Қайднома

Қидирув

Таиланд таассуротлари

Таиланд таассуротлари

  12.12.2017 10:10
  0
  727
Таиланд таассуротлари

Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини январь ойида муҳим бир синов кутиб турибди - Хитойда ташкиллаштириладиган U-23 белгиси остидаги Осиё чемпионати. Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги жамоамиз расмий турнирдан олдин яна битта кичикроқ синовдан ўтиши лозим. Гап Таиландда бошланган М-150 CUP-2017 халқаро мусобақаси ҳақида кетмоқда. Гарчи Бурирам турнири қитъа биринчилиги каби муҳим аҳамият касб этмаса-да, юрт шарафи ҳимоя қилинадиган ҳар қандай ўйинга катта эътибор қаратилиши турган гап. Боз устига, М-150 CUP-2017 Хитой мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатига тайёргарлик даражасини белгилаб берадиган мезон ҳисобланади. Ўзбекистон ёшлар термаси ўтган ҳафта шу мусобақада муносиб иштирок этиш нияти билан Жануби-шарқий Осиёга йўл олди.

САФАР

Узоқ муддатли сафарлар замонавий футболнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Миллионлар сарҳадидан ошиб, аллақачон миллиардлар эътиборига тушган ўйинда жамоа нималарга қодирлигини исботлаш учун турли мусобақаларда мунтазам иштирок этиши шарт. Хуллас, футбол учун масофанинг аҳамияти аллақачон йўқолиб улгурган. Профессионал спортчи ҳар доим сафарга шай туриши шарт. Биласиз, Ўзбекистон жамоалари учун энг олис ҳудуд  - Австралия. У ерга етиб боришга қадар самолётда 16 соат парвоз қилишга тўғри келади. Бу осон эмас, албатта. Бунинг якунида футболчи нафақат рақибни чарчатиши, балки аввало, ўзидаги жисмоний чарчоқни енгиши шарт. Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Таиланд томон йўли ҳам ўша океан ортига қилинадиган сафардан асло қолишмади. Машаққати жиҳатидан, албатта.

Гап шундаки, М-150 CUP-2017 мусобақаси Таиланднинг Бурирам шаҳрида ташкиллаштирилди. Хуллас, белгиланган манзилга етиб бориш учун аввал Бангкок томон самолётда 6 соат парвоз қилинди. Кейин эса Бурирамга қадар автобусда яна шунча вақт йўл босилди. Бунга аэропортдаги рўйхатдан ўтиш ва бошқа расмиятчиликлар ҳам қўшилса, «йўл азоби» ҳақида айтилган машҳур гап яна ёдга тушиши муқаррар. Хуллас, Ўзбекистон ёшлар термаси Бурирамга етиб олгунга қадар 15-16 соат вақтни шундай азобли жараёнга сафрлади. Ўз ўрнида, алоҳида айтиш керак, Бурирамда ташкил этилган М-150 CUP-2017 турнири шунча йўл босишга арзийдиган мусобақа бўлиб чиқди.

МУСОБАҚА

Аввало, Бурирамда бошланган М-150 CUP-2017 ҳақида оз-моз маълумот бериш мақсадга мувофиқ. М-150 - қувватлантирувчи ичимлик бўлиб, мусобақанинг айнан шу бренд тарғиботига хизмат қилиши кўзда тутилган. Шунга мос тарзда ташкилотчилик ҳам аъло даражада йўлга қўйилган. Бурирамга келганимиз ҳамоно ҳаммаси мусобақага шай қилиб қўйилгани эътиборимизни тортди - йўллар четидаги баннерлар, меҳмонхоналар кириш залига осилган ёрлиқлар ва айниқса, терма жамоа бориши эҳтимоли катта  барча жойларга миллий байроғимиз  ўрнатилгани ёқимли таассурот уйғотди. Шу билан бирга рақиблар савия бобида етарлича жиддий. Мусобақада 6та жамоа иштирок этмоқда - Таиланд (мезбон), Ўзбекистон, Япония, КХДР, Вьетнам ва Мьянма ёшлар терма жамоалари. Алоҳида эслатишга арзийдиган яна бир жиҳат - мезбонлар «А» гуруҳида Япония ва КХДР жамоалари билан ўйнашади. «В» гуруҳида эса Ўзбекистон ёшлар термасидан ташқари, Вьетнам ва Мьянма жамоалари бор. Очиғи, айнан шу жиҳат бироз ҳайратлантирди. Зеро, одатда ташкилотчилар мезбон жамоанинг енгилроқ гуруҳга тушиши ва жиддий рақиблар билан финалга яқин ўйнашини таъминлашга уринишади. Бу ишни қандай уддалашлари алоҳида мавзу, аммо кўплаб мусобақаларда айнан шундай ҳолатга дуч келганмизки, ушбу фикрни инкор этиш анча қийин. Хуллас, биз кўрган мусобақаларда мезбонлар нафақат осон гуруҳдан жой олишарди, балки тақвимни ҳам ўзлари учун анча қулай ҳолатга келтириб, бу борада қўшимча устунликка эга бўлишарди. Узоққа бормайлик, яқинда ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари ўртасида Осиё чемпионати йўлланмалари учун ўтказилган саралаш мусобақаларини эслаш кифоя. М-150 CUP-2017да эса бунинг аксини кўрдик. Таиланд жамоаси мезбон бўлишига қарамай, нафақат мураккаброқ гуруҳга тушди, балки илк ўйинни мусобақа фаворитларидан бири саналган Япония термасига қарши ўтказди. Ўз салоҳиятларига ишонч туфайли бўлса керак, мусобақадаги илк «сенсация»ни айнан майдон эгалари қайд этишди.

ЎЙИНЛАР

Ушбу мақола ёзилаётган вақт М-150 CUP-2017 турнири ўйинлари аллақачон бошланган эди. Илк куни ҳар икки гуруҳда биттадан учрашув ўтказилди. «В» триосида рақибларимиз - Вьетнам ва Мьянма ёшлар жамоалари ўзаро куч синашди. Учрашувда кураш анча қизиқарли тус олди. Балки майдонда рақибларимиз ўйнашгани учун ҳам воқеаларни айрича эътибор билан кузатгандирмиз. Айниқса, Вьетнам термаси таркибида 3-4 нафар иқтидорли футболчи алоҳида ажралиб турганини таъкидлаш керак. Шунга монанд, вьетнамликлар йирик - 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўзбекистон ёшлар термаси 13 декабрь куни шу жамоага қарши майдонга тушади ва ишонинг, бизни анча қизиқарли ўйин кутатаётгани айни ҳақиқат. Шу жойда битта яхши хабар: «Спорт» телеканали ушбу учрашувни трансляция қилишни режалаштирмоқда. Демак, ўтказиб юборманг.

Тўғри, Вьетнам ва Мьянма жамоалари ўртасида кечган баҳсга ҳар қанча эътибор қаратмайлик, инсоф юзасидан айтиш лозим, «А» гуруҳининг илк ўйини янада қизиқарлироқ кечди, барибир. Зеро, Таиланд - Япония қарама-қаршилиги бошқача ўтиши мумкин ҳам эмасди. Юқорида таъкидлаганимиздек, мусобақадаги биринчи «сенсация» ҳам айнан шу учрашувда рўй берди - мезбонлар 2:1 ҳисобида устун келишди. Гарчи «кунчиқар юрт» вакиллари одатдагидек, ташаббусга эгалик қилган бўлсалар-да, таиландликлар аввалига рақиб дарвозабони йўл қўйган хато туфайли ҳисобни очишди, кейин эса узоқдан йўлланган кучли зарба  ва чиройли гол эвазига ғалабани илиб кетишди. Шунақа, М-150 CUP-2017 мусобақаси илк кундаёқ бизга кутилмаган натижа тақдим этди.

РЕГЛАМЕНТ

М-150 CUP-2017 мусобақаси анча профессионал руҳда ташкил этилгани ҳақида гапирдик. Гарчи турнир расмий мақомдан кўра, ўртоқлик ўйинларига кўпроқ мос келса-да, ташкилотчилик дарҳақиқат, фақат илиқ таассурот қолдирмоқда. Шунга қарамай, ташкилотчилар иштирокчи жамоалар талабидан келиб чиқиб, регламентга баъзи ўзгартиришлар киритишди. Аслида М-150 CUP-2017 регламентида ҳар бир жамоа ўйин вақти фақат 3 нафар футболчини алмаштириши мумкинлиги кўрсатилган эди. Мусобақа бошланишидан бир кун олдин бўлиб ўтган муҳокама давомида ҳар бир жамоа вакиллари бу масалада ўз фикрларини билдиришди ва талабга мувофиқ, захира лимити 6тага етказилди. Регламентнинг бошқа жиҳатлари эса жамоаларда ортиқча эътироз туғдиргани йўқ.

Демак, белгилаб қўйилганидек, «А» ва «В» гуруҳлари ғолиблари ўз-ўзидан финалда майдонга тушишади. Гуруҳларда 2-ўринни эгаллаган икки жамоа эса бронза медали учун ўзаро куч синашади. Демакки, мусобақада иштирок этадиган жамоалар 3 мартадан майдонга тушади. Гуруҳ раундини 3-ўринда якунлайдиганлар бундан мустасно. Дарвоқе, гуруҳдаги кураш ҳақида. Агар икки ёки ундан ортиқ жамоа тенг миқдорда очко жамғарса, регламентга кўра, аввало, голлар нисбатига эътибор қаратилади. Бу борада ҳам тенглик кузатилса, навбати билан ўзаро ўйинлар натижаси, сариқ ва қизил карточкалар сони эътиборга олинади. Шунда ҳам устун жамоани аниқлаш имкони топилмаган тақдирда охирги қадам сифатида қуръага мурожаат қилинади. Хуллас, шунақа гаплар. Энди ўзимизникилар ҳақида суҳбатлашсак ҳам бўлар...

ЎЗИМИЗНИКИЛАР

Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига шундай савияли мусобақадаги иштирок наф берса керак. Бевосита жамоа ичидаги кайфиятга келсак, бу борада ҳаммаси жойида. Гарчи узоқ сафардан сўнг толиқиш кузатилган бўлса-да, олдиндан ишлаб чиқилган дастур асосида олиб борилган ишлар натижасида чарчоқ аломатларига барҳам берилди. Ўзбекистон ёшлар термаси делегацияси Таиланд томон 7 декабрь куни соат 21:00да йўлга чиққан эди. Мусобақа ўтказиладиган жойга эртаси пешин вақти етиб келинди. Шу боис, тушликдан сўнг футболчиларга дарҳол дам берилди. Кечки тамаддидан олдин эса енгил тикланиш машқлари ўтказилди. Кейинги куни эса машғулотлар одатдаги маромда давом эттирилди. Тушга қадар футболчилар мураббийлар штаби ва шифокорлар назорати остида тренажёр залида шуғулланишди, куннинг иккинчи ярмида бевосита майдонда тактик ва техник машқларга эътибор қаратилди.

РАҚИБЛАР ЎЙИНИ

Шу билан бирга мураббийлар штаби томонидан рақиблар ўйини жиддий тарзда ўрганиб борилди. Хусусан, Вьетнам ва Мьянма термалари ўртасида кечган баҳс бевосита стадионда кузатилди. Рақиблар ҳақида яна нима дейиш мумкин? Мьянма ёшлар термаси ўйинни 4-4-1-1 чизмаси остида бошлади ва асосий эътиборни ҳужумкорликка қаратмоқчидек бўлди. Аммо ўйин давомида Вьетнам ёшлар термаси томонидан ишлаб чиқилган тактик чизма иш берди. Вьетнамликлар учрашувни 5-2-2-1 чизмаси асосида бошлашди ва бу уларга ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бирдек самарали ҳаракатланиш имконини берди. Жамоа ҳужумга ўтган вақт икки қанот ҳимоячиси олдинда талпинган бўлса, ҳимояланиш чоғи 5 нафар футболчидан иборат «девор» вужудга келтирилди. Яна бир бор эслатамиз, Ўзбекистон ёшлар термаси турнир доирасидаги илк ўйинни шу жамоага қарши ўтказади. Бўлажак учрашув ҳақида алоҳида гаплашамиз ҳали насиб этса. «ИнтерФутбол»ни кузатишда давом этинг...

Зафар ҚОСИМОВ, Бурирам.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz