Қайднома

Қидирув

ЎФФ нишонида турган мураббийлар ҳақида

ЎФФ нишонида турган мураббийлар ҳақида

  08.12.2017 06:26
  0
  5648
ЎФФ нишонида турган мураббийлар ҳақида

Миллий жамоамизга хориждан мураббий келишини ҳамма истаяпти.

Буни яхши англаган ЎФФ раҳбарияти ҳам кўз остига олинган ва музокара олиб борилаётган мутахассислар номини расман маълум қилди.

Қуйида ушбу мураббийларнинг профили ва яна эътибор қаратиш лозим бўлган бошқа жиҳатлари хусусида сўз юритамиз.

ВАЛЬТЕР МАЦЦАРИ. 1961 йил 1 октябрда Сан-Винченцо шаҳрида таваллуд топган. 1981-1995 йилларда ярим ҳимоячи позициясида ўйнаган.

Футболчилик пайтида кўпроқ «Эмполи» клубида тўп сурган. 1996 йилда «Болонья»да бош мураббий ёрдамчиси вазифасида иш бошлаган.

2009 йилдан буён юқори савиядаги клубларни бошқариб келмоқда. «Наполи» ва «Интер»да ишлаган кезлари юқори прессингга асосланган футболни хуш кўрувчи жамоаларни шакллантирди. 2012 йилда Энцо Беарзот номидаги мукофот билан тақдирланган.

Бу итальян мураббийлари учун энг нуфузли сов­ринлардан биридир. 2017 йил 21 майда «Уотфорд»дан бўшатилгандан бери бошқа клубда кўриниш бермади.

Тўғри, термада ишламаган, лекин узунқулоқ гапларга қараганда, уни Италия миллий жамоасига чақиришлари ҳеч гап эмас.

Бизга қандай фойдаси тегади? У ишлаган клублар ажойиб старт олади, кучли тактик ишланмалари билан грандларни ўта мураккаб ҳолга тушириб қўйиши мумкин.

Терма жамоа ҳар ойда майдонга тушмаслигини инобатга оладиган бўлсак, у исталган рақибга прессингдан дарс беришга қодир. Бунинг учун Маццари жамоалари итальянча ҳимоявий футболга, яъни «катеначчо»га тезкорлик билан ва тўлақонли мослашишлари керак.

Демак, юқори савия­даги ҳимоячилар етиштириш талаби олдинга сурилади. Эдинсон Кавани («ПСЖ»), Валон Беҳрами («Удинезе») ва Марек Гамшик айнан у «Наполи»да ишлаган кезлари порлагандилар.

БЕРТ ВАН МАРВЕЙК. 1952 йил 19 майда таваллуд топган. Фаолиятининг асосий қисмини Маастрихтнинг МВВ клубида ҳимоячи позиция­сида ўтказган.

Мураббийлик соҳасига 1998 йили «Фортуна Ситтард» клуби орқали кириб келган. 2001|2002 йиллар мавсумида «Фейе­ноорд» билан УЕФА кубоги соҳиби бўлган.

Ишлаган термалари: Голландия (2008 йил 1 август - 2012 йил 27 июнь), Саудия Арабистони (2015 йил 1 сентябрь - 2017 йил 15 сентябрь). ЖЧ-2010 финалчиси.

Сўнгги 10 йилликда матбуот назаридан тез йўқолиб қоладиган мураббийлардан бири. Айниқса, муайян муддатларда ҳам ўйин сифати, ҳам натижани таъминлай олиши билан машҳур.

Негадир сўнгги иш жойи Сау­дия Арабистонида уни қадрлашмади, ваҳоланки, ушбу мамлакат термаси билан атиги 3та ўйинда мағлуб бўлганди, холос.

Бизга қандай фойдаси тегади? Айниқса, бугунги термамизнинг бироз ишончсиз кайфиятига мос келади. Қисқа вақтда футболчиларда ишонч уйғота олиши, мотивацияни ошириши, миллий жамоа атрофида ажойиб муҳитни яратиши мумкин.

Эсингизда бўлса, 2008 йили Голландия термасини қабул қилиб, шогирдлари билан ўта ишончли ўйин кўрсатган ва мундиал финалига қадар етиб борганди.

Эътиборли жиҳати, Берт ван Марвейк Осиё футболи билан яхши таниш ҳамда бизга яқин минтақада миллионлар ўйини паст-баландликларини яхши билади.

СЛАВЕН БИЛИЧ. 1968 йил 11 сент­ябрда собиқ Югославиянинг Сплит шаҳрида таваллуд топган. 1988-2000 йилларда ҳимоячи позициясида ўйнаган. Футболдаги фаолиятини Сплитнинг «Хайдук» клубида бошлаб, айнан ўша ерда якунлади.

Орада «Вест Хэм» ва «Эвертон» клубларида ҳам ўйнади. 1998 йилги жаҳон чемпионатида Хорватия сафида бронза медали соҳиби бўлди. 2001 йилда жонажон «Хайдук» клубида бош мураббий сифатида фаолият юритган.

Янги ролда ўзини эркин ҳис қилиши учун Арсен Венгер ва Марчелло Липпи машғулотларида шахсан иштирок этган.

Сўнгги иш жойи - «Вест Хэм»да ҳам илк мавсумдаёқ кучли бешталикка кира олди. Унинг янги жамоаси ҳақиқий инглизча футбол кўрсатиб, прессингдан кўра кўпроқ ҳужумга таяниб иш кўрганди.

Ишлаган терма жамоаси: Хорватия (2006 йил 1 июль - 2012 йил 30 июнь). 2008 йилги Европа чемпионатига йўл олишда Англияни «Уэмбли»да енгган ва турнирнинг ўзида чорак финалга қадар етиб борганди.

Бизга қандай фойдаси тегади? Гарчи ўзи бутун фаолиятида ҳимоячи ролида ўйнаган бўлсада, унинг миллионлар ўйинини теран тушуниши шубҳадан холи. Замонавий футболдаги янги мураббийлар авлоди шаклланишида унинг Хорватия термаси бошқарувида кўрсатган натижалари эталон вазифасини ўташи мумкин. Олдига қўйилган вазифани уддаламагунча тинмайди, раҳбарият билан муроса қилишда баъзан қи­йинчиликлар учраб туради.

СЛАВОЛЮБ МУСЛИН. 1953 йил 15 июнда Белград шаҳрида таваллуд топган. Фаолиятининг асосий қисмини «Црвена Звезда» клубида ҳимоячи позициясида ўтказган.

Мураббийликни 1988 йилда Франциянинг «Брест» клубида бошлаган. Жами 20 марта бош мураббий лавозимга тайинланган. Ўта бой карьерасида фақат Сербия термасининг номи учрайди, холос.

Ишлаган терма жамоаси: Сербия (2016 йил май - 2017 йил 1 ноябрь). 8 ғалаба, 5 дуранг, 2 мағлубият - бу унинг серблар миллий жамоаси билан кўрсатган натижаси. ЖЧ-2018га тўғридан-тўғри йўлланма олинганига қарамай, унга чиқиш эшиклари кўрсатилди. 2005 йилдан бери Россия футболи билан яхши таниш бўлиб олган.

Бизга қандай фойдаси тегади? Ўйинчиларга нисбатан қаттиққўл муносабатда бўлмасада, футболни теран тушунишда унга етадигани йўқ. Аслида миллий жамоамизга энг мос номзод - шу, бизнингча.

Тўғри, ёши 64да, лекин эътибор беринг, ЎФФ раҳбарияти танлаган номзодларнинг аксарияти 50 ёшдан ўтган. Демак, тажрибали мутахассисга эҳтиёж сезилган экан, Муслинга мурожаат қилган маъқул.

У катта маош талаб қилмаса керак. Энг муҳими, футболчилар билан мулоқот қилишда муаммоси йўқ - рус тилини анча яхши билади.

МИОДРАГ РАДУЛОВИЧ. 1967 йил 23 октябрда Титоград шаҳрида таваллуд топган. Бу мутахассисни биз 2010 йили «Пахтакор»даги фаолияти орқали яхши таниймиз.

Қолаверса, у айни пайт Ливан термаси мураббийи ҳамдир (14 ноябрь куни унинг жамоаси Осиё кубоги-2019га йўл олди). Сербия ва Черногория ёшлар термаларида ишлаш орқали футбол назарияси билан ошно тутинган.

Ҳозирда ҳам унинг миллионлар ўйинига энди кириб келаётган мутахассисларга УЕФА таклифи билан маърузалар ўқишидан хабардормиз.

Бизга қандай фойдаси тегади? Инглиз, рус, грек тилларида бемалол сўзлаша олади. Футболдаги қарашлари ҳам ўзгача, инновацияларни ёқтиради, янгилик қўллашдан қўрқмайди. Балки миллий жамоамиз бошқарувига уни олиб келиш орқали Осиёдаги бошқа грандларни анчагина ўйга толдирармиз?!

БЕРНД ШТОРК. 1963 йил 25 январда Ғарбий Германиядаги Герне шаҳрида таваллуд топган. 1981-1989 йилларда ҳимоячи позициясида ўйнаган. Футболчилик пайтида кўпроқ «Боруссия» (Д) клуби сафида ўйнаган.

1996 йилда «Герта» бош мураббийига ассис­тентлик қилиш орқали ушбу соҳага кириб келган.

Ишлаган терма жамоалари: Қозоғистон (2008 йил 16 сентябрь - 2010 йил 15 октябрь), Венгрия (2015 йил 20 июль - 2017 йил 17 октябрь). Венгрлар билан Евро-2016 гуруҳ босқичи ғолиби бўлди, аммо 1|8 финалда Бельгияга 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйди.

БРАНКО ИВАНКОВИЧ. 1954 йил 28 февралда собиқ Югославиянинг Вараждин шаҳрида таваллуд топган. 1979-1990 йилларда «Вартекс» клубида ярим ҳимоячи позициясида ўйнаган. 1991 йилда айнан шу жамоа ор­қали мураббийликка кириб келган.

1998-1999 йилларда Хорватия, 2001-2002 йилларда Эрон термаларида бош мураббий ёрдамчиси бўлган. 2015 йил апрелидан «Персеполис» клуби устози. Жорий йилда Эронда «Йил мураббийи» номига лойиқ кўрилди.

Ишлаган терма жамоаси: Эрон (2003 йил октябрь - 2006 йил июль). 2006 йилда Эрон миллий жамоасини Германиядаги мундиалга олиб борди. Бу терма бош мураббийи бўлган пайтда 28 ғалаба, 7 дуранг, 7 мағлубият қайд этган.

ДАН ПЕТРЕСКУ. 1967 йил 22 декабрда Бухарест шаҳрида таваллуд топган. 1981-1989 йилларда вингер позициясида ўйнаган. Футболчилик пайтида кўпроқ Лондоннинг «Челси» клубида тўп сурган.

Бугунги авлод мухлислари билмаслиги мумкин, лекин ўтган аср охирида «аристократлар»нинг энг ишонган ўйинчиларидан бири айнан Дан Петреску бўлганди. 1996 йилда «Спортул» клуби орқали мураббийликка кириб келган.

2008, 2009, 2011 йилларда Руминияда «Йил мураббийи» бўлди. Осиёда Қатарнинг «Ал-Араби», Хитойнинг «Жиангсу Сунинг», БААнинг «Ал-Наср», Россия чемпионатида эса «Кубань» ва «Динамо» жамоаларида ишлаган.

АНЖЕЛО АЛЕССИО. 1965 йил 29 апрелда Капаччио шаҳрида таваллуд топган. 1984-1998 йилларда ярим ҳимоячи позициясида ўйнаган. 1987-1992 йилларда «Ювентус» клуби сафида тўп сурган.

2002 йилда «Наполи» клуби бош мураббийи ассистенти сифатида мураббийликка қадам қўйган. Айни пайт Антонио Конте бошчилигидаги мураббийлар штаби таркибида «Челси» клубида меҳнат қилмоқда.

Фаолияти даомида 2004-2008 йилларда ўзи мустақил равишда учта клубда кетма-кет ишлаган.

Фаррух ФАЙЗИЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz