«Манчестер Сити» ва «ПСЖ» трансферлар учун ҳаммадан кўп тўлаб, эндиликда ҳар қандай рақибни тор-мор этишга тайёр эканликларини исботлашмоқда.
Аммо футболни пул ўйнамайди ва бу ақиданинг ҳақиқатлигини айрим жамоалар мисолида кўрдик. Зеро бу клублар сарфлаган маблағлар ўзини оқламаяпти.
«МИЛАН» - 231 миллион евро
«Россонери» Европанинг энг исрофгар беш жамоасидан бирига айланди. Яқинда «Милан»нинг молиявий «фейр-плей» қоидаларини бузгани учун кейинги мавсум еврокубоклардан четлатилиши ҳақида хабарлар урчиганди.
Бироқ «қизил-қоралар» бу мусобақаларга чиқишга у қадар шошилмаяптилар: сўнгги 13 учрашувдан сўнг 7-ўрин, кучли тўртликдан 11 очко ортда қолишган.
«Милан» катта харид қилди, аммо охирини ўйламай ишлади. Келганлар орасида ягона экстра тоифадаги футболчи - Леонардо Бонуччи. Қолганлар - ёшлар ва тузукроқ мураббий бўлмаса, натижа кўрсатолмайдиган ижрочилар.
Жамоа юлдуз мутахассис чақиришни ўйламади, якунда эса, мураккаб вазиятга тушиб қолди. Чемпионлар Лигаси йўлланмаси қўлга киритилмаса, бадавлат хитойлик раҳбарларнинг ҳам молиявий «фейр-плей»дан қутулишга қийналишлари муқаррар. Клуб рекорд даражадаги зарар арафасида турибди.
Футболчилар эса ҳали сарфларни оқлашга улгуришмади. Андре Силва (40 миллион) - «А» серияда гол урганича йўқ; Андреа Конти (25 миллион) — жароҳат олди; Ҳоқон Чалханоглу (22 миллион) - битта гол, иккита самарали узатма, кўпинча бошланғич таркибдан четда қолмоқда
. Франк Кесси (28 миллион) эса «Аталанта» марказида порлаган юлдузга сираям ўхшамаяпти. Бугунги «Милан»да яхшигина ижрочилар тўпланишган, аммо улар мураббийларига ишонишмади, чоғи, раҳбарият барибир, Винченцо Монтеллани истеъфога чиқарди.
«ЭВЕРТОН» - 158 миллион евро
Англия клублари аввалгиданда кўпроқ харажат қилишди, бироқ уларнинг фонида «Эвертон» яққол ажралиб турди. Ёзда Англия ёшлари жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишди. Терманинг асосини «ирискалар» ташкил этишди.
Бироқ Рональд Куман навқирон ўйинчилар ҳақида унутди. «Саутгемптон» ҳимоячиси Куко Мартинанинг трансфери фикримизни исботлаши мумкин.
«Эвертон» тарбияланувчилари орасида Жонжо Кеннидек иқтидор бўлгани ҳолда «авлиёлар» захира ўриндиғидаги футболчига қизиқиш билдирилиши ғалати, албатта.
«Эвертон» раҳбарияти «кучли тўртлик»ка киришга қодир жамоа тузаётганини билдирди, Англия матбуоти эса бу клубнинг камида АПЛ топ-еттилигидан ўрин олишини тахмин қилди.
Чунки «ирискалар» трансфер бозоридаги харажатлар борасида фақат Манчестернинг икки гранди ва «Челси»дан ортда қолишганди. Лекин ҳозирга келиб, «Эвертон» элитада «жон» сақлаш учун курашмоқда, Европа Лигасини шармандали тарзда тарк этди, Лига кубоги билан хайрлашди.
Рональд Куманнинг истеъфосидан кейин жамоа тузукроқ мураббийга ёлчимаяпти, уни етарли тажрибага эга бўлмаган мутахассис - Дэвид Ансворт бошқармоқда. Куман кетишидан бироз аввал пайқаган иқтидор Бай Умар Ниасс айни пайт клубнинг энг яхши ўйинчиси бўлиб турибди.
«Эвертон»нинг энг муваффақиятсиз трансферлари: Гилфи Сигурдссон (50 миллион евро) - 11 ўйинда битта ассист ҳамда Дэви Классен (28 миллион) — бошланғич таркибда 3та учрашув.
Энг қизиғи, янги мураббий қимматга харид қилинган ва юлдуз футболчиларни асло аямаяпти. Асосий рўйхатдан Аарон Леннон, Ниасс ҳамда бошқа ёшлар ўрин олишяпти. Ҳеч бўлмаса шундай таркиб билан хавфли ҳудуддан узоқлашиш имконияти туғилиши мумкин.
«ЗЕНИТ» - 85 миллион евро
Мирча Луческунинг омадсиз фаолиятидан кейин «Зенит»да инқилоб сари қадам ташланиб, Жанубий Америкадан иқтидорлар қидириш бошланди.
Беш нафар аргентиналик ва «Ростов»нинг асосий ўйинчиларидан бири учун жами 85 миллион евро сарфланди. Бир қарашда, Санкт-Петербург клубида ҳаммаси бинойидек - Европа Лигаси гуруҳ босқичида биринчи, РФПЛда эса иккинчи ўрин.
Аммо фарқни кўра билиш лозим. Умумий ҳисобда, Россиянинг барча жамоалари трансферлар учун «Зенит»дан икки марта кам пул сарфлашди.
Шунга қарамай, айнан Питер клуби РФПЛда ўз даражаси учун шармандали ҳисобланган 384 дақиқалик голсиз серияни қайд этди, қаторасига бешта турни ғалабасиз якунлади, Россия кубогидан чиқиб кетди. Демак, энди фақат Европа Лигаси қолди.
Аммо «Утрехт»дан базўр уч очко тортиб олинганини инобатга олсак, бу мусобақадан ҳам кўнгил тўлиши қийин. Қимматбаҳо харидлар орасида маҳаллий тизимга мослашган биргина футболчини кўрсатиш мумкин - Леандро Передес.
Клубнинг ўз ўйинчиси Далер Кузяев эса барча аргентиналиклардан кўпроқ фойда келтирди.
«ЛИЛЛЬ» - 65 миллион евро
Англия клублари қаторида «Лилль» амалга оширган трансферлар ҳам кўпчиликни лол қолдирди, бироқ сарфлар билан чемпионат даражаси ўзаро мос келиши муҳим. Францияда фақат «ПСЖ» ва «Монако» «доглар»дан кўпроқ харажат қилишди.
«Марсель» ҳамда «Лион» эса ушбу рейтингда «Лилл»дан кейинги ўринларни эгаллашди. Клубнинг янги раҳбарлари Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритишни ният қилиб, мураббийлик курсисига машҳур Марсело Бьелсани таклиф қилишди. Бу эса энг катта хато эди.
Бьелса ишга киришиб улгурмай, клубда тўлиқ ҳукмронликка эга бўлишни хоҳлаши, барча жараёнларни назорати остига олиб, ҳал қилувчи қарорларни чиқармоқчилигини билдирди.
Мураббий харид қилган футболчилар кўпчиликка маъқул келмади - 65 миллион евро, бироқ довруқ қозонганлар йўқ. Марсело сотиб олган ўйинчилар 25 ёшдан ўтмаган, уларнинг ҳеч бири аввалги клубида яққол етакчи ҳисобланмаган.
15та турдан сўнг «Лилль» Лига 1 турнир жадвалида сўнгги поғоналарда бормоқда, раҳбарият эса мураббийдан қутулиш имконини тополмаяпти. Бьелса кетишга қарши эмас, аммо 14 миллион евро компенсация талаб қилмоқда...
23 ноябрь куни клуб мураббийни истеъфога чиқармаган ҳолда шунчаки, ишдан четлатгани тўғрисида хабар берди.
«ВЕСТ ХЭМ» - 45 миллион евро
«Болғачилар» Славен Биличнинг ишга лаёқатли эмаслигини англаш учун икки ярим йил сарфлаб, шу муддатда бир нечта муваффақиятсиз трансфер кампанияларини бошдан кечиришди. Хорватиялик мутахассис - ажойиб мотиватор, аммо ёмон менежер.
Ундан фақат элитада «жон» сақлаш учун курашадиган жамоа қолди. Шу йил ёзида «Вест Хэм» «Манчестер Сити»дан Жо Харт ва Пабло Сабалетани сотиб олди, қолган харидлар эса асосан ҳужум чизиғини кучайтиришга қаратилди.
«Сток Сити» етакчиси Марко Арнаутович ҳамда «Байер» ҳужумчиси Хавьер Эрнандес учун 40 миллион сарфланди. Мексикалик форвард ҳозирча «МЮ» ва «Байер»даги Чичаритога ўхшамаяпти, австриялик юлдуз эса сўнгги 8та ўйинда бирорта самарали ҳаракат қилмай, вақтини шунчаки майдонда югуриш билан ўтказди.
А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20