Қайднома

Қидирув

ОЧЛ-2018. Жамоаларимизнинг гуруҳдаги рақиблари ҳақида

ОЧЛ-2018. Жамоаларимизнинг гуруҳдаги рақиблари ҳақида

  09.12.2017 20:04
  0
  553
ОЧЛ-2018. Жамоаларимизнинг гуруҳдаги рақиблари ҳақида

6-декабрь куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида ОФК клублари учун нуфузи бўйича биринчи ўринда турувчи Осиё Чемпионлар Лигасининг янги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Маълумки, 2018 йилги мавсум учун мамлакатимизга "1+2" кўринишида квота ажратилган. Яъни, битта жамоамиз мусобақадаги иштирокини тўғридан-тўғри гуруҳ босқичидан бошласа, иккита жамоамиз гуруҳ ўйинларига йўлланма олиш учун плей-оффда араб жамоалари билан куч синашади.   Олий лига ўйинлари якунига кўра, Тошкентнинг "Локомотив" клуби мамлакат чемпиони сифатида тўғридан-тўғри гуруҳ босқичига йўлланмага эга чиқган бўлса, ўзига хос ўтиш ўйинларида эса кумуш ва бронза медали соҳиблари Қаршининг "Насаф" ва яна бир Тошкент клуби "Пахтакор" иштирок этиб, гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритиш учун кураш олиб боради. Қўйида жамоаларимиз ўрин олган ва олиши мумкин бўлган гуруҳлардаги рақибларимиз ҳақида тўхталиб ўтамиз.   Қуръа натижасига кўра, чемпионимиз "Локомотив" жамоаси "Б" гуруҳидан жой олди. Дастлабки икки ўрин учун курашда "темирйўлчилар"га Катарнинг "Ал-Дуҳайл", Бирлашган Араб Амирликларининг "Ал-Ваҳда" ва плей-офф босқичидаги иккинчи жуфтлик ғолиби, яъни Эроннинг Зоб Оҳан ва Ҳиндистоннинг "Аизавл" жамоалари қарама-қаршилигида ғолиб бўлган жамоа қаршилик кўрсатади.         Айтиш мумкинки, М.Йеличич шогирдлари учун асосий рақиб сифатида ўтган мавсум Катар чемпионлигини қўлга киритган "Лаҳвия" ва тўртинчи ўринни эгаллаган "Ал-Жаиш" клублари бирлаштириб юборилганидан сўнг ташкил топган "Ал-Дуҳайл" жамоаси гавдаланади. Айни пайтда чемпионатнинг 10 та тури ортда қолган бир пайтда, 9 та ғалаба ва битта дуранг билан турнир жадвалида якка пешқадам бўлиб турган доҳаликлар ОЧЛ да гарчи илк марта иштирок этишга ҳозирлик кўраётган бўлсада (янги жамоа сифатида), ўз олдига юқори мақсадларни қўйган.         БАА чемпионатининг 2016-2017 йилги мавсумида бешинчи ўринни эгаллаган Абу Дабининг "Ал-Ваҳда" клуби эса жорий мавсумда ҳозирча кучли учликдан жой олиб келмоқда ва бир хил очко тўплаб қўшҳокимлик қилаётган "Ал-Васл" ҳамда "Ал-Айн" жамоаларидан 2 очко ортда бормоқда. Жамоа чемпионатнинг 10 та тури ортда қолган бир пайтда 6 та ғалаба, 2 тадан дуранг ва мағлубият қайд этган. ОЧЛ-2017 да гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаган (1 та ғалаба, 1 та дуранг ва 4 та мағлубият) ва таркибида БААнинг машҳур футболчиси Исмоил Матар тўп сурадиган жамоа ҳам гуруҳдан чиқишга ҳаракат қилиши аниқ.       Гуруҳга плей-офф орқали йўлланма олишга шайланган Эроннинг "Зоб Оҳан"жамоасини ҳам ҳисобдан чиқармаслик лозим. Гарчи, исфаҳонликлар жорий мавсумда 15 та ўйиндан кейин 4 та ғалаба, 7 та дуранг ва 4 та мағлубият қайд этиб, 19 очко билан турнир жадвалининг 10-ўринида бораётган бўлсада, ОЧЛнинг гуруҳ босқичига чиқишга астойдил уриниб кўради. Чемпионатда совринли ўринлардан бирини эгаллашга деярли имкони қолмаётган жамоа бор эътиборини ОЧЛ баҳсларига қаратиши табиий. Қайд этиш лозимки, эронликлар ОЧЛ-2017 да "С" гуруҳида қатнашиб, 2 та ғалаба, 1 та дуранг ва 3 та мағлубият билан 7 очко тўплаган ҳолда ўз гуруҳида 3-ўринни банд этган. Айтганча, эронликлар олдинги мавсумда тўртинчи ўринни эгаллагаш орқали ОЧЛ плей-оффида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган.        "Зоб Оҳан"нинг гуруҳ босқичига йўл олишига тўсқинлик қилиш ҳуқуқи Ҳиндистоннинг"Аизавл" жамоаси чекига тушган. Футболи унча ривожланмаган ҳинд диёри вакили 2017 йилги мавсумда миллий футбол лигасида иштирок этиб, 10 жамоа орасида фахрли 1-ўринни қўлга киритган. Биласиз, Ҳиндистонда суперлига ҳам мавжуд. "Аизавл" клуби эса гарчи миллий футбол лигаси чемпиони бўлсада яқинда бошланган суперлига баҳсларида иштирок этмаяпти. Қолаверса, амалдаги чемпионлар суперлига билан параллел бошланган миллий футбол лигасининг навбатдаги чемпионатида ҳозирча битта баҳс ўтказиб дурангга эришиб, ҳозирча 5-ўриндан жой олган. Қайд этиш лозимки, Ҳиндистон миллий футбол лигасида 3-тур ўйинлари бўлиб ўтган ва "Аизавл" жамоаси заҳирасида 2 та ўйин бор. Фикримча, "Аизавл" ва "Зоб Аҳан" жуфтлигининг сўзсиз фаворити эронликлар ҳисобланади. Қолаверса, ўтиш ўйини Исфаҳонда бўлиб ўтади. Бу эса эронликларга қўшимча устунлик беради. Шундай экан, исфаҳонликларни бемалол "Б" гуруҳининг тўртинчи жамоаси сифатида қайд этсак бўлаверади. Фақат бу нарсани амалда расмийлаштириш керак холос.   Плей-офф босқичида Катарнинг "Ал-Гарафа" клубини сафарда мағлуб этишни уддасидан чиқса, Тошкентнинг"Пахтакор" жамоаси "А" гуруҳидан жой олади. Бу гуруҳда  эса БААнинг "Ал-Жазира", Саудия Арабистонининг "Ал-Аҳли" ва Эроннинг "Тракторсози" жамоалари ўрин олган.       Таркибида Сардор Рашидов тўп сураётган ҳамда бугунги кунда клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Абу Дабининг "Ал-Жазира" клуби ОЧЛ гуруҳ босқичида ўз мамлакатининг амалдаги чемпиони сифатида қатнашади. Айтиш лозимки, ўтган мавсум ғолиби, 2017-2018 йилги чемпионатнинг 10 та тури ортда қолган бир пайтда 4 та ғалаба, 4 та дуранг ва 2 бор мағлубият қайд этиб, 16 очко билан ҳозирча 4-ўринда бормоқда. Таркибида бир пайтлар Одил Аҳмедов билан бир жамоада тўп сурган марокашлик Муборак Буссуфа, бразилиялик Ромариньо ҳамда БААнинг машҳур ўйинчилари бўлмиш Аҳмад Ҳалил ва Али Мабҳутлар бўлган "Ал-Жазира" клуби гуруҳ ғолиблигига даъвогарлардан бири бўлиш орқали, ўтган мавсумдаги муваффақиятсиз иштирокни унутишга ҳаракат қилиши аниқ. Эслатиб ўтамиз, 2017 йилги мавсумда "Б" гуруҳидан ўрин олган С.Рашидов жамоаси 6 та ўйинда 2 та дуранг ва 4 та мағлубият қайд этиб сўнгги ўринни эгаллаган.        Жидданинг "Ал-Аҳли" жамоасини гуруҳнинг энг кучли клуби сифатида таърифлаш мумкин. ОЧЛ-2018 да чемпионатнинг кумуш медали совриндори сифатида иштирок этиши кутилаётган жамоа сўнгги уч чемпионатда барқарор ўйин кўрсатиб келаётганлиги билан мақтана олади. Жиддаликлар 2015-2016 йилги мавсумда чемпионликка эришган бўлса, 2016-2017 йилги мавсумда "Ал-Ҳилол"ни олдинга ўтказиб юборган ҳолда 2-ўринни қўлга киритган. Ҳозирда давом этаётган чемпионат баҳсларида ҳам С.Ребров шогирдлари 12-турдан сўнг 7 та ғалаба, 3 та дуранг ва 2 та мағлубият билан 24 очкони қўлга киритиб, турнир жадвалида 2-ўринда бормоқда. Бу сафар ҳам 1-ўринда Саудиянинг энг машҳур клуби "Ал-Ҳилол" бормоқда. 2017 йилги ОЧЛ баҳсларида чорак финалгача бориб, Эроннинг "Персиполис" жамоасига мағлуб бўлган жиддаликлар бу сафарги баҳсларга жиддий ҳозирлик кўриши тайин.          Эроннинг "Тракторсози" жамоаси ҳам гуруҳдаги дастлабки икки ўриндан бирини эгаллашга даъвогарлардан бири ҳисобланади. Табриз шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган жамоа бўлажак баҳсларга ўз мамлакати бронза медали соҳиби сифатида киришади. Айтиш лозимки, ОЧЛ-2017 да иштирок этмаган Табриз жамоаси жорий йилдаги ўз чемпионатида муваффақиятли иштирок эта олмаяпти. 1-давра ортда қолган бир пайтда жамоа ҳисобида 4 та ғалаба, 5 та дуранг ва 6 та мағлубият мавжуд. Шунга монанд, жамоа 17 очко билан турнир жадвалининг 11-ўринидан жой олган.     Қаршининг "Насаф" клуби плей-офф босқичида ўз майдонида Иорданиянинг "Ал-Файсали" жамоасини мағлуб этиш орқали "С" гуруҳидан жой эгаллаши мумкин. Умид қиламиз, Р.Бердиев шогирдлари бу вазифани қийинчиликсиз уддалай олади. Қаршиликларни "С" гуруҳида Эроннинг "Персеполис", Катарнинг "Ал-Садд" ва БААнинг "Ал-Васл" жамоалари кутиб турибди.          Сўнгги йилларда Эроннинг энг кучли жамоасига айланиб бораётган Теҳроннинг"Персеполис" жамоаси бўлажак баҳсларга амалдаги чемпион сифатида киришади. Қайд этиш лозимки, 2016-2017 йилги мавсум чемпиони бўлган Бранко Иванович шогирдлари 2017-2018 йилги мавсум баҳсларида ҳам 1-даврадан кейин 1-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа ҳисобида 14 та ўйиндан кейин 33 очко мавжуд бўлиб (10 та ғалаба, 3 та дуранг ва 1 та мағлубият) энг яқин таъқибчиси бўлмиш "Форс Жануби Жем" клубидан (15 та ўйин ўтказган) 4 очко олдинда бормоқда. Яқиндагина якунига етган ОЧЛ-2017 турниринг ярим финалида Саудия Арабистонининг "Ал-Ҳилол" клубига мағлуб бўлган эронликлар (ўз майдонида 2:2, сафарда 4:0 ҳисобида мағлубият қайд этилган) финал йўлланмасидан маҳрум бўлди. Финалга 1 қадам қолганда ортга чекинишга мажбул бўлган жамоа вакиллари бошланажак мавсумда ўз натижаларини яхшилаш ҳамда турнирнинг бош совринини қўлга киритишга ҳаракат қилиши табиий.        Таркибида ўша машҳур Хави тўп сураётган Катарнинг "Ал-Садд" клуби бўлажак турнирда ўз мамлакатининг кумуш жамоаси сифатида иштирок этади. Ўтган мавсум "Юлдузлар лигаси"да 2-ўринни қўлга киритган Хави жамоадошлари 2017-2018 йилги мавсумда ҳозирча 10 та ўйиндан кейин 21 очко билан (7та ғалаба ва 3 та мағлубият) 3-ўринни банд этиб турибди. ОЧЛ-2017 да плей-офф босқичида Эроннинг "Истиқлол" жамоаси тўсиғидан ўта олмаган доҳаликлар бу сафар турнирда узоқроқга боришга уриниб кўради. Эътиборга молик жиҳати, "Ал-Садд" ОЧЛ тарихида бир бор, яъни 2011 йилги мавсум финалида Ж.Кореянинг "Чонбук Хёндэ Моторс" жамоасини пенальтилар сериясида 4:2 ҳисобида мағлуби этиб (асосий вақтда 2:2 ҳисоби қайд этилган) бош совринни қўлга киритган.       Гуруҳнинг яна бир вакили БААнинг "Ал-Васл"и ҳам амирликларнинг таниқли жамоаларидан бири ҳисобланади. Бошланажак турнирда ўз чемпионатининг 2-ўрин соҳиби сифатида иштирок этишга ҳозирлик кўраётган Дубай клуби 2017-2018 йилги мавсум чемпионатида 10 та ўйиндан сўнг 22 очко тўплаган ҳолда (6 та ғалаба ва 4 та дуранг) машҳур "Ал-Айн" жамоаси билан мусобақа турнир жадвалида қўшҳокимлик қилмоқда. Таркибида бразилиялик Кайо ва Лима, португалиялик Угу Виана ҳамда маҳаллий Исса Али ва Файсал Халиллар бўлган клуб ОЧЛ мусобақасида сўнгги бор 2008 йилда қатнашиб гуруҳ босқичида 3-ўринни қўлга киритган. Катта танаффусдан кейин яна халқаро майдонга қайтган Дубай жамоаси бу сафарги иштироки муваффақиятли чиқиши учун бор имкониятини ишга солишига шубҳа қилмаса ҳам бўлаверади.     Юқорида ОЧЛ-2018 да жамоаларимизнинг бўлажак рақиблари ҳақида фикр юритиб, уларни имкон қадар ҳозирги ҳолатлари билан яқиндан таништиришга ҳаракат қилдик. Тўғри, мусобақанинг гуруҳ баҳслари бошланишига 2 ой вақт бор. Бу давр ичида бўлажак рақибларимизда бир қанча ўзгаришлар содир бўлиши мумкин. Бундан ташқари, февралга келиб, уларнинг қандай жисмоний ҳолатда эканлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўйлаймизки, 2-3 йилдан бери ОЧЛ да тузукроқ натижа кўрсата олмаётганимизни яхши англаган клубларимиз бўлажак баҳсларга имкон қадар юқори даражада ҳозирлик кўради. Бу борада жамоаларимизга омад тилаймиз. Аввало, январь ойининг сўнгги кунларида плей-оффда иштирок этадиган "Насаф" ва "Пахтакор" жамоаларидан зафарлар кутиб қоламиз. 


Манба: http://ulugbeksh.blogspot.com


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz