Қайднома

Қидирув

Сафланинг, Гаттузо келди!

Сафланинг, Гаттузо келди!

  12.12.2017 06:26
  0
  1656
Сафланинг, Гаттузо келди!

«Милан» бошқарув тизимида ниҳоят, ўзгариш юз берди - бош мураббий сифатида ишлаб келган Винченцо Монтелла ўз ўрнини «жаҳлдор» Женнаро Гаттузога бўшатиб берди.

Миланелло базасида шу муносабат билан ташкиллаштирилган матбуот анжуманида «Милан» раҳбарлари - Марко Фассоне ва Массимилиано Мирабелли ҳамда Женнаро Гаттузо ҳозир бўлишди.

Янги бош мураббий анча ишонч билан гапириб, ишларни тезда ўнглашга ваъда берди.

Фассоне ўзгариш ҳақида. «Ҳа, клубда қайсидир ишлар ўхшамади ва буни Мирабелли билан яхши биламиз. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ, яъни вазиятни ўнглай олишимизга ишонамиз.

Жамоамизда катта салоҳият бор. Шу таркиб билан олдимизга қўйилган вазифаларни уддалашга қурбимиз етади. Гаттузони танлаганимиз клубда пул йўқлигини англатмайди зинҳор.

Ҳозирги ҳолатда энг тўғри танлов шу. Биринчидан, Женнаро клуб афсонаси ва шу ерда ишлаяпти. Иккинчидан, у примавера жамоаси билан яхши натижаларга эришди».

Фассоне янги бош мураббий ҳақида. «Гаттузони алоҳида таништиришга ҳожат йўқ. Монтелла даврида «Милан» осмонини қора булутлар қоплади. Ҳа, бу мураккаб қарор, аммо энди янги саҳифани очамиз».

Мирабелли янги бош мураббий ҳақида. «Женнаро муҳим сифатларга эга. Яъни томирларида «Милан» қони бор, қолаверса, у футбол масаласида шахсий қарашларга эгаки, буни ниҳоятда қадрлайман.

Кимдир Гаттузода тажриба йўқлигини айтар, мен эса унинг жамоага янгича ҳаёт бағишлашига ишонаман».

Гаттузо тайинлов ҳақида. «Бу муҳим кун. Жиддий ишлашимизга тўғри келиши ўз-ўзидан тушунарли. Умуман, Миланеллода ишлаш, шундай футболчиларни шуғуллантириш - роҳатнинг ўзи.

Ихтиёримизда 16та миллат вакиллари бор. Ўртача ёш эса жуда паст. Ҳа, йигитлар яхши ҳолатда эмаслар, аммо барчасини ўзгартириш мумкин».

Гаттузо ҳозирги «Милан» ўйини ҳақида. «Биз 3 нафар ҳимоячи билан ўйнаймиз. Примаверада қўллаган концепциямга содиқ қоламан. Демоқчиманки, методология бироз ўзгаради.

Винченцо узатмалар асосида ўйин ташкил этишни хуш кўради. Бу усул менга ҳам ёқади, аммо рақиб дарвозаси яқинида вертикал ўйинни кучайтириш зарур».

Гаттузо эҳтирослар ҳақида. «Ҳаммаси ўша-ўша - футболчи сифатида  нималарни ҳис қилган бўлсам, ҳозир ҳам шуларни бошдан кечиряпман. Миланеллога кирганимда, жаннатга тушгандек енгилликни сезаман.

Майдонга кўзим тушганида эса, вужудимни оғриқ қуршаб олади. Очиғи, ҳалигача қай бирини танлаш масаласида қийналаман. Бу ердаги инфратузилмани таърифлашга тил ожиз. Маош ўз йўлига, асосийси - эҳтирос, иштиёқ. Муҳими, ўз ишимни яхши кўраман».

Мирабелли янги харидлар ҳақида. «Нафақат янги футболчилар, балки барча йигитлар кутилган савияда ўйнай олишмаяпти. Умид қиламизки, Рино жамоанинг энг яхши сифатларини юзага чиқаришни уддалайди. Бунинг учун 100 фоиз имкониятни ишга солиш талаб этилади».

Мирабелли таркиб ҳақида. «Ҳозирги таркиб етарли даражада рақобатбардош эканлигини биламиз. Трансферлар бўйича хулоса чиқаришга ҳали эрта. Шахсан мен ажойиб жамоа тузганимизга шубҳаланмайман.

Зеро, муносиб футболчиларни харид қилганмиз, фақат улар бироз ёшроқ. Қайсидир маънода таваккал иш тутганимиз рост. Энди самарасини кўриш учун озгина сабр қилиш керак».

Гаттузо ёзги харидлар ҳақида. «Мавжуд таркиб катта ишларга қодир. Йигитларни жамоа сифатида ягона кучга айлантира олсам, бас. Майдоннинг ҳар бир қаричи учун курашиш талаб этилади. Яна жанговар руҳ керак, шунинг баробарида сифат ҳам».

Гаттузо ЧЛ ҳақида. «Бугун турнир жадвалига қарамайман. Узоқ келажакни ўйлаш учун аввало, бугунги кун билан яшаш керак. Демоқчиманки, жамоамиз ҳар бир ўйинга жаҳон кубоги финалидек ёндашиши зарур.

Ўйин давомида ҳаракатларни ўзгартириш, ижодкорликни ўзлаштириш зарур. «Сан Сиро» олқишига сазовор бўлишни истасак, ҳар жабҳада 360 даражага ўзгаришимиз шарт».

Гаттузо менталитет ҳақида. «Фақат муросасизлигим ва тажовузкорлигим ҳақида гапиришса, бироз жаҳлим чиқади. Табиийки, мураббийлик лицензиясини менга шунчаки, совға қилишмаган.

Уни олиш учун ўқидим, изландим. Қолаверса, жамоани муросасизлик ёки тажовузкорликнинг ўзи билан ўйинга тайёрлаш мумкин эмас. Бунга аввало, билим керак.

Миланеллода суратлар кўп, «Милан» - катта тарихга эга клуб. Демак, умумий қоидаларга ҳурмат билан ёндашиш талаб этилади. Тўғри, озгина жонкуярлик ҳам керак».

Гаттузо ҳужум ҳақида. «Барчаси футболчилар ҳолатига боғлиқ. Ҳимояда уч киши, ўртада тўрт футболчи билан ўйнашимиз аниқ. Ҳужумга келсак, вақт кўрсатади».

Гаттузо собиқ президент Берлускони ҳақида. «Уни жуда яхши биламан, менга биринчи марта қўнғироқ қилгани йўқ. Берлускони - футбол тарихидаги энг омадли президентлардан бири.

Биз икки ҳужумчи билан ўйнаш, «Милан» табиати ҳақида гаплашдик. Унинг гапларини шунчаки эмас, балки диққат билан эшитдим».

Гаттузо жаноб Ли ҳақида. «Афсуски, у инглизчада гапирмас экан. Лекин яқин кунларда ўзаро бафуржа гаплашиб олиш имкониятини топамиз, барибир. Фассоне билан бу борада келишиб қўйдик».

Гаттузо ярим ҳимоячи Кессие ҳақида. «У мендан кўра, кучлироқ ва кўпроқ гол уради. Ҳа, ҳаракатлари нуқтаи назаридан ёшлигимни эслатиб юборади. Лекин ҳозир энг асосийси, бошқа йигитлар менталитетини ҳам кучайтиришдир».

Гаттузо ўз шаънига айтилган фикрлар ҳақида. «Табиатан ишонувчан одамман, шу туфайли ёнимда ишлаган айрим кишилар бироз қийналишди. Хусусан, Критда адашдим ва баъзилар шу сабаб, иқтисодий томондан ютқазишди.

Пизада ҳам осон бўлгани йўқ. Лекин энди ўзгардим. Бу борада кўп ўйладим, мулоҳаза юритдим. Ҳа, мураббийлик оғир юмуш, лекин ёқимли. Ўйлайманки, бу соҳада муваффақият қозониш учун салоҳиятим йўқ эмас.

Бунгача кўп ишладим, сафарларга чиқдим. Аслида мени муҳокама қилишларидан заррача хавотирга тушмайман. Дейлик, вақтида агар кетма-кет 2та ўйинда суст ҳаракатлансам, устимдан дарров мағзава тўкишарди.

Хуллас, нимага эришган бўлсам, барчаси тинимсиз меҳнатим самарасидир. Умуман, ишга ёндашувни кескин ўзгартирганман. Мисол учун, охирги вақтларда газета ўқимаяпман. Негаки, хотиржам ҳолда фақат ишим ҳақида бош қотиришни истайман».

Гаттузо «Милан»даги келажаги ҳақида. «Мен билан таниш кишилар билишади, ҳисоб-китобни биринчи ўринга қўймайман.

Ҳозир жаҳоннинг энг буюк жамоаларидан биридаман - муҳими шу. Тушунарлики, юзага келган имкониятдан максимал даражада фойдаланишга уринаман. Айни ҳолатда эртанги кунни ўйлашим мақсадга мувофиқ эмас».

Гаттузо гол уриш муаммоси ҳақида. «Шахсий тарихимга қарасак, менинг жамоаларим кам гол уриш баробарида оз қўйиб юборган. Айнан шунинг устида алоҳида ишлаймиз. Аслида муаммо голларда ҳам эмас, унинг кўлами кенгроқ. Мисол учун, «Торино»га қарши ўйинда жамоа етарлича хавфли вазиятлар яратди, тактика бўйича қандайдир янгилик кўзга ташланди».

Гаттузо ҳужумчи Андре Сильва ҳақида. «Бу йигит - ажойиб иқтидор. Қаранг, ҳозир ўзини унча кўрсатолмаётган бўлсада, унга бозорда талаб ҳамон катта.

Энди Андре жамоавий ўйинда фаоллашиши керак, демак, тактикада шу жиҳатга ҳам эътибор қаратиш зарур. Чунончи, Сильва индивидуаллик бобида гоҳида ақлга сиғмас ҳаракатларни амалга оширади, аммо шериклари билан бундай қилолмайди».

Гаттузо ёш истеъдод Кутроне ҳақида. «Футболчиларнинг машғулотларда қандай ишлаётганларини диққат билан кузатяпман. Патрик 3 нафар асосий ҳужумчидан биридир.

Менга ёққан томони, у ҳеч қачон чекинмайди ва бор вужуди - эҳтирос билан ўйнайди. Ҳозир айнан шундай характерли йигитларга муҳтожмиз».

Гаттузо бўлажак ўйинлар ҳақида. «А» сериясида енгил ўйиннинг ўзи йўқ. Шундай экан, рақиб кимлигидан қатъий назар, ҳар бир учрашувга тўғри ёндашишимиз шарт».

Гаттузо ҳимоячи Бонуччи ҳақида. «Леонардо - сардор. Боғич унда қолади. Кеча футболчилар билан гаплашдим ва йигитларда ишлаш иштиёқи кучлилигини яққол сездим.

Ҳарқалай, йиғинчоғлик ва тартиб-интизомга қатъий амал қилишлари зарурлигини айтганимда, улар барчасига тайёр эканликларини билдиришди.

Доимо дўстларим учун ўзимни ўтга ташлаганман. Энди шогирдларимда ҳам шундай ҳолатни кўрмоқчиман. Улар майдонда ўзлари эмас, шериклари ва жамоани ўйлашлари лозим».

Гаттузо ўз иши ҳақида. «Ўйлайманки, мураббийликда энди ўз жо-йимни топдим. Ишонаманки, жамоам ҳам ўз ўрнини топади - бунга шубҳаланманг».

Гаттузо қўнғироқлар ҳақида. «Дарҳақиқат, жуда кўп қўнғироқлар бўлди, SMS-хабарлар олдим. Терим, Сакки, Капелло, Каннаваро ва бошқалардан. Кеча эса Гоморра мафияси талқинидаги суратим чиққач, телефонни ўчириб қўйишдан ўзга чорам қолмади (кулади)».

Гаттузо яна Кутроне ҳақида. «Қайтараман, футболчиларни катта эътибор билан кузата бошладим. Патрик бошқа ҳужумчилардан асло қолишмаяпти. Унинг иштиёқи ва ҳаракати мақтовга лойиқ».

Гаттузо машғулотлар ҳақида. «Менимча, ҳаммадан кўра, Сусо билан ишлаш қизиқарли бўлса керак. Айтишларича, у биттагина позицияда ўйнай олар экан.

Бу гап қанчалик тўғрилигини ҳали амалда синаб кўраман. Яна Кессиенинг тақдирига қизиқишим баланд. Ахир у ўтган йилдаги каби яхши очилмаяпти».

Гаттузо ғалабалар ҳақида. «Милан» ЕЛда кейинги босқич масаласини ҳал қилишга улгурди. Чемпионат ва кубокда эса натижа керак. «Милан» футболкаси ҳар қандай ўйинчи зиммасига босим юклаши рост.

Буни ҳам унутмаслик керак. Истагим битта - ғалаба ва мағлубиятларга муносабат  ўртасида катта фарқ юзага келсин. Жамоа ютқазганида, сен ўзингни қўярга жой тополмаслигинг, Миланелло эса кўзингга худди дафн маросими жойидек кўриниши керак».

Гаттузо «Милан»га нима бера олиши ҳақида. «Олдинда ўйинлар ҳали кўп, демак, ўртада етарлича очко бор. Ўзимни асло вақтинча мураббий сифатида кўрмайман.

Биламан, ҳаммага ҳам ёқмайман. Ўзимга савол бераман - «Кимсан ўзи?» Жавоб та-йин - футбол билан тирик кишилар тоифасига мансубман. Оддий айтганда, тириклардан бириман.

Дейлик, ҳар сафар майдонга тушганимда, этим жимирлаб кетарди. Ҳозир ҳам бу масалада ўзгариш йўқ ва ўйлайманки, футболга меҳр орқали «Милан»га наф келтираман».

Гаттузо ҳамжиҳатлик ҳақида. «Ҳафта давомида кўрганларимга асосланиб, иш тутаман. Ҳа, айрим футболчилар жуда муҳим ўринга эгалар, лекин улар шу мақомда қолиш учун ҳафта давомида ҳамма қатори югуришлари, педаль айлантиришлари шарт».

Гаттузо аччиқ иборалари ҳақида. «Ҳозирда машғулотларда айнан нималарга эътибор қаратиш зарурлигини белгилаб олганман. Бир кун жисмоний юклама берсак, эртасига бевосита ўйинга шайланамиз.

Йигитларни алоҳида огоҳлантирдим - «Агар машғулотларда кимгадир қаттиқ тегсам ёки бир-икки аччиқ сўз айтсам, мендан ранжиманг. Ортиқча жанжал кўтаришга ҳам уринманг».

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz