Қайднома

Қидирув

Жанлуижи Доннарумма: «Жижи – абадий ибрат ўчоғи»

Жанлуижи Доннарумма: «Жижи – абадий ибрат ўчоғи»

  08.12.2017 03:38
  0
  930
Жанлуижи Доннарумма: «Жижи – абадий ибрат ўчоғи»

UEFA.соm сайти ижодкорлари ўтган ҳафта «Милан»нинг 18 ёшли голкипери - Жанлуижи Доннаруммани суҳбатга чорлаб, унинг катта чорловларга нечоғли тайёр эканлигини аниқлашга уринишди.

Сир эмас, кўплаб мутахассислар айни пайт айнан шу ёш истеъдодни афсонавий Жанлуижи Буффоннинг Италия терма жамоасидаги вориси сифатида эътироф этяптилар.

Айниқса, «Ювентус» фахрийси халқаро фаолиятини якунлагач, бу борадаги фикрлар ўз-ўзидан кўпаймоқда.

- Жанлуижи, Кастелламмара-ди-Стабияда туғилиб-улғайгансиз. Айтингчи, футбол мавзуси очилганида, хаёлингизга аввало, нима келади?

- Футболдаги машғулотларни сифатсиз майдонларда бошлаганман. Табиийки, ҳар бир тўпга ташланиш ва «сэйв» маълум даражада оғриқли бўлган. Муҳими, шундай шароит чинакамига чиниқиш ва тобланишимга хизмат қилган.

- Болалик давридаги футбол томошаларидан қандай лаҳзалар хотирангизда муҳрланиб қолган?

- Доимо «Милан»га мухлислик қилганман ва жамоа ўйинларини сира ўтказиб юбормасдим. Чунончи, «россонерлар» ижросидаги футболни чинакам жанг сифатида қабул қилардим.

Мисол учун, қайсидир ўйинчи пенальтидан гол уролмаса, аламдан ҳаттоки, йиғлардим. Онам неаполлик, шундай экан, «Милан» - «Наполи» қарама-қаршилиги оиламиз учун ҳақиқий спектакль ҳисобланарди.

- Хўш, «Милан»нинг қайси футболчиси кучлироқ таассурот уйғотган?

- Кака.

- Бошқалар-чи?

- Ҳужумчи Андрей Шевченко ҳам жуда зўр эди.

- Яхши, энди кумирингиз - Жанлуижи Буффон ҳақида: ёшлигингиздаёқ «Милан» посбони эмас, айнан уни танлагансиз, шундайми?

- Ҳа. Жижи мен учун мукаммал намуна эди. Барча жабҳалар, жумладан, кундалик ҳаётда ҳам адашимга ўхшашни хоҳлардим, шунга интилардим. Чемпион ҳар жой - майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам биринчи бўлиши керак!

- Қизиқ, Буффоннинг ўзи сизга нечоғли таъсир кўрсатган, нималарни ўргатган?

- Биз Италия терма жамоасида бевосита танишдик. Бунгача унинг оддий мухлисларидан бири эдим. Кейинчалик Жижи билан битта майдонда ўйнаш, машқ қилишдек улкан бахтга муяссар бўлдим.

Ҳозиргача буюк адашимнинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатишга интиламан. Унинг футбол тарихидан муносиб жой олгани - айни ҳақиқат.

Демакки, ўзимга кумир - ибрат намунаси танлашда адашмаганман. Умуман, маҳорат чўққисига кўтарилишни мақсад қилган дарвозабон моҳир касбдошларига қараб юқорига интилиши шарт.

- Буффон илк марта ўйинингиз ҳақида илиқ фикр билдирганида, ўзгача хурсанд бўлгандирсиз...

- Жижининг ўз интервьюларида бир неча марта мени тилга олганидан хабардорман. Дарҳақиқат, бу жуда ёқимли. Яна нима дейишим мумкин...? Сени шундай буюк чемпион мақтагач, фақат хурсандчилик ва фахрланиш ҳиссини туясан.

- 18 ёшда машҳур дарвозабон ворисига айланиш қандай ҳиссиётларни уйғотади?

- Чиндан ҳам, кўплаб мутахассислар Буффон ўрнини муносиб эгаллашимни тахмин қилишмоқда. Бироқ бунинг учун ниҳоятда кўп тер тўкишим керак, ҳар ҳолда, хотиржамликка берилиш ярамайди.

Юксак савияни сақлаб қолиш катта ва тинимсиз меҳнат талаб қилади. Асосийси, мени Жижининг вориси сифатида кўришаётганига ортиқча эътибор қаратмайман. Шунинг баробарида унинг даражасига кўтарилиш учун машаққатли йўлни босиб ўтишга тайёрман.

- Агар Буффонга хос фазилатлардан бирини танлаш имконияти берилса, қай бирини маъқул кўрардингиз?

- Совуққонликни. Зеро, футболда метин ирода жуда муҳим ўринга эга.

- Моҳир дарвозабон яна қандай хусусиятларга эга бўлиши лозим?

- Дарвозабон ҳамиша тараққиётга интилиши, изланиши шарт. Мунтазам равишда маҳоратни ошириш па­йида бўлмасангиз, тезда пастга шўнғийсиз.

Яна ортиқча хотиржамлик зарарингизга ишлаши тайин. Бунинг ўрнига ҳар ўйинда қандайдир янгилик топишга уринишингиз лозим.

- Имкониятларингиз ҳаммадан кўра, ўзингизга яхшироқ маълум. Хўш, айнан қайси жиҳат ўзига хос устунлигингиз ҳисобланади? Дарвозада қандай ҳаракатни бажариш кўпроқ завқ бағишлайди?

- Энг ёқимлиси тайин - тўпнинг дарвозага киришига йўл қўймаслик. Нойернинг дарвозабон ҳудудидаги сеҳрли ҳаракатларини кўрган киши унга тақлид қилишни хоҳлайди, албатта.

Мана, голкиперлар сўнгги вақт­ларда оёқ билан ҳам самаралироқ ўйнашга интилмоқдалар. Шу масалада жиддий тер тўкишим керак. Ҳозирда айнан ҳужумнинг бошланғич босқичида жамоамга имкон қадар кўпроқ ёрдам бериш хусусида бош қотиряпман.

- Дарҳақиқат, Нойер тез-тез сўнгги ҳимоячидек гавдаланади. Бу замонавий футбол талабими? Ахир авваллари дарвозабоннинг олдинга чиқишини ҳеч ким ёқламасди, энди эса бу ҳужумни эффектли бошлаш учун зарур хусусиятга айланди.

- Ҳа, бу - давр талаби. Футбол тинимсиз ўзгармоқда. Илгари дарвозабонлар камдан-кам ҳолатда оёқ билан ўйнашарди, ҳозир бу мажбурий элемент бўлиб улгурди. Олдинга чиқиб ўйнаш услуби шахсан ўзимга ҳам ёқади.

Голкипер учун тўпни оёқ билан қабул қилиш ва уни керакли нуқтага етказиб бериш - роҳатнинг ўзи. Асосийси, ҳимоячилар дарвозабоннинг ҳар доим жамоавий ҳаракатларга ҳисса қўшишга тайёр эканлигини ҳис этишлари муҳим.

Айниқса, ўта мураккаб, қалтис вазиятларда ёнингда ишонч­ли кўмакдошинг борлигини сезишинг катта манфаат келтиради. Жамоавий ҳамжиҳатлик ҳам айнан шундай паллаларда билинади.

- «Милан»дек номдор клуб шарафини ҳимоя қиляпсиз. Бундан алоҳида фахрлансангиз керак...

- Болалигимдан «Милан» либосида майдонга тушишни орзу қилганман. Унинг равнақи йўлида бор кучимни сарфлашга тайёрман.

- Асосий таркибга қўшилганингиздан кейин тезда дебют ўйини («Сассуола»га қарши)ни нишонладингиз. Воқеалар шу қадар тез ривожланишини кутганмидингиз?

- Очиғи, бунга ҳанузгача ишонолмаяпман. Асосий жамоадаги фаолиятимни Синиша Михайлович даврида учинчи дарвозабон сифатида бошлагандим. Машғулотларда ўзимни кўрсатиш орқали мураббий ишончини қозондим.

Михайлович бир куни кийиниш хонасига кирганимиз ҳамоно асосий таркибда майдонга тушишимни айтди. Ўша вақт жамоанинг ишлари юришмай қолганди. Қисқаси, вазият анча қалтис бўлсада, дебютга тайёрлигимни билдирдим.

- Майдонга тушаётган паллада қандай ҳиссиётлар оғушида эдингиз?

- «Милан» сафидаги илк ўйин мен учун осон кечмагани ўз-ўзидан тушунарли. Бироз ҳаяжон, хавотир... Энг муҳими, ҳаяжонланаётганимни жамоадошларимга сездирганим йўқ.

Чунки футболчилар ҳар қандай вазиятда  дарвозабоннинг маҳорати ва иштиёқига шубҳа қилмаган ҳолда, тўп суришлари керак. Акс ҳолда, уларнинг ҳаракатлари сира ўхшамайди.

- Акангиз Антонио ҳам дарвозабон ва эндиликда сиз билан ёнма-ён шуғулланмоқда. Ака-уканинг битта жамоада ўзаро рақобатлашиши ноқулай эмасми?

- Нега? Бу жуда ажойиб! Акам билан ҳазиллашишим, бироз тин олишим мумкин. Албатта, машғулот жараёнида ҳамма ишлаши керак.

Лекин кайфиятни кўтарадиган ҳазил учун бир неча сония топилади, барибир. Акс ҳолда, машғулот азоб-уқубатга айланади, ахир. Хуллас, акамнинг ёнида сира зерикмаяпман - машқларни дўндириш баробарида кайфиятни чоғлашга ҳам улгурамиз!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz