Қайднома

Қидирув

Артур Юнусов: «Энди ҳеч қачон «Ардус»га қайтмайман»

Артур Юнусов: «Энди ҳеч қачон «Ардус»га қайтмайман»

  13.12.2017 03:38
  0
  981
Артур Юнусов: «Энди ҳеч қачон «Ардус»га қайтмайман»

Ўзбекистон терма жамоасининг энг тажрибали ва моҳир футзалчиларидан бири Артур Юнусов пойтахтнинг «Локомотив» клуби билан шартнома имзолади.

Бунга қадар «Олмалиқ» ва «Ардус» жамоалари шарафини ҳимоя қилган, Озарбайжон ва Вьетнамда легионер сифатида ўйнаган.

Терма таркибида айтишга арзигулик муваффақиятларга эришган, жаҳон чемпионатида иштирок этган. Биз маҳоратли футзалчи билан боғланиб, унинг янги клубга ўтиши билан боғлиқ масалалар юзасидан интервью олдик.

- Артур, нима учун айнан «Локомотив»ни танладингиз? Келишув қай тарзда амалга ошди?

- «Ардус» билан шартномам муддати якунланганди. Бу орада менга «Локомотив»дан таклиф тушди. Ўйлаб кўриб, яқинлар билан маслаҳатлашгач, «темирйўлчилар» сафига қўшилдим. Ҳозирча шу клубда машғулот ўтказаман.

- Нега ҳозирча? Ёки бошқа режаларингиз борми?

- Ўзбекистон чемпионати бошлангунига қадар ҳали бир неча ой бор. Катта эҳтимол билан Хитой клубларининг биридан таклиф тушиши керак. Агар бу режа амалга ошса, фаолиятимни Чин юртида давом эттираман.

- «Локомотив» раҳбарияти бунга рози бўлади, деб ўйлайсизми?

- Ўйлайманки, қаршилик билдиришмайди. Чунки шартномада шундай келишув бор. Яъни, хориж клубларидан манфаатли таклиф тушса, «Локомотив» мени қўйиб юборади.

- «Ардус» сизни осонликча қўйиб юбордими? Шартномани узайтириш юзасидан таклиф бермадими?

- Бу масалада клуб президенти Жаҳонгир Усмонов билан узоқ суҳбатлашдик. Якунда шундай қилсак, ҳар икки томонга ҳам яхши бўлишини тушуниб етдик. Жамоа раҳбарияти ва футболчилар билан яхши кайфиятда хайрлашдик.

Айнан Жаҳонгир Мираброрович туфайли футзалдаги фаолиятим бошланган. Фурсатдан фойдаланиб, нафақат менинг фаолиятим, балки ўзбек футзали ривожига улкан ҳисса қўшган бу инсонга ўз ташаккуримни изҳор қилмоқчиман.

Бу «Ардус»ни биринчи марта тарк этишим эмас. Аввал ҳам кетиб, яна қайтгандим. Лекин бу сафар бироз бошқача бўлади, чоғи. Энди «Ардус»га қайтмайман.

Аммо мазкур клуб сафида ўтказган кунларимни асло унутмайман. Фаолиятимдаги энг ёрқин лаҳзалар айнан шу ерда ўтган, десам асло янглишмайман.

- «Локомотив» билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз?

- Келишув бир йилга мўлжалланган.

- Битимнинг молиявий томони сизни қониқтирдими?

- Ҳа, бу масалада келишиб олдик. У икки томонга ҳам бирдек маъқул келди.

- Федерация кубоги якунланди. Айнан шу мусобақа билан янги мавсумга старт берилди. Ўтган йиллар билан таққослаганда, турнир савиясида ўсиш кўзга ташландими?

- Очиғини айтсам, бу борада ҳеч нарса дея олмайман. Чунки кубок баҳс­ларида иштирок этмадим. Ҳатто ўйинларни ҳам кузатмадим.

Сабаби, бу пайтда эски жароҳатларни даволаш билан банд эдим. Ҳозир соғлиғим ҳақида ўйламасам, чемпионат бошланганида қийналиб қоламан.

- Чемпионат форматига ҳам ўзгартириш киритилди. Келаси йилнинг март ойидан бошланадиган турнир «уй-сафар» тизимида ўтказилади. Ушбу янгиликни шахсан сиз қандай қабул қилдингиз?

- Бу ҳақда гапириш учун аввал янги тизимдаги чемпионатда қатнашиб кўриш керак. Шу пайтгача ўйинлар даврали тизимда ўтказиб келинаётганди. Яъни жамоалар бир шаҳарда йиғилиб, 7 кун мобайнида ўзаро беллашишарди.

Энди чемпионатимиз худди катта футболда бўлгани каби «уй-сафар» тизимида ўтказилади. Жамоалар бунга тайёрмикан? Кўп нарса шунга боғлиқ. Айни тизимдаги турнирда ўйнамаганим учун бу янгилик менга ҳам жуда қизиқ туюляпти.

- Легионер сифатида ўйнаган кезларингиз ўша мамлакат чемпионатлари қандай форматда ўтказилганди?

- Масалан, Вьетнамда худди биздаги тизим қўлланарди. Иштирокчилар бир шаҳарда йиғилиб, тур ўйинларида ўзаро тўқнаш келишарди. Озарбайжонда эса бир жамоа 7 кун ичида бошқа-бошқа клублар билан иккита ўйин ўтказарди.

Ҳозир бизда қўлланиладиган янги тизим худди Россия чемпионати каби бўлади. Тўғри, ҳар қандай янгилик дастлаб ҳаммага қизиқ туюлади. Гап жамоаларнинг янги форматга мослашиб кетишида. Бир томондан, футзалчиларга яхши бўлиши мумкин.

Шу пайтгача клублар бир ҳафта ичида 5-6та учрашувда майдонга тушишарди. Табиийки, ҳар куни кетма-кет ўйин ўтказиш футзалчилардан катта жисмоний тайёргарликни талаб этарди. Ҳафта охирига бориб, толиқиш сезиларди.

Бу эса ўйин сифатига салбий таъсир қиларди. Яъни, футзалчилар мураббийлар кутган ўйинни намойиш эта олмасдилар. Янги чемпионатда бу ҳолатларга барҳам берилади. Энди ҳар бир учрашувга алоҳида тайёргарлик кўриш имкони туғилади.

- Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Хосе Мария Мендез кетганидан сўнг қандай ўзгаришлар бўлди?

- Терма жамоа таркиби 70 фоизга ўзгарди. Жаҳон чемпионатида қатнашган ўйинчиларнинг аксарияти фаолиятини якунлади. Таркиб ёшартирилди. Лекин ўйин услуби аввалгидек қолди. Испаниялик мутахассис қўйган пойдевор анча мустаҳкам.

Қисқа фурсатда иккита турнирда қатнашдик. Ашхободдаги Осиё ўйинларида финалгача етиб бориб, кумуш медалларни қўлга киритдик.

Кейин Эронда ўтган Осиё чемпионати саралашида иштирок этиб, юз фоизлик натижа билан қитъа биринчилиги финал босқичига йўлланмани қўлга киритдик.

Сўнгра БААда йиғин ташкилланди. Мезбонларга қарши иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, ғалаба қозондик. Келгусидаги мақсадимиз - Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашиб, камида финалгача етиб бориш.

Ўйлайманки, бу вазифанинг уддасидан чиқамиз.

Камолиддин суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz