Қайднома

Қидирув

Ижодий фикрлаш фурсати

Ижодий фикрлаш фурсати

  13.12.2017 06:25
  0
  1148
Ижодий фикрлаш фурсати

Криштиану Роналду 5-марта «Олтин тўп»ни қўлга киритгач, ўзидаги асосий мотивация ички «мен» эканлигини айтиб, Лионель Месси билан ғаройиб рақобатга жиддий эътибор қаратмаслигини таъкидлади.

Унинг сўзлари Лео мухлисларига ёқмади, албатта. «Даҳо деганлари сал камтар бўлади, Роналду шу гапларини яна бир «Олтин тўп»ни олишдан аввал айтганида ҳам,  бошқа масала эди!» - дейишди улар футболдаги буюк факт қаршисида эсанкираб.

Ҳолбуки, эсанкирашга ҳожат йўқ. Чунки совринлар сони Месси ёки Роналдунинг футболдаги фантастик фаолиятига асло соя сололмайди.

Совринларнинг кўп ёки камлиги ҳар икки даҳо футболчи иқтидорини баҳоловчи мезон бўлолмайди. Ана, «Олтин тўп»сиз Пеле 3 карра жаҳон чемпиони сифатида ҳамон футбол қироли бўлиб юрибди. Ишонч билан айтиш мумкинки, Роналду ҳам, Месси ҳам ич-ичидан унга ҳавас қилади.

Ахир жаҳон чемпионати мавзуси очилганида, аргентиналик ва португалиялик даҳо ич-этини ейди. Бошқача айтганда, бундай пайт «Барселона» ва «Реал»даги ютуқлар нари сурилади, 5тадан «Олтин тўп» ҳам уларни юпатолмайди асло.

Бу -  даҳоларга хос хислат. Улар шундай ўйлашади ва улуғ фазилат боис, 5тадан «Олтин тўп» иккисини ҳам қониқтирмайди. Мухлислар уларни «Олтин тўп»ни 3 мартадан қўлга киритишган вақтдаёқ даҳолар сафига қўшиб, олқишларга кўмишганди.

Ўша тасаннолар даҳоларни меҳнат ва ҳаракатдан тўхтатмади. Роналдунинг навбатдаги зафари - шу тўхтовсиз жараён маҳсули. Ҳа, «Барселона» ва «Реал» рамзига айланган футболчиларни таърифлашдан чарчамаймиз, уларнинг ўзлари жаҳон чемпионатида ҳам ғалаба нашидасини суриш орзусида яшайверишади.

Йўқ, шунчаки, эмас. Ғолиб бўлиш иштиёқи уларни машғулотларга, янада кучлироқ ўйнашга чорлайверади. Тўғри, ҳар бир соврин қадрли, лекин Пеле ва Диего Марадона, Зайниддин Зидан ва Роналдо каби жаҳон чемпиони бўлиш - Роналду ҳамда Месси учун буюк орзу.

Улар футбол тарихида Йохан Кройфф ва Мишель Платини каби жаҳон чемпиони бўлолмаган даҳолар мақомида қолишни исташмайди. Истаклар эса имконлар билан курашда қандай натижа тақдим этади - буни вақт кўрсатади.

Агар улардан бири жаҳон чемпионати ғолибига айланса, мухлислар ўртасидаги бугунги баҳс-мунозаралар қандай тус олишини ҳозирданоқ тасаввур қиляпмиз.

Шундай мухлислар ҳам борки, улар охиригача ўйлаб ўтиришмайди ва «Олтин тўп»ни  5 мартадан қўлга киритган икки футболчидан бирини атайлаб пастга уришади.

Кошки бундай ўринсиз муносабат ва камситишлар икки даҳо ҳақида собит хулосали футболсеварларни иккилантирса... Йўқ, футбол дунёси турли гап-сўзларни четга улоқтириб, Месси ва Роналдуга талпинаверади.

Хўш, бири камтар, иккинчиси ўзини реклама қилишни истаса, шунга нима? Ишни қойиллатгандан кейин мақтанаверсин португал пурвиқори. Қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган, бирор натижага эришмай туриб, мақтанадиган футболчидан асрасин.

Ундай мақтанчоқдан қочиб қутулмасанг, уриб бошингни ёради. Роналдуга хос «мен» эса бутунлай бошқа масала. Аслида бизнинг футбол айнан «мен»и мавжуд мураббий ва ўйинчиларга муҳтож.

Қани энди қайсидир мураббий миллий жамоамизни жаҳон чемпионати финал босқичига олиб чиқсаю, «Мен ундай тактикани танладим, мен бундай футболчиларни кашф этдим», дея баралла мақтанса?!

Шундай ҳолатда уни бир овоздан олқишлардик: «Ҳа, мақтанишларингдан! Мақтанавер. Сенга мақтаниш ярашади!» Аламлиси, ҳамон мақтаниш-олқишлаш имконидан мосувомиз.

Мақтаниш имконидан мамнун мадридликларга ҳавасимиз бўлсин! О «Реал», бақувватгина «Севилья»ни қандай санъаткорона енгди! Роналду совринидан илҳомланган «Мадрид» учрашувнинг биринчи бўлимида санъатга қиёс футбол намойиш этди.

Эътибор бердингизми, совринни мухлисларига кўз-кўз қилган Роналду руҳан бўшашмади, сусаймади, аксинча, гол уриш иштиёқида ёнди. Ана, баҳснинг 35-дақиқасида у йўллаган, аммо голга айланмаган зарб-ҳаракат ҳамон кўз ўнгимизда турибди.

Оливье Жирунинг энг яхши сифатида танланган голини ўзгача ҳурмат билан тилга олган футболчи ўша лаҳзада ўзи ҳам фусункор зарба йўллади.

Гол бўлмасада, барчани завқлантирди ўша гўзал зарба. Шундай «замбарак»ка қодир даҳо мақтанмай, яна ким мақтансин?!

Ҳаттоки, ЕЛ «плей-офф» босқичига йўл олган «Астана» ҳам мақтанса арзийди. Негаки, қозоқ жамоаси сафарда «Славия»га қарши кечган принципиал ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди.

Сўнгги мавсумларда ОЧЛ гуруҳ босқичидан нари ўтолмаган етакчи жамоаларимиз натижаларига солиштирсак, бу ажойиб кўрсаткич. ЕЛ «плей-офф» босқичида 4та вакили иштирок этишидан қувонаётган Россия футболини эса тушуниш қийин.

Чунки бу қувончга алам қоришиқ. Ахир ЦСКА ЧЛ гуруҳ босқичида «Базел»ни олдинга ўтказиб юборди, «Спартак» эса «Ливерпуль» майдонида буткул «ер тишлади». Шу маънода айтсак, рус футболидаги қувонч ёлғон юпанч, холос.

«Наполи»дек «А» серияси илғорини ортда қолдирган «Шахтёр» эса ҳар қанча шавқланса, шавқланаверсин. Бирор мухлис бу шавқ белига тепмайди.

Салгина кучсизроқ бўла туриб, кучлилардан ўзиб кетишга не етсин! Атиги 4 йил ичида тўртинчи лигадан ЕЛ «плей-офф» босқичига йўл олган «Эстерсунд»ни олқишламай, яна қайси жамоани олқишлайлик?

Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалик ходимлари анжуманида ҳар қандай ютуқ замирида илм, ижодий изланиш ётишини қайта-қайта такрорлади.

Дарҳақиқат, бошқа соҳалар каби футболда ҳам илмий ва ижодий изланишсиз катта натижаларга эришиш мушкул. Айниқса, бизники каби футбол муҳитида.

Таркиб бобида камтарин «Эстерсунд»нинг муваффақияти ижодий фикрлаш билан боғлиқлиги энди барчага маълум. Ижодий фикрчан «Эстерсунд» бугун еврофутбол оламида кўкрак кермоқда.

Нима, «Эстерсунд» четда қолиб, ҳали-ҳануз ОЧЛ финалига ҳам чиқолмаётган жамоаларимиз кўкрак керсинми?! Бунақаси кетмайди.

Аввал натижа - кейин мақтаниш! Ўзбекистон кубоги финалида «Бунёдкор» стадионини 3та клуб мухлислари имтиёз эвазига тўлдиришди.

Бу ҳақиқатдан кўз юммайлик ва келгуси мавсум кубок баҳсларида Суперлига ҳамда Про-лига вакиллари рақобатини таъминлайлик. Қандай қилиб? Бу саволга фақат илмий ва ижодий фикрлаш жавоб беради.

Мулоҳазаларимиз ниҳоясига етар экан, «Манчестер дербиси» ҳам якунланди. Совринсиз «Сити» устидан кулган Златан ва унинг жамоадошлари энди Хосеп Гвардиола дружинасидан 11 очко ортда қолишяпти.

Қизиғи, яна бир даҳо - Златан Ибрагимович мақтанишга мақтандию, аммо захирадан майдонга тушиб, Жозе Моуриньони мағлубият маломатидан қутқаролмади. Буниси энди жуда аламли...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz