Бразилия термаси биринчилардан бўлиб Россияда ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Албатта, бунда жамоа бош мураббийи Титенинг хизматлари беқиёсдир.
Аденор Леонардо Бачи ёки оддий қилиб айтганда, Тите «пентакампеонлар»ни 2016 йилнинг июнида қабул қилиб олганди. Ўша даврларда жамоа инқироз ёқасига келиб қолганди.
Терма ўз юртида ўтган мундиалдаги шармандали натижадан сўнг ўзига кела олмаётганди. Тите қўл остида Бразилия термаси дастлабки учрашувини Эквадорга қарши ўтказганди.
Кейинчалик қаторасига етти ўйинда ғалаба қозонган жамоа биринчи бўлиб ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритди. Умуман олганда, Тите бошқарувида бу терма 12та ўйин ўтказди.
Шундан 10тасида ғалаба қозонган бўлса, яна икки учрашувда дуранг қайд этди. Яқинда ФИФА расмий сайти Тите билан суҳбат уюштирди.
- Агар фаолиятингизнинг энг ёрқин хотиралари рейтингини тузсангиз, Бразилия термасининг Парагвай устидан ғалаба қозониб, ЖЧ-2018 йўлланмасини нақд қилган лаҳзаларини нечанчи ўринга қўярдингиз?
- Агар фаолиятимни 10 балли тизимда баҳолайдиган бўлсам, ўша лаҳзаларга 8 балл бераман. Мабодо жамоамиз ўз юришини жаҳон чемпионлиги билан якунласа, 10 баллга баҳоласа арзийди.
- Ўшанда ўзингизни бахтли ҳис қилдингизми?
- Дастлаб енгил тортдим. Шундан сўнг атрофга назар солиб, бахтли эканимизга гувоҳ бўлдим. Бу Парагвай билан ўйинда бошланиб, Чилига қарши учрашувдан сўнг ниҳоясига етди.
Чунки биз характер кўрсатиб, саралаш турнирида иштирок этаётган бошқа жамоаларга ҳурматимизни намоён этдик.
- Бир неча ой олдин Марсело «Биз Титедан миннатдор бўлишимиз керак. Чунки у барчасини ўзгартириб юборди», деганди. Айнан нимани ўзгартирдингиз?
- Умуман олганда, Марселонинг гапларини тўғри талқин қилиш керак. Аслида барчасига футболчиларнинг меҳнатлари эвазига эришдик.
Тўғри, натижа учун мен жавоб бераман. Штабимиз билан амалга оширган ишларимиз ўз самарасини берганидан хурсандман.
- Бразилия термаси Рио Олимпиадасида олтин медалларни қўлга киритди. Бу жиҳат жамоага қанчалик ёрдам берди?
- Олимпия ўйинлари Неймар, Маркиньюс, Габриэль Жезус ва Ренато Аугусто каби футболчиларнинг тажрибалари ошишида анча ёрдам берди.
Якунда улар Бразилия миллий жамоасининг бир бўлагига айланишди. Айнан шу футболчилар олимпиячиларнинг бош совринни қўлга киритишларида муҳим роль ўйнашди.
- Бундай юқори даражани бир неча ой ушлаб туришга қандай эришяпсиз?
- Иложи борича терма ўйинлари пайти юқори савиясини ушлаб турган футболчиларни чақиришга уриндик. Бунда натижа ҳақида ўйламадик. Жамоани рақобатбардош қилиш пайида бўлдик.
- Неймар билан ишлаш қандай кечди?
- Унинг бир ўзини вазиятга масъул қилиш ярамайди. Ҳар бир футболчи билан суҳбатда тегишлича вазифаларни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Таркибда жаҳоннинг энг яхши уч ўйинчисидан бири бўлса, бу омадингиз келганидан даракдир.
- Неймарнинг мухлислар билмайдиган жиҳатлари борми?
- Техник жиҳатдан унинг кучли эканлиги сир эмас. Шунингдек, жамоадошларини олға бошлай олади. Унинг қалби тоза, атрофдагиларга ёрдам беришни хуш кўради. Бу хислатларини эса ҳамма ҳам билавермайди.
- Германиядан қабул қилинган 1:7 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин Бразилия футболида қандай ўзгариш бўлди? Бу шахсан сизга ҳам таъсир ўтказдими?
- Мураббийлар ҳамиша ўсишни исташади. Ўша мағлубият барча бразилиялик мураббийлар учун огоҳлик қўнғироғи вазифасини ўтади ва босимни янада кучайтирди. Бундан ташқари, жаҳон чемпионатида иштирок этган футболчилар учун оғир зарба бўлди.
Биз мураббийлар эса янги йўналишларни излашга тушдик. Европалик мутахассислар билан маълумотлар алмашдик. Натижада яхши тайёргарликка эга бўлдик.
- Терма жамоа мураббийи сифатида нимани кутгандингиз ва қайси режаларингиз амалга ошди?
- Тўғриси, босим катта бўлишидан чўчигандим, лекин ўйлаганимдек бўлмади. Албатта, катта маъсулият юклатилганини ҳамиша ҳис қиламан.
- Охирги бир ярим йилда ҳаётингиз қанчалик ўзгарди?
- Ҳозир ўзимни анча енгил сезяпман. Кўп вақтимни оилам даврасида ўтказиш имкони юзага келди. Китоб ўқияпман, фильмлар томоша қиляпман.
Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20