Португалиялик мураббий Жозе Моуриньо қайси клубни бошқаришидан қатъий назар натижа учун ҳар ишни қилишга тайёрлигини барча билади.
Албатта, унинг услуби ҳар доим футбол қонунлари доирасида. Тажрибали мутахассис жаҳон футболига “автобус” усулини олиб кирди. Унинг мазкур тизимига ҳали ҳам ечим топилмаган.
Айтингчи, сиз ўз фарзандингизни қачон футболга берганингизни эслай оласизми?! Ўшанда уни катта футболчи бўлиб, элимиз суйиб ардоқлайдиган даражага етиб боришини хоҳлагансиз-а!!!
Болалар футболи ҳақида гап кетар экан, аввало ёш болакайнинг йиллар давомида кенг кўламдаги машғулотлар ўтагани, тер тўккани, мураббийнинг “дакки”ларини эшитишини кўз олдингизга келиши, шубҳасиз.
Дарҳақиқат, болалар футболи – профессионал футболнинг негизи. Ҳар бир давлат футболининг асосий пойдевори. Уйни пойдеворсиз, катта футболни ҳам болалар футболисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки мана-ман деган жаҳон футбол юлдузлари ҳам ўз вақтида болалар футболида тўп суришгани ҳеч кимга сир эмас.
Юқорида Англиянинг “Манчестер Юнайтед” жамоаси устози Жозе Моуриньонинг бугунги фаолияти ҳақида гапирдик. Унинг жамоаси аксарият ўйинларда “автобус” билан ўйнайди. 90 дақиқа ҳимояланиб, бир марта ҳам ҳужумга ўтмасдан натижани қўлга киритганини кўп кўрганмиз.
Бу эса асло ноқонуний эмас. Ҳалқимизда “гуруч курмаксиз бўлмайди”, деган нақл бор. Юртимизда шундай мураббийлар борки, сохта йўллар билан юксак натижаларга эришишга ҳаракат қилади.
Қалтис йўл танлаш орқали жиддий жазога дучор бўлади. Ўтган ой охирларида қадимий Бухоро шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтган мамлакат биринчилигида қайд этилган ҳолат кўпчиликни ажаблантирди...
Аслида ўзим анчадан бери мамлакатимиз миқёсида ўсмирлар ўртасида кечадиган футбол учрашувларини кузатиб келяпман. Шу кунга қадар Тошкент, Урганч, Фарғона, Наманган шаҳарларида ўтган республика биринчиликларининг бевосита воқеа жойидан томоша қилганимга минг бор пушаймон бўлдим.
Нега десангиз, мусобақа бош ҳакамининг ўз ишига панжа орасидан қараши, шахсий манфаатини миллат футболи келажагидан ҳам устун қўйиши, келажагимиз ворисларининг меҳнатини оёқ-ости қилиши, ташкилотчилик борасида нўноқлиги, нохолис ҳакамлик ва шунга ўхшаш муаммоларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Бунга асослар етарли, албатта. Масалан, шу йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида 2002 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтган Ўзбекистон чемпионатида Тошкент ва Сирдарё вилоятлари жамоалари ўзаро рўбарў келишганди.
Мазкур баҳсни бошқарган тошкентлик бош ҳакам Султонмурод Абдураҳмонов учрашув давомида 23 бор ўта қўпол хатоликка йўл қўйиб, очиқдан-очиқ сирдарёлик ёш футболчиларнинг “қулоғидан” тортиб, чорак финал йўлланмасига олиб чиққанди. Ушбу баҳс якунига етгач, пойтахт вилояти жамоаси аъзоларининг йиғлаганини кўргандим.
Табиийки, ўша ўйин реферининг ҳатти-ҳаракатлари Тошкент вилояти футбол федерацияси мутасаддиларини қониқтирмади. Учрашув юзасидан ЎФФга ёзилган раддиянома ўз тасдиғини топган ва мусобақа бош ҳаками ёрдамчиси Олег Рубаковга
“чиқиш эшиклари” кўрсатилган, ҳакам С.Абдураҳмонов эса жорий мавсум охиригача четлатилганди. Мусобақа бош ҳаками Андрей Клепиков “сувдан қуруқ чиққанди.” 18-24 сентябрь кунлари Наманган шаҳрида 2003 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида “Ёшлик” соврини учун республика биринчилиги бўлиб ўтди.
Мусобақа бош ҳаками Андрей Клепиков кўпчиликни ажаблантирадиган ҳолда мусобақанинг қуръа ташлаш маросимини уюштирди. Унинг тутган йўлидан беиҳтиёр ёқа ушлайсан. Мусобақа низомига кўра, иштирокчилар тўртта гуруҳга ажратилиши лозим эди. Бош ҳакам шунай йўлни тутди ҳам. У гуллар шаҳрига ташриф буюрган 9 жамоани тўрт гуруҳга ажратди.
Энг ажабланарлиси, учта гуруҳда иккитадан жамоа ўрин эгаллаган бўлса, яна бир гуруҳда эса учта жамоа жой олди, Эътибор беринг, Наманган-Жиззах, Андижон-Фарғона, Тошкент шаҳри-Хоразм, Бухоро, Тошкент, Навоий вилоятлари ўзаро тақсимланишди. А.Клепиковнинг таъкидлашича, жуфтликдаги рақиблар автоматик равишда чорак финал йўлланмасини қўлга киритиб бўлишганди.
Фақатгина улардан қайси жамоа гуруҳда биринчи поғона эгаси ким эканлигини аниқлашлари талаб этиларди. Бухоро, Тошкент, Навоий вилоятлари жамоалари эса ўзаро рўбарў келиб, 1-2-ўрин соҳибларини аниқлаб беришди. Тошкент вилояти бир очко жамғарган ҳолда мусобақа билан хайрлашди.
Юқорида қайд этилган уч жуфтликда имкониятни бой берган мағлублар эса совринли ўринлар учун курашиш имконини сақлаб қолишди. Бу энди қанчалик адолатга яқин?! Нега спорт томойилларига амал қилинмайди?! Тошкент ва Навоий вилоятлари жамоалари ўртасида ўтган баҳсни аттестациядан ўтмаган Аъзам Ражаббоев бошқарди.
Унга қанотда Равил Галеев (аттестациядан ўтмаган) кўмак берди. Бундан кўриниб турибдики, мусобақа бош ҳаками Клепиков Андрей (олий лига назоратчиси) ноҳақ равишда аттестациядан ўтмаган ҳакамларни учрашувга тайинлаган.
Вахоланки, беллашув олдидан уюштирилган мандат комиссиясида мусобақа бош ҳаками А.Клепиков - "ЎФФ раҳбариятининг топшириғига биноан барча учрашувларни фақат аттестациядан ўтган ҳакамлар бошқаради", деб таъкидлаганди. Бироқ у ЎФФ раҳбариятининг топшириғини бажармади.
Тошкент вилояти ва Навоий вилояти жамоалари ўртасида кечган ўйиннинг 69-дақиқасида навоийликлар дарвозабони ўз жарима майдончаси ичида Тошкент вилояти жамоаси футболчисига нисбатан ўйин қоидасини бузди. Бош ҳакам А.Ражаббоев Навоий вилояти дарвозаси томон пенальти белгиламади.
Вазиятни кўрмаганликка олди. Энг қизиғи, юзага келган ушбу қўполлик ёрдамчи ҳакам Р.Галеев қанотига яқин жойда содир бўлди. Эътибор беринг, учрашув бош ҳаками А.Ражаббоев ҳам қанот ҳаками Р.Галеев ҳам аттестациядан ўтишмаганди. Шундан ҳам уларнинг ҳакамлик савияси нақадар паст эканлигини билса бўлади.
Табиийки, баҳс давомидаги нохолис ҳакамлик пойтахт вилояти жамоаси вакилларини қониқтирмади. Учрашув якунига етгач, ҳакамлар хонасига кирганимда у ерда мусобақа бош ҳаками А.Клепиков йўқ эди. Сўнгра учрашув қайдномасига ҳакамларга нисбатан эътирозимни ёзмоқчи бўлганимда олий лига назоратчиси Нехочин Игорь ҳакамлар А.Ражаббоев ва Р.Галеевларнинг айби йўқлигини айтди ва Тошкент вилояти шаънига номақбул сўзларни гапирди.
Аслида, мусобақа низомига кўра, ҳакамлар хонасига учрашувга тегишли шахслардан бошқа бегоналар кирмаслиги ҳақида зикр этилганди. Балки И.Нeхочинни мусобақа бош ҳаками А.Клепиков ҳакамлар хонасига юборгандир?! Гувоҳи бўлганингиздек, И.Нехочин ҳам А.Клепиков ҳам мусобақа низоми бандларини ўта қўпол равишда бузишди. Умуман олганда, А.Ражаббоев ва Р.Галеевда айб йўқ. Улар “буйруқни бажарувчи шахслар” ҳисобланади.
Мусобақанинг чорак финалида эса А.Клепиков Андижон вилояти жамоасини “чалиб” йиқитганди. Эҳтиросини жиловлай олмаган андижонликлар мураббийи мусобақа бош ҳаками билан эркакчасига гаплашмоқчи бўлиб, уни қувлаганди. Яхшиямки, ички ишлар ходимлари вазиятга аралашиб А.Клепиковни “қутқариб” қолишган эди.
Очиғи, Намангандаги воқеалар юзасидан ЎФФ раҳбариятига ёзма ҳисобот ва учрашувлар видеотасмаси тақдим этилганди. Бироқ Ўзбекистон футбол федерацияси мутасаддилари томонидан ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганди. Куни кеча эса ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов қабул қилган фармойиши болалар футболи соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларни сергак торттиргани, шубҳасиз.
Унда баён қилинишича, Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатига Сирдарё вилояти терма жамоасини олиб борган икки нафар мураббийлар – Аҳрор Мирзахалилов ҳамда Жаҳонгир Муродқосимовлар умрбод ишидан ҳайдалиб, мураббийлик лицензиялари олиб қўйилган.
Яъни, иккала мураббий Тошкент вилояти жамоаси билан кечган баҳсда уч нафар ёши катта футболчиларни майдонга туширишган. Натижада, Сирдарё жамоаси финалга йўл олган. Хўш, шундай юқори даражадаги турнирда ёши кичрайтирилган футболчиларни ўйнатиш, рақибларни “синдириш” билан тенг эмасми?
Энг қизиғи, Сирдарё вилояти терма жамоаси бош мураббийи Жаҳонгир Муродқосимов Тошкент вилояти термаси мураббийига сўкингани ва “қаерга хоҳласанг бор, буни исботлай олмайсан” қабилидаги куракка сиғмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаган... Ҳўп, Ж.Муродқосимов ва А.Мирзахалиловга тегишли чоралар кўрилди. Бу билан нима ўзгаради?
Бундай нохолисликка мусобақа бош ҳаками Андрей Клепиков асосий айбдор эмасми? Нега у назорат қилмаган? Майдонда тўп сураётган қора кўз фарзандларимизнинг меҳнатини паймол қилишга, футболдан кўнглини совутишга Клепиковнинг умуман ҳаққи йўқ.
Болалар футболида ўзини “қирол” ҳисоблайдиган А.Клепиковни ўзбек футболининг келажаги қизиқтирармикан?! Ёки унга таниш-билишчилик, шахсий манфаат керакми? Яқин вақт орасида болалар футболида ислоҳатлар амалга оширилмаса янги номларни кашф эта олмаймиз. Бундан эса миллий терма жамоамиз ютқазади.
Сўнгги сўз ўнида шуни айтиш мумкинки, болалар футболида ишловчи аксарият мутахассислар болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтадиган республика биринчиликлари бош ҳақами А.Клепиковнинг ишидан норози.
Агарда у истеъфога чиқарилмаса, юқоридаги кўнгилсиз холатлар янаам давом этаверади. Ўз олдимизга миллий футболимиз савиясини кўтарадиган бўлсак, биринчи галда болалар футболида зудлик билан ислоҳотлар амалга оширишимиз зарур.
М.Норматов, Тошкент вилояти
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20