Эррера испан эмас, баск. Шунингдек, у англиялик ёки манчестерликмас. Аммо клублар индивидуалликни йўқотадиган даврда бундай футболчиларга эҳтиёж туғилади.
Юқорида ҳам таъкидланганидек, Эррера «МЮ»ни тушуниш бобида Рэшфорд сингари маҳаллий тарбияланувчилардан асло қолишмайди. Кимдир трибуналарнинг азиз меҳмонига айланса, Андер ҳам улардан бири бўлиши аниқ.
«Форма вақтинчалик, савия эса умрбод қолади!». Ишқибозларнинг бу таъкиди айнан Эррерага аталган. Шу боис у ҳамон қаҳрамон, шунинг учун уни ҳамиша ёдда тутишади, худди Пак Жи Сун сингари. Бу, албатта, ҳақиқий ютуқдир.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20